Никоҳ ила иффатли бўлиш

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1375650966_abror-aka.jpg
«Имом Ҳасан» жомеъ масжиди имом-хатиби Аброр Равшанов билан суҳбат

Аброр Равшанов 1979 йили Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (1998-2002) ва Тошкент давлат шарқшунослик институтининг диншунослик факултетини (2002-2006) тамомлаган. Имом ал-Бухорий халқаро марказида малака оширган. 2003 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлайди. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги «Имом Ҳасан» жомеъ масжиди имом-хатиби.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Ҳар бир ибодатнинг ўзига хос жиҳатлари, фазилатлари, ҳикматлари бор. Исломда никоҳланишнинг ҳикматлари ва фазилатлари мавжуд?
— Никоҳ ақли ва қалби салим халқлар тарафидан қадрланиб келинаётган ҳаёт омилларидан биридир. Исломда никоҳ буюк ибодатдир. Никоҳнинг ўзига хос фазилатлари шундаки, бу ибодат орқали узоқлашиб кетаётган қон-қардошлик алоқалари янгиланади.
Аксар ҳолатларда никоҳ туфайли бир-бирини танимаган, билмаган қавмлар ўртасида ўзаро маърифат, қуда-андалик алоқалари боғланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ўзаро маърифатлашишнинг энг гўзал сабабларидан бири никоҳдир. Никоҳ сабаб абадий қардошлик ришталари боғланади. Никоҳланганларнинг ота-оналари шаръан ва ҳурматан ўз ота-онасидек бўладилар. Худо кўрсатмасин, ўртада ажрим бўлиб, эр ё аёл вафот этиб қолганда ҳам бу ришта боғланиб қолаверади. Қайнотага келин, қайнонага куёв умрбод маҳрам бўлиб қоладилар.
Она вафот этиб, фарзандлар оталарини бир аёлга уйлантириб қўйдилар. Вақт ўтиб, ота ҳам вафот этди. Фарзандлар «Энди отамиз ўтдилар» деб, у аёлни ҳайдаб юбормайдилар. Аёл марҳум отанинг фарзандларига умрбод маҳрам бўлиб, она бўлиб қолаверади. Фарзандлар яхшилик қилсалар, ўз ота- оналарига, ўз фарзандларига қилгандек савобга эга бўладилар. Шунинг учун ҳам ота- боболаримиз никоҳни «умр савдоси» деганлар.

— Никоҳни жорий этиш орқали инсонлар қандай фойдаларга эга бўладилар?
— Никоҳни жорий қилишдан кўзланган мақсадлардан бири иффатни пок сақлашдир. Эркагу аёл, йигиту қиз никоҳли ҳаёт кечириб, оилавий яшаш орқали ўз иффатларини пок сақлайдилар. Оқибатда шу одамлардан ташкил топган жамият, шу хонадонлардан ташкил топган юрт афифлар юртига айланади. Оқибатда бугун катта-катта давлатларнинг таназзулига, емирилишига сабаб бўлаётган, қадимда ўтган баъзи халқларнинг тубсиз жар ёқасига келиб қолишига сабаб бўлган иллатларнинг олди олинади. Ҳалол никоҳ орқали иффатсизлик, фаҳш, бузғунчилик, зино оқибатида юзага келаётган, аср вабоси аталмиш қанча-қанча бедаво касалликларнинг олди олинади. Албатта, юртнинг юрт, халқнинг халқ, элнинг эл бўлишида иффатнинг ўрни беқиёсдир.
Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Расули Акрам Муҳаммад алайҳиссалом кундалик дуоларида «Аллоҳим! Мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик (бандалардан беҳожатлик) сўрайман» дер эканлар. Ваҳоланки, у зот ҳидояту тақвода, иффату назар тўқликда ҳам нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга ибрат бўлганлар. У зотнинг мазкур неъмат ва фазилатлар орасида иффатни ҳам сўраганликлари унинг инсониятни дунё ва охиратда бахту саодатга эришишдаги ўрни беқиёс эканлигини билдиради.
Никоҳ ила киши ҳам зоҳирий, ҳам ботиний иффатга эришади, хато- камчиликларини ислоҳ қилади.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам Муҳаммад алайҳиссалом «Одам боласи барчаси хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси – тавба қилгувчисидир» деганлар (Имом Термизий, Иби Можа ривоят қилган).
Матнга эътибор қилсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Одам боласининг барчаси хатокордир» деганлари ёшидан, илмидан, жинсидан, рангидан, динидан, тилидан қатъи назар ҳаммани ўз ичига олади.
«Хоттоун» деганларига келсак, унда муболағани кўрамиз. Агар лафз «хотиун» булганда, бу сўз «хато қилувчи, янгилишувчи» деган маънони ифодалар эди. Аммо Расули Акрам хоттоун, яъни хатокор, кўп хато қилгувчи, кўп янглишувчи дедилар. Бу эса ким бўлишидан қатъи назар, хатодан холи бўлмайди, деганларидир. Шунинг учун ҳам бу маъноларни чуқур англаб етган ота-боболаримиз «Ҳар тўкисда бир айб. Беайб Парвардигор» деган бўлсалар ажаб эмас.
Инсон хато-камчиликдан холи эмас экан, демак, никоҳ қуриб, оилавий ҳаёт кечириб, эр-хотин бўлиб яшаш орқали бир-бирларидаги баъзи хато-камчиликларни бошқаси тўлдиради. «Икки ёрти бир бутун» дейди доно халқимиз. Бири билиб-билмай бирор хатога йўл қўйса, иккинчиси вазминлик ва маърифат ила: «Отаси (ёки онаси), биз мусулмонмиз, ахир бу ишингиз динимизга тўғри келмайди, унинг ўрнига бундай қилсак бўлмасмикан» деб ёмонликдан қайтаради, яхшиликка далолат қилади». Керак бўлса, баъзи хато-камчилик, айб-нуқсонларни беркитади.

— Қуръони каримда эр-хотинлар бир-бирларига нисбатан либосга ўхшатилганининг ҳикмати нимада?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
«Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз» (Бақара сураси, 187-оят).
Аллоҳ таоло эр-хотинларни бир-бирларига нисбатан либосга ўхшатмокда. Либос нима? Ундан мақсад нима? Унинг вазифаси нима?
Либоснинг асосан икки вазифаси бор. Бири – эгасини иссиқ-совуқдан асраш. Аллоҳ эр-хотинни бир-бири учун либосга ўхшатгани улар ҳам либос каби бир-бирларини иссиқ-совуқдан асрасин. Нафақат фаслнинг иссиқ-совуқлари, балки ҳаёт йўлида учрайдиган иссиқ-совуқлардан, яъни инсоннинг ҳолини хароб, умидларини сароб, юзини қаро қиладиган турли фисқу-фужур, гуноҳу маъсиятлардан бир-бирини асрасин. Инсоннинг умр йўли доим бир текис, равон бўлавермайди. Унинг ўзига яраша пасту баланди, яхши-ёмон, аччиқ-чучук, шоду хуррамлик, қайғу, маҳзунлик ва албатта, турли синовларга бой кунлари бўлади. Инсон бу кунларни босиб ўтаркан, баъзида турли хато-камчиликларга, адашувларга йўл қўйиши бор. Ана шунда эр-хотин бир-бирига асқотади, таскин, тасалли беради, асраб-авайлайди.
Либоснинг яна бир бош вазифаси сатри авратдир. Бутун айбу нуқсонларимизни бекитиб, бизни чиройли кўрсатиб турган нарса ҳам шу либосдир. Эр-хотиннинг либосга ўхшатилишидаги ҳикмат шуки, улар ҳам бир-бирларини либос мисол беркитсин. Ана шунда ҳам зоҳирий, ҳам ботиний иффатга эришилади.
Аммо минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунимизда бунинг зиддини кўрамиз. Таниш-билиш, қўни-қўшни, қавм-қариндошлар, маҳалла-кўйдаги яраштирув ишлари, суд жараёнларидаги орадан гап қочган келин-куёвлар, қуда-андаларнинг бир-бирларига айтаётган гапларидан кишининг қалби ларзага келади. Бир-бирларининг устидан мағзава ағдариб, тирноқ тагидан кир қидириб, кичик хато, айб ўтган бўлса, бунга ўнта ёлғонни қўшиб, уйдаги гапни кўчага олиб чиқиб, эл билмаганини элга дастурхон қилиб, бир-бирларини ўта оғир гаплар ила хақорат қилаётганларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайди киши. Наҳотки шунчаликка бордик!? Муқаддас никоҳга бўлган эҳтиром қани? Одамнинг қадри қани? Никоҳдан кўзланган ўзаро ҳурмат, самимият, иффат, қадрият қани? Миллийлигимиз, ўзлигимиз қани?
Бугун «Тўй, никоҳ ҳақида тушунчангиз» деган саволни ўртага ташласак, одамларимиз ошлар бериш, базмлар қилишни, аёлларимиз сарпо-суруқ, дастурхон-тугунни, ёшларимиз қанақа эгни-бош кийиш, қайси русумдаги машинада юриш, қайси боққа бориб, нима ейишу ва яна қанақадир ўзлигимизга, қадриятларимизга ёт орзу-ҳавасларни айтишдан нарига ўта олмайдилар. Албатта, имконияти бор одам юқоридаги ишларни кўнгилдагидек, меъёрдан ошмай қилса, яхши. Лекин аслида булар имкони йўқ одам ўз ҳолидан келиб чиқиб қиладиган, никоҳнинг учинчи-тўртинчи даражасидаги ишлардан биридир.
Аллоҳ юртимизни афифлар юртига айлантирсин. Зотан, аждодларимиз барча соҳалар каби иффатда ҳам бутун башариятга намуна бўлганлар.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=17

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *