Шаҳарда иссиқ куйдирмоқда. Ҳеч ким йўқ дарёю кўлда чўмилиш завқи устун келди. Янги шоссе велосипедимда ҳали тоққа бормагандим. Бомдоддан кейин тоғни кўзлаб, йўлга чиқиб кетдим.
Сахар велосипед ҳайдаш жуда фойдали: ҳаво тоза, салқин, машиналар кам. Тошкентдан ғизиллаб чиқиб кетдим. Тезлик ёмон эмас: 25-30 км/с. Қибрайдан ўтиб, Байқўрғонга етганимда темир йўл кесишмасидан катта тезликда ўтиб кетибман. Велосипед ғилдираги релсга қаттиқроқ урилиб, орқа томоннинг дами чиқиб кетди.
Ариқ бўйига яқин келиб, ғилдирак ичидан камерани олдим. Қарийб бир сантиметрлик иккита ёриқ пайдо бўлибди. Аксига олиб, қўшимча камера олмаганман. Яхшиям камера ямовчи мосламаларни олвоган эканман. Камерани 2-3 мартадан икки қаватлаб ямаб, сувга солиб текширгунимча 1 соат ўтиб кетди. Амаллаб камерани ғилдиракка жойладим.
Телеграмдаги “Ўзбекистон велосипедчилар уюшмасидан” саҳифасидан Чирчиқ шаҳридан янги камерани сотиб олиш мумкинми, деб сўрагандим, айтиб беришди. Ямоқ камера билан энди хавотир ва эҳтиёткорлик билан юра бошладим. Тезлик албатта тушиб кетди. Чирчиқ бозоридаги дўконлар бироз кеч очишаркан, кутиб қолдим. Иккита қўшимча камера олиб, йўлда давом этдим.
Энг салқин йўл Чирчиқ шаҳриники экан. Йўл четидаги чинорларга ҳали қатлиом келмабди. Келмасинам.
Тошкентдан 50 км узоқликда, Ғазалкентга етмасдан Чирчиқ дарёсининг ёйилиб оққан жойи бор. Шу ерга тушдим. Ҳеч ким йўқ, сув топ-тоза, муздек. Салқинладим, дам олдим. Оқар сувда чўмилдим. Ташқарида 45 даража иссиқ. Сув эса оёғингизни чақиб олади. 5 дақиқадан ортиқ тура олмадим.
Ғазалкент ичидан ўтган йўл шоссе велосипеди учун анча нотекис экан. Чорвоқ трассаси эса жуда равон, гарчи юқорига кўтарилиш бўлса-да, қийналмай чархни айлантириш мумкин. Тоққа чиққан сари ҳаво ҳарорати кўтарилиб борди.
Йўл давомида битта савобли амал ҳақида ўйлаб кетдим. Афсус, велосипедимда кўпроқ сув ташишнинг имкони бўлмади. 45-50 даражалик офтоб тиғида далада асосан аёллар ишлашмоқда. Атрофда сув йўқ. Яқинроқдаги сув топиш мумкин бўлган дўконгача 3-4 км масофа бор. Машинасида тоққа кетаётганлар 3-4 блок муздай сув оволиб, шуларга тарқатишса, жуда савоб бўларди.
Ҳожикентга етганда Чорвоқ сув омборига тушиб, бироз салқинланиш фикри туғилди. Ҳожикент поезд бекатининг орқасидаги тоғ сўқмоғи бўйлаб, пастга тушдим. Пастда дарахтлар кўп, салқин. Чорвоқ соҳили ҳам қумли. Суви тоза. 3 ўрис чоллардан бошқа ҳеч ким йўқ. Улар бир-икки ойдан бери шу ерда ётишибди экан. “Тошкентга бориб, пенсиямни олиб келяпман холос. Шу ерда ухлаймиз, овқат қиламиз, балиқ овлаймиз, дам оламиз” дейди отахонлардан бири. Иккиси салқин жойга ўтириб олиб, гитара ўрганишяпти.
Ҳозир Чорвоқнинг асосий пляжлари жуда гавжум ва ўта қиммат. Мен айтган жойлар эса бепул ва табиий. Атайлаб, “Пирамида”га бориб бир неча юз минг сарфлагандан шу ерларга тушиб, маза қилиб дам олган яхши.
70 километр масофани ўртача 22 км/с тезликда босиб ўтибман. Чорвоқда ёзувчи Набижон Боқий кутиб олди. Шўрва тайёрлаб қўйган экан. Бирга тушлик қилдик, суҳбатлашдик.
Асрдан сўнг велосипедда тоғ тарафга чиқдим. Тушишда тезлик юқори бўлганидан иккита чуқурга тушиб чиқдим. Яна камералар дам қўйиб юборди. Чирчиқдан олган янги камерам ҳам тешик чиқди. Синаб олмаган эканман. Иккита камерани ямаб бўлгунимга шом кириб қолди. Қоронғида йўлга чиқдим. Чорвоқдан Ғазалкент муюлишигача равон трассада ўзимни қийнамасдан 35-40 км/с юрдим. Қанийди, ҳамма йўллар шундай бўлса.
Кечқурун юришни унчалик тавсия қилавермайман. Йўл тўлиқ кўринмади. Машиналарнинг чироқлари кўзингизга тушади. Яхшироқ олд чироқ қўйиш керак экан. Меники бироз панд берди. Тошкентга кетиш пастлик бўлгани учун қийналмасдан юрдим. Йўлдаги тўхташларни ҳисобламаганда уйгача 3 соатда етиб келдим. Жами 152 км юрибман.
Иссиқ кунларда одам бир кунда 10 литр сувни ичиши мумкин дейишса, ишонмас эканман. Ўзим 10 литрдан кўп сув ичибман: тоққа етгунча 5 литр, тоғда 2,5 литр, тоғдан тушишда 3 литр.
Мендан баъзида “Қийналиб велосипедда тоққа чиқишинг шартми? Ана поезд бор, маршрутка, автобус бор. Шунда борса ҳам бўлади-ю” деб сўрашади. Йўқ, бунинг бир гашти бор, завқи бор. Адреналин. Тоза ҳаводан нафас оламан. Ўзим билан ўзим қоламан. Иродамни синайман. Истаган жойимда тўхтайман. Томоша қиламан. Дарёга тушаман, юзимни юваман, чўмиламан. Ҳўл бўлган кийимларим билан яна велосипедга чиқиб, давом этаман. 10 дақиқага етмай кийимларим қуриб қолади. Йўл бўйи тафаккур, турли режалар. Маза-ку, тўғрими?