Эски портфелимнинг ичидан бир пайтлар ҳаётимнинг бир қисми бўлган ушбу буюмлар чиқди. Буюмларнинг деярли барчаси аллақачон тарихга айланиб улгурибди:
- Floppy дисклар. 1.44 мегабайтлик ушбу дисклар ҳақиқий бош оғриғи эди. Бир ишласа, бир ишламай асабга тегарди. Шунинг учун ҳам 2-3 та дискетага нусха кўчириб юрардик. Sony, Verbatim каби компаниялар 2010 йилдаёқ ушбу дискеталарни ишлаб чиқаришни тўхтатишган эди.
- Фотоаппарат плёнкаси. Бундан 15 йил аввал рақамли фотоаппарат энг обрўли матоҳлардан ҳисобланарди. Бизга ўхшаган устудентларнинг айримларида фотоплёнкага тасвирни муҳрлайдиган “мылница” фотоаппарат бўларди. Энг машҳури Kodak фотоплёнкалари эди. 70 йиллик “ҳукмронлик”дан сўнг 2012 йили Kodak фотоплёнкалари ишлаб чиқарилиши тўхтатилган.
- ТМ ойлик йўл чипталари. Ўша вақтларда бемалол метрога ҳам “проездной” билан кираверардик. Дарҳақиқат, троллейбус ҳам тарихга кириб бўлди. Тошкентда сўнгги троллейбус линияси 2010 йилда олиб ташланган эди.
- Uzdunrobita тўлов карталари. У пайтларда Paynet қаерда дейсиз? Илк марта 2003 йили 14$ га Uzdunrobita компаниясига уланганман (ўшанда уланиш ҳам пулли эди). Биринчи марта компания офисида бошқа арзон карталар қолмагач, 20000 сўмлик карта олганман (шунда ҳисобимда 20$ дан кўпроқ пул бор эди). 2006 йили Uzdunrobitaдан MTS га ўтдик.
- MTS тўлов карталари. Унинг ҳам умри қисқа бўлди. 2012 йили MTS ҳам йўқолди-қолди.
- Турли интернет провайдерларининг Dial-up учун тўлов карталари. Атиги 56 кбит/c тезликда ишлайдиган интернетга бир дона каттароқ китоб юклашим учун ярим кун талаб қилинарди. Infonet провайдерида кечаси 24:00 дан 6:00 гача текин бўларди. Асосан шу вақтдан унумли фойдаланардим. Адашмасам Тошкентда Dial-up орқали интернет тақдим этадиган компаниялар қолмади. Фарғонада Simus компанияси 2015 йил 1 январдан Dial-up алоқани тўхтатганлигини маълум қилди.
- 5 сўмлик купюра. Уни ҳозир мана шунақа портфеллар ичидагина кўриш мумкин холос. Мен мактабда 6-синфда ўқиётган пайтим (1995 йил) 5 сўмга икки киши бемалол қорин тўйғизса бўларди (иккита нонвой нон ва иккита гўштли сомса берарди).
- Талабалик гувоҳномаси. Тўрт йил давомида талабанинг энг катта ҳужжати бўлган гувоҳнома. Бу билан паспорт билан битадиган ишларни ҳам битираверардик. Орқа томонида албатта ойлик йўл чиптаси бирга юрарди.
- Газеталар корпусига кириш учун рухсатнома. Мана шу рухсатномасиз илк иш жойим – “Маърифат” газетасига кира олмас эдим.
- Ёзув қоғози. Ҳозир бу вазифани (ва юқоридагиларнинг аксариятини) мобил телефонларимиз бажаряпти.