2026 йили ўқиган китобларим

10.01.2026

Кел Нюпорт. Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари (Cal Newport. Deep Work: Rules for Focused Success in a Distracted World)

Рейтинг: ★★★★★★★☆☆☆ (7/10)

Cal Newport’нинг “Deep Work” (2016 йили чиққан) китоби ўзбекчада “Диққат” номи билан чоп этилган экан. Тўғриси, мақталган китобдан зўр таассурот олмадим. Балки китобда келтирилган технологиялар эскилигидандир, балки муаллиф диққатни жамлаш учун амалий мисолларни кам келтирганидандир. Китобда теран ишлаш, зерикишни даволаш, ижтимоий тармоқлардан воз кечиш, беҳуда ишларни тарк этиш ҳақида сўз боради.

18.01.2026

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда. Уламолар наздида вақтнинг қадри

Рейтинг: ★★★★★★★★★★ (10/10)

Вақтнинг қадри, аҳамияти ҳақида ёзилган энг яхши китоблардан бири. Бу китобда илм аҳлининг вақт қадри ва уни тўғри сарфлаш борасидаги зарур фикрлари, ўгитлари жамланган.

Аъзам Ҳошимий. Алвидо, Ватан!

Рейтинг: ★★★★★★★☆☆☆ (7/10)

Китоб ХХ асрнинг 30-йилларидаги диний-сиёсий қатағонлар сабаб, юртини ташлаб кетган Аъзам Хошимийнинг хотираларидан иборат. Унда Наманган, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабзда бўлган қонли воқеалар ҳикоя қилинади.

19.01.2026

Абдулла Қаҳҳор. Сароб

Рейтинг: ★★★★☆☆☆☆☆☆ (4/10)

Абдулла Қаҳҳорнинг сара ҳикоялари мен учун ўзбек адабиётининг дурдоналаридан бири. Аммо “Сароб” ҳақида бундай дея олмайман. Оддий ўқувчи учун жуда зерикарли асар. Роман ХХ асрнинг 20-30-йилларидаги ижтимоий-сиёсий воқеалари: коммунистик мафкурани, социалистик тузумни барпо этиш, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳақида. Роман сюжети Жек Лондоннинг “Мартин Иден”ига ҳам жуда ўхшаб кетади.

20.01.2026

Саъдулла Қуронов. Галактикада бир кун

Рейтинг: ★★★★★★☆☆☆☆ (6/10)

Ўзбек замонавий болалар адабиётининг яхши намуналаридан бири. Ўғлим ва қизим жуда маза қилиб ўқишган эди. Тўғриси, менда ундай таассурот бўлмади. Қисса воқеалари жудаям тез юз беради. 5-6 та романга сиғадиган самовий воқеаларнинг тезда ҳал бўлиб кетиши ўқувчида ишончсизлик уйғотиши мумкин. Муаллиф асар давомида илмий маълумотларни илова қилиши ва уни тушунарли тилда баён қилиши болалар учун ҳам, катталар учун ҳам фойдали бўлган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *