Ҳар ерда ҳозир, ҳар нарсадан хабардор. «Бекажон», 28.06.2013

Журналистларга ана шундай юксак таъриф берилади. Бугун ҳар бир дақиқамиз, сониямиз ахборот, маълумотларга тўла бўлган бир даврда журналистнинг фаолияти не чоғли муҳим ва шиддатли эканини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Касб байрами муносабати билан халқнинг назарига тушган журналистларга қуйидаги саволлар билан мурожаат этдик.

1.    Журналистикага қачондан кириб келгансиз?
2.    Журналистиканинг машаққати нимада?
3.    Фаолиятингиз давомида «Нега шу касбни танладим?» деб афсусланган пайтларингиз бўлганми?
4.    Касбингиздаги энг эсда қолган ёки сизни таъсирлантирган воқеани эслай оласизми?
5.    Касб соҳасида ўз мақсадларингизга эриша олдингизми?

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ – “Ziyouz.com,  ziyouz.uz” веб-сайтлари бош муҳаррири, “Олтин қалам” совриндори:
1.    Журналистикага 2001 йилда кириб келганман ва ўшанда айнан интернет журналистикаси билан шуғулланаман деб хаёлимга ҳам келтирмаганман. “Маърифат” газетасида мухбир бўлиб журналистлик фаолиятимни бошлаганман.
2.    Журналистиканинг машаққати журналистнинг холис ва мамнун қила оладиган фикрни айта олишда деб ўйлайман. Маълумки, бирон воқеада, албатта, икки томоннинг манфаати ётади, яъни бирёқлама фикр бўлмайди. Журналист ана шу икки томонни ҳам хафа қилмасдан уларга бирдек маъқул бўла оладиган фикрни айтиши, ифодалай олиши керак деб ҳисоблайман. Маҳмудхўжа Беҳбудий таълим берганидек  “Бир кишини тўғрисинда хат ёзилур экан, ўшал одамни ояндаги дўст ва ё душман, яхши ва ямон бўлиши ва аҳволини тағйир топилиши эҳтимолини ёдға тутиб, хулоса ҳар бир ишға дастуриламал ҳикмат бўлғон – «Хайрул умури-авсатуҳо» (Амалларнинг яхшиси ўртачасидир) ҳадиси шарифиға амал лозимдур”. Менимча, журналист ана шу ўрта йўлни танлаши керак. Касбимизнинг машаққати ҳам шунда. Бунинг учун эса журналист топқир ва билимли бўлиши керак деб ўйлайман.
3.    “Нега журналистикани танладим” деб сира афсусланмаганман. Чунки қайси касбни танламанг фидойи бўлиб, ўз ишингизни яхши кўрмасангиз, кўзлаган мақсадингизга ета олмайсиз. Сайт орқали қилаётган ишларим кимгадир маънавий озуқа бераётганидан, ўқишга иштиёқманд инсонларга кўмак бўлаётганидан мамнун бўламан.
4.    Яқинда сайтда ғарбнинг бузғунчи ғояларидан бири ҳақида «Harlem Shake: бемаънилик илдизи қаерда?» номли мақолам эълон қилингандан сўнг АҚШнинг энг катта сиёсий газеталаридан бири «Washington Post»да ушбу мақолага муносабат чоп этилиб, шов-шувга сабаб бўлди. Гарчи америкалик муаллиф мақолада жиддий хатоларга йўл қўйиб, бизнинг минг йиллик маънавий қадриятларимизга мос келмайдиган ҳаракатларни оқлашга ҳаракат қилган бўлса-да, унга изоҳ қолдирганларнинг уни инкор этиб, ziyouz.com да чоп этилган мақола ҳақида илиқ муносабат билдирганликлари мени мамнун қилди.
5.    2004 йилда интернет журналистикасига кириб келган бўлсам, ўшанда глобал тармоқда ўзбек тилидаги маълумотлар жуда кам эди. Мен ўзбек тилидаги ахборотга бўлган эҳтиёжни турли мақола ва маълумотлар билан қондиришни мақсад қилиб бу соҳани бошлаганман. Ўшанда веб-сайтимда ҳеч бўлмаса, мингта мақола жойлаштиришни режалаштиргандим. Бу мақсадимга икки йилда эришдим. Йиллар ўтиб, ахборот технологиялари фаолияти юксалгани, техника тараққий этгани сайин менинг ҳам мақсадларим катталашиб борди. Мен  ижтимоий тармоқ орқали фақатгина ахборот етказишни эмас, балки зиёли қатламнинг манфаатларига хизмат қилувчи, ўқувчига нафақат ахборот, балки маънавият ҳам улашишни сайтимнинг вазифаси этиб белгиладим. Менимча, бунга маълум даражада эришишга ҳаракат қиляпман. Ҳозирда сайтда 15 мингдан ортиқ мақола, 4000 га яқин электрон китоб жойлаштирилган ва у фойдаланувчиларга маъқул бўлмоқда.

http://ziyouz.com/rasmlar/bekajon.jpg

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *