Анна77 (3303 м) – Номсиз чўққи (3321 м) – Реваш (3227 м)

Сафар аввалида бир кунда 3000 метрдан баланд учта чўққига чиқамиз, деб ўйламагандик. Ҳаммаси вақтни тўғри тақсимлаш, йўл ва об-ҳавонинг очиқлиги билан тезлашиб кетди. Анна77 чўққиси билан бошланган тоғ сафаримиз Реваш чўққисига чиқиб тушиш билан давом этди.

Тошкентдан соат 3:45 да йўлга чиқдик. Паркентнинг Кумушкон қишлоғи орқали Олтинбел йўлидан Оқсоқотасой тарафга йўналдик. Оқсоқотасой қирғоғи бўйлаб кетган 15 километрлик тоғ йўли анча-мунча машинани оғир синовдан ўтказади. Аввалги сафарларда Қораунгур чўққисига чиқишда машина билан Оқтахта довонига етмасдан тўхтаган эдик. Уёғига яна 10 километр йўл, яна тоғ бўйлаб кўтарилиш – йўлнинг аҳволи ҳақида тасаввурга эга эмасдик.

Не ажабки, биз кетаётган тарафда янги конлар ўзлаштирилиб, хитойликлар конга олиб борадиган йўлни тошлардан тозалаб, бироз кенгайтиришибди. 4х4 йўлтанламас машинада ортиқча қийналмасдан юрдик.

Йўлда баланд тоғларнинг ўртасида маҳаллий туристлар “Магазин” деб атайдиган ташландиқ бинони кўрдик. Жуда зўр жойга қурилган – икки қаватли бино айвонига чиқсангиз мағрур Қизилнура тоғининг оқ кийган чўққилари шунақанги гўзал бўлиб кўринадики, бир умр шу ерда қолгингиз келади. Биринчи қавати 2 хонали, 2-қавати айвондан иборат қўш иморат 1991 йили кончилар томонидан қурилган. Орқа тарафида хўжалик бинолари ҳам мавжуд. Ташландиқ бино ҳозир ҳам саёҳатчиларнинг севимли масканига айланган. Фавқулодда ҳолатларда бинодан бошпана сифатида фойдаланса ҳам бўлади – ҳатто ўтин печкаси ҳам бор.

Режа бўйича машинада денгиз сатҳидан 2500 метргача кўтарилишимиз керак эди. Лекин яқиндагина очилган йўл орқали 2650 метргача бемалол кўтарилдик ва шу ердаги кенгроқ жойга машинани қолдирдик.

Тушлик учун овқатларни машинада қолдирдик, чунки қарийб 1 километр масофа ва 150 метр кўтарилишни ортда қолдирган эдик. Ортиқча юкни юқорига кўтариб чиқишдан не фойда? 2 литр сув ва енгил рюкзакни олиб, соат 7:30 да йўлга тушдик. Аслида машина билан 2750 метргача чиқса бўлади, лекин у ёғи тошлардан тозаланмагани учун таваккал қилмадик.

Денгиз сатҳидан 2950 метргача йўл нишаблиги унчалик баланд эмас. Кейин қорли участкалар ва кескин кўтарилиш бошланади. Айрим жойларда қор уюми, кейин қиррадор тош ва шағалли ҳудудлардан кўтарилиб, тоғнинг қиррасига чиқиб олдик. У ёғига унча баланд бўлмаган сўнгги кўтарилиш ва биз биринчи чўққидамиз.

Йўлда кўп дам олишлар, суратга тушишлар билан соат 10:00 дан ошганда денгиз сатҳидан 3303 метр баландликда жойлашган Анна77 чўққисига етиб келдик. 3,5 километр йўл юриб, 650 метр баландликка кўтарилдик. Чўққидан Қизилнура чўққиси ва унинг кичик чўққилари яққол кўриниб туради. Тоғ қирралари бўйлаб қалин қор уюмлари ҳали эримаган.

Чўққининг номи қизиқ-a? Айтишларича, инсульт оқибатларини енгиб ўтган 77 ёшли Анна исмли аёл ҳаётдаги ҳар қандай қийинчиликларга дош бера олишини исботлаш ваўз иродасини синаб кўриш учун номсиз чўққига кўтарилиш учун Ўзбекистонга келади ва шу чўққини забт этади. Унинг шарафига чўққи Анна77 деб номланади.

40 дақиқалик дам олиш ва фото-видео танаффусдан сўнг кейинги номсиз чўққи сари отландик. Аввал 50 метр пастлаб, сўнг яна 70 метр юқорига кўтарилиб, чўққининг энг баланд жойига етиб келдик (3321 метр). Шу ерда дўстларга маслаҳат солдим. Яна тўрт километрлик масофа, 300-400 метр кўтарилишга рози бўлсанглар, навбатдаги Реваш чўққисига ҳам бориш мумкин. Қайтиш учун ҳам яна шунча ҳаракат қилиш керак бўлади. Шериклар таклифни бир овоздан қабул қилишди.

Соат 11:20 да навбатдаги чўққи томон йўлга тушдик. Бунинг учун аввал 300 метр пастлаб, сўқмоқ бўйлаб Реваш довонигача етиб бордик. Довоннинг терскай томонида 5-6 метр қалинликдаги қор уюми йиғилган. Шунинг устида қишни эслашдик. Муздеккина қор устидан юриб, салқинлаб олдик. Бу ёғига чўққигача кескин кўтарилиш. Энг қийин жойидан ўтиб, соат 12:50 да Реваш чўққисига (3227 метр) чиқиб бордик. 5 соату 20 дақиқада 3 та 3000 метрдан баланд чўққига чиқиш ҳозирча шахсий рекорд бўлди.

Реваш чўққисига аввал чиққанман – Ангрен тарафдан, анча қийин маршрут билан. Ўшанда 32 км йўл юргандик. Бу сафар чиқиш анча осон кечди, алҳамдулиллаҳ. Пастдаги Музбел довонида қор уюмлари орасидаги мавсумий кўл ҳали қуримабди. Узоқдан Бобойтоғ, Қорақуш чўққилари кўринмоқда.

Шериклар – Фахриддин ака, Шаҳром, Акбар, Музаффар бу чўққига илк марта чиқиши. Уларнинг хурсандлигини кўриб, мен ҳам завқландим. Бу шавқ, бу завқни фақатгина қийинчилик билан чўққига кўтарила олган одамларгина ҳис қилиши мумкин.

Одатда чўққидан тушишда баландликка кўтарилиш жуда кам бўлади. Бизда эса яна 300-400 кўтарилиш бўлди ва биз бу машаққатни ҳам маза қилиб босиб ўтдик. Ҳаво ҳарорати 15-18 даража, кўпинча булут қуёшни тўсиб бизга соя беради, доимий шабада – ана шундай гўзал об-ҳаво бизни янаям юриб, кўпроқ ҳаракат қилишимизга ундади. Сафар давомида 15,4 километр юриб, 1344 метр кўтарилдик.

Тошкент – Паркент – Кумушкон – Оқсоқотасой – Оқтахта – Анна77 – Реваш

2025 йил 17 май

Батафсил видеоси: 

Сафар суратлари:

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *