Исломда кийиниш маданияти

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1375138684_Ustoz.jpg
Тошкент шаҳридаги “Тўхтабой” жомеъ масжиди имом-хатиби Исоқжон домла Бегматов билан суҳбат

Исоқжон домла Бегматов 1970 йили Фарғона вилояти Бешариқ туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаган (1990-1994). Имом ал-Бухорий халқаро марказида малака оширган. 1994-1997 йилларда Абулқосим мадрасасида, 1997-2002 йилларда Тошкент Ислом институтида мударрислик қилган. 2002 йилдан Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги «Тўхтабой» жомеъ масжидида имом-хатиб, 2011 йилдан  Тошкент Ислом институтида мударрис лавозимида меҳнат қилади. «Илм олиш одоблари» номли китоби нашр этилган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

 

— Ислом шариатида кийиниш маданиятига қай даражада эътибор қаратилган?

— Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.
Ислом шариати бутун инсоният учун барча соҳаларда икки дунё бахту саодатига эриштирадиган қонун-қоидаларни жорий қилган. Инсоннинг ҳаётидаги энг муҳим ишлардан бири бўлганлиги учун шариатимизда кийиниш одоблари ва либосларга тегишли бўлган алоҳида ҳукмлар жорий қилинган. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳий китобларимизда бу мавзуга алоҳида эътибор берилган. Зотан кийим ўз ўрнида инсоннинг ички маънавий дунёсини акс эттирувчи воситадир. Агар инсон иймон-эътиқодли, ор-номусли бўлса, унинг киядиган кийими ҳам шунга муносиб бўлади. Аксинча бўлса кийими унинг беҳаё ва беандиша эканлигидан ҳабар бериб туради.
Кийимга бўлган эътибор барча миллат ва элат ҳамда дин вакилларида ўзига хос аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ҳар бир миллат ва элатни ҳамда дин вакилларининг ўзларига хос ва муносиб кийимлари борки, бу кийимлар уларнинг миллий ёки диний кийимларига айланиб улгурган. Уларни миллатлари ва динларини ана шу кийимларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бизларнинг ҳам ўзимизга хос ва шариатимиз аҳкомларига мувофиқ келадиган миллий кийимларимиз албатта бор. Лекин ҳозирги кунимизда дунё миқёсида барча миллатларда ўзининг миллийлиги ва маънавиятини унутишлик ёки уларга эътибор бермаслик, тўғрироғи оёқ ости қилишлик иллати кучайиб, кенг тарқалиб бораётгани каби бизларнинг миллатимиз вакилларида ҳам (асосан ёшларларда) ҳудди шундай иллат кенг ёйилмоқмоқда.
Либос ғарб миллатларида инсоннинг қадр қиймати, обрў-эътибори, бой ёки камбағаллиги, аслзода ва ёки оддийлиги, юқори ёки қуйи табақа вакили эканлигини, оддийгина қилиб айтганда кибру ҳаво ва манманликни кўрсатишликнинг воситаси ўлароқ танилса-да, биз мусулмонларда, шариат аҳкомларига мувофиқ келадиган либос – бу оддий кийиниш эмас, балки ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасидаги фарз даражасига кўтарилган. Бошқалар учун ўзларининг турли дунёвий ғаразларини амалга ошириш воситаси бўлган кийим бизлар учун Аллоҳнинг розилигига эришиш воситаларидан биридир.
Аллоҳ таоло кийиниш тўғрисида Аъроф сурасининг 31-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
“Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг”. Яъни, “Кийимингизни кийинг, авратларингизни тўсинг”.
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззаси остигачадир. Аёлларнинг эса, юзи, икки кафти (ва баъзи бир ривоятлдарда икки аёғининг тўпиғидан пасти)дан ташқари бутун бадани авратдир. Нур сурасининг 31-ояти бунга далил бўла олади:
“…зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксилари узра тушириб олсинлар”.
Ушбу ояти карималарга мувофиқ эркагу аёлларга баданидаги аврат жойларини тўсадиган кийим кийишлиги фарздир. Барча ибодатларни қандай амалга ошириш, қай миқдорда, қандай кўринишда бўлишлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда умумий тарзда баён этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу умумий ҳукмларни ўз ҳадиси шарифларида тўлиқ тафсилотлари билан амалда қандай қўлланишлигини кўрсатиб таълим берганлар ва либосга оид ҳукмларни ҳам батафсил тушунтириб берганлар.

— Либосланишнинг ҳикматлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 26-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
“Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар» (Аъроф, 26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурати киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда:
«Тақво либоси — ана ўша яхшидир», демоқда. Агар оддий либос баданнинг аврат жойларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмидаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси йиртилиб, маънавий авратлари очилиб турса, бундан ёмони йўқ. Ҳозирги кунда кўпчилик “тақво либоси” башанглигини даъво килиб, устки авратларини очиб, қолганига эътибор бермасликка чақиради. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади.

— Ҳар соҳада тараққиёт бўлганидек, либосланиш маданияти «ривожланиб» кетди. «Оммавий маданият» дея аталиб, тарғиб этилаётган «кийим эркинлиги» тушунчаси қанчалик хатарли?
— Бу дардга бутун дунёдаги ёшлар гирифтор бўлаётгани бор гап. Бизнинг ёшларимиз ҳам ушбу иллатга чалинаётгани хавотирли ҳолатдир. Кўпинча бундай тоифадаги айрим ёшлар ўзимизнинг миллий ва диний қадриятларимизни ифода этадиган либосларимиздан юз ўгирмоқдалар.
Тўғри, ҳар доим ҳам дунёда бўлаётган тараққиёт, ривожланишдан орқада қолиб кетмаслик талаб этилади. Лекин мазкур даъво билан ҳар қандай янгиланишни, ўзгаришларни таг-тубини суриштирмасдан, улардан кўзланган ғоя ва мақсадларни билмасдан туриб, кўр-кўрона тақлид қилиб эргашиб кетавериш доимо ёмонликка бошлайди.
Зотан “оммавий маданият” ташвиқотчиларининг бу қилаётган ишларидан қанчалик моддий ва ғоявий фойдалар кўраётганликларини кўпчилик тушуниб етмайди. Хоссатан енгил-елпи ҳаёт тарзини ўзларига фахр деб билаётган ёшлар бу дардга кўпроқ чалинадилар, чунки уларда бу касалликларга қарши курашадиган иммунитет, яъни маънавият ва тарбия етишмайди.

— Ёшларнинг кийинишда дидсизланиб кетишига ким айбдор?
— Бу иллатларни юртимизда кенг миқёсда оммалашиб бораётганлигига техника тараққиёти ва оммавий алоқа воситаларини  асосий сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Тўғри бундай тараққиётдан воз кеча олмаймиз, аммо жимгина бу ҳолатни томошабини бўлиб ҳам тура олмаймиз. Бунга қарши курашишда асосан ёши улуғлар, ота-оналар ва устоз ва мураббийлар тирик намуна бўлишлари керак. Лекин жамиятдаги мазкур шахсларнинг ўзларида “оммавий маданият” тушунчасига бепарволик, балки бу ҳам ривожланишнинг ижобий бир кўриниши-да деган фикр билан қарашлари бу дардни янада ривожланишлигига ёрдам беради.
Кўпинча мазкур тарбияга жавобгар бўлган шахслар тарафидан “ҳа энди ёшларда, замонига қараб кийинади-да, ҳозирги ёшлар панду насиҳатга қулоқ солармиди” деган сўзлар билан бу иллатнинг янада газак олдираётганликларини билишармикан. Мазкур ҳолатлар ўзимизнинг миллий ва диний қадриятларимизни оёқ ости қилиш ва уларни қолоқликда, эскиликда айблаш эмасми, аслида ўзимизнинг миллий кийимларимиз ҳар тарафлама гўзал ва қулай ҳамда динимиз аҳкомларига мос келади-ку, бу кийимларда эркакларга хос бўлган барча жиҳатлар эътиборга олинган, аёлларда эса уларнинг иффати, ҳаёси, назокат ва латофатини ғаразли назарлардан ҳимоялаган. Қисқаси эркакларга ўзларига хос, аёлларга ҳам ўзларига ҳар тарафлама мос бўлган либослар бизнинг миллий либосларимиздир. Зотан ҳар бир жинс ўзларининг жинсига ҳар тарафлама мувофиқ келадиган кийим киймоқликлари уларнинг маданиятининг кўзгусидир.

— Кийинишдаги чегаралар нафақат динимизда, балки миллий қадриятларимизда ҳам белгилаб қўйилган. Мана шу чегараларни бузиш қандай оқибатларга олиб келади?
— Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатиб юрувчи  эркакларни ва ўзини эркакларга ўхшатиб юрувчи  аёлларни лаънатладилар” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар).
Бундан ташқари барча соҳалардаги каби кийиниш борасида ҳам банданинг ўзига мутлақо эркинлик бериб қўйилса, у нафсининг айтганини ёки шайтоннинг васвасасини ёки бошқаларга кўр-кўрона тақлид қилишни ихтиёр этади. Бунинг яққол исботи ўлароқ ҳозирги кундаги нафақат ёш қизларнинг, балки йигитларнинг ҳам кийинишларини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан эллик, юз йил олдин халқимизнинг қизлари учун мутлақо ор ва уят ҳисобланган билаклари ва тиззаларини очиб юришлик ҳозирги кунда ор-номусни ва миллийликни даъво қилаётган кўплаб қизларимизга фахр бўлиб қолди. Уларнинг тушунчаси бўйича миллийлик сочни қирқ кокил қилиб бошига дўппи кийиб олишликдадир. Баданнинг ярмидан кўп жойи очилиб туриши гўёки миллийликка мутлақо хилоф эмасдек. Қани, айтингчи тарихда момолариздан бирорталари енги ва этаги калта кийимларда, ҳатто бошида рўмоли йўқ бўлган ҳолда юрганларини кўрганлар борми? Албатта йўқ! Нафақат аёллар балки эркакларга ҳам тарихимизда калта-култа кийиниш, ҳатто бошяланг юришлик одат бўлмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Белингда белбоғинг, бошингда дўппинг борми?” деган нақл пайдо бўлган бўлса ажаб эмас. Зотан эркакларнинг ор номуси уларнинг лафзи ҳалоллиги ва мардликлари мазкур нақл билан ифодаланган.
Мана энди ҳозирги кундаги йигитларимизни ҳам кияётган кийимларига бир назар солинг-да ўзингиз баҳо бераверинг. Юқорида кийимни зийнат деб ўтилди. Бу дегани кийимни зийнат учунгина кийсин дегани эмас. Мана шу тушунчани суистеъмол қилганлар, хоссатан тарбиясиз аёллар либосни ўзларининг бутун таналарини, қад-қоматларини бегона эркакларга фахрланиб кўрсатиш учун восита қилиб олдилар. Бошқалари эса, кийимбошнинг қимматбаҳолиги билан фахрланиб ва ғурурланиб юришни ҳаётнинг асосий мақсади қилиб олдилар.

— Динимизда кийиниш борасида қандай тавсиялар берилган?

— Барча соҳалардаги каби кийиниш борасида ҳам ўртачалик ва мўътадиллик мақбулдир. Бу борада ҳаддан ошиб кетмаслик ёки тақво ва парҳезкорликни даъво қилиб ўта хароба ҳолатда кийиниш ҳам тўғри эмас.
Ривоят қилинишича, бир куни саҳобийлар жангдан сўнг дам олиш учун бир дарахт остига тўпланиб, тамадди қилишга киришишди. Уларнинг орасида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бор эдилар. Шу пайт туясини боқиб юрган бир саҳобий уларнинг олдига келиб қолди. У эскириб, тўзиб кетган либосда эди. Пайғамбармиз алайҳиссалом унинг аҳволини кўриб, Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Унинг бошқа кийими йўқми?» деб сўрадилар. У киши: «Тўрвасида яна иккита кийими бор», дедилар. Фахри коинот: «Уларни кийса бўлмайдими?» дедилар. Жобир бояги кишини чақириб, у зотнинг гапларини етказдилар. У дарров кийимларини алмаштириб олди ва нари кетди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мана шуниси яхши эмасми?» дедилар.
Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий».
Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган.
Алишер Навоий «Маҳбубул-қулуб» асарида бундай ёзган: «Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир».

— Баъзи ёшлар масжидларга шортик, енгсиз кўйлакларда киришади. Уларга бундай ҳолатда масжидга кирма, деб танбеҳ берсангиз, авратим ёпиқ бўлса бўлди-да, дейишади.  

— Ҳар бир ибодатнинг фарзу вожиби бўлгани каби суннат, мустаҳаб амаллари ва одоблари бор. Суннат ва мустаҳаб амаллар фарзни қувватлаб туриш учундир. Суннат тарк этилгани сари фарз ҳам емирилиб бораверади. Худди шунингдек авратни ёпиш фарз бўлса, Расулуллоҳ с.а.в. таълим берганларидек кийиниш суннатдир. Русуллуллоҳ с.а.в. узрли сабаб бўлмаса, ҳеч қачон фақатгина авратни ёпадиган кийим билан намоз ўқимаганлар. Шароит бўлатуриб шортик ёки калта кўйлакда намоз ўқиш беадабликдир. Ундан ташқари бундай кийимлар қиёмда авратни беркитиши мумкин, лекин руку, сажда ва қаъдада тиззалар ва беллар очилиб қолади. Бу бошқаларнинг ҳам намозига зарар етказади. Шунингдек турли ҳайвон ёки инсонларнинг сурати бор кийимлар ҳам ибодат либосига тўғри келмайди.

— Эркаклар учун ўта тор, юпқа ва калта кийимлар кийиш ҳукми қандай?
— Аввало тиббий тарафдан бундай кийимлар инсонга зарар эканлигини тиб олимлари исботлашди. Бу ҳолатдаги кийимда риё, мақтанчоқлик ҳам бор, ўзини, баданини кўз-кўз қилиш бор. Шунингдек бундай кийимларда намоз ўқиш ноқулай. Расуллуллоҳ с.а.в. айтганларидек, «Кимки бир қавмга ўзини ўхшатаверса, у ўша қавмдан бўлади». Демак, мусулмон инсон ҳар кимга кўр-кўрона тақлид  қилавермаслиги керак. Ўта тор, юпқа, ҳарир, гулли, ялтир-юлтир либослар йигитларнинг эркаклик ғурурига ҳам таъсир ўтказади. Муттасил мана шундай либос кийган йигитларда аёлсифатлик белгилари намоён бўла бошлайди.

— Эркаклар ва аёллар учун кийимнинг рангида чеклов борми?

— Эркаклар учун қип-қизил ва сап-сариқ либос кийиш макрухдир. Балки оқ, оч либослар кийиш суннатдир. Аёллар учун эса эътиборни тортадиган либослар кийиш тавсия этилмайди.
Барча соҳаларда икки дунё бахту саодатига эришиш учун шариат аҳкомларига амал қилиш талаб этилганидек, кийиниш борасида ҳам ҳар хил ғоялар, маданиятлар ёки кўр-кўрона тақлидлар, ўзим ҳал қиламан деган тушунчаларни бир четга қўйиб, бизни яратган ва бизга нима яхшию нима ёмон эканлигини, нима фойдаю нима зарар эканлигини яхшироқ билувчи Аллоҳ таолонинг шариатига итоат этиш улкан ютуғимиздир.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=14

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *