Ҳозирги турган ижара-квартирамда қарийб 12 йилдан бери яшайман. Ҳамид Олимжон ва Пушкин метроларига яқин, Оққўрғон масжиди ёнида. Яхши жойлар. Квартира эгаси ҳам “дом”дан 100 метр наридаги маҳалла бошида, ҳовлида туради.
Дастлаб квартирага келганимда бироз инжиқроқ кўринган кампир (уйнинг эгаси) ҳисоб-китобни яхши юритар эди. Ой бошланиши биланоқ, қўнғироқ қилиб ижара пулини эслатарди. Уй ҳақини доим долларда (150$) қабул қилиб олар ва темир дафтарига ёзиб қўярди. Кампир 80 дан ошган бўлса ҳам ҳужжат ишларига ҳам пишиқ, қандай муаммо юз берса ҳал қилишга доим кўмаклашарди. “Вақтинчалик прописка” деган тартиблар қийинлашган пайтида ҳам анча-мунча ҳужжатларни ўзи ва мен билан бирга югурган, оғиримни енгил қилган эди. Ўтган 7-8 йил давомида нарх-наво неча марта ошди, лекин кампир ижара нархини оширмади.
Баъзида чол-кампирнинг олдига баъзи юмушлар билан чиқсам, олиб қолишар, бирга таомланардик. Ота ўзи ва яқинларининг тарихи ҳақида гурунг берарди. “Давронбек, тез-тез чиқиб туринг, мана шунақа гаплашиб ўтирайлик” дерди.
Кунларнинг бирида кампир вафот этди. Ота ёлғизланиб қолди. Энди ҳисоб-китобни отахоннинг Кореядан қайтган ўғли билан амалга оширадиган бўлдим. Бир куни кампирнинг ўғли гап орасида айтиб қолди: “Адамга опаларим квартира нархини оширайлик, ҳозир ҳеч ким 150$ га ижарага қўймайди, деб роса гапиришди. Адам йўқ деб туриб олдилар. Давронбек яхши бола. Шунча пайт оналаринг шу пулга гаплашдими, энди уни оширмайман, дедилар”.
Бир йилдан кейин отахон ҳам боқий дунёга рихлат қилди. Мен эса ҳали ҳам ижарага 150$ тўлардим. Ота вафотидан кейин нархни кўтариш масаласи яна кўтарилибди. Бу сафар ўғил кўнмабди. Ўтган йили россияликлар келиб ижара нархлари икки баравар кўтарилгандан кейин ўзим 50$ қўшиб берадиган бўлдим. У минг истиҳола билан рози бўлди.
Булар менга етти ёт бегона, лекин Аллоҳ менга учратган яхши одамлардан. Ҳозирги даврда айнан пул борасида бунақа яхшилик қилувчилар яқинлар орасида ҳам топилиши қийин.
* * *
Талабаликнинг илк йили. Уйдан деярли пул олмайман. 0,25 ставка газетада ишлайман. Ижарада тураман. Стипендия ва ойлик зўрға етади. Ҳали бошқа газеталардан ҳам гонорар олиб, ўзига тўқ талаба бўлмаган пайтларим.
Бир куни ўзимиз тарафдан бўлган, бизга узоқ қариндошчилиги бор бир талабанинг дадаси келиб қолди. Мени ҳам кўриб қолиб, гаплашиб қолдик. Суҳбат охирида менга ғамхўрлик қилмоқчи бўлди-да, қандай қилиб пул беришга хижолат бўлиб, қўярда-қўймай, “сочингиз ўсиб кетибди-ку, енгиллатиб оларсиз” дея чўнтагимга пул солиб қўйди. Уйга борганда санаб кўрсам, 10 та соч олдиришга етадиган пул ташлаб кетган экан.
Раҳматли ажойиб инсон экан-да. Пулни шундоқ бериб қўйса ҳам бўларди. Лекин мени ўйлаган экан. Ҳамиятига тегмасмикан деган экан. Соч эса баҳона экан.
* * *
Мактабда она тили ва адабиёти фани икки гуруҳга бўлиб ўқитиларди. Бизнинг гуруҳ устози Сурайё опа Ғозиева китобга меҳр уйғотган фидойи педагоглардан. Бир куни жияни билан уйидан синфга икки қоп китоб олиб келди ва ҳар биримизга мутолаа бўйича вазифа берди. Устоз дарс аввалида ҳар бир ўқувчидан ўзбек тилидаги иккита янги сўзни шарҳлаб беришни талаб қиларди. Бир дарсда 10 киши 2 тадан янги сўз айтса, сўз бойлигимиз 20 тага кўпаярди. Шу боис қизил жилдли машҳур “Изоҳли луғат” ўқувчилар орасида талаш бўларди. Ўқилган китоблар ҳақида дафтар тутишни ўргатган устозим ҳам Сурайё опа бўлади.
Тарихдан дарс берган Анвар ҳожи Отажоновни ҳам яхши эслаймиз. Домла дарсни шу қадар жонли ўтардики, ўзимизни гўё тарих қатларида ҳис қилардик. Кузда домланинг зиёратига бордим. Эски даврларни эслашдик, кулишдик. Домла 25 йил аввалги ҳолатни эсларкан, “менга фалон мавзуда бир реферат ёзгандинг, эсингдами?” деди. Дарҳол эсладим. “Шунда рефератнинг илк бетига юқорига нима деб ёзгандинг?”. Тўғриси, минг уринсам ҳам хотиримга келмади. Одатда, президентдан иқтибос ёзиларди. Лекин, мен ҳеч қачон президентдан иқтибос келтирмасдим. Таслим бўлдим. Домланинг эсида қолган экан: “Арабчалаб Бисмиллаҳир роҳманир роҳим деб ёзгансан”. Устознинг хотирасига тан бердим. Бунақа ёзишлар таҳликали бўлган замонда ҳатто ўша рефератни сақлаб ҳам қўйган экан.
11-синфда завучимиз Тоҳир Алиев домла бир куни дарсга кирди-да, дап-дурустдан иншолар танлови ўтказди. Икки хил мавзу берди: “Мен мактаб директори бўлсам…”, “Мен президент бўлсам…”. Мен иккинчи мавзуни танладим. Тўлқинланиб иншони ёздим. Унда мен президент бўлсам, қандай ислоҳотлар ўтказишим ҳақидаги 20 банддан иборат фикрлар бор эди. Эртаси куни домла иншоларни текшириб, меникини алоҳида мақтади, 100 баллга баҳолади. Домланинг айтишича, 2000-йиллар аввалида бошланган диний-сиёсий репрессиялар пайтида ўша иншодаги сиёсий фикрларим жиддий муаммо келтириб чиқариши мумкинлигидан уни бегоналар кўзидан яширишга мажбур бўлган экан.
Аслида мактабдаги ҳар бир устозларим ҳақида алоҳида ёзса арзигулик яхши хотиралар қолган. Барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин!
* * *
Органда ишлаганида ҳам 5 вақт намозини канда қилмаган бир акахон бор эди. Бир куни ишхонамга келди-да, янги жойнамоз ҳадя қилиб кетди. “Яшириб бўлса-да намозларни қолдирманг!” деди. Бўлмаса у пайтлар машинасидан жойнамоз чиққанларни ҳам қамаб юборадиган вақтлар эди…
* * *
2014 йили илк бор Туркияга сафар қилдим. У пайтлар журналистларнинг Туркияга бориши салкам жасорат эди. Туризм мақсадида борган бўлса ҳам, келганидан кейин идораларда савол-жавоб қилинарди. Маълум муддат Туркия душман сифатида бўлган пайт у ҳақида ёзиш ҳам қийин бўлган эди.
Туркия сафари Анқарадан бошланди. Рамазон пайти. Меҳмонхонамиз шаҳарнинг энг катта жомеъсига яқин. Таровеҳдан кейин танишим билан масжид боғчасида сахарликкача гурунг қилдик. Доктор танишим Ўрта Осиё тарихига қизиқадиган бошқа шинаванда йигитни ҳам таклиф қилган. У билан илк марта танишдик. Йигит “Румийни зиёрат этдингизми?” деб сўраб қолди. Шу ҳафта охирида Кўняга бормоқчи эканимизни айтдим. “Кўняда бир киши сизни кутиб олиб, шаҳар айлантиради” деб, унинг рақамини берди.
Рустам Жабборов ва Улуғбек билан Кўняга бордик. Якшанба бўлгани учун у кишининг вақти бўладими-йўқми деган истиҳола билан телефон қилдим. Фахри деденинг самимий муносабати тараддудни бир зумда тарқатиб юборди, илтифотли мезбон кўз очиб юмгунча етиб келди. Фахри деде кўнялик мавлавийлардан бўлиб, тасаввуф тарихи, маданияти билимдонларидан экан. У Ўзбекистондан – Бухорий, Термизий, Нақшбандийлар ватанидан эканимизни билгач, жуда севинди. Машинасида Кўнянинг энг кўзга кўринган зиёратгоҳларию диққатга сазовор жойларига олиб борди, эринмасдан тарихини сўзлаб берди. Кун бўйи бизга бир тийин сарфлатмасдан айлантириб юрди.
Кечга яқин “Энди меҳмонлар, рўзадор экансизлар, икром қила олмадим. Келинойингиз сизларнинг келишингизни эшитиб, катта тайёргарлик кўриб қўйган. Бирга ифторлик қилиб, бу кеч меҳмоним бўласизлар” деди. Биз кечга Анқарага чипта олиб қўйганимизни айтиб, узр айтдик. Фахри деде бўлмаса, яна келингизлар, сизларни меҳмон қилишга қарздорман, деди. Вокзалга ҳам бориб, то поездга чиққунимизча биз билан бўлди.
Қандайин яхши инсон экан бу Фахри деде. Кейинроқ интернетдан топиб билдим. Фахри деде Мавлоно Румий маданият марказининг раҳбари бўлиб, Кўнядаги эътиборли шахслардан бири экан. Якшанба – дам олиш, оиласига ажратилган кун бўлишига қарамай, умрида кўрмаган, билмаган, қайсидир танишининг тасодифий танишларига шунча марҳамат қилди. Раҳбар одам – бирон шогирди ёки гидларга айтса бўларди. Йўқ, ўзи хизмат қилди. Мен унда Румий ғояларининг тажаллисини кўргандим.