Иккинчи фарзандим туғилганда ижарада турар, иқтисодий жиҳатдан қўлим қисқароқ эди. “Домчилик”, чақалоқ ҳадеб ташқарига чиқавермайди. Шу боис шифокорлар қизимга Д витамини етишмаяпти, агар ҳар куни маълум препарат томчисидан бериб, қуёшга олиб чиқиб турмасак, рахитга чалинишини айтиб ваҳима қилди. Польшада чиқадиган “Аквадетрим” томчи-дориси ўша пайтлар анча тортилиб қолган, ҳар дорихонада ҳам бўлавермасди.
Бир куни ишдан келсам онаси хавотирланиб ўтирибди. Шифокорлар қўрқитиб қўйганми ё рахит деган номинг ўчкурнинг ваҳимасими, “боламизнинг дориси тугаб қопти, эртага эрталаб ичкизмасам бўлмайди” деб қолди. Кеч бўлиб қолганига қарамай, кетдик бўлмасам деб, бирга пиёда дорихона қидириб кетдик. Ўндан ортиқ дорихонага кирсак ҳам қурғур топилмас, онасининг ваҳимаси баттар ошарди.
Охири бир дорихонадан “Аквадетрим”нинг дарагини топдик. “Ҳозир буни топиш жуда қийин бўпқолди. Четдан опкириш азоб. Шунга қимматлашди”, деди дорихоначи. Чўнтагимга қўл солиб пулимни санагандим, дорининг ярим нархи чиқди, холос. Унинг устига ўша пайтда бундан бошқа умуман пулим йўқ эди. Онасига “пулимиз етмас экан” дегандим, у йиғлагудек бўлди. Секин орқага қайтаётгандик, сотувчи: “Ака, манг, нечи пул бўлса беринг, қолганига розиман” деди. Онасининг кўзидан ёш қалқди…
* * *
2007 йили нашриётдан “Ўзбекистоннинг тарихий обидалари” лойиҳаси бўйича маълумот йиғиш учун Қорақалпоғистонга командировкага юборишди. Навбатдаги манзилим Беруний туманидаги Султон Увайс бобо мажмуаси эди. Сўраб-сўраб у ерга борадиган маршруткани топдим. Мажмуа чўл ичкарисида бўлиб, Хива хони Оллоқулихон 18-асрда қурдирган мақбара ва чиллахона атрофи катта қабристон экан. Ёз чилласи бўлгани учун зиёратчилар камроқ.
Китоб учун материаллар тўплаб, суратга олгунимча пешин бўлиб қолди. Одамлар ҳам камайди. Мажмуа ёнида замонавий масжид ҳам қурилаётган экан. Ҳали битмаган масжидга кирсам, ҳеч ким йўқ. Пешинни ўқиб олиб, салқинда озроқ дам олдим. Ташқарига чиқиб қарасам, одам зоти кўринмайди. Ҳамма кетиб бўлибди. Шу пайт қаердан пайдо бўлди билмайман, 20 га яқин дайди итлар мен томон яқинлашди. Масжид эшигидан яна ичкарига кириб олдим.
Юракка ваҳима тушган, бу чўлу биёбондан чиқиб кета оламанмикан, бирон машина келармикан, ё эрталабгача масжидда қолсам, эртага одамлар келса, бир гап бўлар деган хаёллар ўтарди. Ярим соатдан кейин ташқарига чиқсам, итлар ҳалиям турибди. Бирон машина ҳам келмаган, яна уч-тўрт соатдан кейин кун ботади. Қорин очган, сув ҳам қолмаган. Таваккал деб пиёда кетиб юборардиму, анау баҳайбат дайди итлардан чўчийман.
Бироз тараддуддан кейин, дуою каломни ўқиб, Аллоҳнинг ўзига таваккул қилиб саҳро оралаб пиёда машина юрадиган йўлгача чиқиб олишга қарор қилдим. Юришни бошлагандим, ҳалиги дайди итлар аввал мени тўрт томондан ўраб олди, сўнг ёнимга икки қатор бўлиб, мен билан бирга юра бошлади. 50 метрча мен билан бирга юргач, итлар ўша ерда қолди, мен эса улардан тезроқ қутулай дея қадамимни тезлатдим. 50 метрдан кейин ортимга ўгирилдим, улар ҳамон мени кузатиб турарди. Менга умуман зарари тегмаган, ҳатто бир марта бўлсаям қўрқитиб ҳуримаган бу жонзотлардан мени асраган ёлғиз Аллоҳ эди.
Тушдан кейин саҳрода юришнинг ўзи бўлмайди. Ҳаво жуда иссиқ, аввалига ҳаяжондан, кейин эса жазирамадан тинмай юзимдан тер оқади. Қанийди тезроқ сув бор жойга етсам. Орқамга осилган оғир рюкзагимни кўтариб, ўзим билан ўзим мужодала қилиб бораман: “Зарурмиди шу сенга. Сувсиз шу ерларда ўлиб кетсанг нима бўлади?” “20 та баҳайбат ит орасидан омон ўтказган Аллоҳ мени ташлаб қўярмиди? Сабр, озгина сабр”…
У пайтлар телефонда йўлкўрсаткич хариталар йўқ, тўрт тарафи тап-тақир саҳро оралаб тўғри кетяпманми-йўқми, яна қанчадан кейин йўлга чиқаман, ёнимдан йиртқич ҳайвонлар чиқиб қолса нима қиламан – билмасдан кетаверардим. Ора-орада чағалайлар учиб қолади. Ичимга иссиқ тушади: “китобларда ўқиганман, чағалай сувдан узоқда учмайди. Сув бор жойда ҳаёт бор, одамлар бор”. Оғзим қуриб кетган, ҳатто сўлак ҳам ажралмас, томоғим қаҳраб кетган эди.
Икки соатча юрганимдан кейин узоқдан юк машинаси овози эшитилди. Алҳамдулиллаҳ, йўлга яқин келибман. Автомобиллар йўлига чиқдиму, биринчи ишим сув қидириш бўлди. Узоқда йўл бўйида қовун сотаётган одам кўринди. Тезликда ўша томон бордим. Салом бердим-да, бошқа ҳеч нарса демасдан “сув беринг” деб сўрадим. Қорақалпоқ деҳқон полиэтилен канистрасидан илиққина сарғимтил сув қуйиб берди. Аллоҳу акбар. Бу ўша пайтда мен учун дунё лаззатларининг энг тотлиси эди.
Сал нафасимни ростлаганимдан кейин деҳқон шартта бир қовунни олди-да, кесиб менга узатди. Қорин очлигида бундан-да яхши неъмат бўладими? Ичим яйради. Нафс ором олиб, деҳқон қорақалпоқчалаб, мен ўзбекчалаб ҳол-аҳвол сўрашдик. “Ҳа, Увайс отага кунига бир марта мартшрутка қатнайди, холос, обеддан кейин иссиқда ҳамма кетиб қолади” деди. Сўнг ўзи йўловчи машина гаплашиб, туман марказига кузатиб юборди…
* * *
Балки бу воқеалар сизга оддий туюлар, менга сув ва қовун икром қилган қорақалпоқ деҳқон ҳам, ярим пулига дори сотган аптекачи ҳам оддий, арзимас, ҳар доим, кўпчилик қиладиган яхшиликни қилгандир. Лекин менинг ўша пайтдаги ҳолатим учун улар дунёдаги энг яхши одамлар эди. Кутилмаган жойда улар менинг биринчи рақамли эҳтиёжим учун катта ёрдам қилганди. Шундай экан, яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Сиз арзимаган деб ўйлаган кичик бир хайр ҳам ким учундир катта эҳтиёж, балки ҳаёт-мамот масаласи бўлиши ҳам мумкин.
Яратгандан яхши одамлар ҳақида ҳаётий ҳикояларимни хайрли ва давомли этишини сўрайман.
Давронбек Тожиалиев
2025 йил 6 март