Денгиз сатҳидан 3309 метр баландлик. 20 сантиметрлик йўлак билан 70 даражали тик қоялардан ёнлаб ўтиш. Икки тарафи тик жар бўлган қоялар устидан юриш. Ёз, баҳор ва қиш. Фантастик пейзажлар. Тош ва шағалли сўқмоқлардан сирпаниб пастга тушиш. Катта Чимён чўққисига кўтарилиш шулар билан эсда қолди.
Катта Чимён чўққиси — Ғарбий Тяншаннинг Чотқол тизмасида, Катта Чимён тоғида жойлашган. Тошкент шаҳридан 80 км шарқда. Баландлиги 3309 м. Катта Чимён пойтахт Тошкентга яқин энг баланд тоғ чўққисидир.
Чўққига кўтарилиш денгиз сатҳидан 1600 метр баландликдан, Чимёндаги тоғ-чанғи маскани дор йўлидан (Epson ёзувли бино олдидаги канатка) бошланди. Одатда қиш пайти чанғичилар тушадиган тепалик бўйлаб юқорига кўтарила бошладик. Бу ердан юқорига асосан битта сўқмоқ олиб боради. Тепаликка чиқиб, чаплаб, чўққи томон борилади.
Ҳаваскорлар учун чўққига чиқишда энг асосий вазифа тоққа кўтарилишни яхши бошлаб олишдир. Организм янги шароитга кўниккунча чарчоқ, бош айланиши, юрак тез юриши кузатилиши мумкин. Лекин асло кайфиятни туширмаслик керак. Бу тез ўтиб кетади.
Биринчи тепаликка кўтарилиш бироз қийин кечади. Чунки 1600 метрдан 2200 метрга чиқиш организмдан куч ва ҳаракат талаб қилади. Қирга чиқиб олгандан кейин йўналишнинг давоми анча осонлашади.
Арчазорлар оралаб, биринчи қирни ошиб ўтганимиздан сўнг янада гўзал манзаралар намоён бўла бошлади. Атроф кўм-кўк альп ўтлоқлари. Отлар ўтлаб юрибди. Бу ерларни бекорга Чимён (ҳар ёни чим, яъни ўтлоқ) дейишмаган экан.
2200 метрдан 2600 метр баландликкача асосан қирлар устидан, унчалик қийин бўмаган паст тепаликлардан 3 кмча юрилади.
Янги қирларга ўтишимиз билан рельеф, ўсимликлар дунёси ўзгариб борди. 2500 метрдан бошлаб дарахтлар камайиб, паст буталар ва гул-гиёҳлар бошланди. Қаршимизда эса пастда кўринмаган тоғлар саф торта бошлади. Баъзи жойларда ҳали қор эримаган.
2700 метрдан 3000 метргача нишаблик яна баландлашади, тупроқ йўллар ўрнини тош ва шағалли сўқмоқлар эгаллайди.
Чўққига олиб борувчи йўлнинг энг хавфли қисми 3000 метр баландликдаги гротдан (кичик ғор) бошланади. Шу ерда тоққа чиқиш ва тушиш жараёнларида ҳалок бўлган бир неча ўзбекистонлик альпинистлар учун хотира тахтаси ўрнатилган. Улар орасида Эверестни икки марта забт этган, Аннапурнага чиқиш пайтида қор кўчкиси остида қолиб, бедарак йўқолган Илёс Тухватуллин ҳам бор.
Гротдан у ёғи «жандарм» — қоядор йўлак бошланади. Эҳтиёткорликни максимум ошириш керак. Ўнг тарафда қоялар, ўртада бир киши сиғадиган сўқмоқ, чап тараф жарлик. Гротдан 200 метрча ўтгандан сўнг 70 даражали тик қоядан ўтадиган йўл чиқади. Сўқмоқнинг эни 20-30 см, узунлиги 15 метр. Бу ердаги қояга арқон қоқиб қўйилган. Арқонни ушлаб нариги томонга ўтиб оласиз. Иложи борича пастга, жар тарафга қарамасликка ҳаракат қилинг.
Бу жойларни акрофобларга (баландликдан қўрқувчилар) тавсия этмаган бўлардим. Оёғингизга тегиб, жар томонга юмалаган тошнинг сўнгги нуқтаси кўзга кўринмайди.
Биринчи арқон йўлдан ўтиб, 50 даражали қияликдан тепага кўтарилади. Ушбу тошли-шағалли йўлакда ҳар бир қадамни ўйлаб босиш керак. Иккинчи арқон йўли узунлиги 50 метр бўлиб, тахминан 70 даража юқорига кўтарилишда ёрдам беради. Арқонда қояга кўтарилиб, унинг тепасидан юрилади. Икки тараф ҳам жарлик. Бир тараф музлик ва қор билан қопланган, иккинчи тараф тошли тик жар.
Манзилга ҳам яқин қолди. Чўққини билдириб турувчи триангуляция белгиси (уч оёқли темир қурилма) кўриниб турибди. Аллоҳ куч ва қизиқиш бериб манзилнинг сўнгги 2 километрини дам олишсиз босиб ўтдим. Яна озгина машаққатдан сўнг Катта Чимён чўққисига қадам босдим.
Чўққига чиқарканман Аллоҳ таолонинг ушбу оятини эсладим: “Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан” (Исро сураси, 37-оят).
Аллоҳ таоло ерни тутиб турувчи қозиқ қилиб қўйган тоғлар сари кўтарилиб, замин устида кибру ҳаво қилиб юрган инсоннинг нақадар ҳақир эканини, ердаги барча молу дунё, сарватлар нақадар майда эканини яна бир бор тафаккур қилдим.
Чўққидан кўринувчи манзарани таърифлашга тил ожиз. Қаршимда бир-бирига уланиб кетган Тяншан тоғлари, Овчи чўққиси (3099 метр), чап тарафда Пўлатхон супаси (2823 м), ўнг тарафда Чорвоқ сув омбори кафтдек намоён бўлади.
Жами 7,5 километрлик масофани тўхталишлар билан 5 соатда босиб ўтибман. Бир кун олдин бўлиб ўтган скайраннинг мусобақасида Катта Чимёнга тез чиқиш бўйича рекорд янгиланибди. Иштирокчи ҳарбийлардан бири чўққига 1 соату 26 дақиқада югуриб чиқибди.
Чўққида шерикларни кутиб, улар тепада дам олгунларича 2,5 соат қолиб кетдик. Кун тиккага келганда эса пастга тушишни бошладик. Менга пастга тушишга озроқ – 3 соат вақт кетди.
Чиқишда чўққини кўзлаб, қизиқиб кетаверган эканман, қайтишда яхшигина масофа босиб ўтганимиз билинди. Тўғридан қараганда пастки жарликлар, айниқса, арқонда ўтилган жойлар жуда таҳликали кўрнаркан.
Охирги қирдан тушиш жуда қийин бўлди. Чиқишда сезмаган эканман: шағалли сел йўли сўқмоққа уланиб кетган экан. Яхшиям таёқлар бор. Шундай бўлса-да, озроқ йиқилиб, сирпаниб, янги йўллар қидириб тушишга тўғри келди.
Мана шундай баланд тоғ сафарларида сизга фойдаси тегадиган нарса-буюмлар:
1. Скандинавча юриш таёқлари. Бу таёқларда амортизация бўлиб, юқорига чиқишда, айниқса, пастга тушишда сизга ёрдам беради.
2. Қуёш нурига қарши кўзойнак.
3. Қуёш нурига қарши крем (тананинг очиқ жойларига суртиб олсангиз, қораймайсиз).
4. Соябонли қалпоқ.
5. Агар енгсиз футболкада бўлсангиз, қўшимча енг.
6. Бармоқлари очиқ қўлқоп (тошларни ушлаш, арқонли йўлакдан ўтишда қўл келади).
7. Ҳароратни сақловчи сув идиш.
8. GPS билан ишловчи қўл-соат (юрак уриши ўлчайди, масофани ҳисоблаб боради, трекингни сақлайди).
9. Қулай рюкзак (қўшимча кийим, 2 литр сув, озиқ-овқатни солволиш учун).
10. Албатта, яхши кайфият, қатъий ишонч!
Тошкент – Чимён
13 июнь, 2021