ТАРАЛАЁТГАН ЗИЁ
www.ziyouz.com портали асосчиси ва бош муҳаррири Давронбек Тожиалиев 1984 йил Марғилон шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Айни пайтда «Тафаккур» нашриётининг информацион технологиялар бўлими бошлиғи бўлиб ишлайди. Польша, Қозоғистон давлатларида малака оширган. Мақола ва таржималари Ўзбекистон ҳамда чет эл оммавий ахборот воситаларида чоп этилган.
– Бугунги кунда www.ziyouz.com портали ёшлар орасида оммабоп Интернет сайтларидан бирига айланди. Порталнинг ташкил этилиш тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.
– www.ziyouz.com маърифий порталига 2004 йили асос солинган. Портални ташкил этишдан кўзланган мақсад инсонларга ҳақиқий маънода зиё улашишдир. Зеро, зиё деб жисмдан таралган ёруғликка айтилади. Илм зиёдир, маърифат зиёдир, иймон зиёдир, сабр зиёдир. Бекорга халқимиз илм-маърифатли, иймон-эътиқодли инсонларни зиёли деб атамайди. Улар илм-маърифат орқали инсонларга зиё улашадилар ва икки дунё саодатига эришадилар.
Ҳозирги замонда айрим ёшларимизнинг илм-маърифатдан оғиб кетаётганлари, ўткинчи орзу-ҳавасларга берилиб, асл ҳақиқатни унутаёзганлари ҳам – бор гап. Ахборотлашаётган дунёда технологиялар маълум маънода инсонни дангаса қилиб қўяяпти. Инсоният тобора илм-маърифатдан, зиёдан бебаҳра қолмоқда. Шунданми, ота-боболаримиз эришган илмий-маърифий ютуқларга етишиш бугун эртакдек туюлади. Одамлар фақат бугунги куни билан яшашга ўрганиб қолаётгандек…
Илм-маърифатнинг орамиздан кўтарилиши даҳшат эмасми? Нега ёшлар орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларининг 10 дан бирига етдикми? Нима учун 10 ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билган, минг-минг мисра шеърни ёддан айтган, ёш бўлатуриб улкан кашфиётларни амалга оширган, жуда кўп тилларни мукаммал билган, ижодда катта рутбаларга эришган аждодларимизга муносиб бўлиш учун етарли ҳаракат қилмаяпмиз? Нега уйимизда кутубхоналаримиз йўқ? Нега илм, китоб талаш эмас? Нима учун кутубхоналаримиз бозорларимиздек гавжум эмас? Олган кийимимиз билан мақтанамиз-у, янги ўқиган китобимиз, олган билимимиз ҳақида сўз қотмаймиз? Биз – ёшлар нега дангаса бўлиб қолдик? Турли-туман компьютер ўйинлари, видео билан ҳамнафас ўсаётган кичик ёшлилардан кейин нимани кутиш мумкин? Нима учун илмга рағбат сўниб бормоқда? Бу каби минглаб саволлар зиё истаган кўнгилларни доимо безовта қилиши аниқ. Зеро, бизнинг мақсадимиз ҳам ёшларимизни илмга, зиёга чорлашдир.
– Дунё миқёсида Интернет сайтлари тобора бойиб бормоқда, ўз ўқувчиларига янги-янги рукнлар, хизматлар таклиф этмоқда. Сайтингизда ёритиладиган асосий мавзулар, бўлимлар, хизматлар ҳақида ҳам тўхтатиб ўтсангиз?
– Сайтнинг асосий мавзулари маънавият, маърифат, маданият ва ёшлар таълим-тарбиясига оиддир. Асосий бўлимда янгиликлар, сараланган мақолалар, илм ва фан синоатлари ҳақида маълумотлар берилади. «Маънавият» бўлимида тарих, оила ва жамиятга оид мақолалар билан биргаликда ҳикматлар, ибратли ҳикоятлар, буюк мутафаккирларнинг афоризмлари тақдим этилади. Порталнинг энг катта бўлимларидан бири «Адабиёт»дир. Бўлимдан сиз ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндалари ҳақида маълумотлар, шунингдек, улар асарларининг тўлиқ матнларини олишингиз мумкин. «Маданият» бўлимида санъат, кино олами ва спортга оид янгиликлар бериб борилади. Порталнинг дам олиш саҳифаларида ҳам бевосита илмга тарғиб этилади. Турфа қизиқарли ҳодисалар, дунё ажойиботлари ҳақидаги мақолалар, турфа рейтинглар, топишмоқлар, бошқотирмалар ўқувчиларимизнинг бўш вақтини мароқли ўтказишига ёрдам беради. Порталимизда электрон китоблар ва дастурларни сақлаб олиш, юртимиз шаҳарлари фотогалереяси, шеърий ва расмли табрикномалар хизматлари ҳам йўлга қўйилган. Сайт форумида ҳам асосан ёшлар иштирок этиб, масофавий таълим олиш билан бирга ўзларини қизиқтирган мавзуларда онлайн муҳокамаларда иштирок этмоқдалар.
– Портал ташкил этилганига ҳам беш бўлиб қолибди. Ўтган вақт давомида сайт ҳар томонлама бойиган бўлса керак?
– Ёшлигимдан турли хил ғаройиботларга қизиқишим боис, даставвал кичик ёндафтарлар, сўнгра қалин кундалик дафтарларга маълумотлар йиғиб юрардим. Ҳозирда мана шундай дафтарлардан 10тачаси йиғилиб қолди. Портал дастлаб ташкил этилган пайтда айни шу йиллар давомида йиғилган маълумотлар асқотди. Кейин бошқа манбалардан ҳам маълумотлар олиб базани кенгайтира бошладим. Муаллифларнинг ўзлари ҳам мунтазам равишда ижод намуналарини жўнатиб турадилар. Ҳозирга келиб, порталда бадиий ва ҳужжатли мавзулардаги 450дан ортиқ электрон китоб, 3700 мақола ва янгиликлар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан 700дан зиёд насрий асар, 400дан ортиқ муаллифнинг шеърлари, шунингдек, халқ оғзаки ижоди намуналари (мақоллар, топишмоқлар, ҳикматлар), юртимиз шаҳарларини акс эттирувчи 900дан ортиқ фотосурат мавжуд.
– Порталнинг ўқувчилари кўлами, географияси қай даражада?
– www.ziyouz.com порталига бевосита обуна бўлганлар сони 10000 нафардан ошади. Ўтган муддат давомида сайтга 12 миллионга яқин фойдаланувчи ташриф буюрган. Ички статистика маълумотларига кўра, кунига 5-6 минг фойдаланувчи портал маълумотларилан баҳраманд бўлади. Ўзбекистондаги давлат тилида фаолият юритувчи сайтлар орасида www.ziyouz.com юқори ўринларда туради. Ташриф буюрувчиларнинг асосий қисми юртдошларимиз. Сайтга, шунингдек чет элдаги ватандошларимиз ва ўзбек маданиятига қизиқувчилар хорижликлар ҳам киришади.
– www.ziyouz.com сайти яхшигина даромад ҳам келтираётгандир?
– Бу саволни кўпчиликдан эшитишга тўғри келади. Сайт ҳеч қандай иқтисодий манфаат келтирмайди, десам негадир ишонгилар келмайди. Лекин ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо сайт ортидан топган маънавий фойдани айтиб адо қилиб бўлмайди. Портал маълумотларини тайёрлаш жараёнида кўп нарсаларни ўрганаман. Мана шу камтарона хизматим юртимиз Интернет фойдаланувчилар, билимга чанқоқ ёшларимизга оз бўлса-да фойда келтираётган бўлсам, мақсадимга эришаяпман деб ҳисоблайман.
Суҳбатдош: Абдуллатиф АБДУЛЛАЕВ
«Ishonch» газетаси, 14.07.2009
[singlepic id=70 w=500 h=500 float=center]