ҲОЗИРЖАВОБ БОЛАКАЙ. “Vatandosh”. 06.02.2012

ҲОЗИРЖАВОБ БОЛАКАЙ

Домла Ҳиндистоний ҳикоя қиладилар:
“Қабристоннинг ёнида бойнинг боласи билан камбағалнинг боласи тупроқ ўйнаб ўтиришган экан. Иккаласининг ҳам отаси ўлиб, шу ерга дафн этилган экан. Бойнинг боласи дебди:
– Отангнинг қабрини қара, 1-2 та тошдан бошқа нарсаси йўқ. Менинг отамни қабрини қарагин. Устига мармарлар қўйилган.
Камбағалнинг боласи жавоб берибди:
– Сенинг отанг бу мустаҳкам жойлардан тургунча, менинг отам жаннатга кириб бўлади.”

ВАЛИЙ УЧУН МАХСУС ФАТВО

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига бир аёл келиб масала сўради:
– Мен чироқнинг равшанида чарх йигириб ип қилардим. Бир куни чироқ ёғи тугаб, уйим қоронғи бўлиб қолди.  Бирдан халифанинг лашкарлари кўчадан машъала билан ўтиб қолдилар. Унинг ёруғлигида озроқ ип йигириб олдим. У ип ҳам бошқа ипларга қўшилиб кетди. Бу энди менга ҳалолми? Унинг машъаласини ёритган мой золимлик билан олинганми, мен билмайман. Шунга фатво сўраб келдим.
Имоми Аъзам йиғлаб, савол бердилар:
– Эй синглим, сен қайси хонадон фарзандисанки, бу хилдаги тақвони талаб қиляпсан?
– Мен Бишри Хофийнинг опасиман. У халифанинг зиндонида ётибди. Унга овқат олиб бораман.
– Йўқ, у ҳолда сенга бу ҳалол эмас. Асло бу ипдан тушган пулни укангга олиб борма. Чунки у валиюллоҳ, халқуми тоза одамдир.

Ҳожи Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳ маърузалари асосида АбдулАзиз тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *