Замонавий ўзбек ёзувчиларидан бири www.ziyouz.comга “эҳтимолки, ўзбек адабиёти учун мустақиллик йилларида қилинган энг йирик савоб иш”, деб таъриф берган эди.
“Зиё истаган қалблар учун“ деган ўзига хос шиор билан www.ziyouz.com 2004 йилда иш бошлаган.
Айни интернет лойиҳа муаллифи Давронбек Тожиалиев 1984 йилда Марғилон шаҳрида туғилган.
2005 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини, 2007 йили Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
2001-2010 йилларда Тошкентдаги газета ва нашриётларда фаолият юритган.
АҚШдаги биринчи ўзбек газетаси – «Ватандош»нинг биринчи Бош муҳаррири, ҳозирда бош муҳаррир ўринбосари.
Польша, Германия, Қозоғистон давлатларида журналистика соҳасида малака оширган.
100 га яқин мақола ва таржималари матбуотда, 300 дан ортиқ материаллари интернетда чоп этилган.
Ташкил топганидан бери бугун саккиз йилдан ортиқроқ вақт ўтиб,www.ziyouz.comўзбек тилидаги энг йирик маърифий порталга айланди.
Айни пайтда www.ziyouz.com порталида 8646 та илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 1726 та электрон китоб, ўзбек адабиётидан 800 та ҳикоя, 280 та ҳажвия, жаҳон адабиётидан 220 та ҳикоя, 600 дан ортиқ ижодкорнинг фаолиятига оид маълумотлар, ўзбек мумтоз шеъриятидан намуналар (66 ижодкор), замонавий ўзбек шеърияти намуналари (168 ижодкор), жаҳон шеърияти намуналари (206 ижодкор), 10000 дан ортиқ ўзбек мақоллари, 5000 га яқин жаҳон халқлари мақоллари, 265 та ҳикоят, 30000 га яқин ҳикматли сўз ва афоризмлар, 1500 та топишмоқ, 100 га яқин халқ эртаклари, Ўзбекистон ҳақида 900 дан ортиқ фотосуратлар, 200 га яқин расмли табрикномалар ўрин олган.
Порталга кунига 3500-4000 киши ташриф буюради, 22000 саҳифа ўқилади.
Феруза, Лондон: Нима учун айнан адабиётни танладингиз? 2004 йилда бошқа соҳа, масалан, шоуни бошлаганингизда ҳозир ҳам машҳур, ҳам бадавлат бўп кетардингиз…
Давронбек Тожиалиев: Агар портални кузатган бўлсангиз, унда фақатгина адабиёт қамраб олинган эмас. «Маънавий портал» деб номлаганим ушбу интернет ресурсини инсон маънавий камолотига хизмат қилувчи манбалар билан тўлдиришга ҳаракат қилдим. Албатта унда адабиётнинг ҳам ўрни алоҳида. Бундан ташқари матбуот, тарих, илм-фан, маданият соҳалари, жамиятимиздаги учраб турадиган маънавий муаммоларга катта ўрин ажратганман. Нега шоу-бизнесни танламадим? Тўғриси, мен шоу-бизнесга қизиқмайман. Шоу-бизнес бу ўткинчи нарса. Бугун бор, эртага йўқ. Ва шоу-бизнес орқали халққа етук бир маънавий фойда келтирган инсонни ҳам билмайман. Мен танлаган соҳа эса эскирмайдиган, доимо инсонларга фойда келтирадиган, вақтлар ўтиб, «эҳ, ўша маънисиз қўшиққа муккамдан кетгунча, бирон нарса ўргансам бўлмасмиди» деган надомат келтирмайдиган йўлдир. Инсон бу дунёга келдими, шу ҳаводан нафас олиб, шу тупроқдан неъматлар еб, шу халқнинг тарбиясини кўрдими, энди ўзи ҳам шу халққа нимадир хизмат қилиши керак, деб ўйлайман. Мен портални ташкил этаётганимда шу нарсани ният қилгандим.
— Асарларни сайтга жойлаштиришда муаллифлик ҳуқуқлари қандай бўлади?
Давронбек Тожиалиев: Порталга киритилаётган китобларни жойлашда муаллифлик ҳуқуқига амал қилишга ҳаракат қиляпман. Аксарият китоблар муаллифларнинг рухсати билан жойланяпти. Муаллифларнинг ўзлари ҳам китобларини юбориб, сайтда эълон қилишимни истаяптилар. Бундан ташқари айнан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар бир китоб юкланадиган саҳифага «Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади» деган огоҳлантиришни ёзиб қўйганман. Оригинал китоб шаклидаги электрон китобларни эса техник жиҳатдан фақатгина компьютерда ўқиш учун мўлжаллаганман, уларни принтерда чоп этиш техник жиҳатдан мумкин эмас.
— Бошқа тилда, масалан француз ёки инглизча саҳифалар очиб, асарлар таржимасини йўлга қуйиш нияти йўқми?
Давронбек Тожиалиев: Ҳозирча ўзбек адабиётининг русча таржималари ҳақида саҳифа очганман. Унга 150 ка яқин китоблар киритилган. Ўзбек адабиётининг инглизча, туркча, уйғурча таржималари ҳақида манбалар йиғяпман. Худо хоҳласа, ушбу тилларда ҳам саҳифа очиш ниятим бор.
Даврон Ҳотам: Биз сиз билан адаш эканмиз. Биринчидан, сизга бу ишингиз учун раҳмат. Шахсан мен бу сайтдан кўп фойдаланаман. Сиздан бир масалада фикрингизни билмоқчиман. Биз Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистондаги ўзбек ижодкорларининг асарлари учун www.ziyouz.com каби сайт яратмоқчи эдик. Шунга нима дейсиз, қандай маслаҳат берасиз? Раҳмат.
Давронбек Тожиалиев: Раҳмат, Даврон ака. Мухлисларингиз Сизнинг ижод намуналарингизни менга юбориб, сайтга жойлашимни илтимос қилишган эди. Порталдаги «замонавий ўзбек шеърияти» бўлимида Сизнинг ҳам ижодингизни халқимизга тақдим этганман. Яхши таклиф. Амалга оширсангиз хурсанд бўламиз. Лекин мен бошқа бир таклифни айтмоқчиман. www.ziyouz.com ўзбек тилида сўзлашувчи, ушбу тилга мухлис бўлган ҳамма учун очиқдир. Сайтдаги шеърият ва наср бўлимларида Қирғизистон, Тожикистон, Шарқий Туркистон, Туркия каби давлатларда яшайдиган миллатдошларимизнинг ижод намуналарини берганман. Менимча, алоҳида ажралмасдан бир манбада ижод намуналари тўпланса, ўрганувчи ва қизиқувчилар учун ҳам фойдали бўлади. Зеро, адабиёт, маънавият чегара танламайди.
Сарвар, Корея: Ассалому алайкум! «Ватандош» газетасидаги иш фаолиятингиз хусусида тўхталиб ўтсангиз. Газетанинг тез орада оммабоп бўлиб кетишига қандай омиллар асос бўлди дея оласиз?!
Давронбек Тожиалиев:Ваалайкум ассалом. «Ватандош» газетаси кўпчилик кутган газета эди. Чунки ўз тилингда, ўз маданиятинг, тарихинг ҳақида ўқиш, айниқса, чет-элдагилар учун айни муддаодир. Шу кунгача ҳорижда ўзбек тилида мунтазам нашр очишга кўп ҳаракатлар бўлган, лекин улар кўпинча самарасиз якунланган. Аммо АҚШдаги биринчи ўзбек газетаси, мана бир йилдан кўпроқ муддат бўлди, чоп этиляпти. Ватандошларимизнинг хонадонига етиб боряпти. «Ватандош»нинг муваффақиятларидан яна бири у Америкада ўз сўзини айта олди, ватандошларимизга Ватанни эслатди. Шунингдек, нафақат ўзбеклар, яна Марказий Осиё, Россиядан АҚШга келганлар орасида ҳам ўз аудиториясини топа олди. Газетани танитадиган асосий омил унинг номи ҳам эмас, биринчи чоп этилгани ҳам эмас. Асосий омил — унда чоп этилган мақолалар. Нафақат АҚШда, бошқа давлатларда ҳам мусофирликда юрган ватандошларимиз ҳаётида фойдали бўладиган юридик маслаҳатлар, таҳлилий мақолалар, Ўзбекистон ва ҳориждаги ўзбеклар ҳаётидан янгиликларни газета ва интернет сайти орқали бериб борилдики, бу албатта кўпчиликнинг эътирофига сабаб бўлди.
Рамазон: Ассалому алайкум, www.ziyouz.com порталини ташкил қилиш жараёни ҳақида сўзлаб берсангиз. Бу портални очиш фикри сизда қандай пайдо бўлган?
Давронбек Тожиалиев:Ва алайкум ассалом. www.ziyouz.com маърифий порталига 2004 йили асос солинган. Порталдаги маълумотлар каминанинг 14-15 йиллик меҳнати самарасидир. Ёшлигимдан турли хил ажойибу-ғаройиботларга қизиқишим боис, даставвал кичик дафтарлар, сўнгра кундаликларга маълумотлар йиғиб юрардим. Интернетнинг ривожланиши сайин, ўзимда бор бўлган маълумотларни ҳам айнан шу тармоқ орқали, бошқаларга ҳам улашгим келди. Ҳозирги замонда айрим ёшларимизнинг илм-маърифатдан оғиб кетаётганлари, ўткинчи орзу-ҳавасларга берилиб, асл ҳақиқатни унутаёзганлари ҳам – бор гап. Ахборотлашаётган дунёда технологиялар маълум маънода инсонни дангаса қилиб қўяяпти. Шунданми, ота-боболаримиз эришган илмий-маърифий ютуқларга етишиш бугун эртакдек туюлади.
Илм-маърифатнинг орамиздан кўтарилиши даҳшат эмасми? Нега ёшлар орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларининг 10 дан бирига етдикми? Нима учун 10 ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билган, минг-минг мисра шеърни ёддан айтган, ёш бўлатуриб улкан кашфиётларни амалга оширган, жуда кўп тилларни мукаммал билган, ижодда катта рутбаларга эришган аждодларимизга муносиб бўлиш учун етарли ҳаракат қилмаяпмиз? Нега уйимизда кутубхоналаримиз йўқ? Нега илм, китоб талаш эмас? Нима учун кутубхоналаримиз бозорларимиздек гавжум эмас? Олган кийимимиз билан мақтанамиз-у, янги ўқиган китобимиз, олган билимимиз ҳақида сўз қотмаймиз? Биз – ёшлар нега дангаса бўлиб қолдик? Турли-туман компьютер ўйинлари, видео ва турли кўнгилочар сайтлар билан ҳамнафас ўсаётган кичик ёшлилардан кейин нимани кутиш мумкин? Нима учун илмга рағбат сўниб бормоқда? Бу каби минглаб саволлар зиё истаган кўнгилларни доимо безовта қилиши аниқ. Зеро, менинг мақсадим ҳам ёшларимизни илмга, зиёга чорлашдир.
— Сиз ҳам бирор бир танқидга учраганмисиз?
Давронбек Тожиалиев: Ҳа, албатта, танқидсиз келажак йўқ. Ҳар бир танқид остида гарчи сизнинг наздингизда у асоссиз бўлса-да, бир фойда ётади. www.ziyouz.comнинг шу даражага етишида танқидларнинг ўрни катта. Зеро, фақатгина мақтов эшитавериш инсонни дангаса қилиб қўяди, у ўсишдан тўхтайди. Портални дастлаб ташкил этган йилларим «бекорга вақтингни сарфлаяпсан, ундан кўра пуллик иш қилсанг бўлмайдими», деганлар кўп бўлди. «Сен тенгилар аллақачон машина олиб, участка қурди. Сен бўлганг қопдек сумкангни кўтариб, ҳалиям кутубхонанинг чангини тозалаяпсан…» дейдиганлар ҳозир ҳам бор. Лекин мен бундай гапларга эътибор бермайман. 4-5 йиллар олдин баъзи ижодкорлар орасида асарларини интернетга жойлаш унинг савдосини ўлдиради деган фикр мавжуд эди. Бу борада ҳам анча танқидга учрагандим. Ўша пайтларда мен Паоло Коэлонинг «Асарларимни интернетда чоп этилиши китобларимни бестселлер қилди» деган фикрини тушунтиришга ҳаракат қилардим. Лекин ҳозир ундай эмас. Жуда кўп ижодкорлар асарларини сайтда чоп этиб, халққа тақдим этганим учун миннатдорлик билдиряптилар.
— «Ватандош» нега фақат АҚШ ва Европада машҳур? Нима учун Россиядаги ўзбек муҳожирлари бу ҳақида билишмайди?
Давронбек Тожиалиев: Нега энди? «Ватандош»га Россиядаги миллатдошларимиздан ҳам мактублар келади. У ердаги ватандошларимизнинг маданий тадбирлари ҳақида ҳам газета ёритилган, Россиядаги юртдошларимиз билан боғлиқ янгиликларни сайтдан ҳам ўқиш мумкин. Ўз Ватани ҳақида интернетдан бирон янгилик қидирган ҳар бир фойдаланувчининг «Ватандош»дан хабари борлигига ишончим комил.
Бўстон, Ўзбекистон: Ассалому Алайкум Давронбек! Ишларингизга Аллоҳ барака берсин. Порталингиздан файдаланамиз, ва шу фурсатдан фойдаланиб сизга миннатдорчилигимни изҳор этишга рухсат бергайсиз. Қайси шамоллар сизни АҚШга йўллади?
Давронбек Тожиалиев: Ваалайкум ассалом. Ташаккур. Гарчи газета АҚШда чоп этилса-да, мен Ўзбекистондаман. Ҳозир интернет асри. Қаерда бўлишингиздан қатъи назар бу тармоқ орқали журналистик фаолият билан шуғулланишингиз мумкин.
— Ҳозирги фаолиятингиз ҳақида…
Давронбек Тожиалиев: Асосий фаолиятим www.ziyouz.comда. Бу порталда ҳали кўп лойиҳаларни амалга оширмоқчиман.
— Ziyouz порталига молиявий ёки бошқа кўмакни қандай берса бўлади ва ҳозир бу кўмак қаердан?
Давронбек Тожиалиев: Порталда ишлаш мен учун — ўзим ёқтирган машғулот. Шу боис 8 йилдан бери портал ҳаражатлари учун ҳеч кимдан молиявий кўмак олмаганман. Боя айтганимдек, бу мени тарбиялаган шу халқ учун холис хизматимдир. Лекин молия сабаб бўлиб битмай қолган лойиҳаларим ҳам бўлган. Чунки, бир ўзим ишлаганим боис кўп нарсаларга улгуролмаяпман. Лекин аста-секинлик билан бўлса-да, битмай қолган лойиҳаларни амалга ошириб, тақдим этишга ҳаракат қиляпман. Бу йил www.ziyouz.uz учун давлат грантини олдим. Шу грант асосида порталнинг бир бўлаги ziyouz.uz домени остида TAS-IX ҳудудида фаолият юритмоқда.
Шоҳруҳ, Шотландия: Давронбек, бу бир ойда камида тўрт беш марта кираман! Раҳмат сизга. Ziyouzда ўзбек ва жаҳон адабиётини тўплаш фикри қандай пайдо бўлган?
Давронбек Тожиалиев: Ёшлигимдан адабиётга қизиқаман. Ота-онам, бобом олий маълумотли кишилар бўлгани боис, болалигимдан китобга меҳр уйғотишган. Мактаб пайтида муаллимларимнинг фидойиликлари боис адабиётга меҳр янада ошди. Сурайё опа деган муаллимимиз «ўзингиз ўқиган китоблар рўйхати, унинг қисқача мазмуни ҳақида кундалик ёзиб боринг», дердилар. Ҳар дарс аввалида изоҳли луғатдан биз билмаган камида иккита сўзни ёдлаб келишимизни талаб қилардилар. Бир куни муаллимамиз бир ўқувчи билан уйларидан икки қоп китобни ўзлари кўтариб келиб, ўқувчиларга тақдим этгандилар…
У пайтларда интернет нималигини билмас эдим. Тошкентга ўқишга келиб, интернет ҳақида ўрганиб, унда ўзбекча манбалар, айниқса, инсонни эзгуликка етаклайдиган бадиий адабиётлар деярли йўқлиги билдим. «Зиё истаган қалблар учун» лойиҳасида ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарини илк бор интернетда тақдим этдим.
— Сайтдаги китобларни Киндл ва Айфон учун махсус шаклларини чиқариш ниятингиз йўқми? Айниқса ёшлар учун фойдали бўлар эди.
Давронбек Тожиалиев:Ҳозир бир укамиз шу лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Мен кўмаклашяпман. Худо хоҳласа, баҳраманд бўласизлар.
— Шундай йирик бир лойиҳани ишлатиш молиявий томондан осон бўлмаса керак?
Давронбек Тожиалиев: Аллоҳ қодир қилганча ҳаракат қиляпман…
Эркинжон, Татаристон, Қозон: Ассалому Алайкум Давронбек ака. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, шундай ўзбек адабиётини, ҳам диний ёзувчию, шоирларни танийдиган сайт ташкил қилганингиз учун! Мен кўп китобларни телефонимга ташлаб фақат йўлда ўқиб юраман. Шуларнинг ичида энг ёққанлари «Юлдузли тунлар», «Ўткан кунлар», «Шайтанат» асарларидур! Сиз ҳам шу китобларни укигансиз, лекин қайси бири сизнинг фикрингизча энг гўзал ва ҳақиқий ўзбекона асардир? Ишларингизга омад, Аллоҳ ҳамиша ўз паноҳида сақласин!
Давронбек Тожиалиев: Ва алайкум ассалом. Ташаккур. Сиз ёқтирган асарлар кўпчиликка манзур бўлган китоблардир. Ҳар бирининг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Ўзим ёшликдан севиб мутолаа қилганим учунми, асар воқеалари ўз шаҳримда юз бергани, кўп жойлари таниш манзиллар эканлиги боисми, «Ўткан кунлар» романи менда катта таассурот уйғотган. «Ўткан кунлар» гарчи муаллиф ёзганидек, янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир хавас бўлса-да, ҳали шу кунга қадар ўзбек адабиётида унга етадиган асар яратилмади…
Анвар, Швеция: Ассалому алайкум, Давронбек! Ziyouz.com орқали ўзбек адабиёти бошқа тилларга ҳам таржима қилиндими?
Давронбек Тожиалиев: 2009 йили ziyouz.com билан ҳамкорликда Хожа Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳикматлари ҳамда эски ҳикматлар йиғилиб, турк тилига таржима қилиниб, “Divan-i Hikmet” номи остида (Доктор Ҳаяти Биже тайёрлаган, 520 саҳифа) Анқарада чоп этилди. Айни китоб 2011 йили ҳам 6-марта босмадан чиқди. Шунингдек, порталимиз билан ҳамкорликда Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Юсуф Ҳамадоний асарлари ҳам турк тилига таржима қилинди.
Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида “Она Ватан эртаклари” номли китоб ўзбек ва корейс тилларида чоп этилди.
Ziyouz.com билан ҳамкорликда Шарқий Туркистонда бирқанча ўзбек асарлари таржима қилинди. Шунингдек, жаҳон адабиёти асарлари ҳам ўзбек тили орқали уйғурчага таржима қилинди.
Афғонистонда ҳам бирқанча ўзбек ҳикоя ва қиссалари эски ўзбек лаҳжасида, эски ёзувда чоп этилди. Шунингдек, жаҳон адабиётидан ҳикоялар ҳам ўзбек тили орқали Афғонистондаги ўзбеклар учун эски ўзбек тилида тайёрланди.
Туркияда илмий иш ўлароқ Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” романи, Худойберди Тўхтабоевнинг “Жаннати одамлар” романи, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, “Улуғ йўл” романлари таржима қилинди. Шунингдек, сайтимиз тақдим этган бир қанча шеър ва ҳикоялар дунёнинг турли тилларига таржима қилиниб, анталогияларга киритилди.
Санжар, Япония: Ассалому алайкум! Сайтингизнинг географияси ҳақида маълумот берсангиз.
Давронбек Тожиалиев: www.ziyouz.com порталига бевосита обуна бўлганлар сони 20000 нафардан ошади. Ўтган муддат давомида полталда 81 миллиондан ортиқ саҳифа ўқилган. Кунига 3500-4000 фойдаланувчи портал маълумотларидан баҳраманд бўлади. Ўзбекистондаги давлат тилида фаолият юритувчи сайтлар орасида www.ziyouz.com юқори ўринларда туради. Ташриф буюрувчиларнинг асосий қисми Ўзбекистондан, Россия, АҚШ, Хитой, Корея давлатларидан ҳам сайтга энг кўп фойдаланувчи ташриф буюради. Сайтга кирувчиларнинг 35 %и интернетдаги қидирув тизимлари, асосан Google орқали ташриф буюришади.
— Келажакда яна қандай лойиҳаларни режалаштиряпсиз?
Давронбек Тожиалиев: Лойиҳалар кўп. Аудиокитоблар лойиҳаси учун ҳам бир қанча китоблар тайёрлаб қўйганман. Имкониятга қараб, секин-аста жойлаб боряпман. Яна ўзбек шоир ва ёзувчиларининг фотожамланмаси учун ҳам манбаларни йиғиб қўйганман. Яқинда, иншааллоҳ, тақдим этишга чоғланаётганим «Ўзбек насри онлайн анталогияси»дир. Ҳозирча бу анталогияга 169 нафар адибнинг 1110 та асари киритилди. Ундан ўзбек адабиётидаги энг биринчи ҳикоя, қисса, роман ва драмалардан тортиб, севимли ёзувчиларимизнинг энг сара асарларигача ўрин олган. Ҳар бир ижодкорнинг таржимаи ҳоли, асарлари киритилган. Яна озроқ ишлари қолди. Уларни битириб олгач, худо хоҳласа, тақдим этаман. Шунингдек, «Жаҳон насри», «Ўзбек мумтоз шеърияти», «Замонавий ўзбек шеърияти», «Жаҳон шеърияти» онлайн анталогияларини ҳам тузиб, халқимизга тақдим этиш ниятим бор. Яна «Адабий суҳбатлар», «Дастхат», «Китоб жавони» лойиҳаларини ўйлаб қўйганман. Аллоҳ насиб қилса, ушбу лойиҳалар ҳам халқимиз учун фойдали манбага айланади, деган умиддаман.