Бишкек таассуротлари: СССРга қайтиб

Алматининг “Сайран” автовокзалидан Бишкекка автобус ва таксилар қатнайди. Автобус билети нархи 1800 тенге (39600 сўм). Таксилар Кордайгача (чегара пункти) 2500 тенге (55000 сўм). Бишкек янги вокзалигача 3000 тенге (66000 сўм). 235 километрлик масофани 3,5 соатда босиб ўтиш мумкин.

Бишкекда дўстларим кутиб оладиган бўлишди. Такси манзилгача 4000 тенгега (88000 сўм) ташлаб қўядиган бўлди. Қозоғистонликлар Бишкекдаги якшанба куни бўладиган Марказий Осиёнинг энг катта Дордой улгуржи бозоридан маҳсулот олгани кўп боришар экан. Бозор кунлари чегарада тирбандлик кузатилади. Душанба куни бўлгани учун чегарадан тез ўтдик. Сумкамни ҳам текширишмади. Алоҳида рентген лента ҳам кўринмади. Айтишларича, Қозоғистон ва Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Божхона иттифоқига аъзо бўлгани учун енгилликлар берилган. Икки давлат фуқаролари бир-бирларининг ҳудудига ID-карталари орқали киришлари мумкин. Бунда муҳр босишга ҳожат йўқ, паспортдаги бир неча варақлар тежалади.

Чегарадан Бишкек шаҳар марказигача 25 километрни ташкил этади. Бишкекка алоҳида тайёргарликсиз келганим учун дўстим таклиф этган талабалар уйида қолдим.

Пишпек-Фрунзе-Бишкек

Ҳозирги Бишкек шаҳри 1825 йили Қўқон хони Мадалихон қурдирган Пишпек қўрғони ўрнида 1878 йили рус қишлоғи сифатида барпо этилган. 1924 йили чех архитекторлари томонидан шаҳар ўша давр Европа стандартлари асосида қайта қурилган. Пишпек 1924 йилдан Қора-Қирғиз автоном областининг, 1925 йилдан Қирғиз автоном областининг маъмурий маркази бўлган. 1926 йили шаҳар совет ҳарбий арбоби Фрунзе номи билан атала бошланган. 1991 йилдан Қирғизистон ССР Олий Совети томонидан Бишкек дея ўзгартирилган.

Бишкек аҳолиси 1 миллиондан ошган. Аҳолининг 73,69 фоизи қирғизлар, 16,64 фоизи руслар, кейинги ўринларда уйғурлар ва ўзбеклар туради. Собиқ СССР даврида Бишкек мамлакатдаги руслар энг кўп яшайдиган шаҳар бўлган. 1989 йил маълумотларига кўра, шаҳарда руслар салмоғи 56 фоизни, қирғизлар 23 фоизни ташкил этган.

Бишкек шаҳридаги “Ўш бозори”

Бишкек Қирғизистоннинг энг катта иқтисодий, молиявий, тижорат ривожланган шаҳри. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 36 фоизи пойтахтга тўғри келади. “Бишкек” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган. Чет-эл инверсторлари учун яхши шароитлар яратилганлиги боис шаҳарда Mercedes-Benz, Audi-VW, Sumitomo, Federal Express, DHL, UPS, LG-Electronics, Daewoo, Phillips, Siemens, Panasonic, Reemtsma, Coca-Cola, Samsung, Toyota, Kia каби йирик компанияларнинг ваколатхоналари фаолият олиб бормоқда.

Туристларга — зерикарли, мен учун қизиқ шаҳар

Бишкекда туризм яхши ривожланмаган. Қирғизистонга келадиган туристлар асосан Иссиқкўлга боришади. Экологик туризм салоҳияти катта. Яйлов туризми ривожланмоқда. Мамлакат майдонининг 90 фоизи денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда жойлашган.  Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғлари бағрида жойлашган Қирғизистонни «Осиёнинг Швейцарияси» дейишади.

Қирғиз яйловлари

Бишкекни Алишер дўстимнинг ҳамкасби Жакшылык (Яхшилик) айлантирди. Жуда хушчақчақ, бағрикенг бола экан. Касби — тарихчи. Айни муддао бўлди.

Танишувни Қирғиз-турк Манас университетидан бошладик. Университет кампусига кираверишда Сотиқ Буғрохон номидаги, усмонли-турк услубида қурилган муҳташам жомеъ масжид қад кўтарган. Ёнида илоҳиёт факультети. Факультет талабалари шу масжидда амалиёт ўтайдилар. Жомеъ Бишкек марказий масжиди қурилмасдан илгари шаҳарнинг энг катта масжиди бўлган.

Қирғиз-турк Манас университети 1995 йили ташкил этилган бўлиб, таълим 100 фоиз бепулдир. Талабаларга стипендия ҳам берилади (бакалаврларга 25$, магистрларга 50$, докторантларга 75$). Университет таркибидаги 9 факультет, 3 олий мактаб, 1 ўрта-махсус билим юрти, 2 институтда 6000 га яқин талабалар таълим олишади. Уларнинг 15 фоизи чет-элликлар. Профессор-ўқитувчиларнинг 41 фоизи хорижлик. Университет ҳудудида 256 Мбит/секунд тезликдаги интернет текин. Ошхонада талабалар учун овқатланиш арзонлаштирилган: биринчи, иккинчи таом, ширинлик, ичимлик билан бирга 70 сом (8400 сўм). Кам таъминланган талабаларга бепул таомланиш карталари берилади.

Университетда таълим амалиёт билан бирга олиб борилиши ёқди. Оммавий коммуникациялар факультетининг ўз теле ва радио студия ҳамда каналлари; зироат ва ветеринария факультетининг ер майдони; жисмоний тарбия ва спорт факултетининг стадион ҳамда заллари; туризм ва меҳмонхона иши факультетининг меҳмонхоналари; муҳандислик факультетининг лабораториялари университет ичида жойлашган.

Саройи йўқ президент

Бишкек марказидаги “Ўш бозори” чет-эллик туристлар кўп борадиган жой, дейишди. Шарқ бозорини кўрмоқчи бўлганларга қизиқдир, балки. Шу ердан пиёда юриб, Бишкекнинг марказий майдон ва диққатга сазовор жойларини томоша қилдик.

Қирғизистон парламенти — замонавий Қирғизистон тарихида икки давлат тўнтаришини кўрган асосий ҳукумат биноси. Қирғизистон президентининг алоҳида саройи йўқ. Шу бинонинг юқори қаватида ўтиради. Бинони суратга олиш тақиқланмаган. Ташқарида биронта қўриқчи ҳам кўринмади.

Қирғизистон Республикаси Парламенти

2005 йили мамлакат президенти Аскар Акаев номзодини 4-марта илгари суриши сабаб норозиликлар ортидан Парламент биноси олдида оммавий намойишлар ўтказилди. Бишкекда бошланган норозилик акциялари бутун республикага ёйилиб, Аскар Акаевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши ва Курманбек Бакиевнинг президент бўлиши билан якунланганди.

2010 йили апрель ойида Бакиев режимига қарши бўлган халқ яна кўтарилиб, қонли тўқнашувларга сабаб бўлган эди. 7 апрель куни намойишчилар Парламент биносига бостириб кириб, ҳукумат уйи ва президент кабинетини эгалладилар. Бу орада қуролли тўқнашув юз бериб, намойишчилар снайпердан нишонга олиндилар. Парламент биноси таланиб, Бош Прокуратура биноси ёқиб ташланди. Шундан сўнг Бакиев истеъфо бериб, Ўш шаҳрига, сўнг Қозоғистон орқали Бероруссияга қочди. Расмий маълумотларга кўра, қонли тўқнашувларда 84 киши ҳалок бўлган. Парламент биноси олдида инқилоб қурбонларига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган.

Ала-Тоо майдони. Манас ҳайкали

Алатоо майдони – Бишкекнинг марказий, асосий майдони. Майдонда давлат тарих музейи, Манас ҳайкали ва 45 метрлик давлат байроғи жойлашган. Давлат байроғи остида икки қоровул аскар тик туради.

СССРга қайтиб

Бишкекда СССР билан боғлиқ бир қанча бинолар, ҳайкаллар ва белгилар сақланиб қолган. Қирғизистон Республикаси Миллий банки биноси юқорисида ҳали ҳам “Госбанк СССР” ёзуви турибди. Эски майдонда Ленин ҳайкали Вазирлар Маҳкамаси тарафга қўлини узатганча ниманидир тушунтиряпти. Маркс ва Энгельс ўтирволиб, алланимани муҳокама қилишяпти.

Ленин ҳайкали

Эски бинолардаги қизил юлдуз, СССР герби белгилари олиб ташланмаган. Ҳали ҳам олтин беш юлдуз остида Қирғизистон қизил байроғи ҳилпирамоқда. 1917 йил Инқилоби қаҳрамонларига бағишланган катта ёдгорлик атрофи жуда обод. 1941-1945 йил уруши ёд этиладиган Ғалаба майдони ва монументи келин-куёвларнинг севимли масканига айланган.

СССР белгилари

Шаҳар кўчаларида советча номлар ҳали ҳам қўлланилмоқда. Бишкек шаҳри туманлари ҳам эскича номларда қолган: Биринчи май, Свердлов, Октябрь, Ленин.

Бишкек Лениннинг катта ҳайкали сақланиб қолган Марказий Осиёдаги ягона пойтахт шаҳардир. Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам “кичик Ленин”лар бузилмаган. Қирғизистон ҳукумати Ленин ҳайкалини мамлакат тарихининг бир қисми дея эълон қилган ва уни муҳофаза қилиш бўйича махсус қонун қабул қилган. Бу ерда бемалол шўролар ҳақида фильм олса бўлади.

Қирғизистон Республикаси Миллий банки

Тақдирни қарангки, дахрий Ленин ҳайкалидан 20 метр наридаги Вазирлар Маҳкамаси биноси олдидаги майдонда ҳар йили икки ҳайит намозлари ўқилади. Катта жамоат йиғилади.

“Шамсул мадина” — “Шаҳарнинг қуёши”

Қирғизистоннинг энг катта Имом Сарахсий номидаги марказий жомеъ масжиди 2018 йили фойдаланишга топширилди. Туркия Жумҳурияти Диёнат ишлари бошқармаси томонидан қуриб берилган (32 миллион АҚШ доллари сарфланган) жомеъ масжидини Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков ва Туркия Республикаси Президенти Режеб Таййип Эрдоған очиб берган.

Имом Сарахсий номидаги марказий жомеъ масжиди

Масжиднинг қурилиши 2012 йили бошланган. Умумий майдони 7000 квадрат метр, бир вақтнинг ўзида 12000 киши, атрофдаги майдонлар билан қўшилиб 20000 киши ибодат қила олади. Масжид усмоний меъморчилик услубида барпо этилган. 4 та миноралари баландлиги 68 метр. 8 та эшиги бор. 500 машинага мўлжалланган парковкаси мавжуд.

Масжидга Имом Сарахсий номини қўйишни Қирғизистон муфтийси Мақсатбек ҳожи Токтомушев таклиф этган. Имом Сарахсий (XXI аср) ҳанафий мазҳабининг забардаст олимларидан бўлиб, “Шамсул аимма” (“имомлар қуёши”) номини олган. Унинг 30 жилдли “ал-Мабсут” китоби ҳанафий фиқҳининг мўътабар манбаси ҳисобланади. Имом Сарахсий Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида вафот этган.

Имом Сарахсий номидаги марказий жомеъ масжиди ичкари қисми

Пешин намозини шу ерда ўқидик. Имом Туркиядан келган ёш йигит экан. Айтишларича, масжидда турк ва қирғиз имомлар навбатлашиб жамоатга бош бўлишаркан. Намоздан сўнг Қирғизистон муфтийси Мақсатбек ҳожи сийрат ва фиқҳдан дарс-маъруза қилиб берди.

Оталар мозори

1930-йиллар қатағонлари қурбонлари хотирасига ташкил этилган “Ата-Бейит” (“Оталар мозори”) ёдгорлик мажмуаси Бишкек шаҳридан 30 км узоқликдаги Чон-Тош қишлоғида 2000 йили қурилган. Бу ерда Сталин қатағони қурбони бўлган 19 миллат вакилларидан иборат 137 киши дафн этилган. Улар орасида қирғиз зиёлилари, давлат арбоблари бор.

“Ата-Бейит” ёдгорлик мажмуаси

Маълумки, Сталин қатағонлари қурбонлари отилган жойлар сир сақланган. 1980 йили Қирғизистон НКВД хизматчиси ўлими олдидан қизи Бубура Кыдыралиевага маҳбуслар отилган Чон-Тошдаги махфий жой ҳақида гапириб беради. Кейинчалик у бу сирни ошкор этади. Қазишма ишларини олиб борган мутахассислар 4х4 метр майдонда 137 одам скелетларини топишади. Калласидан отиб ўлдирилган маҳбусларнинг таналари ғишт пишитувчи печга ташланиб, сўнг кўмиб юборилган. Уларнинг кийимларидан шахсий ҳужжатлари ҳам чиққан. Маҳбусларнинг шахси аниқлангач (аниқланмаганлари ҳам бор), 1991 йил 30 август куни мотам маросими ва жаноза ўқилиб, печдан юз метр пастга қайта дафн этилган.

2008 йил 14 июнь куни “Ата-Бейит” мажмуасига буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов ўз отаси пойига, 1938 йили шу ерда отилган Тўрақул Айтматов ёнига дафн этилди.

Шу ердан бироз юқори кўтарилиб, қирғиз яйловлари ҳавосидан ҳам баҳраманд бўлдим.

