Шарқшунос олим, шоир ва таржимон Маҳмуд Ҳасаний 1943 йили Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. Отаси Мирараб мадрасасини битирган олим, шоир ва фақиҳ зот бўлиб, элликка яқин китоб тасниф этган. Онаси ҳам ўз даврининг зиёли аёлларидан бўлиб, ёшлигидан ота-онаси ўқиган китоблар, отасининг илм аҳллари билан суҳбатлари асносида шарқ қўлёзмаларига қизиқиши ортган. Ўрта мактабни аъло баҳоларга битиргандан сўнг Тошкент давлат университетининг Шарқ факультети эрон-афғон бўлимига ўқишга киради. 1968 йили университетни тамомлаб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига кичик илмий ходим бўлиб ишга киради. Академик Убайдулла Каримов раҳбарлигида Бобурнинг хос табиби Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф ат-Табиб ал-Ҳаравийнинг тиббий рубоийлари ҳақида илмий иш олиб бориб, номзодлик диссертациясини ёқлаган. IX-XIX асрларда яшаган, форс тилида шеърий тиббий асарлар ёзган олимлар ҳақида докторлик ишини ёқлаган. Узоқ йиллар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари хазинаси мудири бўлиб ишлаган. 15 йил давомида Тошкент давлат Шарқшунослик институти магистрларига таълим берган. Ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти лойиҳа раҳбари.
Шу йили 70 ёшга кирган олимнинг табобат, одоб-ахлоқ, тасаввуф ва дин тарихи, ҳадис, фиқҳ, адабиёт, зироат, тарих ва бошқа мавзуларга оид 130 дан ортиқ китоблари чоп этилган. Яна бир қанча асарлари нашрга тайёрланмоқда.
Маҳмуд Ҳасаний тарих фанлари доктори, Турон фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
— Маҳмудхон ака, сиз узоқ йиллар раҳбарлик қилган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари хазинаси ҳақида маълумот берсангиз. Фонддаги энг қадимги, мўътабар ва ноёб манбалар қайсилар?
— Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди жаҳондаги энг катта қўлёзма манбаларидан биридир. Хива хони кутубхонаси тўлиқ ҳолда, Бухоро амири кутубхонаси, Бухоро амирининг қозикалони Садр Зиёнинг шахсий кутубхонаси ҳозирда шу ерда сақланади. 30-40 йил мобайнида институтимиз томонидан юртимизнинг турли ҳудудларига экспедиция уюштирилиб, аҳолида мавжуд бўлган ноёб қўлёзма асарлар сотиб олиниб, фондимизга келтирилган. Қўлёзмалар хазинасидаги энг қадимий манба терига ёзилган Қуръони каримнинг бир саҳифаси бўлиб, халифа Али розияллоҳу анҳу даврида кўчирилган. Энг қадимги тўлиқ китоб эса IX асрда кўфий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир. XX асргача минтақамизда яшаб, фаолияти юритган турли соҳа олимлари, шоирларнинг қўлёзма асарларининг аксарияти бизнинг фондимизда сақланади. Қўлёзмаларнинг умумий сони 26000 жилд бўлиб, уларда 100000 дан ортиқ рисолалар жамланган. Ҳозирда Германия давлати гранти асосида қўлёзмалар қайта рўйхатдан ўтказилиб, онлайн каталоги тузилмоқда.
— Турли даврларда ҳар хил сабабларга кўра қўлёзмалар хазинасидан йўқолган китоблар бўлганми? Китобларнинг йўқолишини олдини олиш, уларнинг сифатли сақланиши учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Қўлёзмалар фондидаги ҳар бир манба кўз қорачиғидек асралади. Ҳукумат қарори билан фонддаги баъзи китоблар республикамиздаги музейларга тақдим этилган. Қўлёзмалар фондига ўқувчилар киритилмайди. Фақатгина махсус хат орқали журналистлар киритилиши мумкин. Қўлёзмаларга шикаст етказмасликлари, йиртмасликлари учун қироатхона ходимлари ўқувчиларни доимий назорат қилиб турадилар. Нодир қўлёзмалар жавонидаги барча манбалар электрон версияси тайёрланган. Қироатхонадаги компьютерлар орқали уларни ўқиш мумкин. Хавфсизликни таъминлаш учун барча зарурий чоралар кўрилган.
— Ўтган асрда буюк қомусий олимларимизнинг кўп жилдлик асарлар тўпламлари ўрганилиб, таржима қилиниб чоп этилган. Ўтган давр мобайнида алломаларимизнинг фанга маълум бўлмаган бирқанча асарлари ҳам тадқиқ қилинди. Уларни тўлдириб, қайта чоп этиш режаси борми?
— Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий каби алломаларнинг айрим асарларигина ўрганилган холос. Уларнинг ҳар бири 500 дан ортиқ рисолалар ёзишган. Абу Райҳон Берунийнинг «Ал-осорул боқия анил қурунил ҳолия» («Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар») асари Ашраф Аҳмедов томонидан қайта нашрга тайёрланмоқда. Ибн Синонинг 6 жилдлик «Тиб қонунлари» асарини ҳам қайта тайёрлаб, 1-жилдини босишга бердик. Қолган жилдлари ҳам изоҳ ва қўшимчалар билан нашрга тайёрланмоқда. Абу Бакр Розийнинг баъзи асарларини Сурайё Каримова нашрга тайёрлади. Нажибуддин Самарқандийнинг «Мураккаб дориларни тайёрлаш усуллари» китоби чоп этилди.
— Ўтган йили Алишер Навоий асарлари қайта тадқиқ этилиб, аввал чиққан кўп жилдлик асарларда мавжуд кичик хатоликлар тўғриланиб, қўшимча ва изоҳлар билан ўн жилдда чоп этилди. Навоийнинг турли қўлёзмаларда қолган, лекин ҳали ўрганилмаган, фанга маълум бўлмаган асарлари ҳам борми?
— Навоий асарлари бизгача деярли тўлиқ етиб келган ва ўрганилган. Чунки Навоий жамоат ва давлат арбоби сифатида халқ орасида машҳур бўлиб, унинг китобларини котиблар томонидан кўп нусхаларда кўчирилган. Шоирнинг ўз шахсий кутубхонасида сақланган, ўша даврнинг машҳур хаттотлари Табризий, Ҳаравийлар томонидан кўчирилган, Камолиддин Беҳзод миниатуралари билан сайқал берилган Навоий асарлари ҳозир институтимизнинг қўлёзмалар хазинасида сақланмоқда. Шайбонийхон Ҳиротни қўлга олганда Навоий, Ҳусайн Бойқаро кутубхоналарини Самарқандга олиб келган, кейинчалик китоблар Бухорода Амир Олимхоннинг кутубхонасида сақланган. У ердан эса бизнинг қўлёзмалар хазинасига келиб тушган.
— Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кўп жилдлик мукаммал асарлар тўпламини чиқариш режаси борми?
— Бу иш билан адабиётшунос олимлар шуғулланишади. Бобурнинг тарихий, адабий асарлари кўп тадқиқ этилган. Лекин унинг фалсафий қарашлари ўрганилмаган экан. Яқинда Абдуқодир Зоҳидий томонидан унинг фалсафаси ҳақида илмий иш қилинди.
— Ўзингизнинг шахсий кутубхонангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Ундаги китоблар қандай йиғилган?
— Дадам раҳматлик китобга ўта ҳарис бўлганлар. Мирараб мадрасасида таълим олаётган энг яхши талабаларни Бухоро амирининг қозикалони Садр Зиё ҳар ойда бир марта қўй сўйиб чақирар, зиёфат сўнггида қатор-қатор ҳужраларда жойлашган катта кутубхонасини талабаларга кўрсатар ва ундан фойдаланишга рухсат берар экан. Отам ана шундай мажлисларнинг ҳар бирида қатнашганлиги туфайли китобга меҳри бўлакча эди. Дадам китоб учун ҳечам пулларини аямас, ноёб китобларни сотиб олаверар эканлар. Олган китобларини албатта ўқиб чиқиб, сақлаб қўярканлар. Отам доимий КГБнинг таъқибида бўлганликлари учун китобларини бировларнинг уйларидаги отхоналар, оғилхоналарда сандиққа солиб, сандиқ устидан ем-ҳашак тўшаб, беркитиб сақлар эдилар. Замон сал юмшагандан сўнг мен уларни йиғиб, каталог тузиб, қишлоқда катта кутубхона ташкил этганман. Лекин дадамнинг душманлари бундан хабар топиб, юқорига «Махсум домланинг Тошкентдаги ўғли келиб диний кутубхона ташкил этди» деб ёзиб беришган. Шундан сўнг тезликда каталогларни йиртиб ташлаб, китобларни яна эски жойларига яширишга мажбур бўлганман. Мустақилликдан сўнг китобларни яна йиғиб, халқ ёрдамида дадамиз яшаган ҳовлида катта иншоот қуриб, кутубхона маркази ташкил этганмиз. Ҳозирда фондимиздаги қўлёзма ва тошбосмалар сони 500 жилддан ошади, уларда 1000 дан ортиқ рисолалар жамланган. Махдум Восилий номидаги маънавий мерос маркази деб аталувчи зиё масканимиздаги китоблар асосида илмий ишлар ҳам қилинмоқда. Кутубхонамизда олимлар учун барча шароитлар мавжуд, ўша ерда истиқомат қилиб ишлашларига ҳам имкон мавжуд. Кейинги йилларда чиққан китобларни ҳам фондга қўшмоқдаман. Уларнинг сони 1000 га яқин. Яна Тошкентдаги шахсий кутубхонамдаги шарқшунослик, адабиёт, тарихга оид китобларни ҳам Марҳаматдаги марказга олиб бориб, фондни мунтазам тўлдириб боряпман.
— Устоз, ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб, болаларни илм ва китобга меҳрли қилиб тарбиялаш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
— Отам раҳматлик доимо китоб ўқирдилар. Китобларнинг фазилати, уламолар билан суҳбатнинг фойдалари ҳақида кўп гапирардилар. Шу сабаб менда ҳам илм олишга қизиқиш оиладан шаклланган. Мактабда ҳам фақат аъло баҳоларга ўқиганман. Устозларимиз ҳам илмга рағбатли бўлиб, доимо китоб ўқишга тарғиб қилиб, бизни муносиб тақдирлаб, илҳомлантирардилар.
Боланинг илм ва китобга меҳр беришига аввало ота-она, мактабдаги ўқитувчилар, шунингдек ёнидаги дўстлари сабабчи бўладилар. Оилада китоб ўқимайдиган ота-онанинг болаларидан китобсеварлар чиқиши қийин. Мунтазам китоб ўқимайдиган устознинг ўқувчиларида китобга муҳаббат бўлмайди. Дўстлари ўқимайдиган боланинг ҳам илмга рағбати суст бўлади.
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.
http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=5