Қобилжон қори Тошпўлатов 1963 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) шарқшунослик факултетини (1986-1991) ва Мисрнинг Ал-Азҳар университетини (1993-1995) тамомлаган. Президент Девони ҳузуридаги Оила ва жамият қурилиши академиясининг маърифат ва маънавият бўлимида таҳсил олган. Тошкент шаҳар ҳокимиятида маърифат, маънавият ва дин ишлари бўйича бош мутахассис, «Камолиддин Ориф ал-Бухорий» жомеъ масжидида ноиб имом бўлиб ишлаган. Ҳозирда «Муҳаммад Носир ҳожи» жомеъ масжиди ноиб имоми. У «Ҳидоят сари» кўрсатувига бошловчилик қилган. Маънавий-тарбиявий йўналишдаги 10 дан ортиқ CD-дисклари чиқарилган.
— Мусулмонликни емирадиган энг ёмон иллатлардан бири бўлган мунофиқликнинг маъноси нима?
— Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш “Нифоқ” сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши бошқача нарсага айтилади. Халқ тили билан айтганда тили бошқа-ю дили бошқа инсонларга мунофиқлик нисбати берилади.
Журжоний нифоқни тил билан иймонни изҳор қилиб дилидаги куфрни беркитишдир, деб таъриф қилган. Яъни сиртидан мусулмонликни даъво қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка мунофиқлик дейилади. Исломга мансублигини ошкор қилиб, баъзи амалларда эътиқоди бузуқ бўлган кишиларни ҳам мунофиқ дейилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, вафо қилмайди ва омонатга хиёнат қилади», деганлар.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқ худди икки қўра орасида сарсон бўлган қўйга ўхшайди. Ҳали унисига сарсон бўлади. Ҳали бунисига сарсон бўлади» — дедилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида мунофиқнинг ҳолини жонли мисол билан васф қилиб бермоқдалар. У зот мунофиқни икки қўра орасида қай бирига қўшилишини билмай сарсон бўлиб юрган қўйга ўхшатмоқдалар.
Ҳа, мунофиқ худди қўйга ўхшаб ё мусулмонларга, ё кофирларга қўшила олмай сарсон бўлиб юрган кимсадир. Аллоҳ таоло ўшандоқ бўлишдан ўзи асрасин. Ҳақиқатан ҳам шундай одамларни кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлганмиз. Ҳузуримизга келганда эгилиб, букилиб, жами яхши сифатларимизни оғзи тўлдириб гапириб, сўнгра орқамиздан бўҳтон, фитна фасод тарқатаётганларини эшитиб ҳайрон қоламиз. Буларнинг дўстлигини ҳам душманлигини ҳам билмаймиз.
Салафи солиҳлардан бирлари айтган эканлар: «Жанг майдонида душмандан қўрқмайсан, шахдам қиличингни яланғочлаб борасан, негаки кўз ўнгингда турган душманинг аниқ. Аммо мунофиқдан қўрқасан, чунки, унинг дўстлигини ҳам дўшманлигини ҳам билмайсан. Саломингга алик олганда бағрига босиб йиғлаб кўришган одамнинг бир икки дақиқадан сўнг ортингдан отиб турган тоши оғриқлари юрагингга етиб боради. У мисоли об-ҳавога ўхшаб ўзгариб туради».
Халқимизнинг хизматида бўламиз. Эҳсон тўй-маъракаларда қатнашамиз. Соҳиби эҳсон олдида дуога қўл очиб, дунёдан ўтиб кетган хешу ақраболари ҳпқига ҳам йиғлаб дуо қиладилар. Кўчага чиққандан сўнг «бу эҳсонга кетган ҳаражат, дастурхон устига қўйилган нозу неъматлар ҳалол пул эвазига келмаган, унинг муттаҳам, ўғрилигини биламиз-ку», деган одамларни ўз кўзимиз билан кўрганмиз.
Тил билан иймон изҳор қилиб, дилидаги куфрни беркитиб сиртдан мусулмон бўлиб, аммо унинг зиддини қилиб юрган инсонларни ҳам учратамиз. Издиҳомларда дастурхонлар атрофида ўтириб қоламиз. Баъзилар маросим учун ҳозирланган таом ниманинг гўштидан тайёрлангани, сўйилган жонлиқ Бисмиллоҳ айтиб сўйилганлигини суриштириб, ўзларини жуда тақводор, парҳезкор қилиб кўрсатадилар-у, ҳеч ким кўрмайдиган жойда тўнғизнинг терисини шилмай ҳазм қилишдан ҳам хазар қилмайдилар. Буларни ким деб аташ мумкин?
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизга қарши қурол кўтарса, биздан эмасдир. Ким бизга нисбатан алдамчилик қилса биздан эмасдир дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Алдамчилик ҳам мунофиқликнинг кўзга кўринган сифатларидан биридир. Бу ишни қилганлар эса мусулмон умматидан бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг ўзи бу ишдан асрасин!
— Мунофиқликдан сақланиш йўллари ҳақида динимиз қандай таълим беради?
— Мўмин киши катта ва кичик мунофиқликка олиб борувчи ҳар бир нарсадан ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақлангандек сақланмоғи керак.
Инсон Аллоҳ таолонинг зикрини тез-тез қилиб турса, қалби юмшайди, ундаги кирлар тозаланади. Худди темирнинг занги бўлгани каби қалбнинг ҳам занги бўлади. Юракнинг зангини тўкиб, уни ярқиратадиган энг яхши муолажа Қуръони карим, ҳадиси шариф ва шариат аҳкомларидан хабардор бўлиш, мудом Аллоҳга истиғфор айтишдир. Шунингдек ҳар бир банда ўзини ўзи сарҳисоб қилмоғи, қилган хатоларидан тўғри хулоса чиқармоғи зарур. Ҳар бир амал олдидан унинг шариатга мувофиқлигини фикр қилган, натижаси ҳақида ўйлаган инсон мунофиқлик кўчасига кирмайди.
Бухорийдан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в): «Мўмин одам бир кавакдан (чиқиб чаққан илоннинг) иккинчи бор чиқмоғига йўл қўймас!» — деганлар. Шундай экан, мунофиқликнинг ёмонлигини билган ҳар бир инсон, қайтиб унинг заҳарли домига илинмаслиги лозим. Яна Расули акрам (с.а.в): «Мўмин мўминнинг ойнасидир» деганлар. Дўсти, яқинларида ёмон иллатларнинг бошланишини кўрган биродарлар бир-бирларини огоҳлантириб туришлари исломий одоблардандир.
— Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бўлган риё ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— “Риё” кўз билан кўриш, назар солиш ва одамлар кўрсин деган маъноларни англатади.
Ибн Ҳажар Асқалоний риёни қуйдагича тарифлайди: «Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир».
Тоҳанавий эса қуйидагича таърифлайди: «Риё яхшиликни бошқалар кўрсин учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди».
Тавҳид ақидасини лозим тутган мусулмон инсон мазкур нарсаларнинг барчасидан халос бўлишга ҳаракат қилади. Аммо унинг махфий ширк хасталигига чалиниш эҳтимоли бор. Бу хасталикнинг номи риёдир. Ўз амали ила холисона Аллоҳ таолонинг розилигини истамаган риёкор ҳалокатга учраши баёни очиқ-ойдин далиллар билан келган.
Аллоҳ таоло “Бақара“ сурасининг 264-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди, устига жала ёққанда (тупроқ ювилиб) сип силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят қилмас».
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Жуббул ҳазандан Аллоҳнинг паноҳини сўранглар” – дедилар. “Эй, Аллоҳнинг расули, жуббул ҳазан нимадур?” – дейишди. “Жуббул ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз маротаба паноҳ сўрайдилар” – дедилар. “Эй, Аллоҳнинг расули унга кимлар киради?” – дейишди. “Амаллари ила риё қилувчи қорилар“ дедилар.
Юртимизда чиройли овозга эга, мужаввид қорилар кўп. Қуръон ёдлаган хофизи Қуръон яхши билиши керакки, фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундоқ қилибди, бундоқ қилар экан деган олқишлар гирдобига тушиб қолмасдан, фақат Аллоҳнинг розилигини топиш учунгина Қуръон ўқиш керак экан. Аллоҳнинг каломини ўқиш ҳам ният ва ихлос билан бўлмаса, риёкорлик учун бўлса, қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Маросимларимизда маъруза қиладиган айрим воизларни ҳам кўрамиз. Улар ҳаддан ташқари эҳтиросларга берилиб, баъзида риёга йўл очишади. Баъзи пайтларда хизматимиз тақозоси билан издиҳомларда иштирок этамиз. Соҳиби эҳсон олдимизга келиб «қори ака, сиздан илтимос, уч маротаба ҳаж сафарига бориб келганимни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтсангиз», деган мурожаатларини эшитамиз. Бунинг замирида риё ётганлигини фарқига боришармиканлар. Масжидларимизга эҳсон садақалар топширишади. Тушунган ака-укаларимиз «қори ака, номимизни эълон қилишингиз шарт эмас, Аллоҳ билса бўлди» – дейдилар. Аммо шундай инсонлар борки, қилган садақасини жамоатга эълон қилмай номини тилга олиб дуо қилмаганимиз учун сизни сўкишгача боради. Кўпчилик уламоларнинг фикрича, фарз садақаларни – закот, ушр ва садақайи фитрларни очиқ бериш, қолган нафл садақаларни эса яширин берган афзалдир. Аммо бунинг моҳиятини кўпчилик тушунмайди. Билиб билмай риёкорлик кўчасига кириб қолганини ўзи ҳам сезмаслиги мумкин.
— Риёнинг шаръий ҳукми қандай?
— Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми, деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор.
1) Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, ҳаж ила риёкорлик қиладиган банда осийдир. Чунки у ўз риёси ила Аллоҳдан ўзгани қасд қилади. Ҳолбуки ибодатга сазовор ягона зот Аллоҳ таолонинг ўзидир.
2) Риё ибодатдан бошқа нарсада, масалан, мол талаби каби нарсаларда бўлса ҳаром бўлмайди. Чунки бу иш одамлар қалбида жой олмоқликни исташдан иборатдир. Юсуф алайҳиссаллом ҳам подшоҳ ҳузуридаги амални ўзлари талаб қилиб олганлар. Обрў кўп бўлса ҳам, уни ҳаром дея олмаймиз. Лекин обрў ўз эгасини ножоиз нарсага бошламаслиги шарт. Аммо талабига ҳирс қўйилмаган ва завол бўлганда ғам-ғуссага ботмайдиган обрў қанча баланд бўлса ҳам зарар қилмайди.
3) Яхши кийиниш ҳам одамлар ҳузурида гўзал кўриниш учун бўлади. Шунингдек, чиройли кўриниш учун қилинадиган бошқа ҳаракатларнинг барчаси ҳам ман қилинган дея олмаймиз. Бунда мақсадлар турлича бўлади. Кимдир ўзига паст назар билан қаралишини истамайди. Кимдир берилган неъматни изҳор қилиш ниятида бўлади.
— Риёдан қутулиш йўллари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Риёнинг муолажаси икки турли бўлади. Биринчиси – унинг асл томирларини қўпориб ташлаш. Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш. Риёнинг тафсилоти уч нарсага бориб тақалади.
1) Мақтов лаззати, муҳаббати.
2) Танқидни қабул қила олмаслик.
3) Одамлар қўлидаги нарсага таъмагирлик қилиш.
Мана шу юқоридаги зикр қилинган тафсилотларга амал қилиб, хушомад, асоссиз мақтовлар гирдобига тушиб қолмасдан, хатоларимиз айтилиб танқид қилинсак, таъмагирликдан ўзимизни тўхтатсак, қилаётган амалларимиз холис Аллоҳ ризолиги йўлида бўлса, риё балосидан қутулган бўламиз, иншааллоҳ.
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.
http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=15
Аллоҳим, ўзинг бизларни риёдан сақлагин. Амалларни холис сен учун қилишимизга ўзинг бизларга мадад бер.