* * *

Бишкекда машрут-такси тизими ривожланган. Асосан Mercedes-Benz Sprinter русумидаги машиналар қатнайди. Миниавтобус 20 йўловчига мўлжалланган бўлса-да, ўртадаги ўриндиқ олиб ташланиб, туриб кетиш учун тор йўлак қолдирилган. Бишкекда маршруткада ҳам туриб кетса бўларкан. Дордой бозоридан қайтишда маршруткада 50 йўловчи санадим. Йўл ҳақи 10-12 сом (1200-1440 сўм).

* * *

2019 йили мобил интернет энг арзон давлатлар орасида Қирғизистон Ҳиндистондан сўнг иккинчи ўринни эгаллади. Дарвоқе, бу ерда атиги 50 сомга (6000 сўм) 10 Гб мобил интернет трафигини сотиб олиш мумкин. Аксарият мобил тарифларда Youtube ва ижтимоий тармоқлар трафиги текин.

* * *

Сафар қиларканман, халқнинг оддий вакиллари билан бирга, ҳамсуҳбат бўлдим. Уларнинг кайфияти, муаммолари билан танишдим. Ишонинг, учала юртнинг ижтимоий муаммолари бир хил. Балки менга шундай туюлдими, қирғизлар қозоқлардан кўра киришимлироқ, хушмуомала, кўпинча кулиб турар экан.

Сафар давомида Аллоҳ мени яхши инсонларга учратди. Алматидан Бишкекка олиб келган курд йигити гарчи марказдан анча узоқ бўлса-да, манзилимгача олиб бориб қўйди, бирон жойда ташлаб кетмади.  Жуда арзон нархга “Ата-Бейит”га олиб бериб келган баткенлик таксист ҳам жуда хушмуомала, қизиқувчан бола экан. Бирга тоққа ҳам чиқди. Бирон марта “бўлди, қайтайлик” демади. Шаҳарни айлантирган қадамжойлик йигит ҳам қадрдон бўлиб қолди. “Ал-Азҳар”да ўқиган, Алижон қоридан таълим олган экан. Бишкекда мен билан танишган, сўзлашганлар — бари яхши болалар. Улар билан мен ўзбекча гаплашдим. Улар қирғизча гапиришди. Ҳеч қандай ўзга тил, таржимонсиз, бир-биримизни тушуна олдик. Кўплари Тошкент, Самарқанду Бухоро, Хивани кўриш орзусида. Бориб келганлари фақат мақтамоқда. Чегаралар очилиб, қариндош-уруғчилик муносабатлари тикланганидан ҳамма хурсанд. “Тошкентга келинглар, менам сизларни меҳмон қилай” деб чин дилдан айтдим.

* * *

Тошкентга қайтишда Бишкекда яшаётган танишлар шаҳарнинг энг ёмон, хавфли ҳудуди дея таърифлаган Ўш бозори атрофини атай айландим. Бу ердан Қирғизистоннинг турли ҳудудларига, Россия ва Қозоғистонга таксилар қатнайди. Ҳар қадамда қўлбола меҳмонхона, емакхона, ароқдўкон, хаммом ва ҳ. Хонадонларда ташкил этилган бир қўлбола меҳмонхонага “Кыз жок. Сураба” (“Қиз йўқ. Сўрама”) деб ёзиб қўйишибди. Шаҳардаги фақатгина кўп қаватли уйларда газ бор. Бошқа уйларни иситишда кўмирдан фойдаланишади. Бозор орқасидаги маҳалладан ўтар эканман, хаммомлар дудбўронидан чиқаётган кўмир ҳиди димоққа урилди.

“Кыз жок. Сураба”

Ғарбий автовокзалдан (Янги вокзал) Чимкент автобуси жўнашини кутиб ўтирдим. Тўғридан-тўғри Тошкент автобусига чиқмоқчи эдим. Ҳар куни Соат 17:30 да ва 23:00 да юрадиган автобусга кетма-кет икки кунлик билет сотиб бўлинган экан. Тошкентга саёҳат қиладиганлар кўпайибди. Ўзбекистон тарафи янги, комфорт автобуслар қўйган. Нархи 1000 сом (120000 сўм). 600 километрлик масофани тахминан 13-14 соатда босиб ўтади.

Ноилож 600 сомга (72000 сўм) Чимкентга билет олдим. Автобуснинг ярми ҳам тўлмади. Эскироқ Mercedez-Benz афтобусининг орқасидаги бўш ўринда кетдим. Ухлашга бироз ноқулай. Қозоғистон чегарасидаги Чалдавар постидан тез ўтдик. Аммо автобуснинг чегарадан чиқишини бир соатча кутдик.

Хайр Қирғизистон! Иссиқкўл, баланд тоғларда, иншааллоҳ, кейинги сафар кўришгунча!

Алмати – Бишкек – Чимкент – Тошкент

16-18 июнь, 2019 йил

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *