www.ziyouz.com: Зиё истаган қалблар учун. “Ҳуррият”, 5.06.2013

Китоб инсоният томонидан қилинган кашфиётлар ичида энг аълоси сифатида асрлар давомида жамият тараққиётига беминнат хизмат қилиб келаётир. Аммо кейинги пайтларда “асрлар синовидан ўтган” дўстимизнинг ўрнини техника ривожи “мева”лари эгаллаши ҳақидаги башоратлар қулоққа чалинмокда. Бунга ахборот технологиялари, жумладан, интернетнинг “бурун суқмаган” соҳаси қолмаётгани сабаб бўлаётир.

Ҳозир жаҳондаги кўпгина босма оммавий ахборот воситаларининг адади камайиб, уларнинг онлайн версиялари кўпроқ ўқилаётгани бундай тахминларни тасдиқламокда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: кун келиб анъанавий китоблар ўрнини электрон китоблар эгаллаб оладими? Бундай қарашлар ўз исботини топадими-йўқми буни, албатта, вақт кўрсатади. Нима бўлганда ҳам бугун бу борада мутахассисларнинг фикрлари умидбахш. Тўғри, китобхон электрон китобни тез ва қулай шаклда ўз смартфонига ёки планшет компьютерига кўчириб олиб, ўқиши мумкин. Бундай нашрдан ўқувчи исталган вақтда, дунёнинг ҳар қандай нуқтасида интернет орқали фойдалана олади.

Бироқ тадқиқотчилар мутолаа учун афзаллик борасида электрон китоблар қоғоз китобларга ета олмаслигини таъкидлашмоқда. Жаҳон китоб бозоридаги жараёнларни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, электрон китобларнинг ишлаб чиқарилиши босма китобларнинг камайиб кетишига сабаб бўла олмаяпти. Аксинча, китобларнинг электрон версиялари босма китоблар учун реклама вазифасини бажараяпти. Мутахассислар мазкур ҳолатни шарҳлар экан, ўқувчи электрон вариантда бир марта севиб ўқиган китобининг босма шаклини, албатта, сотиб олади, дея таъкидлашмоқда.

Дунё китоб бозорида кечаётган бундай ўзгаришлар мамлакатимиз китоб ишлаб чиқариш соҳаси учун ҳам бегона эмас. Ҳукуматимиз томонидан китоб чоп этиш ва китобхонлик масаласига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда жаҳондаги мазкур ҳолатларни беэътибор қолдириб бўлмайди. Дунёда содир бўлаётган ушбу жараёнларни инобатга олган ҳолда яқин келажакда бизда ҳам китоб тарғиботининг катта қисми электрон тармоқларга ўтади, деб айта оламиз. Жорий йилнинг апрель ойи статистик маълумотларига кўра, мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллион 42 минг 642 кишини ташкил этди. Кун сайин ошиб бораётган мазкур рақамлар электрон нашрлар ўқувчилари сонининг ўсаётганини исботлайди.

Яна рақамларга мурожаат қилсак: www.ziyоuz.uz ва www.ziyouz.com порталларида ёшларнинг қайси турдаги кутубхоналардан фойдаланишлари, керакли ахборотни қаердан олишларини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилди. 2533 нафар респондент иштирок этган ушбу сўровнома натижалари ўрганилганда қатнашчиларнинг кўпи интернет кутубхоналарга мурожаат қилишларини билдиришди. Тўпланган овозлар сонига кўра, иккинчи ўринни босма усулда чоп этилган китоблар билан ишлайдиган кутубхонани афзал билувчилар банд этишди. Электрон китоблардан фойдаланувчилар кўпаяётган экан, глобал тармоқда ўз тилимиздаги илмий-оммабоп, бадиий, публицистик, тарихий, мумтоз адабиётларимиз намуналарига бўлган талабни қондириш, китобхонга исталган адабиётнинг электрон шаклини осон топиши учун шароит яратиш лозим. www.ziyоuz.uz ва www.ziyouz.com порталлари мазкур масалаларда ўқувчиларга яқиндан ёрдам беришни мақсад қилган.

Бугун ўзбек тилида энг катта манбага эга бўлган мазкур порталлар электрон нашрларнинг оммалашувида ўз ўрнига эга. www.ziyouz.com порталидан 14 мингдан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 3381 та электрон китоблар, 1759 дона насрий асар (ўзбек адабиётидан), жаҳон адабиётидан эса 465 та насрий ижод намуналари, 900 дан ортиқ ижодкор фаолиятига оид маълумотлар, 124 нафар ўзбек мумтоз, 281 нафар замонавий ўзбек шоирлари, 246 нафар жаҳон шоирлари ижодидан намуналар ўрин олган. Бундан ташқари, хапқ оғзаки ижодиёти намуналари — эртак, мақол, топишмоқ ва ҳикоятлар ҳам порталимиздан жой эгаллаган. Унга ҳар куни 5-6 минг фойдаланувчи мурожаат қилишини инобатга олсак, порталдаги маълумотларнинг нечоғли зарурлиги кўринади. Уч тилда фаолият юритувчи мазкур порталнинг Facebook, Twitter, Youtube ижтимоий тармоқларида ўз саҳифалари мавжуд. Уларда кунига минглаб ёшлар маърифий мавзуларда фикр алмашиш имконига эга бўлмоқдалар. Қолаверса, ўзбек адабиёти намуналарини жаҳон ҳамжамиятига таништиришда ҳам порталимиз алоҳида ўринга эга. Маълумотларга кўра, порталга ўзбекистонликлардан сўнг россияликлар (йилига 255 минг), АҚШликлар (170 минг), корейслар (32 минг), турклар (26 минг), хитойликлар (24 минг), қозоғистонликлардан (23 минг) киши, жами 160 дан ортиқ давлатлардан мухлислар мурожаат қилишади. Бу ўзбек адабиёти, публицистикасидан хорижий мутахассисларнинг ҳам бохабар бўлишларида ғоят муҳим.

Порталимиз ёрдамида хорижда чоп этилган бир нечта ўзбек адабиёти намуналари ҳам мавжуд. 2009 йили www.ziyouz.com билан ҳамкорликда Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳамда илгаридан маълум бўлган ҳикматлари йиғилиб, турк тилига таржима қилинди ва “Divan-I hikmet” номи остида Анқарада чоп этилди. Айни китоб 2011 йилда ҳам 6 марта босмадан чиқди. Шунингдек, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Юсуф Ҳамадоний асарлари ҳам турк тилига таржима қилинди. Бу мамлакатда Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Жаннати одамлар”, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, “Улуғ йўл” романлари ҳам таржима қилинди. Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида “Она Ватан эртаклари” номли китоб ўзбек ва корейс тилларида чоп этилди. Шарқий Туркистонда бир қанча ўзбек адибларининг асарлари мухлислар қўлига етиб борди.

Қилинаётган бу хайрли ишлар киши қалбида фахр-ифтихор уйғотади, албатта. Аммо бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳам ҳали тапайгина. Интернетда ўзбек тили, тарихи, адабиёти ва маданиятини кенг тарғиб қилиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бор. Бунга ёшларни кенг жалб этиш ижобий натижалар беради. Бунинг учун эса, аввало, ёшларни интернет китобхонлигига жалб этиш лозим. Онлайн танлов, викториналар уюштириш, форум ва ижтимоий тармоқларда адабиёт, маънавиятни тарғиб этиш, ёзувчи, шоир ҳамда жамоат арбобларининг сайтларини ривожлантириш, Facebookда уларнинг саҳифаларини ташкил этиш, адабиёт, маънавиятни тарғиб этадиган сайтларда нашриётлар чоп этаётган янги китоблар рекламасини кучайтириш каби ишлар борки, улар кейинчалик электрон босма нашрларнинг ривожига ёрдам беради.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ, www.ziyоuz.uz ва www.ziyouz.com маърифий порталлари бош муҳаррири

http://ziyouz.com/rasmlar/hurriyat2.jpg

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *