Адабиёт интернетга кўчдими?

www.ziyouz.com адабий-маърифий портали асосчиси ва раҳбари Давронбек Тожиалиев билан ахборот оламида китобхонлик маданияти, иэтимоий тармоқларда адабиётнинг тарғиботи масаласида суҳбатлашдик.

– Ахборот технологиялари ривожланган ҳозирги даврда дунё давлатларида электрон китоблар жуда кенг тарқалмоқда. Аммо негадир, ўзбек тилидаги электрон китоблар оммалашиб кетмади. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?  

– Бу борада техник омилларга эътибор қаратиш лозим. Интернет тезлигининг пастлиги, махсус электрон китоб қурилмаларининг оммалашмагани, техник жиҳатдан сифатли, мослашувчан, мультимедиали замонавий электрон китоблар (PDF, HTML кўринишидаги электрон китоблар вақти ўтди) ишлаб чиқарилмаётгани бунинг асосий сабабларидир.

Бундан 15 йил аввал дунёнинг ривожланган давлатларида электрон китобларнинг афзаллиги, қулайлиги ва арзонлиги сабаб оммавий ишлаб чиқаришга чақириқлар кўп бўлган эди. 2010 йилдаёқ АҚШда электрон китоблар савдоси ҳажми босма китоблардан ошиб кетди. “Amazon” компанияси 2010 йили 15,6 миллион дона босма ва 20 миллион дона электрон китоб сотган эди. Компания маълумотларига қараганда, кейинги йилларда бестселлер бўлган китобларнинг 25 фоизи ҳали нашриётлар чоп этмасдан туриб муаллифлар интернетга жойлаган асарлардир. Катта нашриётлар дастлаб халқаро тармоқда машҳур бўлган китобларнинг муаллифлари билан шартнома тузиб, асарларни чоп этди. Масалан, Британия университети профессори Пол Рикингтоннинг аввал “Amazon” сайтида эълон қилинган икки романи “Pan Macmillan” нашриётида 150 минг нусхада чоп этилди.

Европада ҳам электрон китоблар савдоси босма китобларга тенг­лашади, дея тахмин қилинганди. Аммо сўнгги йилларда Ғарбда яна анъанавий китоб бозори улуши электрон китоб савдосидан сезиларли даражада ошиб кетди.

Бу жараён бизга ҳам таъсир кўрсатди. Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўров ва тадқиқотларга кўра, бизда ҳам китобни бирров варақлаб чиқиш, унинг мазмун-мундарижаси билан танишиш, муайян матнни қидириш учун электрон китоблардан фойдаланилади. Лекин мутолаа учун ҳамон анъанавий китоб маъқул кўриляпти.

– Сиз биринчилардан бўлиб ўзбек адабиётини Android тизимига олиб кирдингиз. Кўпчилик китобхонлар сиз тайёрлаган мобил иловалар орқали дурдона асарлардан баҳраманд бўлишяпти. Нима учун бу лойиҳа тўхтаб қолди? Ўзбекча электрон китоб бозорининг истиқболи қандай?

– 2013 йили синов сифатида Android тизими учун мобил китоб-иловалар тайёрлаб, Play Market хизматига жойлаган эдим. Жойланган 20та китобни юклаб олганлар сони ҳозирда 1 миллиондан ошган. Мобил китоблар ҳам худди мобил қурилмаларга ўхшайди. Уларни ҳам замон талабига кўра, доимо янгилаб туриш керак. Бу кўп меҳнат ва маблағ талаб қилади. Шунингдек, Play Market хизматининг ҳам ўз талаблари бор. Сиз истаган имкониятлар уларнинг талабига мос келмаслиги мумкин.

Ўзбек тилидаги электрон китоблар бозорини такомиллаштириш мақсадида 2012 йили Kitobim.uz лойиҳасини бошлаган эдик. 2014 йили ўзбек тилидаги биринчи электрон китоб сотувчи мобил-платформа иловасини ишга туширдик. Биринчилардан бўлиб “Академнашр” нашриёти китобларини элек­­т­рон вариантда сотувга чиқардик.

Аввалига роса иккиландик. Ёшлар электрон китобни сотиб олишмаса керак, деган ҳадик бор эди. Маълум бўлдики, Ўзбекистонда электрон китобларни сотиб олиб, ўқиш анъанаси шаклланаётган экан.

Нашриётлар билан ишлаш осон кечмади. Анъанавий усулда китоб сотишга ўрганиб қолган баъзи нашриётларга электрон китоблар истиқболлари ҳақидаги гапларимиз қизиқ туюлмади.  Айрим нашриётлар эса, ўзлари қизиқиб, ҳамкорлик таклиф этдилар.

Ҳозир Ўзбекистонда электрон китоблар бозори чаққон бўлмаса-да, таҳлилларимизга кўра, ойдан-ойга бу соҳа ривожланяпти. Яқин йилларда ўзбек ижодкорлари ҳам ўз китобларини интернет орқали сотиб, яхши даромад олишларига ишонаман. 

– Бугун айрим зиёлиларнинг “Адабиёт ижтимоий тармоқларга кўчиб ўтди”, деган гапи қулоққа чалинада. Ижтимоий тармоқларда ижодкорлар янги асарини тугаши биланоқ эълон қилади. Аммо ижтимоий тармоқда машҳур бўлиб улгурганларнинг ҳаммаси ҳам ижодкор эмас-да! Мамлакатимиздаги энг йирик адабий порталнинг раҳбари сифатида бу ҳолни қандай баҳолайсиз?  

– Тўғри, ижоднинг маълум қисми интернетга кўчди. Лекин буни ҳақиқий адабиёт деб бўлмайди. Интернетнинг ижодкор учун “фойдали” жиҳати унда муҳаррир, мусаҳҳиҳ, танқидчи, ношир каби “цензор”ларнинг йўқлигидир. Оний кайфият билан ёзилган “ижод” намуналарини лаҳзаларда интернетда эълон қилиш мумкин.

Аммо инсоф юзасидан ижодкорларнинг асосий ютуғини – улар жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ўз вақтида муносабат билдира олаётганини қайд этиш жоиз. Бундай вақтда ўқувчи асарнинг бадиий савияси, жанри ва муаллифнинг ижодий маҳоратига жиддий эътибор қаратмайди. Муҳими, одамларнинг дилидаги гаплар ҳамма ҳам ифода эта олмайдиган усулда тақдим этилса бўлгани…

Яқинда асосан инг­лиз тилида мутолаа қиладиган турк дўстим айтиб қолди: “Интернетда ўқиш учун китоб­лар шу қадар кўпки, ўзимга маъқул келадиган асарни тақриз ва ўқувчилар фикри орқали ўрганиб, топиб олгунча бир-икки кун ўтиб кетяпти”. Бизда ҳам аста-секин шундай бўлиб бормоқда. Тармоқда ўқишли, мағзи тўқ асарлардан кўра, дидсизлик ва саводсизлик билан ёзилган, енгил-елпи мавзудаги асарлар кўпаймоқда.

Ўзимдан ҳам кўпчилик “Тавсия қилинг, қайси асарларни ўқисак бўлади?” деб сўрайди. Шуни инобатга олиб ziyouz.uz порталида “Энг сара асарлар” рукнини ташкил этганман. Унда жаҳондаги нуфузли газета-журналлар, атоқли адабиётшунос, ёзувчи ва олимлар  тавсия этган китоблар рўйхатини эълон қилиб боряпман. Ўзбек зиёлилари тавсия этаётган китоблар ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шунингдек, “Ҳафта ҳикояси” лойиҳасида ҳар душанба куни жаҳон ва ўзбек адабиётидан энг яхши деб топилган ҳикоялар тақдим этиляпти.

Икки-уч ой аввал зиёлиларимиз орасида “Ким нима ўқияп­ти?” деб номланган сўровнома ўтказдик. Унда 120 дан зиёд жавоб олиниб, ўзига хос маълумотлар захираси жамланди. Атоқли олимлар, ёзувчи-шоирлар ва бошқа соҳа вакиллари – миллатимиз зиёлиларининг жавоби билан танишиб, турфа китоблар, уларнинг мазмун-мундарижаси ҳақида ўқувчиларга маълумот бердик.

Айни чоқда ёшлар қандай китоб­лар ўқиётганига ҳам қизиқдик. Маълум бўлишича, ёшлар кўпроқ жаҳон адабиётидан мутолаа қилишмоқда. Сўровномадан жаҳон адабиётига оид 447 та (38,8%) китоб ўрин олган. Ёшларимиз орасида буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов, турк маърифатпарвари Аҳмад Лутфий Қозончи, америкалик афғон адиби Холид Ҳусайний, Америка ёзувчиси Теодор Драйзер, дунёда китоби энг кўп сотилган Пауло Коэльо, рус классиклари Лев Толстой, Фёдор Достоевский асарлари машҳур экан.

Сўровномада ўзбек адабиётидан 319 та китоб (27,7%) қайд этилди. Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Тоҳир Малик, Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод асарлари энг кўп мутолаа қилинган. Респондентлар зикр этган 122 та диний-маърифий китобнинг  (10,6%) асосий қисми Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб. Тарихга оид 88 та китоб (7,6%) орасида дин тарихи, юртимиз тарихига оид асарлар ўрин олган. Психология йўналишидаги 73 та (6,3%) китобнинг асосий муаллифлари Дейл Карнеги, Роберт Кийосаки ва Адам Жексондир. Сўровномада қайд этилган китобларнинг 65 таси (5,6%) илмий-оммабоп мавзуда, 37 таси ижтимоий-сиёсий (3,2 %) йўналишдадир.

Ўқилаётган асарларнинг энг кўпи (78%), табиийки, ўзбек тилида. Қолган 22 фоиз китоблар хорижий тилларда ўқил­япти. Чет тилларида мутолаа қилинаётган китоблар орасида рус ва инглиз тиллари алоҳида ажралиб туради. Хорижий тилларда ўқилган 251 та китобдан 141 таси рус, 77 таси инглиз, 15 таси турк, 11 таси араб, 3 таси корейс тилига тўғри келади.

Алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, китобхон ёшлар асосан босма китоб ўқишни маъқул кўришар экан. Электрон китоблардан Android тизими учун мўлжалланган китоблар машҳур. Баъзи респондентларнинг таъкидлашича, улар китобни аввал электрон нусхада танишиб, агар ёқса, унинг босмасини сотиб олиб ўқир экан. 

– Сиз юқорида айтиб ўтганлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, “ёшларнинг китоб ўқимай қўйган”и ёлғон экан-да?

– “Ҳар авлод аввалгилардан ўзини ақллироқ ва кейин­гилардан донороқ деб хаёл қилади”, деган эди Жорж Оруэл. Кўпинча катта авлод вакилларидан “ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган танбеҳни эшитамиз. Яқинда босма китобларни электрон китоблардан жудаям қизғанувчи бир зиёли акамиз шундай деб қолди: “Метрода, автобусда ёшлар телефонига термилиб, нуқул ўйин ўйнайди, деб ўйларканман. Кейин кузата бошладим. Телефонида китоб ўқиб кетадиган ёшлар ҳам кўп экан”.

Баъзи улуғ ёшли зиёлилар орасида интернет ва электрон китоблардан ҳайиқиш мавжуд. Мутолаанинг шакли ўзгаргани билан сифати ўзгаргани йўқ. Аксинча, кейинги йилларда информация миқдори кескин ортиб, мутолаага бўлган қизиқиш ҳам юксалаётганини статистика кўрсатмоқда.

Ёшлар ўқияпти! Электронми, босма китобми, муҳими – мутолаадан чекинмасак бўлгани!  

– Истаймизми-йўқми, жаҳон интернет тўрида Ўзбекистон, ўзбек тили ҳақидаги холис манбалар ҳамон кам. Қидирув хизматларида юртимиз ҳақида изласангиз, кўпинча, миллий сайтларимиздан кўра, бошқа тил ва нашрдаги маълумотлар чиқиб келади. Жаҳоннинг энг катта ахборот майдонида салмоқли ўрин эгаллашимиз учун нималар қилиш керак? 

– Албатта, интернетдаги ахборот майдони ҳам бозорга ўхшайди: сен тайёрлаб, бозорга олиб чиқмасанг, бошқалар ўз маҳсулотини ўтказишга ҳаракат қилади. Ривожланган давлатларда ахборот майдонини ўз тилидаги маълумотлар билан тўлдириш юқори даражада ташкиллаштирилган. Махсус билим жамиятлари, жамғармалар ташкил этилган. Уларнинг вазифаси давлат тилидаги ҳар қандай маълумотни саралаб, тўлдириб, тақдим этишдан иборат.

Шунингдек, нодавлат ташкилотлар ҳам хайрия асосида ўз тилларини дунё бўйлаб ёйишга ҳаракат қиляпти. Масалан, энг йирик очиқ интернет энциклопедияси – “Wikipedia” инглиз тилида 5 734 000, немис тилида 2 228 000, француз тилида 2 047 000, рус тилида 1 502 000, итальян тилида 1 467 000, испан тилида 1 481 000 та ва бошқа тилларда минг-минг­лаб мақолаларни жамлаган. Ўзбек тилидаги мақолалар сони эса атиги 129 000 та бўлиб, унинг ярмидан кўпи чала материаллардир. Ўзбек “Wikipedia”сини ривожлантириш бў­йича махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, салоҳиятли ёшларни жалб этиш зарур.

Ўзбек тилида нашр этилган барча энцик­лопедия ва луғатларнинг электрон нусхасини тайёрлаб, интернетга жойлаш зарур. Токи ўқувчи керакли сўз ва атамаларни қийналмай топа олсин. Бундай академик сайтлар инглиз, рус, француз, немис, араб тилларида мавжуд. Энциклопедия ва луғатлар учун махсус дастурлар тузиб, мунтазам такомиллаштириб борилса, уларни виртуал тармоқда сотиш имконияти бор.

Республикамиздаги мавжуд барча кутубхона, музейларнинг тўлиқ онлайн каталогларини тузиб, интернетда мунтазам ишлашини йўлга қўйишда кеч қолаётгандаймиз.

Суҳбатдош: Саъдулло ҚУРОНОВ

“Ёшлик” журнали, 2018 йил, 10-сон

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *