Анталия – Туркиянинг энг йирик туризм марказларидан бири. Аҳоли сонига кўра, Туркиянинг энг йирик 5-шаҳри (2,3 миллион киши). Анталияда 2015 йили дунёнинг энг ривожланган 20 давлати қатнашган G-20 саммити ва 2016 йили “Келажак авлод учун яшил дунё” шиори остида Expo 2016 бутунжаҳон кўргазмаси бўлиб ўтган.
Истанбул-Анталия учоғида орқа тарафда ойна олдидан жой олдим. Мармар денгизи, Босфор бўғози, Онадўли кенгликлари, Оқ денгиз (Ўрта Ер денгизи), ундаги кемалар, Анталия соҳиллари ва шаҳарни юқоридан томоша қилишнинг завқи ўзгача.
Анталия рус ва немис туристларининг севимли маркази. Бу ердан кўчмас мулк сотиб олганлар ҳам жуда кўп. Бунга асосий сабаб ер-мулкнинг нисбатан арзонлиги ва иқлимнинг субтропиклигидир. Масалан, Германияда нафақага чиққан қари эр-хотинлар жамғарган маблағи билан Анталияда вилла сотиб олиб, у ердан юбориладиган пенсия билан маза қилиб яшаши мумкин.
Сўнгги йилларда Европадан келадиган туристлар сони камаяётгани, айниқса, Америкадан саёҳатга чиққан “бой туристлар”ни (маҳаллий сотувчилар таърифи) олиб келувчи круиз кемалари келмай қўйгани сабабли туризм секторида бироз қийинчиликлар бўлди. Кўчмас мулклар нархи ҳам тушганлиги қайд этилган. Лекин 2016 йил мавсумига кўра, бу йил туристлар оқими катта бўлганлиги кузатилган.
Анталия табиати жуда гўзал. Ўрта Ер денгизига хос дарахтлар доим ям-яшил. Ҳатто шаҳар ичидаги йўллар ўртасига ҳам мевали дарахтлар экилган. Пальмаларда пишган хурмо, олма, анор дарахтларини катта трасса четларида ва йўл ўрталарида кўрдим. Ноябрь ойи бўлса ҳам ҳаво ҳарорати 25 °C, сув ҳарорати 22-23 °C. Анталияда деярли қиш бўлмайди. Декабрь-февраль ойларида ҳаво ҳарорати ўртача 15-16 °C ни ташкил этади.
Субтропик иқлим туфайли Анталияда қишлоқ хўжалиги ривожланган. Бу ерда цитрус мевалари, банан, зайтун, олма, помидор, бодринг, ошкўклар етиштирилиб, бутун Туркияга тарқатилади. Гулчилик ҳам ривожланган. Пахта ҳам экилади.
Анталияда июнь-сентябрь ойлари ёзги дам олиш мавсуми бўлиб, соҳил ёнидаги меҳмонхоналар туристлар билан тўлиб тошади. Октябрь-ноябрь ойларида ҳам соҳил бўйидаги меҳмонхоналарда чўмилиш мавсуми давом этади. Октябрь-ноябрь, март-апрель ойларида эса конгресслар туризми бошланади. Бу пайтда туристлар сони камайиши боис меҳмонхона нархлари 2-3 баравар тушиб кетади. Туркиядаги жуда кўп компания, ташкилотлар шу пайтда ўз ходимларини Анталия каби дам олиш ҳудудларига чақириб, симпозиум ва учрашувлар ўтказишади.
Бу сафар Туркий дунё миллий кутубхоналари уюшмаси тузилиши муносабати билан ташкил этилган учрашувда ва таъсис мажлисида фахрий меҳмон ўлароқ қатнашиш учун Анталияга келган эдим. Мен қолган меҳмонхонада бир вақтнинг ўзида Туркия ва дунё радиологлари халқаро симпозиуми ва Bosch компанияси Туркия бўлими семинари бўлиб ўтаётганди.
Одатда 3 кундан 1 ҳафтагача давом этадиган (асосий учрашувлар учун 1-2 кун ажратилади, ҳаммаси ичида бўлган (all inclusive) бундай люкс-меҳмонхоналарда бошқа кунлари асосан ҳордиқ чиқарилади) бундай учрашувлар ташкилотлар учун кони зарар бўлса керак, деб ўйладим. Шу соҳада тажрибаси бор бир неча киши билан гаплашиб фикрим ўзгарди. Маҳаллий компаниялар бундай учрашувларга ходимлар орасидан энг активларини чақиради. Бу ерда ҳордиқ чиқарган, компаниянинг унга бўлган рағбатидан мамнун бўлган ходим келгусида янада янги куч ва шижоат билан корхона ривожига ҳисса қўшади, ҳеч қачон алдамайди, бошқа ходимларни ҳам илҳомлантиради. Натижада иш унумдорлиги ошади, компания кўпроқ фойдага киради. Одатда компаниялар ходимларни бундай рағбатлантиришга умумий фойданинг 2-3 фоизини сарфлашади.
Анталияда бу мавсумда кўпинча туризм ва бошқа соҳаларда халқаро анжуманлар ўтказилади. Одатда, барча харажатларни мезбон тараф ўз бўйнига олади ва энг яхши хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналарга буюртма берилади. Туризм билгичларининг таъкидлашича, бу ердаги шароитлардан мамнун бўлган иштирокчилар кейинги йил ёз мавсумида ўз оиласини ва дўстларини айнан шу ерга олиб келишади, кўпчиликка реклама қилишади. Бундан ташқари мамлакат рейтинги учун ҳам бундай тадбирлар муҳим.
* * *
Анталия шаҳрининг тарихи 2000 йилдан ошади. Шаҳар Пергам давлати қироли Аттала шарафига Атталия деб номланган. Турли даврларда бу шаҳар Ликия, Памфилия, Пергам, Қадимги Рим, Салжуқийлар, Усмонлилар давлати таркибида бўлган. Шаҳар марказида Қадимги Рим, Византия, Салжуқийлар даврига оид ёдгорликлар талайгина.
Анталия шаҳри марказида сайр этарканман дарахт остида жойлашган мўъжаз уйчалар эътиборимни тортди. Аввалига қушлар учун бино қилинган уялар бўлса керак деб ўйладим. Яқинроқ бориб қарасам, уйча остидаги тахтага “Бир китоб ол, бир китоб қолдир” (Bir kitap al, bir kitap bırak / Take a book, leave a book) деб ёзилган экан. Бу Анталия шаҳар ҳокимлиги ташкил этган мини кутубхоналардан бири экан. Уйчага 50-60 та китоб сиғади. Ташкилотчилар билан боғланиб, улардан бу ҳақда ахборот олишга ҳаракат қилдим.
2012 йили Анталия шаҳар ҳокимияти маданият ва ижтимоий масалалар бўлими бутун мамлакат бўйлаб китоб хайрияси акциясини бошлаган эди. Акцияга кўра, фойдаланилмаётган ёки ўқиб бўлинган китобларни хайрия сифатида Анталиядаги китоб марказига юбориш тавсия этилади. Бу ерда китоблар йиғилиб, китобга эҳтиёжи бўлган кишиларга, қамоқхоналар, мактаб ва боғчалар, ўқув юртларига тақдим этилади. Ушбу марказга керакли китобларни сотиб олиш учун пул хайрия қилса ҳам бўлади. Китоб эҳтиёжмандлари марказга мурожаат қилишади. Марказ имкон доирасида уларга китобларни юборади. Акция бошлангандан бери 960 кишига исталган китоблари юборилибди.
Ушбу акция доирасида шаҳар марказида ва паркларда бир қанча мини кутубхоналар ҳам ташкил этилган. Китоб ихлосмандлари у ерга исталган китобларини қолдиришлари ва хоҳлаган китобларини олишлари мумкин. “Ватандошлар бу лойиҳадан жудаям мамнунлигини изҳор этишмоқда. Баъзида бу мини кутубхоналаримиз китоблар билан тўлиб, жой қолмаётган бўлса, баъзида китобхонлар кўп китоб олганидан бўшаб ҳам қолмоқда. Кейин уларни марказга келган китоблар ҳисобидан тўлдиряпмиз. Бу туризм ривожланган шаҳримиз учун ҳам кўрк бўлди. Бунақа мини кутубхоналарни янада кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Оз бўлса-да китоб мутолааси учун хизмат қилаётганимиздан мамнунмиз” дейди Анталия шаҳар ҳокимияти маданият ва ижтимоий масалалар бўлими кутубхоналар координатори Ўзгун Даяр хоним.
* * *
Анталиядан Истанбулга бориш учун икки йўл бор: ҳавода (1 соат 20 дақиқалик учиш) ва автомобиль йўли орқали (750 км, ўртача 12 соат). Мен автомобиль йўлини танладим: саргузашт учун, атрофни, йўлдаги шаҳарларни кўриб кетиш, оддий инсонларнинг ҳаёти билан танишиш, ўрганиш учун. Автобус нархига учоқ билети олишим ҳам мумкин эди. Анталия-Истанбул учоғи нархи 150 турк лирасидан (39$) бошланади. Баъзида бундан арзонга ҳам топиш мумкин. 1-2 ой аввал билет олсангиз 50 лирага тушади.
Туркияда автобус хизмати яхши ривожланган. Компаниялар орасида рақобат кучли. Хизмат сифати ва нархи ҳам шунга яраша. Анталия-Истанбул автобус билети нархи 80-105 лира. Мен “Pamukkale” ширкатидан 100 лирага (26$) Истанбулнинг Европа қисми Эсенлар вокзалига қадар билет олдим. Ширкат ахборотида автобус Анталия вокзалидан соат 8:00 да қўзғолиб, Истанбулнинг Эсенлар вокзалига 21:30 да кириб бориши баён қилинган эди. Туркияда автобусда илк марта саёҳат қилаётганим, ҳали шароитларни яхши билмаслигим, 13,5 соатлик йўл азобини ўйлаш сабабли аввалига бироз хавотирландим. Кейин бунда ҳам бир хайр бордир дея Ўзига таваккул қилдим.
Туркияда автобус билети топиш муаммо эмас. Интернетда бир қанча хизматлар бор. Ширкатларнинг офислари, шохобчаларидан ҳам сотиб олиш мумкин. Интернетдан билет сотиб олаётганда автобуснинг ҳолати, ўриндиқлар жойлашуви, уларда эркак ёки аёл ўтирганлиги ва бир қанча маълумотларни билиб олиш мумкин. Одатда ноқулайлик бўлмаслиги учун агар эркак-аёл қариндош ва таниш бўлмаса ёнма-ён ўринда ўтиришмайди, билет олаётиб, ўриндиқ танлаётганда бунга ҳам эътибор берилади. Сафар давомида одатда қуёш қайси тарафдан тушиши ҳақида ҳам ёзилади. Ўриндиқлар жойлашувига кўра, 2+2 (икки қаторда ёнма-ён 2 тадан ўриндиқ) ва 2+1 (чап қаторда 1 та, ўнг қатордан ёнма-ён иккитадан ўриндиқ) фарқланади. 2+1 ўриндиқли автобуслар кенгроқ бўлади.
Автобусимиз ўз вақтида қўзғолди. Атрофни яхшилаб томоша қилиш ва суратга олиб кетиш учун олд ўриндиқдан жой олдим. Автобусда саёҳатчи учун барча шароитлар мавжуд: бепул WI-FI интернет, сунъий йўлдошга уланган телевизор, радио, ўриндиққа ўрнатилган Андроид планшет (ичида ўйин, фильм, клип, мусиқа, браузер мавжуд), 250 вольтлик электр манбаси, USB қувват манбаси, қулоқлик, кондиционер, иситиш тизими. Ҳар соатда ичимлик ва ширинлик икром қилишади.
Йўл давомида Испарта, Сандиқли, Афйон, Кутаҳя, Бўзуюк, Сакаря, Измит, Гебзе шаҳарларидан ўтдик. Автобусимиз графикка кўра, шаҳар вокзалларида 5-20 дақиқа тўхтаб ўтди. Орада икки марта 25 дақиқа овқатланиб олиш учун танаффус (мола) берилди. Аэропорт ва темир йўл вокзалларидан фарқли ўлароқ автобус вокзалларида сувенирлар, ширинликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари анча арзон. Ҳудуднинг ихтисослашувига кўра, турфа маҳсулотлар ўрин олган. Масалан, гулчиликка ихтисослашган Испартадан гулли совун ва кир ювиш воситалари, гул-атирлари, қандолатчилик ривожланган Афйондан турк ширинликлари, қадимдан чинничилари билан машҳур бўлган Кутаҳядан сопол ва чинни маҳсулотларини Истанбулдан кўра анча арзон нархга олиш мумкин. Вокзаллардаги ҳожатхоналар пулли: 1-1,5 лира. Пулли бўлгани ҳам яхши: тозаликка, гигиенага катта эътибор берилади.
Автомобиль йўллари сифати мақташга арзигулик. Йўл давомида бирон марта ҳам “яма”га тушмадик. Довондаги туннеллар кенг, ёруғ, қуруқ. Йўлга туташ тупроқли тоғ ён бағирлари кўчмаслиги учун бетонлаштирилган ва тупроқдаги сув чиқиб кетиши учун кичик қувурлар ўрнатилган. Қарама-қарши икки йўлнинг ўртаси тўсилиб, орасига ариқ қилинган. Тоғдан тушган ва йўлда йиғилган қор ва ёмғирлар шу ариққа тўпланиб, махсус туннеллар орқали пастки дарё ва сойларга оқизилади. Энг қизиғи Анталиядан Истанбулга қадар йўлда биронта ҳам автомобиль назорати (ГАИ) ходимини учратмадим. Испартага кириш постида бир марта паспорт текширилди.
Ўрта Ер денгизи табиати Анталия-Испарта йўлида жуда гўзал кўринади. Атрофда лимонзор, анорзор, мандаринзор, беҳизор, олма боғлари кўзга ташланади. Тоққа яқинлашиш билан игнабаргли баланд дарахтлар, ям-яшил арчалар баҳри дилингизни очади. Тоғ бағридаги кўм-кўк кўл, жилғалар, мусаффо осмон ҳали ҳам ёзни эслатади. Афйон тарафлардан эса куз нафаси сезилади. Дарахтлар аста сариқ-қизғиш рангда товланади.
Автобусда кезишнинг завқи ўзгача. Чет-эллик туристлар, олифта хоним ва жаноблар деярли автобусга чиқмайди. Оддий ва самимий халқ билан бирга бўласиз, суҳбатлашасиз, дардлашасиз. Қишлоқ ва шаҳарлардаги фуқаронинг ҳақиқий яшаш ва меҳнат шароити билан танишасиз.
Истанбулга яқинлашиш билан тирбандликлар бошланади. Бунинг устига қоронғи тушиб қолди. Атрофни яхшилаб томоша қилиб кетишга имкон йўқ. Шу сабаб сўнгги 3-4 соат бироз зерикарли ўтди. Кейинги автобус сафарларида Истанбулни четлаб ўтишни мақсад қилдим.
50 кишилик автобуснинг орадаги кирди-чиқдилар билан деярли 35 ўриндиғи бўш келди. Йўловчилар билетидан ширкат ўрта ҳисобда жами 1200-1500 лира ишлади. Хомаки тахминларимга кўра, агар автобус ҳар 100 км.га 35-40 литр ёқилғи сарфласа, ўртача 250 литр бензин ёки дизель (бензиннинг 1 литри – 5,5 лира, дизель – 5 лира) 1250 лира бўлади. Истанбулдаги OGS (автоматик ўтиш системаси) ва HGS (тез ўтиш системаси) пулли йўлларидан 4-5 марта ўтди. Бир мартасида 60 лира тўланди. Султон Ёвуз Салим кўпригидан ўтишда ҳам 32 лира тўланди. Вокзаллардаги паркинг учун 20 лирадан тўланди. Интернет ва сунъий йўлдош тўловлари, йўловчиларга бериладиган икромлар, икки ҳайдовчи ва хизматчининг ҳақи, вокзаллардаги персоналлар ойлиги… Қопламайди-ку, деган савол берилиши табиий.
Қоплар экан. Гап шундаки, бундай ширкатларнинг минглаб автобуслари Туркия ва хорижда юздан ортиқ рейсларда ҳаракат қилади. Биридан қопланмаса, бошқаси албатта қоплаб, балансни тўлдиради. Бундай ширкатлар учун ёқилғини имтиёзли олиш имкони бор деб ҳам эшитдим. Ёқилғи анча арзон бўлган Кафказ давлатлари, Эронга чиққанда қўшимча тўлдириб келиши ҳам мумкин. Шунингдек, улар почта хизматини ҳам ташкил этишган. Ўз савдо тармоқларига ҳам эга.
Бу тажрибаларни юртимизда ҳам татбиқ этадиган пайт келди, деб ўйлайман.
* * *
Истанбул – Анталия – Истанбул
30 октябрь – 4 ноябрь, 2017