Исломда қарз олди-берди муомаласи

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1375531446_rahmatulloh_qori.jpg
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов билан суҳбат

Раҳматуллоҳ қори Ҳабибуллоҳ ўғли 1975 йил 18 май куни Сурхондарё вилоятининг Музробот туманида таваллуд топган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасасини ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини (1995-1999) тамомлаган. Имом Бухорий халқаро марказида малака оширган. Шайхонтоҳур туманидаги “Оқ тунукали” масжидида имом-хатиб, Юнусобод туманидаги “Мирзо Юсуф” жомеъ масжидида ноиби, имом, “Юнусобод Оқтепа”  жомеъ масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият олиб борган.
2001-2003 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида дарс берган. 2003 йил Эрон Ислом Республикасида ўтказилган ХIX Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этган.
2003 йилдан буён Шайхонтоҳур туманидаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
Унинг илмий-ижтимоий, диний-маърифий мавзудаги 60 яқин теле ва радио эшиттиришлари эфирга узатилган, 500 га яқин мақолалари, “Ҳалол савдо касбларнинг яхшиси” номли китоби чоп этилган. Жума мавъизалари жамланган 10 та СD албоми чиқарилган.
Раҳматуллоҳ Сайфуддинов 2011 йилнинг “Энг намунали имоми”, 2012 йилнинг “Энг фаол имом хатиби” кўрик-танловлари ғолиби.
Шахсий веб-сайти: www.mehrob.uz

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Қуръон ва Суннатга кўра, қарз ва унга вафо қилиш иймон аломатларидан, унинг шўъбаларидан биридир. Бунинг ҳикмати нимада?
— Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларнинг ҳаммасини ҳар хил микдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Одамларнинг турли қабила ва элатларга бўлиниши уларнинг бир-бирлари билан танишиб дўст бўлишлари учун бўлганидек, мол-дунёларнинг турли миқдорда бўлиши ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ўзаро ёрдам беришлари учундир. Қайси кишига қандайдир одамларнинг ҳожати тушиб турган бўлса, Аллоҳ таоло унга кўп яхшиликларини хоҳлаган бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
“Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар”. (Бақара сураси 245-оят)
Ушбу оятда яхшилик йўлида, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк Аллоҳ таолога қарз бериш сифатида баҳоланмоқда. Шу боис ҳам динимизга кўра садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат эҳтиёж соҳибларигагина берилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар:
“Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади) – деган ёзувни кўрдим. Шунда эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади? – деб сўрадим. У айтдики: Чунки, садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади” – деб марҳамат қилганлар. (Табароний ривояти).

— Ислом динида инсонлар орасидаги молиявий муносабатларни тартибга солишда ҳам кўрсатмалар келган. Қарз олди-берди муомаласида ҳар икки тараф учун қандай талаб ва масъулиятлар юкланади?
— Қуръони каримда шундай дейилади:
“Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздаи бирор муддатга қарз олиб, карз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!”. (Бақара сураси 282-оят)
Қарз олди-бердиси ўта муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нозик масалалардан саналади. Шу боис динимизда бу масалага жиддий маънода ёндашилган. Маиший турмушга оид бўлган бу масала ҳатто Қуръони каримдан тўлиқ бир саҳифани эгаллаган. Қуръондаги энг узун оят ҳам дайн ояти деган ном билан машҳур бўлган мазкур оят бўлиб, унда қарз муомаласининг зарурий жиҳатлари ва одоблари баён қилиб берилган. Шунинг ўзи ҳам қарз олди-бердиси нақадар нозик ва муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Шундай экан қарз олди-бердиси, қарз шартномаси тузаётган кишилар унинг шаръий одоб ва қоидаларига риоя қилишлари лозимдир. Акс ҳолда инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат ришталари парчаланиб, жамият биноси емирилиш хавфи остида қолиши муқаррардир.
Қарзни фақат унга муҳтож бўлганда олиш, олганда ҳам уни ўз вақтида қайтариш шарт. Ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарз олди-бердиси шартномасини гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ ҳамда юқоридаги оятда айтилганидек Аллоҳнинг буйруғидир. “Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга карз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!” (Бақара сураси 282-оят).
Мазкур буйруқни баъзилар вожиб маъносида талқин қилсалар, бошқалар уни тарғиб маъносидаги буйруқ деб айтадилар. Шунга кўра қарз муомаласини гувоҳлар билан ёзиб қўйиш энг камида мустаҳаб бўлиб, бунинг учун киши қўшимча ажру савобларга эга бўлади. Қолаверса, инсонларни яратган Зот уларнинг барча ҳолатларидан, табиатларидан ва аҳволи руҳияларидан ҳаммадан кўра ҳабардоррокдир. Ўша Зот қарз муомаласини ёзишга буюраётган экан, бунда бир ҳикмат борлиги шубҳасиз. Қарзни гувоҳлар орқали ёзиб қўйиш молларимизни офатдан ҳимоя қиладиган кучли восита ҳисобланади. Зеро, ўзи танийдиган одамлар гувоҳлигида қарз олгани ёдида турар экан киши бундан тонишдан одамлардан андиша қилади.
Шунингдек, қарзни олгач қайтармаслик, ёки умуман илкбошдан қайтариш мақсадида бўлмаслик, шунингдек, бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни тушириш, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш улкан гуноҳлардан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади” – дейилади.
Бошқа ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:
Маъноси: “Кимки, ичида вафо қилиш истагида қарз олсаю сўнгра (қарзини узолмай) вафот топса, Аллоҳ ундан бу ҳолатни кечиради ва Ўзи истаганидек карз эгасини рози қилади. Кимки, вафо қилиш истагисиз қарз олса, сўнгра ўлса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унга қарз берган одам учун ундан ўч олиб беради ” (Ҳоким ва Табароний ривоятлари).
Демак, қарзини узишга қодир бўлиб, уни адо қилмаса гуноҳкор бўлар экан.

— Қарз беришнинг қандай одоб ва талаблари мавжуд?
— Ҳар қандай сўровчига ва турли эҳтиёж учун ҳам қарз беравериш тўғри келмайди.
Қарз берганда аввало, бировнинг оғирини енгил қилиш билан Аллоҳнинг розилигини топишни мақсад қилиш лозим. Зинҳор қарз бериш орқали мўмай даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Сўдхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киради. Қарз берган киши қарзини ҳадеганда қистайвермаслиги, иложи борича имкониятлар яратиб бериб вақтини чўзиб бериши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Кимки камбағалнинг қарз узиш муддатини узайтириб қўйса ёки кечиб юборса, ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя ато этади”. (Термизий ривояти).
Қарз берган инсон қарзини сўрашда олийжаноблик ва бағрикенглик билан сифатланиши ғоятда мустаҳаб ва савобли ишлардан ҳисобланади. Ҳадисда “رحم الله رجلاً سمحاً إذا باع وإذا اشترى وإذا اقتضى” яъни: “Сотганда, харид қилганда ва (қарз ва ҳоказони) талаб қилганда олийжаноб бўлган кишига Аллоҳ марҳамат кўрсатсин!”(Имом Бухорий ва Ибн Можа ривояти), дея қўли очиқ, саховатли ва кенгбағир киши ҳаққига дуо қилинган. Ана шундай олийжаноб, марҳаматли инсонга Аллоҳ ҳам марҳамат кўрсатади. Қарздорга нисбатан олийжаноблик ва илтифот турли кўринишларда бўлиши мумкин, масалан, сотаётган нарсасининг нархини тушириш, агар кимгадир насияга нарса берган бўлсаю, тўлаш вақти кирган бўлса ҳам қаттиқ талаб қилмасдан бироз ташлаб қўйиш каби кўринишларда ўз ифодасини топиши мумкин. Бу ишлар динимизда мандуб ва марғуб саналган ишлар сирасига киради.
Ҳадиси шарифларда зикр қилинишича, бурунги қавмларда нафсига кўп зулм қилган, гуноҳкор бир банда бор эди. У вафот этиб, ҳисоб-китоб қилинганда биронта ҳам савоби топилмади. Ундан: “Бирон эзгу амал қилганмисан?” дея сўралди. У: “ҳеч қандай яхши амалим йўқ, лекин одамларга кўп қарз бериб турардим. Ва йигитларимга (ходимларимга) “имконияти бор одамга нисбатан мурувватли ва бағрикенг бўлинглар, қийналиб қолган одамга эса муҳлат беринглар (бир ривоятда “қийналиб қолган одамнинг қарзини кечиб юборинглар”)”, дер эдим, – деди. Шунда Аллоҳ таоло “Биз бундай (олийжанобликка сендан кўра) ҳақлироқмиз” деди ва унинг гуноҳларини кечиб, мағфират қилди. (Имом Муслим ривояти).
Агар қарздор қарзини уза олишга умуман кўзи етмаса, қарз берган киши қарзидан кечиб юбориши улуғ савобли иш бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
“Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир”. (Бақара сураси 280-оят)
Шундай экан қарз олувчилар ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини яхши билмоқлари билан бир қаторда бир-бирларига нисбатан мурувватни унутмасликлари керак.

— Қарзга вафо қилмаслик жамиятни емирувчи касалликлардан биридир. Динимизда бу масалага қандай муносабат билдирилади?
— Бугунги кунда қарз олиб, уни ўз вақтида қайтариб беролмай юрганлар ҳам учраб туради. Қарзини узишга етадиган моли бўла туриб уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Бадавлат кишининг (қарзини, омонатини ва бировларнинг ҳаққини беришда) кечиктириши зулмдир. Агар (камбағал киши) пулдор кишидан қарзини бериб юборишини талаб қилса, қабул этсин”.
Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳ таоло наздида Аллоҳ наҳий қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у зотга рўбарў бўлишидир”.
Демак, бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишидан оғир нарса йўқлигини ушбу ҳадисда баён қилинди.
Шунинг учун ҳам жаноза намози олдидан маййитнинг қарзи бор йўқлиги сўралади. Кимдир унинг қарзига кафил бўлгандан кейин жанозасини ўқиш суннат амаллардан бўлиб қолган.
Шуларни эътиборга олиб, қарз олиш ва қарз бериш одобларига риоя қилинса ҳамда оғзаки гап билан қаноатланиб қолавермасдан ҳар икки томоннинг хотиржамлиги учун ояти каримада кўрсатилганидек қарз миқдори ва муддатларини ёзиб қўйишга одат қилинса, ҳеч қачон кўнгилсиз ҳолатлар юз бермайди.
Ўз одобларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилган қарз олди берди муомаласи жамиятга катта манфаат етказади. Одамларнинг ҳожатлари ўзаро ҳамкорлик асосида раво топади. Бу муомала Аллоҳ таолонинг “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, бир-бирингизга кўмак берингиз” (Бақара сураси), ояти каримаси мазмунига ҳам дохилдир.

—  Биздаги қарз олди-берди, молиявий муомалаларда бир қанча камчиликлар мавжуд. Кўпинча қарзлар ҳужжатлаштириб қўйилмайди. Кичик миқдордаги муомалалар эса унутилади ёхуд қарз сифатида кўрилмайди. Оқибатда бировнинг ҳақи эсдан чиқарилади. Баъзида шундай ҳолатлар бўладики, бозор ёхуд дўконларда сизга қарз берган ҳақдорни топишнинг имкони бўлмай қолади. Шундай ҳолатларда нима қилиш керак?  
— Мабодо қарздор узоқ вақт ўтиб, ёки манзил ва ҳоказолар ўзгаргани туфайли қарз эгасини тополмай қолса, бу ҳолатда қарздор омонат эгасини астойдил қидириши лозим. Ўзини топа олмаган тақдирда ҳам, у билан алоқада бўлиши мумкин бўлган таниш-билиш, қариндош-уруғлари орқали топишга ҳаракат қилади. Имконидаги бор куч-ғайратини сарфлагандан сўнг ҳам топиш имкони бўлмаса, бир йилча кутади ва ундан кейин ўша пулни қарз эгасининг номидан хайр-эҳсон қилиб юборади. Лекин, шундан кейин маълум вақт ўтгач, омонат эгаси келиб қолиб, пулни талаб қилса, уни тўлаб бериши лозим бўлади. Аввалига уни тополмагач, ўша пулни унинг номидан садақа қилиб юборганини тушунтиради, агар қарз эгаси шунга рози бўлиб, пулни талаб қилмаса, нур устига нур. Бордию, талаб қилса, пулни тўлаб беришга мажбур. Агар пул эгаси умуман топилмаса, унинг номидан қилинган садақа туфайли қиёмат кунида қарздор ўз қарзидан қутулган бўлади, валлоҳу аълам.
Агар бировнинг омонатини омонат эгаси ғойиблигида Аллоҳ розилиги учун яхши сақлаб, ўстириб, тижоратда айлантириб, кўпайтириб турса, ва омонат эгаси топилиши билан ўша кўпайган фойдалари билан берса, бу жуда ҳам фазилатли ва савоб амаллардан ҳисобланади.

— Қарз бераётганда унинг миқдорини ўша кунги нарҳдаги бирон маҳсулот, ёки валютага бичиб қўйса бўладими? Агар қарз ҳужжатлашуви пайтида бундай келишув бўлмаган бўлса, узоқ муддатдан сўнг қарз қайтарилганда инфляция ҳисобга олинадими?
— Қарз бераётган вақтда бир валютада бериб, бошқа валютага бичиб қўйиш дуруст эмас. Лекин бошқа кўринишларда дуруст бўлиши мумкин. Мисол учун бир киши бошқа кишига бир ой муддатга 1000 000 сўм миқдорда қарз беради ва муддат тугаб қарздор пулни тўлашга келганда ёнида ўша олган валюта эмас, бошқа валюта бўлади ва у ўша бошқа валютада қарзини тўламоқчи бўлади. Мана шу ҳолатда бошқа валютада қарзни тўлаш мумкин, фақат ўша кунги яъни қарз адо қилинаётган кунги курс бўйича ҳисоб қилинади. Агар ўша куни 1000 000 сум, мисол учун 500 доллар бўлса, 500 доллар бериши мумкин. Лекин пулнинг қадрсизланиш баҳонаси билан қарз бераётган вақтда бошқа валютага бичиб қўйиш нотўғри. Чунки, одатий инфляция бу ишга сабаб бўлмайди. Зеро, одатда ҳар қандай  валюта қадрсизланиб туради. 20-30 фоизгача миқдордаги қадрсизланиш норма ҳисобланади. Ундан кўра аввал бошданоқ ўша бошқа валютада қарз бергани афзал. Ёки бўлмаса юқоридагидек, қарзни тўлаш вақтида икки томон розилиги билан бошқа валютада лекин ўша кунги курс бўйича олса ҳам бўлади. Акс ҳолда эса муомалага рибо аралашиб қолиш хавфи пайдо бўлади, валлоҳу аълам. Шуни ҳам эслатиш жоизки, қарз берувчи инфляцияни эмас, бировнинг ҳожатини чиқариш, ёрдам бериш ва қалбига хурсандчилки олиб киришни, ухровий савобни биринчи ўринга қўйиши мақсадга мувофиқдир. Қарз беришга бериладиган савоб мана шунинг учун ҳам садақага бериладиган савобдан буюкроқ бўлади.

— Қарзнинг закоти қандай бўлади? Ҳали қайтарилмаган қарздан закот чиқариладими?
— Қарзнинг закоти фиқҳ китобларида ёритилган молиявий муносабатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Кишининг ўзга кишига берган қарзи одатда қуйидаги икки хил ҳолатнинг бирида бўлади: Қарздор қарзни тан олувчи, тўлашга имконияти бор, омонатдор одам бўлади. Ёки қарз тўлашга қийналиб қолган ёки атайин қарзни бермай чўзиб юрадиган ёхуд қарзини умуман тан олмайдиган инсон бўлиши мумкин. Демак, эгасига қайтиш имконияти жиҳатидан қарз икки хил бўлади: тўланишига умид мавжуд бўлган қарз, тўланишидан умид узилган қарз. Биринчи ҳолатда яъни адо қилинишига бўлган умид кучли бўлган ҳолатда ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра мазкур қарзнинг закоти эгасининг зиммасида вожиб (яъни фарз). Чунки, бундай қарз эгасининг мулки ҳисобланади. Лекин бу молнинг закоти то ўша мол қарз эгасининг қўлига қайтиб тушмагунча чиқарилиши шарт эмас. Зеро, ҳали қайтиб олинмаган молдан фойдаланилмайди. Қачон қарз қайтиб олинса, закоти адо этилмаган ҳар йил учун закот чиқарилади.
Ушбу масаланинг ўзига мазҳаб имомлари турлича ёндашадилар. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуфларга кўра, ҳатто тижоратда синиб қолган қарздор ҳам, бордию қарзни тан олса ва имкониятим бўлиши билан тўлайман деётган бўлса ундаги қарзнинг ҳам закоти вожиб бўлади, лекин юқорида айтилганидек, унинг закоти то мол адо қилинмагунча чиқарилмайди. Уларнинг фикрича, муфлис (банкрот бўлган) одам ҳам ишлаб, ҳаракат қилиб, ёки бировдан қарз олиб қарзини тўлаши мумкин. Шу боис бундай қарз Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфлар наздида умид қилинадиган қарзлар сирасига киради ва қарз эгасининг қўлига  қарзнинг умумий миқдоридан қанча пул тегадиган бўлса ҳам уни ўзининг бошқа моллари ҳисобига қўшиб закотини чиқаради. Бордию, унинг бошқа моли бўлмаса, нисобга етадиган миқдорда қўлига тегиши билан закотини чиқараверади.
Имом Муҳаммад ҳамда Ҳасан ибн Зиёдга кўра банкрот бўлган одамдаги қарз молидан закот чиқарилмайди. Чунки, бундай мол йўқотилган ва фойда келтирмайдиган мол ҳисобидадир. Шунингдек, қарзини тан олмайдиган, қаллоб одамларнинг ҳузуридаги қарздан закот чиқариш вожиб эмас. Мабодо мана шундай қайтиши умид қилинмайдиган қарз бир неча йилдан сўнг қайтарилса ўша қайтарилган йилдан бошлабгина закот чиқарилади. Чунки, бундай мулк ўша йиллар давомида эгасининг қудрати остидаги мулк ҳисобланмаган. Бу худди молни бирор ерга кўмиб қўйиб, кейин кўмилган жойи эсдан чиқарилган мулкка ўхшайди. Бундай мулкнинг закоти ўша кўмилган жойи эсга келиб, ёки тасодифан топиб олинган вақтдагина ўша вақтдан бошлаб берилади.
Шуни айтиш жоизки, мабодо бирор инсон молиявий имконияти бор ва омонатдор инсонга қарз берган бўлса, ҳали ўша қарзини қайтариб олмаган бўлса ҳам ўзининг бошқа моллари ҳисобига қўшиб закотини чиқариши фарз ёки вожиб бўлмаса ҳам фазилатли, савобли ва нур устига нур бўлган ишдир, валлоҳу аълам.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=16

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *