Кечаги саёҳатимиз жуда баракали бўлди. Аввалига Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Бурчмулло қишлоғи яқинидаги Чотқол дарёси бўйидаги музликларни томоша қилдик. Кейин Қоратутбоши чўққисига (1915 метр) чиқиб тушдик. Сафар охирида Чукураксув шаршарасини кўриб, Алвастикўприк остида дарёнинг гўзал манзарасидан баҳра олдик.
Бу йил Чотқол дарёсининг Чорвоқ сув омборига қўшилиш нуқтасида ажойиб табиат ҳодисаси юз берди. Дарё ўзанида улка муз парчалари – айсберглар пайдо бўлди. Музтоғларнинг баландлиги 10 метргача етади. Бу музликлар қаттиқ совуқ натижасида Чотқол дарёсининг уст қатлами музлаши, шиддатли оқимнинг бутун дарё бўйлаб йиғилган музларни Чорвоқ сувларига қўшиладиган кенг ўзанга оқизиб келишидан пайдо бўлди. Оғир муз-қор парчалари зичлашиб, катталашиб борди. Чорвоқ сув омборидан сув тарқатилиб, сатҳи пасайгач, музтоғлар кўриниб қолди.
Саёҳатсевар дўстлар бу ерда “Ўзбек Антарктидаси” деб аташибди. Майли-да, кичик бўлса ҳам, анча кирланган бўлса-да, табиатнинг бу ҳодисасини кўриш жуда мароқли. Дўстлар музликлар ранги нега қорайиб бораётганини сўрашди. Бунга ушбу ҳудудда ГЭС қурилаётгани, ундан чиққан тупроқ ва тоғ жинслари шу ерга тўкилаётгани сабаб чанг миқдорининг кескин ошиб кетгани сабабдир.
Музтоғлардан сўнг чегара постига бориб, рўйхатдан ўтдик ва ўрмон хужалиги ҳудудига кириш учун тўлов тўладик. Юқоридаги сўқмоқ бўйлаб Обираҳмат қишлоғи томон йўналдик. Қор ёғар, булут ҳам пастлаб олганди. Мана шундай гўзал об-ҳавода 1915 метр баландликдаги Қоратутбоши чўққисига осон кўтарилиб олдик. Чўққи атрофи ва йўлда қоратутни учратмадим. Балки қачонлардир бу ерда қоратут ўсган, одамлар шу тутга ишора қилиб чўққи номини Қоратутбоши деб аташгандир.
Чўққи устида тушлик қилдик. Ора-орада булутлар тарқаб атроф чиройли тарзда очилиб турди. Бу онларни ғанимат билиб, фото ва видеога муҳрладик.
Пастга тушганимизда соат эндигина 3 бўлганди. Вақт бемалоллиги сабаб Чотқол дарёси бўйлаб юқорилаб, Чукураксув шаршарасига етиб келдик. Йигитлар бу гўзал шаршарага илк бор келишгани учун жуда мароқ билан томоша қилишди. Бу келинчак шаршарадан ҳеч айрилгилари келмади.
Агар машинада келсангиз, Чукураксув шаршараси энг осон етиб бориладиган табиат масканларидан биридир. Шаршарага чиқиладиган сўқмоқ олдида машина қўйиш учун жой ҳам мавжуд. Машина йўлидан шаршарагача атиги 500 метр юрилади ва 100 метр юқорига кўтарилади. Бемалол болалар билан ҳам келиш мумкин.
Шаршарадан тушиб йўл бўйлаб юқорига 200 метрча юрилса, шошқин Чотқол дарёси устига кўрилган эски кўприкка дуч келасиз. Асоси темирдан қурилган бу кўприк устидаги тахталари деярли қолмаган, борлари ҳам чириб қолибди. Шу боис ҳимоя занжирларисиз унинг устидан ўтмасликни тавсия этардим. Бу қўрқинчли кўприкка Алвастикўприк деб ном бердим.
Кўприк остидан бироз қуйилаб, кўм-кўк бўлиб шиддат билан оқаётган Чотқол дарёси гўзаллигидан баҳраманд бўлиш мумкин.
2025 йил 9 февраль
Тошкент – Бўстонлиқ – Бурчмулло – Қоратутбоши – Чукураксув
Сафар суратлари: