Июнь ойида ўқиган китобларим

04.06.2019

Ақоид китоби. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобига шарҳ (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2019)

Буюк Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар” китоби ақоид борасидаги мўътабар рисолалардан бири бўлиб, у мужтаҳид олимлар учун эмас, оддий ўқувчилар учун мўлжалланган. Унда Ислом эътиқоди, Аллоҳнинг зотий сифатлари, иймон билан боғлиқ энг муҳим масалалар баён қилинган. Зеро, ақидани ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Таржима ва шарҳ муаллифи Нодирбек Набижон ўғли Имоми Аъзамнинг услубига риоя қилган ҳолда оят ва ҳадислардан далилларни илова қилмаган. Рисола тушунарли, содда тилда баён қилинган.

 

09.06.2019

Абдураҳмон Раъфат Пошо. Тақво зийнатлаган иймон (Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2003)

Китобда Ислом тарихида муҳим из қолдирган Ато ибн Абу Рабоҳ, Урва ибн Зубайр, Ражо ибн Ҳаё, Ҳасан Басрий, Робиъатур Раъй, Омир ибн Шураҳбил, Қози Шурайҳ ва Омир ибн Абдуллоҳ каби тобеинлар ҳаётидан лавҳалар баён қилинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берганларидек, “Асрларнинг энг яхшиси менинг асримдир, ундан кейинги аср ҳам, ундан кейинги аср ҳам”. Тобеинлар ана шу бахтли асрда яшаб ўтганлар.  Уларнинг ҳаёти, Пайғамбарни (с.а.в.) кўрган саҳобаи киромдан олган илм ва гўзал ахлоқлари ҳар бир мусулмон учун ибратдир.

Тобеинлар даври Ислом тарихининг ихтилофлар, ҳокимият учун кураш авж олган пайтига тўғри келди. Бу буюк зотлар орасида гарчи ўлим таҳдиди турса-да халифа ва амирга зиғирча ҳам лутф этмай, ҳақ сўзни баралла айта олганлари ҳам, ҳокимларнинг вазири бўлиб, уларни ҳақ йўлга чорлаганлари ҳам бўлган.

 

20.06.2019

Грегори Дэвид Робертс. Тень горы (Москва, “Азбука”, 2016)

Икки ой аввал ўқиганим “Шантарам” романининг сиквели (давоми).  Романда бош қаҳрамон Линдсей Форднинг Ҳиндистон ва Шри-Ланкада ўтган кейинги ҳаёти ҳикоя қилинади. Линдсей ўзининг маънавий устози Абдулқодир Хоннинг сўнгги васиятини бажо келтириш учун олис тоғдаги авлиё билан тил топишади, янги мафия раҳбарлари билан курашади.

Кўпинча машҳур бўлган асарларларнинг сиквеллари унчалик ҳам муваффақиятли бўлавермайди. “The Mountain Shadow” ҳам шундай, назаримда. Унда биринчи китобдаги жўшқинлик, ўткир сюжетга асосланган воқеалар ривожи камроқ. Асосий эътибор Линдсей ва бошқа қаҳрамонларнинг диалоглари, мушоҳадаларига қаратилган. Шу сабаб китоб анча зерикарли бўлиб қолган.

 

26.06.2019

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Шоядки тақводор бўлсак (Тошкент, “Чўлпон” нашриёти, 1992)

“Тирикчилик қийинлашган, одамлар асабийлашган, кимнинг этагидан тутиб, кимга эргашишни билмаётган замонда яшаяпмиз. Буюмларгина эмас, балки сиёсат, қарору фармонларнииг ҳам нархи кун сайин ўзгараётир. Фақат Исломнинггина Ҳақ дин, фақат Қуръоннинггина мангу муқаддас кўрсатма эканлиги бирдай турибди. Қўлингиздаги китоб муаллифи Мовароуннаҳр мусулмонларининг энг азиз, мўътабар кишиларидан бири. У зотнинг пурҳикмат нутқ ва мақолалари, суҳбатларида дин, шариат аҳкомлари оммабоп қилиб тушунтирилган, кишилар тўғри йўлга даъват этилган” дейилади ўша пайтда 100 000 нусхада чоп этилган китоб аннотациясида.

“Шоядки тақводор бўлсак” — ҳозирги даврда ҳам чоп этилиши жуда қийин бўлган ноёб китоблардан бири. Китобда Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг маърузалари билан биргаликда, ўша даврнинг сиёсати, иқтисоди, ижтимоий муҳити ҳақидаги қимматли фикрлари ҳам баён қилинган. СССРнинг сўнгги йиллари ва Мустақилликнинг илк йилларида мусулмонларга нисбатан уюштирилган фитналар, миллий низоларга холис муносабатлар билдирилган. Шунингдек, Афғонистон урушилда асир тушган юртдошларимизни Ватанга қайтариш юзасидан мужоҳидлар бошлиғи билан музокаралари ҳақидаги қизиқарли мақолалар ҳам ўрин олган.

One thought on “Июнь ойида ўқиган китобларим

  1. Шоядки тақводор бўлсак китобини қаердан топсам бўлади.
    903210111

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *