Сўнгги кунларда “Олтин қалам” ҳақида мулоҳазалар кўпайибди. Санжар Саид мулоҳазаси ва Беҳзод Қобулов мақоласи билан танишиб чиқдим. Комментларни ўқиб чиқишга вақтим бўлмади.
Санжар Саиднинг мулоҳазасини 100 фоиз холис деб бўлмайди. Журналистикада туйғулар, кайфият ва тахминлар эмас, аниқ фактларга таянилган мулоҳазалар қадрланади. Санжар таҳлил қилиб, яхши материал ёза оларди. Шошилинч ёзган мулоҳазасида журналистиканинг олтин қоидасидан бироз четлашган. Энди мулоҳазадаги баъзи жиҳатга эътибор қаратаман:
“Кимларнингдир шахсий томорқасига айланган” – Ким у? Кимнинг томорқаси? Қанақа томорқа?
“Бир тўда ялоқхўр, қўғирчоқ сўзбузар-мақтовтузарлар” – Сиз ҳар бир иштирокчининг ижоди билан танишиб чиқдингизми? Кимни, нимани ялаган, кимни қўғирчоқ қилган? Аниқ жавобингиз борми?
Менимча, сизда бу саволларга жавоб йўқ. Шундан экан, умумий фикр билдиришда бироз эҳтиёткорликка чақираман.
Беҳзод Қобулов яхши таҳлил қилибди. Кўп фикрларига қўшиламан. Мен ТВ, радио ва матбуот ҳақида фикр билдира олмайман. Интернет журналистикаси бўйича баъзи фикрларни билдиришни маъқул топдим.
Маълумот ўрнида: мен 2013 йили интернет журналистика соҳасида “Олтин қалам” танловида 2-ўринни эгаллаганман.
Ўзбекистонда блогерлик ва интернет журналистикаси ҳали Россия ва ғарб давлатлари каби яхши ривожланмаган. Энди-энди ривожланиб келмоқда. Сўнгги 1-2 йил ичида бирданига бир қанча ахборот-таҳлилий сайтлар очилгани ва жадал фаолият юритаётгани қувончли ва умидли ҳолат.
“Олтин қалам” мукофоти 12 йилдан бери интернет журналистикаси бўйича ҳам тақдим этилади. 2-3 йил аввал ҳам миллий интернет журналистикада аналитика жанрида жуда кам материаллар бериларди. Реал интернет журналистикаси талабига жавоб берадиган сайтлар бармоқ билан санарли эди. Табиийки, мухолиф сайтлар танловга материал топширишмайди. Ҳақиқий интернет журналистикаси бўлмагандан кейин албатта бошқа йўналиш ёки соҳа вакилларига мукофот топшириши табиий. Материаллар қандай сараланиши ва текширувчиларнинг савияси кўп нарсани ҳал қилади.
Офисда ўтириб, пресс-релиздан материал тайёрлаш, ижтимоий тармоқдаги мавзуларни копи-пейст қилиш, хориж ахборот нашрлардан чала-чулпа таржима қилиш билан интернет журналистикани яратиб бўлмайди.
Ҳозирги замонавий дунёнинг реал интернет журналистикаси – ҳам матн, ҳам овоз, ҳам тасвир ёрдамида воқеликни холис таҳлил қилиб интерактив усулда тезкор ахборот тарқатишдир. Бунда журналист керак бўлса, президентни холис танқид қила олиши, қонун устуворлиги йўлидаги барча тўсиқлар ҳақида қўрқмай, баралла ёза олиши керак.
Аввал ҳақиқий миллий интернет журналистикамизни яратайлик. Шундагида “Олтин қалам”ларнинг пробасини тўғри ўлчай оламиз.