Қочоқ велосипедчи ҳожи

Суратдаги туркиялик киши Меҳмет Нешет 1964 йилда ўз велосипедида Ҳажга бормоқчи бўлади, лекин буни ҳеч кимга билдирмайди.

Чўнтагида атиги 66 лираси бор. Зотан, йўлда унга кўп пул керак эмас. Ваъз қиладиган жойларда унинг олдига дастурхон ёзилади.

У Жилвегўзу чегара пунктига келиб, 1952 йилги паспортини кўрсатади. Лекин унга чегарадан ўтиб, нариги давлатларда қийналмаслиги учун 5000 лирага валюта сотиб олиш кераклиги айтилади. Аммо пули йўқлиги сабабли чегарадан ўтолмайди.

Йўловчи ниятидан қайтмайди. Чегарадан узоқлашиб, сим тўсиқлардан велосипедини отиб, ўзи ҳам сакраб, Сурия тарафга ўтиб олади. Велосипедини тиззасида ушлаганча, мина майдонидан эсон-омон ўтиб, Сурия йўлларига чиқиб олади. У велосипедда юрар ва тез ҳаракат қиларди. Иордания пойтахти Аммонга етиб, дам олгач, танишлари билан кўришиб қолади.

“Бу ердан уёғига саҳрода қийналасан, биз билан юр”, дейишади танишлари. Аввалига қабул қилмайди, лекин танишлари уни кўндиришади. Велосипедини Аммонда бир кишига омонат қолдириб, йўлда давом этади. Маккага автобусда етиб келади ва Ҳаж амалларини адо этади.

Қайтишда у автобусни ўтказиб юборади. У йўл-йўлакай автобусдан автобусга ўтиб, Аммонга етиб боради. Велосипедда Иордания ва Суриядан ўтгандан кейин Туркия чегарасига етиб келади. “Ҳар қалай ўз юртимга кеволдим” деб чегарадан ўтмоқчи бўлади. У ерда чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ҳибсга олинади.

Терговга олиб борилган Меҳмет Нешет амаки  “Агар бу ишим жиноят бўлса, Байтуллоҳни кўргани бордим. Мен кофир бўлиш учун йўлга чиққаним йўқ, нима қилсангиз ҳам қилаверинг”, дейди ва жазосига рози бўлади.

Меҳмет Нешет Ўзнинг велосипед сафари прокурорнинг эътиборини тортади. Прокурор илтимосига биноан велосипедчининг сурати олинади. “Ҳуррият” газетаси эса ўша суратни чоп этиб, бу ҳақида хабар беради. Оиласи бу воқеани газетадан билиб, унинг олдига боради, лекин қайтариб келишнинг иложи бўлмайди. Меҳмет Нешет амаки 27 кун қамоқда ўтирганидан кейин оқланади ва уйига жўнатилади.

Узоқ қариндошлари ва қишлоқдошлари ҳожи Меҳмет Нешет Ўз ҳақида доимо “Йўлда ўлиб кетади, вафот хабари келади”, деб айтишарди. Аммо унинг ўлими улар айтганидек бўлмади.

Вафотидан бир кун аввал қишлоғидаги тўртта чойхонага бориб, “Эртага менинг байрамим” деб ҳаммага чой улашади. Эртаси куни, 1976 йил 19 февралда бомдод пайти ўз уйида осойишта ҳолатда вафот этади. Аллоҳ раҳматига олсин.

Туркчадан таржима.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *