– 23 сентябрь – Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг таваллуд куни –
ФИҚҲ ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ
“Марғинонийнинг ўлмас мероси, хусусан, “Ҳидоя”—”Тўғри иўл” деб аталган китоби, мана саккиз асрдирки, мусулмон мамлакатларида энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этиб келинмоқда. Айниқса, бу мумтоз асарнинг Европа халқлари тилларига ҳам таржима қилингани, бутун дунёда катта қизиқиш билан ўрганилаётгани, унга турли тилларда кўплаб шарҳ ва изоҳлар битилгани Марғиноний меросининг умумбашарий аҳамиятидан далолат беради.“
Ислом КАРИМОВ
Буюк фақиҳ Бурҳониддин ал-Марғиноний XII аср бошларида, ҳижрий 511 йил ражаб ойининг саккизинчи куни гўзал Фарғона водийсининг Рошидон қишлоғи (ҳозирги Риштон тумани)да туғилган. Унинг отаси Абу Бакр ибн Абдужалил ибн ал-Халил ўз даврининг таниқли фақиҳларидан бири эди.
У дастлаб ўз отасидан, сўнгра замонасининг таниқли алломаларидан таълим олди. Ал-Марғиноний илм талабида ўтган ёшлик даврини фақиҳнинг ўзи “Китоб ул-машойих” номли асарида хотирлаб, қирқдан зиёд устоз қўлида ўқиганини, аммо улардан кўпроқ илм ололмаганидан афсусланишини айтади.
Ал-Марғиноний, асосан, фақиҳ сифатида танилган. Уни ҳақли равишда фиқҳ илмининг асосчиларидан бири дея эътироф этишади. Дарҳақиқат, аллома Ислом ҳуқуқшунослиги бўйича кўплаб асарлар битиб, улар орасида энг машҳури Ислом ҳуқуқининг муҳим манбаси ҳисобланадиган “Ал-Ҳидоя” асаридир.
Ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари жаҳон ҳуқуқий маданияти тарихида ўзига хос ўринга эга. У мусулмон ҳуқуқшунослари бўлган қозилар фаолиятида ҳукм чиқаришнинг асосий дастури вазифасини ўтаган. Асарда ҳукмлар Қуръони Каримга ҳамда пайғамбар ҳадисларига асосланиб чиқарилган. Унинг “Гувоҳлар ҳақидаги китоб”, “Жазолар китоби”, “Жиноятлар китоби” каби бўлимларида ижтимоий-сиёсий ҳаётда дуч келинадиган кўплаб ҳуқуқий масалалар баён этилган. Бу асарнинг фиқҳ илми ривожига катта эҳтиёж сезилган бир пайтда (IX—XII асрлар) яратилганлиги кўплаб муаммоларнинг ечим топишида муҳим аҳамият касб этган.
“Ҳидоя” шариат масалалари қатори оила муносабатлари борасида ҳам асосий қўлланма ҳисобланади. Бу асарнинг “Талоқ китоби” ва “Никоҳ китоби” бўлимларида ҳанафий мазҳаби ижтиҳодларидан келиб чиққан ҳолда кенг ёритилган.
Бурҳониддин ал-Марғиноний Ислом асосларига таянган ҳолда оила шаклини, уни вужудга келтириш, оила аъзолари — эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, келин-куёвлар, набиралар ва улардан кейинги авлодлар ўртасидаги қариндошлик муносабатларини батафсил таҳлил қилади. Оилани вужудга келтиришда никоҳ шартлари, йигит билан қиз, эр билан хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари, оила олдидаги бурч ва мажбуриятлар нозик жиҳатларигача тўла баён этилган. Исломда оилага жамиятнинг энг муҳим негизи сифатида ёндошилиши боис фақиҳ мустаҳкам оилада бўлиши шарт қилинган барча масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Демак, илк даврлардаёқ Исломда оила ва жамият муносабатлари ўта муҳим ҳисобланган.
Дарҳақиқат, турк олимаси Бахриё Учоқ айтганидек: “Оврупа аёллари ҳуқуқ нима эканини билмаган вақтда эркак ва аёл ўз ҳақ-ҳуқуқларини, жамиятдаги ўрнини яхши билган оилага Ислом оламида асос солинган эди”.
Ватандошимизнинг “Ал-Ҳидоя” асари бугун ҳам Ислом оламида муҳим манба сифатида фойдаланиб келинади. Кўплаб давлатларда Ислом олийгоҳлари уни асосий қўлланма сифатида ўқув дастурларига киритган. Мисрнинг машҳур “Ал-Азҳар аш-Шариф” университети устози Абдул Муътий Муҳаммад Баюмий шу ҳақда гапириб, фақиҳнинг мазкур олийгоҳдаги нуфузига қуйидагича баҳо беради: “Биз шайх ул-Ислом Бурҳониддин ал-Марғинонийни бугунги кунда “Ал-Азҳар”нинг фиқҳ илми соҳасида асосий устуни десак, муболаға қилмаган бўламиз”.
Юртимизда ҳам фақиҳ ва унинг меросига муносиб эҳтиром кўрсатилмокда. 2000 йили улуғ аллома таваллудининг 910 йиллиги катта тантаналар билан нишонланди. “Адолат” нашриётида “Ҳидоя” асарининг биринчи жилди 10000 нусхада чоп этилди. Айни пайтда аллома асарларини ўрганиш ва тадқиқ қилиш борасидаги эзгу ишлар давом эттирилмоқда.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,
журналист
«Kuch – adolatda» газетаси, 21.09.2004
[singlepic id=40 w=500 h=500 float=center]