Январь ойида ўқиган китобларим

Маърифатли дўстларимнинг таклифига кўра, бир ой давомида ўқиган китобларим ҳақида мухтасар фикр-мулоҳазаларимни ёзиб боришга қарор қилдим. Қайдларим китобхонликка тарғиб бўлса, кимгадир фойдаси тегса, нур устига нур!

Ҳозир китоб танқис замон эмас. Китоб ўқишнинг турли воситалари мавжуд. Электрон китоб дейсизми, аудиокитобми – топиш осон бўлиб қолди. Босма китоблар ҳам 15-20 йил олдингига нисбатан хийла кўпайган.

Шахсан мен мутолаанинг барча воситаларидан фойдаланаман: анъанавий китоб – энг маъқули, хотирада энг кўп сақланадигани; аудиокитоб – йўлда-чўлда, транспортда, бирор жисмоний фаолият билан машғул бўлганда қулай; компьютер, телефон, планшет экранидан ўқиладиган электрон китоблар – ўқишга бироз ноқулай, лекин яхши букридер бўлса, жоннинг ҳузури!

Инсон мутолаадан ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги керак. Лев Толстой “Ҳамма нарсани ўқийвериш ярамайди, дилда туғилган саволларга жавоб бера оладиган китобларнигина ўқиш керак”, дейди. Лекин, фараз қилинг, агар танлаш имконияти йўқ бўлса ҳам (албатта ақидавий иммунитет шаклланган бўлса), нимадир ўқишга ҳаракат қилинг. Ҳеч бўлмаганда сўз бойлигингиз ошади, бирон янги ахборот оласиз.

Хайриятки, ҳозир танлаш имконияти бисёр. Ҳеч бўлмаса, эътироф этилган, сараланган китобларни интернетдан топиб, мутолаа қилиш мумкин. Муҳими, ўқиш, билим олишдан тўхтаб қолмаслик. Хитой мақолида айтилганидек, “Уч кун китоб ўқимасанг – сўзинг дағаллашади, уч кун ёзмасанг – қўлинг заифлашади”.

 

02.01.2019

Дадахон Нурий. Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар (Тошкент, 2014)

Салмоқлигина китоб: 788 бет! Аввалига саёҳатнома-саргузашт китоб бўлса керак деб ўйлагандим. Ижтимоий-сиёсий асар экан. Ёзувчи Америкага сафари баҳонасида дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, зиддиятлар, айниқса, Москва–Вашингтон муносабатлари ҳақида фикрларини бериб боради. Менимча, яқин орада ўзбек китобчилигида Россия ва унинг “Бузург”и ҳақида бу қадар очиқ, танқидий асар ёзилмаган. Ўқувчини теран мушоҳадага чорлайди.

 

07.01.2019

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи. 2-китоб (Тошкент, “Ҳилолнашр” нашриёти, 2017)

Мутолаани китобнинг биринчи қисми охири – рошид халифалар давридан бошладим. Унгача бўлган тарих билан (пайғамбарлар қиссаси) муаллифнинг бошқа китоблари орқали танишган эдим. Анчадан бери Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламдан кейинги Ислом тарихи ҳақида манба қидираётган эдим. Бу китоб айни муддао бўлди.

Китобда рошид халифалар давридан то шу кунга қадар бўлган Ислом тарихи мухтасар баён қилинган. Ихтилофлар, фитналар, зафарлар, мағлубиятлар, илмий уйғониш, тўкинлик, бўлиниш, залолат, ғариблик… Китобни ўқиб, беихтиёр таҳлил ва тафаккурга чўмасиз. Оғир, залворли мавзулар! Шундай бўлса-да, муаллиф сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган тарзда ўқувчига етказишга ҳаракат қилган. Баъзи имловий хатолар, жузъий камчиликлар ҳам бор (масалан, айрим факт ва рақамлар текширилмаган).

Китобда ҳар бир мусулмон учун ибратлар мавжуд. Унда Ислом оламининг заифлашуви сабаблари, тарихий даврнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий манзаралари, Ислом давлатларини емирган сиёсий ўйинлар, нафс қутқулари, ҳидоят ва залолат кураши очиқ баён қилинган.  Зеро, “Тарих барча ўтган авлодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих орқали тириклар ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қиладилар ҳамда ўзларига зарар етадиган нарсалардан воқиф бўлиб, ундан четда бўладилар” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

 

10.01.2019

Даниэл Дефо. Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари (Тошкент, Чўлпон нашриёти, 1994)

Асарнинг русчасини аввал ўқигандим. Бу сафар ўзбекчасини мутолаа қилдим. Инсон матонати ҳақида ажойиб қисса. Асарнинг одамхўрлар ҳақидаги бобларини ташлаб кетиб, болаларга ҳам бемалол ўқиб бериш мумкин.

Бу – Европа адабиётидан ўзбекчага таржима қилинган илк романлардан бири. XX аср бошида Фозилбек Отабек ўғли асарнинг қисқартирилган нусхасини она тилимизга ўгириб, нашр эттирган.

 

16.01.2019

Азиз Несин. Кейин хурсанд бўласиз (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1976)

Азиз Несин ҳикоялари ўткир ҳажв билан суғорилган. Куюнчак адиб жамиятдаги турфа муаммоларни кутилмаганда ракурсда тасвирлайди. Муаллифнинг аччиқ тили ва киноя-кесатиқ билан қоришган услуби ўқувчини ром этади. Миад Ҳакимов таржимасидаги ушбу тўпламга кирган ҳикояларда Туркия ҳаётидаги икир-чикирлар таъсирли йўсинда баён қилинган (аммо уларни ўқиб, муаллиф бизнинг жамият ҳаётини тасвирламаганмикан, деган иштибоҳларга борасиз). “Даҳшатли туш”, “Минг марта шукур”, “Хотин киши бўлганимда-ку”, “Ҳуштак афандим”, “Демократия шунқори”, “Шармандий қачон туғилган?” ҳикоялари – шедевр!

 

20.01.2019

Чингиз Айтматов. Қиёмат. Роман (Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти, 2018)

Дунё адабиётининг энг яхши асарларидан бири. Романдан баъзи қисмларни мактаб даврида ўқиган эдим. Айниқса “Олтовлон ва еттинчи” ҳикояси қаттиқ таъсир қилганди. Талабалик даврида китобни озроқ ўқиб, ташлаб қўйгандим. Ё тушунмаганман, ё руҳиятимга тўғри келмаган. Бу сафар маза қилиб ўқидим.

Асар ошкораликнинг илк йиллари ёзила бошлагани учунми, муаллиф унда СССР ва бутун дунё жамиятининг оғриқли нуқталарини қаламга олган. Мутафаккир адиб табиат ва инсон муносабатлари воситасида олам ва одам тақдири хусусидаги хавотирларини баён этади.

 

31.01.2019

Абдулла Қодирий. Диёри бакр (Тошкент, “Янги аср авлоди” нашриёти, 2007)

Абдулла Қодирий нафақат қилқалам ёзувчи, балки ҳозиржавоб журналист, ўткир публицист ҳам эди. Ушбу тўпламда адибнинг кичик ҳажмдаги асарлари – ҳажвия, ҳикоя ва фельетонлари жамланган. Китобни беш йилча аввал бошлаб, ярмида тўхтатиб қўйган эдим. Шу ой оз-оздан мутолаа қилиб, ниҳоят, бугун тугатдим. Менимча, Қодирий бобо ҳаёт бўлганида, бугуннинг энг зўр блогери бўларди!

1923 йили “Муштум”да чиққан “Биз ким ва нимадан қўрқамиз?” мақоласи ҳамон долзарб. Мақола гўё бугун ёзилган, ҳеч нарса ўзгармагандек.  Қодирий “Олти йиллик базм” мақоласида замонасининг энг машҳур журналистларини бирма-бир санаб, пўстагини қоқади. “Тошканд бойлари”да ҳақиқий бойлар ва бойтарошларга (ўзини бой деб кўрсатадиганлар) ҳамла қилади. “Эшонларимиз”да баъзи эшонзодаларни беаёв танқид қилади. “Масков хатлари”да эса руснинг бош кентига борволиб, “баришнами-ей, маржами-ей, ишқилиб, алланарса балолар”га илакишиб қолган юртдошларимизни мазах қилади.

1926 йили “Муштум” журналида “Овсар” тахаллуси остида чиққан “Йиғинди гаплар” мақоласида Абдулла Қодирий ўша пайтдаги биринчи раҳбар — Ўзбекистон ССР МИК раиси Йўлдош Охунбобоевни аёвсиз калтаклаб, “миллат отаси”га қарата “тинчкина фаройизхонлик (ҳисобдонлик) қилмасдан оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йўлдош!” дейди. Орада “Акмалча” деб юртнинг яна бир катта арбоби Акмал Икромовни савалаб ўтади. Бунақа мақолаларни ҳозирги “сал-пал демократлашган” миллий матбуотимиз ҳам бера олмаса керак.

Тўғри, бу мақоладан кейин “Ўткан кунлар” ортидан обрўси янада ошиб кетган Абдулла Қодирийга нисбатан танқидлар кучайиб кетади, пайт пойлаб турган баъзи зиёнлилар (зиёлилар эмас) унга қарши бўҳтон-туҳматлар ёғдирадилар. Ёзувчи “аксилинқилобчи”, “раҳбар ходимларни обрўсизлантириш…” каби айблар билан қамоққа олинади. Узоқ давом этган қамоқ азобларидан, уч ойлик сўроқ-терговдан сўнг Қодирий маҳкамага тортилади. Унга тақалган айбларнинг, гувоҳлар берган кўрсатмаларнинг сохталиги аён бўлади. Қодирий Республика Олий судида ўзини оқлаб, узрнамо маъруза сўзлайди. Аммо тақдири қил устида турган пайтда ҳам “Мен тўғрилик орқасида, бош кетса “иҳ” дейдирган йигит эмасман” дейди довюрак адиб…

One thought on “Январь ойида ўқиган китобларим

  1. Assalomu alaykum, Davronbek aka. Aka yaxshi ishni yo’lga qo’yibsiz. Doim sizni “follow” qilsihga harakat qilaman, lekin hali eplayolmayapman :). Inshaolloh, O’zi yaxshi xislatlaringizni yuqtirsin. Kitob o’qishni yaxshi ko’raman, ammo oxirgi vaqtlarda dangasha bo’lib ketdim, boshqa ishlardan ortmayapman (bu aslida bahona). Teodor Drayzerning “Moliyachi”sini boshlagan edim, 4 haftadan beri hech tugataolmayapman. Ma’lumotlaringiz foydali bo’ldi, Abdulla Qodiriyning maqolalari haqida ma’lumotga ega emas edim, albatta ularni o’qib chiqaman. Rahmat. Iltimos shu ish to’xtab qolmasin, doimiy to’ldirib boring. Hech bo’lmasa “hasad”dan bo’lsa ham o’qisak ajab emas (hazil albatta)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *