Яқинда ўзбек тилидаги интернет ресурслар (Ўзнет) ўсиб келаётган ёшлар ортидан ўзбек тилига ўтиш зарурияти билан тўқнашади. Бу йўлда маҳаллий интернет ҳамжамиятни қандай кўз илғамас тўсиқлар кутиб турипти.
Бу йил интернетнинг ўзбек сегменти очилганига 17 йил тўлди. Бу йилларни кўп жиҳатдан тикланиш йиллари деб аташ мумкин. Аслини олганда ривожланиш босқичи энди бошланаяпти деб айтиш мумкин. Ҳозирда интернетнинг маҳаллий тармоғи – uz ҳудудида ойига ўртача 100 янги доменлар очилмоқда. Бугунга келиб Ўзнетда ҳаммаси бўлиб (2012 йилнинг апрели ҳолатида – муҳаррир иловаси) 14 мингдан бир оз ошиқ сайтлар мавжуд. Аммо уларнинг атига 10 фоизигина ўзбек тилидаги сайтлардир. Бу ҳол бир қатор муаммолар билан изоҳланади, айнан улар ўзбек тилидаги интернет ресурсларнинг ривожини секинлаштирмоқда.
Узоқни кўзлаган ютади
Юқорида айтилганидек, Ўзнетдаги сайтларнинг аксарияти бугунда рус тилида. Бунинг мантиқий сабаблари бор албатта. Гап шундаки, биз интернетни рус тили орқали танидик, у биз учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтади ва ҳозирда ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Шу сабабли тарихан uz ҳудуди рус тилида яратилди ва ривожлана бошлади. Бунинг яна бир сабаби, илк интернетдан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги шаҳарда яшовчилар бўлгани ва рус тилини яхши билганидир. Бунинг устига Ўзнетга тамал тошини қўйган ахборот технологиялари мутахассислари ҳам рус тилли эди. Шу сабабли, интернетдан фойдаланувчилар керакли маълумотларни рус тилида .ru ҳудудида ишлашга одатланиб қолишди ва бунда давом этишмоқда.
Ўзбек тилидаги интернет ресурслар асосан охирги бир икки йил ичида фаол ривожлана бошлади. Лекин гап фақат бунда эмас.
Интернет реклама соҳасидаги етакчи компаниялардан бири Ledokol Groupнинг директори Дилшод Музаффаровнинг фикрига кўра, ўзбек тилли интернетнинг ривожланиши билан боғлиқ муаммолар умуман интернетнинг ривожига хос бўлган тамойилларга мос келади. Унга кўра, ўзбек тилли интернет ортда қолганлигининг асосий сабаби, унинг бошқалардан кўра кечроқ ривожлана бошлаганидир. Д. Музаффаровнинг сўзларига кўра, яқин икки уч йил ичида ўзбек тилли интернетнинг гуркириб ўсишини кутиш мумкин бўлади. Бунга мамлакат ҳудудларидан бўлган ўзбек тили фойдаланувчиларнинг интернетга қўшилиши, интернетдан фойдаланиш ҳаражатларининг арзонлашуви ва технологияларнинг тараққий топиши ҳам кўмаклашади.
Бу сўзларни Ўзнетнида кечаётган сўнгги тамойиллар билан ҳам қисман тасдиқланади. Гап шундаки, интернетдан фойдаланувчилар сони ортиб бориши баробарида ўзбек тилидаги сайтлар сони ҳам ортиб бормоқда. Масалар, тўлиқ ўзбек тилидаги футболга бағишланган сайтлардан бири www.uff.uz беш йилда оддий чатдан Ўзнетнинг етакчи сайтларидан бирига айланди. Шунингдек, ўзбек тилидаги интернетда оммавий ахборот воситалари (ОАВ), порталлар, таълим ресурслари (www.ziyonet.uz), блоглар (www.fikr.uz), ижтимоий тармоқлар (www.sinfdosh.uz, www.muloqot.uz ) пайдо бўла бошлади. Шунингдек талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа кўплаб ихтисослашган порталлар ҳам фаол яратилмоқда. Бугунда барча давлат идоралари сайтларининг ўзбек тилидаги версияси ишлаб турипти. Ўзбек тилидаги Wikipedia қомусидаги (http://uz.wikipedia.org) мақолалар сони секинлик билан бўлсада, ошиб бормоқда. Википедиянинг 2004 йилнинг январ ойида асос солинган ўзбек тилидаги бўлими бугунга келиб 8157 мақола, 23338 бетдан иборат (121 ўрин).
Content is a king ёки ҳамма гап мазмунда
Ушбу қадим ҳақиқат интернетга нисбатан ишлатилганда ҳам ўзини тўлиқ оқлайди, яъни ўзбек тилидаги ресурсларнинг оммалашмаганлигига уларнинг яратувчилари ҳам кўп жиҳатдан сабабчи.
Гап шундаки, ўзбек тилидаги сайтларнинг кўпчилиги мазмун жиҳатдан саёз. www.uz рейтингининг юқорисидаги 50 сайтниннг деярли ярми – 20 ортиғи файлларни юклаб олишга мослашган кўнгилочар ресурслар (кино, шоу-бизнес, мусиқага бағишланган).
Ўзбек тилидаги энг йирик таълимий ресурс www.ziyoyz.comнинг ташкилотчиси Давронбек Тожиалиевнинг фикрига кўра, ўзбек тилидаги интернет оммалашмаганлигининг яна бир сабаби, ўзбек тилидаги маълумотларнинг ўта озлигида. Айтайлик, ўзбек шоири ҳақидаги бирон маълумотни ўзбек тилидан кўра рус тилида топиш осонроқ. “Бирон керакли маълумотни рус тилида топиш осонроқ экан, уни ўзбек тилида ҳеч ким изламайди”, дея қайд этада Д. Тожиалиев. Бунинг устига ўзбек тилидаги сайтларни ҳеч ким тарғиб қилмайди, ёшлар эса, хорижий “Одноклассники”, “Вконтакте” ва бошқа сайтларда машғул. Ёшларни бир ерга бирлаштира оладиган бирорта ҳам ягона ресурс мавжуд эмас, дейди куюнчаклик билан Д. Тожиалиев.
Маълумки, ҳар қандай сайт муваффақиятининг калитларидан бири – бу тезкорлик ҳисобланади. Лекин Ўзнетни шу жиҳатдан кўз югуртириб кўрсак, доимий равишда янгиланадиган сайтлар – бу рус тилидаги янгиликларга ихтисослашган сайтлар эканлиги маълум бўлади. Уларнинг ўзбек тилидаги версиялари (агар улар бўлса) эса, одатда, асосий версиядан бир ёки ундан ҳам кўпроқ кун орқада юради ҳамда рус тилидаги сайтларнинг нусхалари ҳисобланади. Шу сабабли, ўзбек тилидаги сайтларда ўзига хос, оригинал мақолалар, янгиликларни топиш мушкул ёхуд деярли мумкин эмас.
“Uzinfocom” марказининг етакчи мутахассиси Евгений Скляревскийнинг сўзларига кўра, маҳаллий интернет тизимида, шу жумладан ўзбек тилида, маҳаллий янгиликларни ёритадиган ресурслар етишмайди. Масалан, поликлиникадаги шифокорларнинг иш жадваллари, шаҳарда олиб бориладиган қурилиш ишлари, бўлиб ўтиши кутилаётган тадбирлар ҳақида ёзадиган ресурслар. Бундан ташқари, барчани ўзида бирлаштирадиган ягона ижтимоий ресурсга ҳам эҳтиёж бор, токи унга одамларнинг ўзи янгиликлар кирита олсинлар.
Ҳолва деган билан оғиз чучимайди
Масаланинг молиявий томони ҳам ўзбек тилидаги ресурларнинг секинлик билан ривожланаётганлигининг яна бир сабабларидан биридир. Гап шундаки, қоидага кўра кўпчилик интернет ресурслар минимал сарф ҳаражатлар билан бошланади, лекин вақт ўтиши билан ресурсни ривожлантириш учун маблағ талаб этилади. Бу, ресурснинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда давлат ёрдами, ёки рекламадан тушадиган пуллар бўлиши мумкин.
Масалан, ҳозирги пайтда ўзбек тилидаги энг йирик ресурлардан бири – www.ziyoyz.com 2004 йилда ташкил қилинган бўлиб, ўз ишини ўзбек тилидаги бадиий асарларнинг текин кутубхонаси сифатида бошлаган. Сайтнинг асосий мавзулари – маънавият, маърифат, маданият, таълим, ўзбек адабиёти, оила ва жамият. Сайт қошида катта форум ҳам фаолият юритмоқда. Бугунга келиб порталда 8646 илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 1726 электрон китоблар, 1300 зиёд ҳикоялар, 600 ошиқ шоир ва ёзувчиларнинг ижодий биографияси, 15 мингдан ортиқ мақоллар, Ўзбекистон тарихига оид 900 ошиқ суратлар ва бошқа кўплаб маълумотлар жамланган. 2012 йилгача сайт фақат ташкилотчиларнинг маблағлари ҳисобига ривожланган, фақатгина ўтган йили давлат гранти олишга муваффақ бўлган. Аммо бундай лойиҳалар бармоқ билан санарли.
Давронбек Тожиалиевнинг фикрига кўра, Ўзнетни ривожлантириш учун биринчи барча давлат идораларининг ўзбек тилидаги сайтлари ишини йўлга қўйиш керак.
Иккинчидан, мамлакатдаги барча кутубхоналар, музейларнинг онлайн каталогини тузиб чиқиш зарур, токи ўқувчилар ҳеч қандай қийинчиликсиз билимлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлсинлар.
Учинчидан, ўзбек тилидаги Википедияни ривожлантириш ҳақида махусус дастур қабул қилиш лозим. Токи биз Ўзбекистон ҳақидаги ишончли маълумотларни жойлаштирмас эканмиз, бу ахборот майдони нотўғри маълумотлар билан тўлдирилади. Бундан ташқари, ўзбек тилидаги барча луғатлар ва қомусларнинг электрон версиялари зудлик билан яратишни бошлаш керак.
Ўзбек тилидаги ресурслар пассивлигинининг бошқа бир сабаби, муҳаррирларнинг бир-бирларини билмаслиги. Бунинг оқибатида уларнинг ҳаракатлари мувофиқлашмаган, яъни ҳамма ўз билганича ишламоқда. Давлат ва жимият ҳаракатларининг уйғунлашмаганлиги ўзбек тилидаги ресурларга тараққиётнинг янги кейинги босқичига чиқиш имконини бермаяпти.
Техник таржима муаммоси
www.joomla.uz – дастурчилар ҳамжамияти мувофиқлаштирувчиси Михаил Ивановга кўра, ўзбек тилидаги интернетнинг ривожида масаланинг техник томони ҳам катта аҳамият касб этади. Токи дунёдаги барча мавжуд оммалашган CMSлар (сайтлар яратиладиган дастурий асос) ўзбек тилига таржима қилиниб, бепул тарқатилмас экан, ўзбек тилидаги сайтларнинг ривожланиши ва кўпайиши ҳақида гапириш қийин.
Гап шундаки, дунёда бир нечта оммалашган бепул CMSлар мавжуд бўлиб, сайтларнинг аксарияти улар асосида қурилади. Буларга WorldPress, Joomla, Drupal кабилар киради. Улар инглиз тилида ёзилган ва аллақачон кўплаб тилларга таржима қилинган. Қийинчилик шундаки, юқоридаги CMSларнинг ўзбек тилига стандарт таржималари мавжуд эмас. Бунинг натижасида сайт ташкил қилувчилар ҳар сафар уларни ўзбек тилига янгидан ўз билганларича таржима қилишади. Бу ҳол, вақт, куч йўқотилишига, ва, охир-оқибатда. ишнинг қимматлашишига олиб келади. Бундан ташқари, таржималарда ҳар сафар ибораларни турлича таржима қилинади.
“Бошқа мамлакатларда агар дастурчилар гуруҳи CMSнинг маҳаллий вариантини яратадиган бўлсалар, уни одатда бепул эркин равишда тарқатади. Бизда эса агар бирор бир веб-студия ўз кучи билан маҳаллий тилли CMSни яратса, уни бошқаларга бермайди. Шу сабабли турли веб-студияларда CMSларнинг турли кўриниш, тайёрганлик даражаси, сифатга эга бўлган маҳаллий версиялари мавжуд. Давлат идораси учун сайт яратишга киришилаётганда ҳар сафар таржима ва маҳаллий версияни яратиш учун янгидан пул маблағлари ажратилади. Ва натижада, бепул CMSда яратиладиган сайт ҳам анча қимматга тушади,” дея қайд этади Михаил Иванов.
Лотинчами, кириллча?
Одатда янги очилаётган сайт яратувчилари олдида сайтни қайси шрифтда: кирилл ёки лотин шрифтида яратган маъқул, деган савол туғилади. Гап шундаки, катта авлод вакиллари (ёши 30 ошганлар) киррилча ўқишга ўрганишган, ва ва улар учун лотин шрифтидаги матнларни ўқиш бирмунча қийичиликлар туғдиради. Ўз навбатида, лотин ёзувида саводи чиққан ёш авлодга кирилл шрифтида ёзилган матнларни қабул қилиш осон эмас.
Ҳозирда аксарият ўзбек тилидаги ресурслар киррил шрифтида, лекин ўсиб келаётган аудитория ортидан аста секин лотин шрифтига ўтиши керак. Бундан ташқари, рус тилини билмайдиган бутун бир авлод улғайиб келмоқда. Ўз навбатида, улар улар интернетдан рус тилида маълумот ола олмайди ва ўзбек тилидаги ресурсларга, айнан лотин ёзувидаги ресурсларга эҳтиёжманд. Бундай ресурслар топилмаган тақдира уларнинг интернет билан мулоқоти мусиқа ва филмларни юклаб олиш, чат ва ижтимоий тармоқларда мулоқот билан чекланади.
Аслини олганда, кирриллча ёки лотинча муаммосини катта маънода арзимас техник муаммо дейиш мумкин. Муаммо шрифтларни онлайн режимда транслитерация қилувчи дастур (скрипт) яратиш йўли билан осонгина ҳал қилиниши мумкин. Лекин бундай дастур ҳозирча яратилгани йўқ.
Ахборот технологиялари бўйича саводхонлик етарли даражадами…
Яни бир муҳим жиҳат – ҳам фойдаланувчиларнинг, ҳам ўзбек тилида ресурслар яратувчиларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлиги паст даражада эканлигидир.Кўпчилик фойдаланувчилар Word дастурида ишлай олиш, компьютерда қарта ўйнаш, электрон почта ва ижтимоий тармоқларга киришни билишни ахборот технологиялари бўйича билимга эгалик деб тушунади. Лекин бу, албатта, бундай эмас.
Сайт муаллифларининг матнларни ёзишдаги кўплаб хатолари, қийшиқ ўрнатилган суратлар, ишламайдиган иқтибос ва кўрсатмалар ҳаддан ташқари кўп учрайди. Ўзбек тилидаги кўпчилик сайтларнинг дизайни ҳам қониқарли даражада эмас.
Интернетда муаллифлик ҳуқуқларини сақлаш масаласини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Одатда, кўпчилик ўзбекча сайтларда маълумот ва суратлар олинган манбалар кўрсатилмайди. Бу ҳам, ўз тавбатида, ўзбек тилидаги аудиториянинг кўпайишига кўмаклашмайди.
Эрта ҳам, кеч ҳам эмас
Аfish Media интернет-компанияси раҳбари Сурен Саповнинг фикрига кўра, бугун кўпчилик ўзбек тилидаги аудиторияга эътибор қаратмоқда. “Бизда етарлича статистик маълумотлар ва ўзбек тилидаги аудиторя эҳтиёжларини тушуниш пайдо бўлиши билан, имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда, бу йўналишда иш бошлаймиз”, дея таъкидлайди у.
Лекин айни пайтда, ҳали маҳаллий сармоядорлар ўзбек тилидаги интернетга энди энди эътибор қаратаётган бир пайтда ҳорижий компаниялар ўзбекистонлик интернетдан фойдаланувчиларни ўзларига жалб этиб олишга ҳаракат қилишмоқда. Масалан, 2012 йилнинг апрелида россиялик Одноклассники ижтимоий тармоғи МДҲ мамлакатларида илк маротаба ўз сайтининг ўзбек тилидаги мобиль версиясини ишга туширди. Персонал компьютерлар учун ўзбекча версия эса яратилиш арафасида. Сўнгги маълумотларга кўра, Одноклассники сайтига Ўзбекистондан кунига 500 минг киши киради Уларнинг кўпчилиги тармоққа ўзларининг мобиль телефонлари орқали чиқади.
Шубҳасиз, ўзбек тилли интернет – бу истиқболли катта бозор бўлиб, у аста секин рус тилидаги интернетнинг ўрнини эгаллай боради. Интернетнинг миллий тармоғини ривожлантиришнинг муҳимлигини мамлакат ҳукумати ҳам яхши тушунади. Бунинг исботи – яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида 2012-2014 йилларда Ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш ва янада ривожлантириш дастуридир. Унда миллий ахборот қидирув тизими, маҳаллий ижтимоий тармоқлар ва бошқа замонавий ахборот ресурсларини ривожлантириш, интернетнинг маҳаллий сегментини ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.
Мамлакатимиздаги барча ўрта махсус ва олий ўқув юртлари уланган Миллий таълим тармоғи – Ziyonet.uz томонидан ҳам кўп ишлар қилинмоқда. “Экономическое обозрение” журналига “Uzinfocom” марказидан ҳабар беришларича, тармоқда 37313 мақолалар, 5779 ёндош сайтлар, Fikr.uz жамоавий блоглар хизматида 6200 ёзувлар, 140 жамоавий ва 540 персонал блоглар, uTube.uz видео хизматида 7300 роликлар жамланган.
Юқорида саналган ресурсларнинг ярмидан кўпи – ўзбек тилида. Масалан, кутубхонанинг 90% ортиғи ўзбек тилидадир. Fikr.uz жамоавий блогларининг ҳам аксари ўзбек тилида. Лекин бунинг ўзи етарли эмас. Ўзбек тилидаги интернетнинг ахборот ресурс базасини кўпайтириш, электрон кутубхоналар, онлайн каталоглар, давлат тилидаги таълим порталлари ташкил қилиш керак.
Ўзбек тилидаги маълумотларни оммалаштиришнинг янгича йўлларини излаб топиш зарур. “Экономическое обозрение” журнали мурожаат қилган мутахассисларнинг кўпчилиги интернетнинг ўзбек тилидаги қисмида жиддий таҳлилий ресурслар ва иқтисодий ресурслар етишмайди, дея таъкидлашди.
Юқоридагиларга хулоса ўрнида, ўзбек тилидаги интернет фаол ўсиш босқичига кираётганлигини айтишни истар эдик. Бугунги мавжуд ресурсларнинг келажакдаги муваффақияти уларнинг ўзбек тилидаги ресурс ва лойиҳаларга эътибор қаратиб, уларни ривожлантиришга сармоя киритиши билан белгиланади. Яқин вақт ичида ўзбек тилли интернет фақат жонкуярлар учун машғулот бўлмай қолади. Ва бу қанчалик эрта содир бўлса, шунча яхши!
Ўзбек тилида сайт яратишнинг 5 яхши томони
• Ўзнетда рақобатниннг деярли йўқлиги;
• Ўзбекистон ва ундан ташқаридаги салоҳиятли аудитория;
• Йирик интернетдан қидириш хизматлари ўзбек тилли сайтларни тез топади;
• Таниқли хизмат ва сайтларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш имконияти;
• Вақт борида бўш жойларни эгаллаб қолиш.
Жамолиддин Турдимов, по материалам журнала “Экономическое обозрение”
http://www.mezon.uz/analytics/trends/3096-uznet-yoki-uzbekcha-gapiramiz