Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,
“Ziyouz.com, ziyouz.uz” веб-сайтлари бош муҳаррири:
Ҳозирги глобаллашув жараёнида Интернет энг тез ривожланаётган оммавий ахборот воситаларидан биридир. Ахборот технологияларнинг жадаллик билан тараққий этиши Интернетнинг ахборот майдонидаги таъсирини оширди. У журналистиканинг алоҳида тармоғи бўлибгина қолмай бошқа оммавий ахборот воситаларини ҳам ўзида жамлагани билан ажралиб туради. Бу хусусият эса аудиториянинг ахборотга бўлган эҳтиёжни доимий таъминлаб туради.
Оммавий ахборот воситаларининг муҳим вазифаларидан бири инсоннинг маънавий эҳтиёжларига кўра маълумотлар тақдим этиш. Фаолиятимнинг кўпроқ қисми шу соҳага оид бўлиб, интернет орқали халқимизнинг кўп асрлик маънавий қадриятлари, маданиятини кенг тарғиб қилиш, миллий манфаатларимизни ҳимоялаш, ёшларни турли ахборот хуружлари, жумладан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асрашга қаратилган материалларни ўзим ташкил этган www.ziyouz.com ва www.ziyouz.uz сайтларида тақдим этиб бораман.
Интернетдаги ўзбекча маълумотлар бўшлиғини тўлдириш мақсадида 2004 йили «Зиё истаган қалблар учун» шиори остида сайт ташкил этган эдим. Ўтган давр мобайнида маълумотлар базаси кенгайиб, портал даражасига етган ушбу манбада ҳозирда 14000 дан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 3381 та электрон китоб (PDF, HTM, DJVU, MP3, JAR форматларида), ўзбек адабиётидан 1759 та насрий асар, жаҳон адабиётидан 465 та насрий асар, 600 дан ортиқ ижодкорнинг фаолиятига оид маълумотлар, ўзбек мумтоз шеъриятидан намуналар (124 ижодкор), замонавий ўзбек шеърияти намуналари (281 ижодкор), жаҳон шеърияти намуналари (246 ижодкор), 10000 дан ортиқ ўзбек мақоллари, 5000 га яқин жаҳон халқлари мақоллари, 265 та ҳикоят, 30000 га яқин ҳикматли сўз ва афоризмлар, 1500 та топишмоқ, 100 га яқин халқ эртаклари, юртимиз ҳақида 900 дан ортиқ фотосуратлар, 200 га яқин расмли табрикномалар ўрин олган.
Кунига порталга 5000-6000 фойдаланувчи ташриф буюради.
Инсон бу дунёга келдими, шу ҳаводан нафас олиб, шу тупроқдан неъматлар еб, шу халқнинг тарбиясини кўрдими, энди ўзи ҳам шу халққа нимадир хизмат қилиши керак, деб ўйлайман. Мен портални ташкил этаётганимда шуни ният қилгандим. Бугун хизматларим самараси ўлароқ «Олтин қалам» миллий мукофоти лойиқ кўрилганим учун халқимга, ота-онам ва устозларимга миннатдорлик изҳор этмоқчиман.