Сўқоқ сўқмоқлари бўйлаб

Сўқоқ қишлоғига бориш фикри йўл-йўлакай туғилди. Одатда Тошкентдан ташқаридаги тоғ сайрига Хўжакент, Чимён, Билдирсой томонларга чиқардик.

Роҳатдаги Тошкент постидан ўтиб, Паркент йўли кўчаси бўйлаб Янгибозорга бурилиб, Паркент орқали Сўқоқ қишлоғига йўналдик. Икки атроф кўм-кўк. Баҳорнинг ҳақиқий ифори димоғингизга урилади.

Сўқоқ қишлоғи Тошкент вилоятининг Паркент туманида, Чотқол тоғ тизмаси этагида, денгиз сатҳидан тахминан 1000 метр баландликда жойлашган.

“Сўқоқ” топонимининг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар мавжуд: “суви оқ”, “сўқмоқ”. Топонимчи олим Суюн Қораевнинг фикрича, “Сўқоқ” асли “Сўхоқ”, “Сўхак” (Кичик Сўх) бўлган (Фарғона водийсидаги Сўх дарёси атрофидан кўчиб келганлар “Кичик Сўх” деб атаган бўлишлари мумкин).

Дарҳақиқат, Сўқоқсойнинг суви жуда тиниқ, оқ; дарё водийси сўқмоқлардан иборат.

Қишлоқ ҳудудида “Сўқоқ” давлат ўрмон хўжалиги жойлашган. Қишлоқнинг энг гўзал жойлари шу ерда. Арчазор, сершох қарағайзор ўрмонларида тўйиб-тўйиб нафас оласиз. Ўрмон хўжалигига машинада киришга рухсат беришмайди. Бу ерда Чотқол тоғ-метеостанцияси ҳам жойлашган. Кичик шаршаралар, сойлар, гўзал тоғ манзараси, қушларнинг сайраши, кишига завқ бағишлайди.

Қишлоқдан оқиб ўтувчи Сўқоқсой дарёси шу ердан бошланади. Саритупроқсой ва Мискенсойнинг қўшилишидан ҳосил бўлган ушбу сойнинг узунлиги 33 километр бўлиб, у Қорасув дарёсига қуйилади. Сўқоқсойнинг асосий ирмоғи Чашмасой тоғ остидан юқорига отилиб чиқувчи булоқ сувидан тўйинади. Ўрмон хўжалигидан чашмагача тахминан 3 километр тоғ бўйлаб чиқилади.

Тоғ остидан бу қадар мўл сув булоқ бўлиб чиқишини шу ерда илк марта кўрдим. Булоқ суви жуда ширин. Қайта-қайта ичсам-да, чанқоқни қондирмади. Булоқ сувини шу ердан катта трубаларда олиб кетишаркан. Минералларга бой ушбу сувдан тиббиёт мақсадларида ҳам фойдаланиларкан.

Баҳорда Паркентга келиб “мадор сомса” еб кетмаслик тоғ этагига бориб, унга чиқмаслик билан баробар. Маҳаллий халқ “мотор сомса” деб атайдиган ушбу кўк таом мадор ўтидан тайёрланади. Тоғда ўсадиган ушбу кўкат қишдан чиққан танага мадор бўлиб, уни керакли витаминлар билан таъминларкан.

Паркент марказидан Сўқоққа кетиш йўлида бир қанча тандирлар бўлиб, уларда “свежий мадор сомса”лар пиширилади. Сомсанинг шакли бошқалардан фарқ қилади: юпқа, тўртбурчак. Тандирга ёпилганда тахминан 2-3 дақиқада пишаркан. Унақасини шаҳардан топа олмайсиз.

Тошкент – Паркент – Сўқоқ

22.04.2017

Сўқоқ тоғлари манзараси

Сўқоқ тоғлари манзараси

Сўқоқ тоғларидаги арчазор ва қарағайзорлар

“Сўқоқ” давлат ўрмон хўжалиги

Сўқмоқлар бўйлаб

“Сўқоқ” давлат ўрмон хўжалиги

“Сўқоқ” давлат ўрмон хўжалиги

Чашма

Чашмадан оқиб тушувчи шаршара

Чашмадан оқиб тушувчи шаршара

Чашмадан оқиб тушувчи шаршара

Сўқоқсой

Сўқоқсой водийси

Сўқоқсой

Эчки болалабди

Улоқчалар

Тандир

Мадор сомса

Маҳаллий халқ “мотор сомса” деб атайдиган ушбу кўк таом мадор ўтидан тайёрланади.

Сомсанинг шакли бошқалардан фарқ қилади: юпқа, тўртбурчак. Тандирга ёпилганда тахминан 2-3 дақиқада пишаркан.

One thought on “Сўқоқ сўқмоқлари бўйлаб

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *