Закот — молиявий ибодат

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1374818481_IMG_6371.jpg
Тошкент шаҳридаги «Камолиддин Ориф ал-Бухорий» жомеъ масжиди имом-хатиби Закариё Ҳафизиллоев билан суҳбат

Ҳафизиллоев Закариё Ҳакимуллоҳ ўғли 1972 йили Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаган (1993-1997). Самарқанддаги Имом ал-Бухорий номидаги халқаро марказида малака оширган. Элликка яқин маърифий мақолалари чоп этилган. 1999 йилдан бери Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилади. Ҳозирда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани «Камолиддин Ориф ал-Бухорий» жомеъ масжиди имом-хатиби.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Ислом динининг беш асосий рукнларидан бири закотдир. Закот ўзи нима? Унинг шаръий маъноси қандай?   
— Ислом шариатида ибодатларнинг турлари жуда кўп. Баданий ибодат — намоз; руҳий ибодат — рўза; поклик ибодати — таҳорат, ғусл; баданий-молий ибодат — ҳаж; молиявий ибодат — закот ва ҳоказолар. Закот ибодати муқаддас ислом динининг бешта улуғ устунларидан бири саналиб, Қуръони каримда ўттиздан зиёд жойда зикр қилинган.
«Закот» сўзининг жуда кўп маънолари бор. Поклик, ўсмоқ, зиёда бўлмоқ, гуноҳдан покланмоқ, ортиқча бўлмоқ, ибодати молия деган маънолар шулар жумласидандир. Закотнинг шаръий истилоҳдаги маъноси эса “махсус молдан махсус қисмини Аллоҳнинг ризолиги йўлида ҳақдорларга ажратиб бериш”дир. Закот сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, уни берган кишининг мол-у давлатининг қолган қисми пок бўлади. Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, кўпайиб, ўсиб бориб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган моллар сувда чўкмайди, оловда ёнмайди, шамолда учмайди, ҳеч қачон йўқолиб қолмайди. Аллоҳ таоло уни ўзи асраб беради. Бу ҳаёт тажрибаларидан жуда кўп маротаба ўтган.
Закот ибодати Мадинайи мунавварада иккинчи ҳижрий санада рамазон рўзасидан олдин фарз қилинган исломнинг учинчи устуни ҳисобланади. Қуръони каримнинг Бақара сураси 43-оятида Аллоҳ Таоло марҳамат қилиб айтади:
 «Намозни тўкис адо қилинг, закот берингиз…»
Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз ибодати билан ёнма-ён зикр қилинган. Бундан кўриниб турибдики, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Намоз қанчалик мўмин учун зарур бўлса, закот ҳам худди шундай муҳим ва зарур ибодатдир.
Бошқа бир ояти каримада, Нур сурасининг 56-оятида Аллоҳ таоло айтади:
 «Намозни тўлиқ адо этинглар, закот беринглар ва пайғамбарларга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз».
Намоз бандани доимо Аллоҳ таоло билан боғлаб, ўз соҳибининг қалбини тўғрилаб туради. Намоз мўмин кишининг иймонини бақувват бўлишига, солиҳ амаллар қилишига ва фақат Аллоҳни ўзига ибодат этиб, у зотга ҳеч кимни ширк келтирмаслигига восита бўлади.
Шунингдек, закотни адо этиш ҳам кишида бахиллик ҳиссини йўқотиб, жамиятга ички покланишни олиб келади. Закотни рисоладагидек адо этмасдан туриб мусулмонлар ҳеч бир муваффақиятга эриша олмайдилар.
Пайғамбар (с.а.в)га итоат қилиш ҳам барча каттаю кичик яхшиликлар гаровидир, бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Расулуллоҳ (с.а.в) га итоат этиш у зот саллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида шахсларига эргашиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин суннатларига амал қилиш билан бўлади.

— Закот Аллоҳ берган мол-мулк неъматига шукрона бўлиши билан биргаликда, камбағалларнинг бойлардаги ҳақи ҳамдир. Динимизда ана шу ҳақни адо этадиганлар учун қандай хушхабарлар баён этилган?
— Закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиёридаги мол-дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини, бу мол-у дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади.
Имом Ғаззолий раҳматиллоҳу алайҳ айтади:
«Аллоҳ таоло ўз бандасига жон неъматини ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир».
Мусулмон бой вақтида закотини чиқариб бермаса, қолган моли ҳам ҳаром бўлишини ва ҳалокатга учрашини яхши англайди. Мусулмонлар бой кишини бойлигида фақирларнинг ҳақи борлигини яхши биладилар. Аллоҳ таоло Маориж сурасининг 24-25-оятларида марҳамат қилади:
 «Уларнинг мол-у мулкларида маълум ҳақ бордир. (У ҳақ) сўровчи ва бечоралар учундир».
Мўмин-мусулмон бу ҳақни Аллоҳ таоло ўз бандаларига тайин қилганини яхши билади ва ҳақдорлар учун ҳақларини осонгина, чин ихлос билан, камайтирмай берадилар. Закот — бу ихтиёрий амал эмас, балки бойлар учун Аллоҳ томонидан мажбур этилган молиявий ибодатдир. Ким агар имкони бўла туриб закотини бермаса, камбағалларнинг ҳақини еган бўлади. Ўзи қийналиб, оч турган кишининг молини қўлидан тортиб олиш, ейиш қанчалик гуноҳ бўлса, давлатининг закотини ажратмаслик худди шу каби гуноҳи кабира бўлади. Тўплаган барча мол-мулки харомга айланади. Закотини берган мўмин эса ўзини ва молининг қолган қисмини поклайди.
Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига хитобан деди:
 «Уларнинг молларидан садақа ол, бу билан уларни поклайсан, тозлайсан ва уларнинг ҳақига дуо қил. Албатта, сенинг дуойинг улар учун сокинликдир (ҳотиржамликдир)».
Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:
«Қачон бир молга закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади».
Яъни, закоти берилмаган мол қолган қисмини касодга айлантиради. Шу билан бирга закот молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига ҳам сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар:
«Сизлар молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз, касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало офатларга дуони ҳозирлаб қўйингиз». (Имом Табароний ривояти).
Бошқа ҳадисларда эса «Молларингизни закот ила ўраб ҳимоялаб қўйингиз» — деганлар.

— Исломдаги ҳеч бир ибодат беҳикмат эмас. Закотнинг қандай фойдалари ва ҳикматлари мавжуд?
— Закот ибодати закот берувчига ҳам, закот олувчига ҳам кўплаб фойда келтиради. У жамиятга ҳам катта фойда келтиради. Шунинг учун закот ибодати тадбиқ қилинган жамиятларда кўпгина мушкулот ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Закот берувчи ўзига фарз қилинган молиявий ибодатни адо этиш учун уни ҳақдор кишиларга икки қўллаб олиб бориб бериши керак. Закот олувчи камбағаллар бойларни қидириб юрмасликлари лозим. Закот берган киши «мен камбағалга ёрдам бердим» — деб ўйламай, балки «муҳтож киши менинг закотимни олиб менга ёрдам берди, молимни ҳалоллаб, тозалаб берди» — деб ҳурсанд бўлиши керак. Закот олувчига битта фойда бўладиган бўлса, закот берувчига минглаб дунёвий ва уҳровий нафлар бор.
Бу ибодат бойларни бахиллик, манманлик балосидан поклаганидек камбағалларни ҳасад, ичи куйиш каби дардлардан поклайди. Чунки бойдан закотини қабул қилиб олган, ундан гўзал муомала кўрган камбағал унга ҳеч қачон ҳасад қилмайди. Аксинча, унга доимо ҳурмат эҳтиром билан қарайди, унинг ҳақига дуо қилади. Аллоҳдан “Унинг моли яна ҳам кўп бўлсин, менга ўхшаганларга яна ҳам кўпроқ закот берсин» — деб сўрайди.
Умар ибн Абдулазиз айтадилар:
«Намоз сени ярим йўлга етказиб қўяди, яъни жаннатнинг ярим йўлигача бошлаб боради, рўза ибодати эса ундан жаннатнинг эшиги олдигача олиб боради. Садақа, закотинг эса жаннат эшигидан ичкарига олиб киради» — деганлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар:
«Закот ислом кўпригидир».
Яъни бойлар молларининг закотини берсалар жаннатга ўтиш учун кўприк ҳозирлаган бўладилар. Бу закот ибодатининг рамазон ойида амалга оширилиши жуда улуғ савобдир.
Саҳобалар Пайғамбаримиз (с.а.в)дан «Садақанинг энг афзали қайсиниси?» — деб сўрашганда, ул зот (с.а.в) «рамазони шарифдагиси» — деб жавоб берганлар (Имом Термизий ривояти).

— Закотни ҳисоблашнинг қандай тартиблари мавжуд? Ҳозирги шароитимиздан келиб чиқиб, закот молининг нисобини қандай аниқлаш мумкин?
— Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз (с.а.в) томонларидан қатъий белгилаб берилган.
Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши қарорига кўра, жорий йил учун закот нисоби 8 000 000 сўм этиб белгиланди.
Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.
Чорва моллари жумласига туя, қора мол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қора молнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун тилла ва кумуш учун айтилган шартлар бўлиши, яъни бир йил давомида кўпайиши, бундан ташқари чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт.
Деҳқончилик агар лалми ер маҳсулоти бўлса, ундан ушур (яъни ўндан бир), суғориладиган ердан чиққан маҳсулот бўлса, ушурнинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисми миқдорида закот чиқарилади. Ушур – ҳосил териб олинган вақтда берилади.
Бундан ташқари нақд пул ва тижорат учун олинган моллардан ҳам закот берилади. Уларнинг нисоби эса тилло ва кумушнинг нисобига қиёсан белгиланади. Яъни тилло ва кумушнинг қиймати аниқланиб, шуларга таққосланади.
Ҳар бир инсон ўз даромадлари, мол-мулкининг нисобини юқорида келтирилган қоидаларга кўра ҳисоблаб чиқиши лозим.

— Савдо, ишлаб-чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг айланма маблағлари, ишлаб-чиқарилган маҳсулот, сотилаётган товар ва бошқа даромадлардан закот чиқариш тартиби қандай?
— Ишлаб-чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари олинган маҳсулот ва даромад ҳисобидан закот беради. Ишлаб чиқариш асбоблари (станоклар,қурилмалар) ҳисобидан закот бермайди. Савдо корхонаси учун айланма маблағ, сотилаётган маҳсулотлар ҳисобидан закот ажратилади.

— Ижарага берилган молнинг закоти қандай тўланади?
— Ижарага берилган молнинг таннархи ва ундан олинаётган даромад қўшилиб, закот берилади. Масалан, бир одамнинг ҳожати аслиядан ташқари квартираси бор. Уни ижарага берган. Квартиранинг нарҳи 40 миллион дейлик, ундан йилига 4 миллион даромад қилди. 44 миллиондан 2,5 % ни, яъни 1 100 000 закотга ажратади.

— Халқимизда яхши ният билан фарзандлар учун болалигидан турли буюмлар асралади. Сарпо учун деб аталган ушбу буюмлар йиллар давомида фойдаланилмай ётади. Ана шу фойдаланилмаган моллар учун ҳам закот бериладими?
— Сарпо учун олинган буюмлар учун закот берилмайди. Аммо, олинган тилла миқдори 85 граммдан ошган бўлса, ундан закот чиқарилади.

— Давлат учун тўланадиган солиқ закот ўрнига ўтади, у ҳам фақир-мискинлар учун сарфланади-ку, деган нотўғри тушунча мавжуд. Бунга Ислом нима дейди?
— Солиқ ҳамма давлатда бор, у давлатнинг эҳтиёжлари, мудофаа, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳалар учун ишлатилади. Пайғамбаримиз ва хулафои рошидийн даврларида ҳам солиқ бўлган. Закот эса алоҳида ибодат. У молни поклайди, барака киритади. Закотни тўлашдан ҳеч қачон қочмаслик керак. Аксинча, Аллоҳ берган мол-дунёга шукрона айтиб, закотгақодир қилгани учун хурсанд бўлиш керак. Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар: «Мол-мулк садақа қилиш билан ҳеч қачон камаймайди». (Имом Муслим ривояти).

— Закотни бир кишига берган афзалми ёки кўпчиликка? Закотга энг муносиб кишилар кимлар?
— Энг камбағал инсонга бир нисоб миқдорида берган афзал. Бир нисобдан ортиқ маблағни бўлиб-бўлиб кўпроқ одамга берса ҳам бўлади. Закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Айни пайтда юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам беришлик энг мустаҳиқ ўринлардан биридир. Кам таъминланган  ака-ука, опа-сингил ва бошқа қариндошларга берилса яхши бўлади.

— Закотни масжид қурилиши, таъмири учун берса бўладими?
— Закот — фақир ва камбағалларнинг ризқи. Уни масжид, кўприк ёки бошқа қурилишлар учун бериб бўлмайди. Масжидларда фитр садақаси ва закотлар учун қутилар қўйилган. Унда жамғарилган маблағлар атрофдаги камбағал оилалар учун тақсим қилинади. Ундан тушган маблағлардан масжид эҳтиёжи учун фойдаланилмайди.
Аллоҳ таоло барча бой бадавлат инсонларни адо этаётган закот ибодатларини қабул айласин. Кўп-кўп закотлар бериб, молиявий ибодат қилиб, роббимизга қурбат ҳосил этмоқликни насиб этсин. Бу муборак ойларда солиҳ ва эзгу амалларни қилишга муяссар қилсин. Омин.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=12

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *