Тошкентдан соат 5:30 да йўлга чиққанимизда шаҳарда паға-паға қор ёғар, ҳарорат -3°C эди. Борадиган манзилимиз Чимён қишлоғига яқин. Тоққа кўтарилганимиз сайин қор қалинлаша борди. Машинамиз ёзги ғилдиракда бўлгани учун пиёда йўлни бошлайдиган жойимизга 6 км қолганида қорга ботиб қолдик.
Машинани йўл четида қолдириб, пиёда йўлга тушдик. Қор шиддат билан ёғар, бизникига ўхшаган машиналар қорда юролмай қийналарди. Бироздан кейин қор тозаловчи машиналар ишга тушди. Йўлчилар туз соча бошлади. Биз эса гўзал қорлар оғушида, ажойиб манзараларни томоша қилганча пиёда манзилимиз сари пиёда равона бўлдик.
Учтерак қишлоғидан пастга тушиб, Ғалвасой кўпригидан ўтиб, яна юқориладик. Йўлимизда отлар уюри учради. Бечора жониворлар ҳам қорда сирпаниб-сирпаниб юрибди. Яна озроқ кўтарилишимиз билан дўланазор, олчазорлар, сал тепада арчазорлар бошланди. Дарахтлар қишки либосларини кийиб, шу қадар гўзаллашганки, кўзингиз тўймайди.
Денгиз сатҳидан 1500 метр баландликдан қуюқ ўрмон ичидан ўтдик. Қорнинг қалинлиги 30-40 см. Ўрмонда дарахтлар орасидан ўтаётиб, ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандай ҳис қиласиз. Орада қушларнинг майин овози сизни маст қилса, баъзида какликларнинг бирдан ҳуркиб қочишига гувоҳ бўласиз.
Сафарнинг бошиданоқ булут пастга тушиб олган, узоқларни кўришнинг имкони йўқ. Қор тинмай ёғиб ётибди. Қорнинг ёнбош қисмларида совуқ шамол ҳам эсади. Чўққимизнинг юқори қисми кескин кўтарилиш. Бироз қийин, жиддий ҳаракат талаб қилади. Янги ёққан қорда юриш осон эмас – оёқ кийими тишли бўлмаса тойиб кетасиз.
Мингтухум чўққиси усти анча ясси, бемалол юриш мумкин. Денгиз сатҳидан 1952 метр баландликда жойлашган чўққига етиб бориб, шу ерда тушлик қилдик. Ҳаракатдан тўхташимиз билан совуқ ўз кучини кўрсатди. Қўлсоатимдаги термометр -10°C ни кўрсатди.
Бирдан ҳаво очилиб, қуёш кўринди. Кун бўйи булут оралаб юрган шериклар тушликни шартта ташлаб, бу нодир ҳолатни камерага муҳрлашга киришди. Жуда гўзал манзара – биз булутлардан тепада, оппоқ ҳаво уюмини томоша қиляпмиз. Қуёш нурлари қор ва оппоқ кийинган дарахтларни ёритиб, кўзларимизни қамаштиряпти. 20 дақиқача давом этган бу ҳолат ичимизга илиқлик киритди.
2024 йил 8 декабрь
Тошкент – Бўстонлиқ – Мингтухум
Сафар суратлари: