15 йил!

Бундан ропа-роса 15 йил аввал, 2004 йил 9 апрель куни дўстим Otabek Nuritdinov хонадонида Ziyouz.com портали илк бор дунё юзини кўрди. Ўшанда сайтда 20 та мақола мавжуд эди. Сайт html да ёзилган, ўша пайтдаги интернет тезлиги (31 кбит/с) билан уни жойлашга 1 соатча кетганди. Илк бор ziyouz портали ziyo-uz.land.ru манзили остида фаолият олиб борган. Ярим йил ичида сайтдаги мақолалар сони 300 тага етган.

Ўшанда менинг компьютерим ҳам йўқ эди. Компьютери, айниқса ноутбуки бўлиш катта обрў саналарди. Ишхонадаги компьютердан сайтни тайёрлаб, дискетага (floppy disk, 1,44 Mb) кўчириб, интернет кафега олиб бориб, ўша ердан жойлардим. У пайтлар ҳали ADSL ҳам йўқ, 31 кбит/с тезликка эга Dialup интернет кафедаги 6 та компьютерга бўлинарди. Интернет ҳам жуда қиммат. Соати 2000 сўм. Ўзим ўшанда 4000 сўм стипендия олардим.

2005 йили грант асосида журналистикадан малака ошириш учун Польшада бўлдим. Энг яхши қатнашган иштирокчи сифатида ноутбук совға қилишди. Жуда хурсанд бўлдим. Бу Wi-Fi адаптер уланган илк ноутбуклардан бири эди. Навоий кўчага (ўша пайтлар электроника товарлари ярмаркаси шу кўчада бўларди) нимадир олиш учун борганимда ўша ноутбукни кўсатганимда 2800$ га баҳолашган эди. Ўша пайтлари бу пулга яна озгина қўшилса, квартира берарди. Сотмадим.

Шу йили прописка муддати (университетдан 4 йилга прописка қилиб берарди) тугагани учун газетадаги ишимдан айрилдим. Магистратурага кирдим. Ярим йилча ишсиз қолдим. шунда ноутбук иш берди. Шу орқали озроқ тирикчилик қилиб, ҳам сайтни юритиб турдим.

Кейин телефони бор ижара-квартирага кўчиб ўтдим. Уйдан интернетга уланиб, сайт ишларини бажара бошладим. Аввалига интернет ишлай бошлаган пайт телефон линияси банд бўлар ва телефон ҳам пул ёзарди. Кейин Callback хизмати чиқди. Унда интернет провайдери сизга қўнғироқ қилиб, интернет уланарди.

Ziyouz.com кутубхонасидаги баъзи китобларни киритишга 1 кунлаб вақт кетган. Интернет тезлиги бу пайтда 56 кбит/с га етган, 20-30 Mb китобни юклаш учун кечқурун upload га қўяр, кечаси телефон узилиб қолмаса, сахаргача юклаш тугарди. Агар техник носозлик (телефон кўп узилиб қоларди) бўлса, яна қайта юклашга тўғри келарди.

2005 йилда сайтда форум (ушбу форум ўзбек тилидаги илк форумлардан бири эди) ишлай бошлади. «Янгиликлар», «Ислом», «Иқтисод», «Сиёсат», «Маърифат», «Ажойиботлар» бўлимларида 1000 га яқин мақола жамланди. 2006 йил, 25 январь куни «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган «Айб фақат ёшлардами?» мақоласида сайтимиз ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Ушбу мақола порталимиз ҳақида расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган илк хабар эди.

2006 йил, 12 июнь куни Ziyouz портали расман «мустақилликка эришди». Турли бепул, лекин хархашали хостинглардан қочиб, мустақил равишда www.ziyouz.com номи остида янгидан фаолият бошланди. Дастлаб ruweb.net’дан олинган хостинг 50 Мб ҳажмда эди. Ойига 1000 Мб трафик бериларди. Бу трафик эса ойнинг 10-15 кунида тугаб қолар, қолган кунлари сайт ишламай турарди. Китоблар бошқа бепул серверга жойланарди. Кейинчалик хостингни бир неча марта ўзгартирдим…

Ўша пайтлар интернетда ўзбек тилидаги манбалар бармоқ билан санарли эди.

* * *

Ҳозирда Ziyouz портали ҳажми 200 Gb, унда 28000 мақола, 11500 та электрон китоб мавжуд. Ижтимоий тармоқлардаги кузатувчиларимиз сони 50000 дан ошди. 2018 йилда Ziyouz порталига кирганлар сони 5 552 961 ни ташкил этди (кунига ўртача 15313 киши).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *