АҚШ Давлат Департаменти 2014 йил «Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар – DV» (Грин Кард) Лотереясига рўйхатга олиш даври 2012 йил 2 октябрдан 2012 йил 3 ноябргача жамоат учун очиқ бўлишини эълон қилди.
Ҳар йили АҚШ ҳукумати АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун «Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар – DV» дастури орқали 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади. Бу йил ушбу лотереяда 190 давлат вакиллари иштирок этади. Бир давлат учун энг кўп бериладиган визалар миқдори 3500 тани ташкил этади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.
Мурожаатчилар DV Лотереясига 2012 йил 2 октябрь, сешанба куни.Тошкент вақти билан соат 21:00 дан бошлаб рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатга олиш даври 2012 йил 3 ноябрь, шанба куни, Тошкент вақти билан 21:00 да тугайди. Барча аризалар электрон равишда рўйхатга олиш даврида http://www.dvlottery.state.gov саҳифаси орқали топширилиши шарт. DV Лотереясига ариза бериш учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди. Мурожаат этувчиларга аризаларини топшириш учун рўйхатга олиш даврининг сўнгги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади. Дунё бўйича талабнинг ўта юқорилиги Интернет саҳифаси ишининг секинлашувига олиб келиши мумкин. 2012 йил 3 ноябрь соат 21:00 дан кейин бирорта ҳам ариза қабул қилинмайди.
2013 йил 1 майдан бошлаб, қатнашчилар ўзларининг аризалари рўйхатга олинганини тасдиқловчи варақларидан фойдаланиб, Давлат Департаментининг Интернет саҳифасида иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларига ўтиш учун танланган ёки танланмаганликлари ҳақида маълумотларни билиб олишлари мумкин.
DV Лотереясининг талабларига жавоб бериш учун мурожаат этувчи ушбу лотереяда қатнашиши мумкин бўлган давлатлардан бири, шу жумладан, Ўзбекистондан бўлиши ва ўрта мактаб даражасига тенг маълумотга эга бўлмоғи керак.
DV Лотереясида ютгандан сўнг, виза олиш учун ушбу асосий ҳужжатлар талаб қилинади: виза аризаси, муайян клиникада тасдиқланган тиббиёт варақаси, жиноятчилик билан боғлиқ бўлмаган фаолият ҳақидаги сўров, маълумоти ҳақидаги ҳужжат. Виза ҳаражатлари учун ҳар бир кишига 330$ дан ҳақ олинади. Ушбу тўлов ўтган йили 819$ ни ташкил этганди.
Гарчи кўплаб компаниялар «Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар» лотереясига ариза топшириш бўйича ўз хизматларини таклиф этсалар ҳам, уларнинг хизматларидан фойдаланиш шахснинг лотереяда ғолиб бўлиш эҳтимоллигини ҳеч қайси йўл билан оширмайди. DV Лотереясида ғолиб бўлган шахс АҚШ Элчихонаси ёки Консуллик Бўлимига ўз виза суҳбати учун келгунига қадар, АҚШ Давлат Департаменти мазкур дастур бўйича ҳеч қандай тўловлар олмайди. Қўшимча маълумотларни АҚШ элхонаси сайтидан олишингиз мумкин.
Ўзбекистондан 2007 йили 910 киши Грин Кард асосида виза олган бўлса, бу рақам 2008 йили 2100 га, 2009 йили 2200 га, 2010 йили 3200 га, 2011 йили 3079 га етган. 2012 йилги Грин Кард дастури учун Ўзбекистондан 507 361 та ариза топширилган, шулардан 4800 таси (9%) лотереяда ютган. Уларнинг 3079 тасига виза берилган. (Қолганларига турли сабаблар туфайли виза берилмаган. Виза берилмаслигининг асосий сабаби дастур аризасида нотўғри маълумотлар келтирилганлигидир). 2013 йилги Грин Кард дастури учун Ўзбекистондан 654 327 та ариза топширилган, шулардан 5101 таси (8%) лотереяда ютган. Ўзбекистон 2011 йили DV Лотереясида энг кўп ютганлар сони бўйича 7-ўринда бўлган бўлса, 2012-2013 йилги дастурда 5-ўринни эгалламоқда. 2013 йилги DV Лотереяси натижаларига кўра, Украина биринчи ўринда (1 232 306 та ариза, 6424 ютуқ) бўлса, Нигерия (1 975 571 ариза, 6218 та ютуқ), Эрон (692 410 ариза, 6029 та ютуқ), Гана (1 056 032 ариза, 5105 та ютуқ) кейинги ўринларни эгаллаган.
4 октябрь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида журналистлар учун ўтказилган навбатдаги Пресс-гапда Консуллик бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Отто Вестхассел Грин Кард лотереяси ҳақида журналистларнинг саволларига жавоб берди.
— Грин Кард лотереяси ўйналадиган ойда бир қанча фирмалар аризани тўлдириш бўйича ўз хизматларини таклиф этадилар. Масалан, Самарқандда шу каби «виза агент»лари ишхоналар, маҳаллалар, ҳатто мактабларга бориб, DV лотереяси аризаси учун мижоз қидирадилар. Кўпчиликка маълумки, ариза берувчиларнинг аксарияти лотереянинг расмий сайтига кириб, у ердаги анкетани ўзлари тўлдира олмайдилар. Улар мана шундай фирмаларга мурожаат қиладилар. Лекин фирма агентлари лотерея тўлдирилганлиги ҳақидаги рақамни аризачиларга бермайдилар. DV лотереяси натижалари чиққанда эса «виза агентлари» ўзлари текшириб, лотереяда ғолиб бўлганларга қўнғироқ қилишади ҳамда кодни бериш эвазига аризачининг молиявий аҳволига қараб, 300$ дан 3000 $ гача «суюнчи» талаб қилишади. Мана шундай ҳолатнинг олдини олиш учун қандай чоралар қўлланиши керак? Ариза топширганлар шу ҳолатда Консулликка кодни олиш учун мурожаат қилсалар бўладими?
— АҚШ давлат департаменти DV лотереясини ҳар бир иштирокчи ўзи тўлдиришини ҳамда тўлдирилганлиги ҳақидаги рақамни сақлаб қўшишни тавсия этади. Бу йилдан DV лотереяси расмий сайтида аризада киритилган e-mail (агар ўша e-mail аризада кўрсатилган электрон почта билан мос келса) орқали рақамни топиш функцияси киритилди. Фирибгарларнинг қўлига тушиб қолмаслиги учун аризачилар ўз маълумотларини бошқаларга тақдим этмасликлари тавсия этилади.
— DV лотереяси аризасини ўзбек тилида тўлдириш мумкинми?
— Ариза фақатгина инглиз тилида тўлдирилади. DV лотереяси сайтида аризани қандай тўлдириш ҳақидаги маълумотнома ўзбек тилида ҳам тақдим этилган.
— Академик лицейнинг 3-курсида таҳсил олаётган талаба DV лотереяси аризасини тўлдириши мумкинми?
— Масалан, ариза топшираётган шахс ҳозир 3-курсда ўқимоқда. Кейинги йили ёзга у ўқишни битиради. Агар шу шахс кейинги йили май ойида лотереяни ютса, то виза олгани киргунча қўлида дипломи бўлади. АҚШ ўрта таълимига тенг келувчи ушбу диплом унга виза олиш учун асос бўлиши мумкин.
— Ўзбекистонликлар учун DV лотереяси лимити тўлиб қолмоқда, энди Ўзбекистон учун ушбу дастурда жой ажратилмайди, деган миш-мишлар юрибди. Бу қанчалик асосли?
— Ўзбекистон учун ушбу дастурда жой ажратилмаcлиги ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ. Одатда сўнгги 5 йил ичида АҚШга келган иммигрантлар сони 50000 дан ошган давлатлар учун Грин Кард ажратилмайди. Сўнгги беш ичида АҚШга келган ўзбекистонлик иммигрантлар сони 50000 дан ошган эмас.
— 2013 йилги DV лотереяси ғолиблари орасида қайси вилоят вакиллари етакчилик қилмоқда?
— Регионлар бўйича статистика юритмаймиз. Лекин, энг кўп DV лотереясини ютаётганлар самарқандликлар эканлигини айтишим мумкин.
Д.Т.: Эслатиб ўтаман, ўтган йилги «Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар – DV» (Грин Кард) Лотереясига бағишланган Пресс-гапда Консул Девид Мико қуйидаги фактларни тақдим этган эди: Ўтган йили “Грин Кард” ютганларнинг ўртача оилавий аҳволи 2,8 кишини ташкил этган. Ўртача ёш эса 30 дир. Улардан ўрта маълумотлилари 31%, коллеж маълумотига эгалари 35%, бакалаврлар 28%, магистрлар 5% ни ташкил этган. Ғолиб бўлганларнинг 63%и Самарқанд вилояти вакиллари бўлса, 28%и Тошкент шаҳри ва вилояти ҳиссасига тўғри келган. Бошқа вилоятлар кўрсаткичлари анча паст. Грин Кард орқали виза олганларнинг 74%и яшаш жойи сифатида Нью-Йоркни танлашган.
Давронбек Тожиалиев
Really i want win
Sayt ijodkorlari, juda tug’ri, haqqoniy ma’lumotlar beribsizlar, katta rahmat sizlarga.
ariza qanday topshirsa boladi