«Кўкалдош» — қадим илм бешиги

Юртимизда дунёвий билимлар билан бир қаторда Ислом асослари, Қуръони карим, ҳадиси шариф, тафсир, фиқҳ, ақоид каби ухровий илмларни ўргатишга мўлжалланган диний билим юртлари ҳам талайгина. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида битта олий (Тошкент Ислом институти), 9 та ўрта махсус таълим муассасалари (Тошкентда «Кўкалдош», Бухорода «Мирараб», Андижонда «Саййид Муҳйиддин Махдум», Наманганда «Мулла Қирғиз», Китобда «Хожа Бухорий», Урганчда «Фахриддин ар-Розий», Нукусда «Муҳаммад ал-Беруний», шунингдек Тошкентда «Хадичаи Кубро», Бухорода «Жўйбори калон» аёл-қизлар билим юрти) ҳамда имомларни қайта тайёрлайдиган Имом ал-Бухорий халқаро маркази мавжуд.
1999 йилдан фаолиятини бошлаган «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юрти тизимдаги энг фаол ўқув муассасаларидан бири бўлиб, унда айни пайтда 97 нафар талаба таълим олмоқда. 4 йиллик муддатда, шартнома асосида (2012-2013 ўқув йили учун 2 200 000 сўм) таълимни муваффақиятли битирган толибларга имом-хатиб, диншунослик, бошланғич араб тили ва одобнома мураббийси мутахассисликлари дипломи берилади.

Пойтахтнинг юраги

Мазкур билим юрти Тошкент шаҳрининг Чорсу майдонидаги Шаҳристон тепалигида Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжидининг ёнида анъанавий шарқона услуб асосида бунёд этилган тарихий «Кўкалдош» мадрасаси биносида жойлашган. Мадраса 1551-1575 йиллар орасида қуриб ишга туширилган. Дастлаб қурилганда мадраса уч қаватдан иборат бўлган. XVIII асрга келиб қаровсиз қолган мадраса карвонсарой сифатида фойдаланилган. 1866-1886 йилларда рўй берган зилзила натижасида мадраса пештоқининг юқори қисми қулаб тушган ва мадраса вайронага айланган. 1902-1903 йилларда Тошкент шаҳри аҳолисининг хайрия маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Маблағ етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари тўхтаб қолиб, ёдгорлик ўзининг аввалги ҳолатига қайтарилмайди. Кўкалдош мадрасаси ва унинг ёнидаги Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжиди 1865 йилда Генерал Черняев бошчилигидаги Тошкентни забт этишда қаттиқ шикастланган. 1886 йили рус муҳандислари томонидан хонақолар ва жомеъ масжид қайта таъмирланиш натижасида ўзининг дастлабки меъморий кўринишини тамоман йўқотган. Коммунистик мафкуранинг ҳукмронлиги даврида мадраса биноси умуман қаровсиз қолиб кетган: хоналар омборхона, ётоқхона, ҳар хил устахоналар сифатида фойдаланилган.

Кўҳна билим даргоҳи

Мазкур илм масканида кўплаб олиму фузалолар дарс берганлар, таҳсил олганлар. XVI асрда Тошкентда ишлаб турган Хожа Аҳрор жомеъи, Бароқхон ва Кўкалдош мадрасаларида ўз замонасининг машҳур олимларидан Шамсиддин Муҳаммад Куртий, Хожа Юсуф Қошғарийлар дарс берганлар. Ўзбек мумтоз шеъриятининг вакилларидан Муқимий, Фурқат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ушбу мадрасада истиқомат қилиб, ижод билан шуғулланган. Хазиний ҳам Тошкентга келган пайтларида албатта Кўкалдош мадрасасида тўхтаб, мударрис ва талабалар билан кўплаб ажойиб суҳбатлар қурган. XIX аср охири XX аср бошларидаги ўзбек шеъриятининг таниқли вакиллари Мулло Қўшоқ Мисний, Хислат, Сидқий Хондайлиқийлар ҳам Кўкалдош мадрасасида таҳсил олганлар. Машҳур уламоларимиздан Сайид Маҳмуд Тарозий, Олтинхон Тўра, Юнус Мақсудий ва Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ҳам бу ерда XX аср бошларида таҳсил олиб, илм пиллапояларида юксалиб боришган.
Мадрасада Ислом дини қонун-қоидалари, араб ва форс тили грамматикаси, адабиёт, одоб-ахлоқ, математика, геометрия, астрономия каби фанлар ўқитилган. Дарслар араб ва форс тилларидаги китоблар бўйича ўтилган. Мадрасани битириб чиққан илм аҳллари араб, форс ва туркий тилларни мукаммал ўрганганлар, минглаб ҳадисларни ёддан билганлар, мадраса ҳужраларида яшаб, Қуръони каримни ёд олганлар.

Оққан дарё оқаверади

Ушбу мадраса фаолият бошланганидан буён 1999 йилга қадар «Кўкалдош мадраса масжиди» деб номланган. 1999 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан янги Низом тасдиқланиб, 1999 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида расмий рўйхатдан ўтгандан сўнг «Кўкалдош Тошкент ислом ўрта махсус билим юрти» деб номланди. Билим юрти 1999 йил 10 октябрда махсус рухсатнома олиб, 1 ноябрдан расмий фаолият кўрсата бошлади.
Ҳозирги кунда билим юртида Қуръони карим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, сарф, наҳв, ақоид, мутолаа, хатоба, ислом тарихи каби диний илмлар билан бир қаторда бошқа ўрта махсус таълим муассаларида ўқитиладиган ўзбек тили ва адабиёти, тарих, жуғрофия, инглиз тили, физика, математика, астрономия, информатика каби дунёвий фанлар ҳам ўқитилади. Тафсир фанидан «Тафсири Жалолайн», ҳадис фанидан «Мушкотул масобиҳ», фиқҳ фанидан «Мухтасар ул-виқоя» ва унинг шарҳи, ақоид фанидан «Фиқҳул акбар», «Бадъул омолий», «Ақидатут Таҳовий», араб тили фанидан «Дурусун наҳв», сийрат фанидан «Нурул яқин» китоблари ўқитилади. Ўзлаштириши юқори бўлган талабалар учун чуқурлаштирилган алоҳида ўқув режаси ишлаб чиқилган.
Таълимга малакали, олий маълумотли мударрислар жалб этилган. Ўқитувчилардан Жалолиддин Аҳмедов, Абдувосеъ Ғаниев, Эркин Миркомилов илмий иш билан шуғулланмоқдалар. 3 нафар мударрислар Мисрнинг «Ал-Азҳар» ва Мадина Ислом университетида таълим олганлар. Ҳозирда илм масканига Мадина Ислом университети ва Тошкент Ислом институтини тамомлаган Хомиджон Эшматбеков мудирлик қилмоқда.

Ўқишга кирмоқчимисиз?

«Билим юртимизга ўрта таълимни битирган, 15 ёшдан 35 ёшгача абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин. Бу йил ўқишга кирганлар орасида икки нафар олий маълумотли талаба ҳам мавжуд. Ўтган йили 24 ўринга 86 киши ҳужжат топширди. Авваллари билим юртига республикамизнинг барча ҳудудларидан абитуриентлар келиб, ҳужжат топширишарди. 2008 йили 445 та, кейинги йили 275 нафар абитуриент ҳужжат топширган. «Кўкалдош» мадрасасининг тарихийлиги, билим масканининг обрўси ҳамда пойтахтда жойлашганлиги сабаб кўплаб илм толиблари шу ерга интилишарди. Республикамизнинг турли ҳудудларидаги бошқа исломий ўрта махсус таълим муассасаларига ҳам иқтидорли талабаларни жалб этиш ҳамда ўша ҳудудлар учун малакали диний кадрларни тайёрлаш мақсадида кейинги йиллардан абитуриентларнинг ўзларига яқин ҳудуддаги билим юртларига ҳужжат топширишлари тавсия этилди. Шу сабаб бизга ҳужжат топширадиган абитуриентлар сони қисқарди. «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юртига Тошкент шаҳри ва вилояти, ўзларида диний билим юрти мавжуд бўлмаган Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятидан келган абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин. Имтиҳонлар 4 фандан — она тилидан диктант, чет тили, маънавият ва тарих фанларидан тест усулида олинади. Имтиҳон саволлари Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида тузилиб, синовлар ўтказиладиган куни абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ҳузурида очилади. Муқаддас динимизга қизиқадиган, халқимизга исломий маърифатни тарқатишга иштиёқманд барча ёшлар учун эшикларимиз очиқ», — дейди билим юрти мудири Хомиджон Эшматбеков.

Икки дунёда саодатли бўлмоқчимисиз? Илм талаб қилинг!

Билим юрти ахборот ресурс марказида 6000 дан ортиқ адабиёт мавжуд. Таҳфизул-Қуръон, хаттотлик, фиқҳ, ҳадис, араб тили тўгараклари ишлаб турибди. Уларда талабалар асосий дарслардан сўнг қўшимча илм ўрганмоқдалар.
«Кўкалдош» битирувчилари икки йилдан бери Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ўрта махсус таълим муассасалари орасида ўтказиладиган ягона олимпиада ғолиблари бўлиб, Тошкент Ислом институтига беимтиҳон кириш имтиёзига эга бўлмоқдалар.
Диний ва миллий байрамларимиз, алломаларимиз таваллудлари муносабати билан мунатазам тадбирлар, танловлар ўтказилиб, талабалар муносиб тақдирланади. «Баркамол авлод» спорт ўйинларида билим юрти талабалари шахмат, теннис, тош кўтариш, кураш турларидан қатнашишди.
Сўнгги ўтказилган XXIII республика қорилар мусобақасида мураттаб қорилар баҳсида «Кўкалдош» талабаси Мурод Умархўжаев 2-ўринни, мужаввид қорилар баҳсида Икром Каримов 1-ўринни эгаллади. Бу икки талабанинг Ливанда ўтказиладиган халқаро қорилар муносабақасига номзоди кўрсатилган. Ўтган йилларда билим юртининг қори талабалари Кувайт, Индонезиядаги танловларда қатнашишган. Ҳозирда бу даргоҳда 8 нафар мураттаб қори таълим олмоқда. Улар Рамазон ойида Тошкент шаҳридаги жомеъ масжидларда Қуръони каримни хатм қилмоқдалар.
Ўтган йилги битирувчиларнинг 6 нафари олий ўқув юртларига кириб, таълимни давом эттирмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим бўлими тақсимотига кўра, билим юрти битирувчилари ўзлари яшаб турган ҳудуддаги масжидларга имом-хатиблик, ноибликка юборилади.
Билим юртида талабалар костюм-шим, оч рангли кўйлак, имкон қадар миллий дўппида бўлишлари талаб қилинади. Мадраса ҳудудида уяли алоқа телефонларидан фойдаланиш тақиқланади. Талабаларга 2 маҳал бепул иссиқ овқат, стипендия берилади. 45 ўринли ётоқхона, таҳоратхона, масжид илм толиблари ихтиёрида. Тарихий мадраса биносининг масжидида талабалар 5 вақт намозни адо этадилар. Жумъа кунлари, ётоқхонада турадиган талабалар ҳар куни навбат билан имомлик қиладилар.
Муқаддас динимиз таълимотларини мукаммал эгаллаган, иймон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват, аждодларимизнинг нодир маънавий меросларини чуқур ўрганган ва замонавий тафаккурга эга комил инсонлар тарбиялаш, ҳамюртларимизнинг диний саводхонлигини ошириш ва шу йўлда хизмат қилувчи замонавий, етук уламоларни тайёрлаш «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юртининг бош мақсадидир.

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=2&nid=91

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *