«Юртимиздаги 774 та масжидда хатми Қуръон ўқилмоқда»

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1374215995_muhammadnazar.jpg
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов билан суҳбат

Муҳаммадназар Қаюмов 1974 йили Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаган (1994-1998). Қоҳирадаги халқаро тадқиқотлар марказида малака оширган. Юздан ортиқ илмий ва маърифий мақолалар муаллифи. 1999 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилади. Ҳозирда Масжидлар бўлими мудири.

— Республикамизда нечта масжид фаолият юритмоқда? Улардан нечтаси жомеъ масжидлари?
— Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 2037 та масжид диёримиздаги мўмин-мусулмонларимизнинг диний эҳтиёжини қондириш мақсадида фаолият кўрсатиб келмоқда. Булардан 1919 таси жомеъ бўлиб, жума ва ҳайит  намозлари адо этилади, қолган 118 таси маҳаллий мақомга эга бўлиб, беш вақт намоз адо этиб келинмоқда.

— Ҳозирда юртимиздаги нечта масжидларда хатми Қуръон ўқилмоқда? Ўзбекистон мусулмонлари идораси хатми Қуръонларни ташкил қилишда қандай ишларни амалга оширяпти?
— Жорий 2013 йилнинг муборак Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 774 та масжидда хатми Қуръон бўлиши режалаштирилган.  Ҳозирда, яъни рамазон ойининг биринчи ўн беш кунлигида беш юздан зиёд масжидларда хатми Қуръон ўтказилмоқда. Хатми Қуръонлар барча ҳудудларнинг эҳтиёжига қараб таъминланди. Энг қувонарлиси, бу йил хатмга ўтаётган мингдан ортиқ мураттаб қорилар ўзимизнинг юртимиздан етишиб чиққан, ташқаридан қори таклиф қилишга эҳтиёжимиз йўқ.

— Авваллари қорилар сони жуда кам бўлиб, улар навбат билан бошқа масжидларда ҳам хатмга ўтишарди. Шу боис бўлса керак, 30 поралик Қуръони карим хатмлари 5-6 кундаёқ итмомига етар, бу ҳолат жамоатга оғилик қилиб, Қуръони каримни тадаббур билан тинглаш имкони кам бўларди. Сўнги йилларда бу борада қилинган ислоҳотлар ҳақида маълумот берсангиз.
— Хатми Қуръон ўтказиладиган масжидлар ва қорилар рўйхати марказлашган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими томонидан ишлаб чиқилган. Юртимиздаги мўмин-мусулмонларга, хусусан ёши улуғлар ва ишга борадиган фуқароларимизга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш мақсадида хатми Қуръонларнинг ўтказиладиган куни 15 кундан кам бўлмаслиги белгиланди, зиёдаси эса ихтиёрий равишда 20, 25, 27 кунлик қилиб тақсимланган. Бу ҳолат хатмга ўтувчи қориларни ва ихлос билан тингловчи мўмин-мусулмонларимизни ҳам хурсанд қилмоқда. Тошкент вилояти Занги ота туманидаги «Ислом нури» масжидида бўлганимда 94 ёшга кирган Илёс отанинг тик турган ҳолида хатми Қуръонга иштирок этаётганлигига ўзим гувоҳ бўлдим. Отахон шундай табаррук ёшга етган бўлса-да, хатми Қуръонга қатнаётганига шукрона айтиб, 15 кунликдан кам бўлмаган хатм кўпчиликка маъқул бўлаётганини таъкидлаб, ўз ташаккурини билдирди. Хулоса қилиб айтганда, мўмин-мусулмонлар масжидларда яратилган шарт-шароитлардан, хусусан, тинчлик-хотиржамликда ўзларининг ибодатларини тўла-тўкис адо этаётганлигидан мамнун эканлигини изҳор қилишмоқда.

— Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар бўлими кўмагида масжидлар таъмири, янги масжидларни ташкил этиш борасида қандай хайрли ишлар амалга оширилмоқда?
— Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йили мақсадли равишда янги барпо этилаётган ёки таъмирталаб масжидларга моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ўтган 2012 йилда 14 та масжид янгидан барпо этилди, йигирмага яқин масжидларга моддий ёрдам ажратилди. 2013 йилда 27 та масжид янгидан қурилмоқда,  124 та масжидда эса капитал таъмир ишлари олиб борилмоқда.

— Масжидлармизда кадрлар масаласи қай ҳолатда? Имом, ноибларнинг қанчаси олий диний маълумотга эга?
— Масжидларда кадрлар масаласида жиддий муаммолар йўқ, имом-хатибларнинг беш юздан зиёди, яъни 25%и олий маълумотли кадрларни ташкил қилади, қолган 75%и эса ўрта маълумотга эгалар.

— Келгусидаги режалар ҳақида маълумот берсангиз?
— Юртимизнинг барча жабҳаларида кузатилаётган ислоҳотлар каби диний жабҳада ҳам замон талабига мувофиқ, ислоҳотларни босқичма-босқич олиб бориш.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=10

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *