Тавозуъли ва раҳм-шафқатли бўлиш — мўминликнинг муҳим шарти

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1375718642_DSC_0014.jpg
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Қурбонбой Турсунов билан суҳбат

Қурбонбой Турсунов 1963 йили Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Бухородаги Мирараб мадрасасини (1979-1985) ва Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (1985-1989) тамомлаган. Пастдарғом тумани Эски Жума масжидида имом-хатиб (1989-1993), Самарқанд тумани Хўжа Аҳрори Валий мадрасаси мудири (1989-1993), Бухородаги Мирараб мадрасаси мудири (1993-2000), Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тафтиш бўлими мудири (2000-2004) лавозимларида ишлаган. 2004 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти бўйича вакили ҳамда Зангиота жомеъ-масжиди имом-хатиби. «Хадича бинти Ҳувайлид» китобини таржима қилган, «Оила таянчи – меҳр муҳаббат» рисоласи муаллифи.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.  

— Иймоннинг муҳим шўъбаларидан бири бўлган тавозуънинг маъноси нима?
— “Раҳмоннинг (суюкли) бандаларн ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоб қилган вақтларида ҳам “Саломат бўлинглар”, деб жавоб қиладиган кимсалардир” (Фурқон, 63)
Тавозуъ (ўзини паст тутиш, камтарлик, хокисорлик) мўминликнинг бош фазилатларидан ҳисобланади. “Ким тавозуъ қилса, Аллоҳ унинг даражасини кўтаради, ким такаббурлик қилса, Аллоҳ уни хор этади”, дея марҳамат қилинади ҳадиси шарифда. Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси, 159-оятни ёдга олайлик: “Аллоҳ берган раҳмат туфайли уларга мулойимлик қилдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда эди, улар атрофингиздан тарқалиб кетар эдилар”. Дарҳақиқат, Расули акрам (с.а.в) табиатидаги юксак ахлоқий фазилатлар, биринчи галда тавозели ҳамда раҳм-шафқатли бўлганликлари Исломнинг қисқа фурсатда эришган ютуқларида қандай аҳамият касб этганлигини яхши биламиз. Зеро, бу борада Ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг ўзлари шундай марҳамат қиладилар:  “Кимгаки, мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга барча яхшиликдан насиба ато қилинган бўлади ва ким ундан маҳрум қилинган бўлса, барча яхшиликдан ҳам маҳрум бўлган бўлади. Қиёмат куни мўмин банданинг тарозисини оғир қиладиган нарса яхши ахлоқдир”. (Имом Бухорий ривояти)

— Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобаи киромлар ва улардан кейинги илм аҳллари тавозуънинг буюк намунаси бўлганлар. Улар ҳаётидан ҳикоялар барчамиз учун ибратдир.
— Ривоят қилишларича, Шомга кетаётган Ҳазрати Умар (р.а) хизматкори билан битта туяни навбатлашиб миниб борардилар. Умар (р.а) туяга минсалар, хизматкори унинг жиловидан етакларди. Бир фарсах юргач улар ўрин алмашишар, яъни хизматкор қул туя минар, Ҳазрат Умар (р.а) туянинг жиловидан етаклаб борарди. Шу аснода уларнинг сувдан ўтишларига тўғри келади. Умар (р.а) ковушларини ечиб, қўлтиқларига қистирганча сувдан кечиб ўтаётганида Шом амири рўпарадан келиб қолади, ва ҳовлиққанча: “Эй, Амирал мўминин, Шомнинг улуғлари олдингизга пешвоз чиқмоқда. Улар сизни бу ҳолатда кўришмасин”, дейди. Шунда Ҳазрати Умар (р.а) хокисорларча жилмайиб, “Аллоҳ бизларни Ислом билан азиз қилди. Шундай экан, мен одамларнинг гапларига парво қилмайман”, дебдилар-да, йўлларида давом этибдилар.
Тавозуънинг энг ёрқин намунаси бўлган бундай воқеалар ўтмишдаги буюкларимиз ҳаётидан кўплаб ривоят қилинадики, чунончи Имом Бухорий, Имом Мотуридий, аз-Замахшарий… қўйингки, биз бугун фахру ифтихор билан тилга оладиган буюк аждодларимиз барчаси тавозуъни, камтарлик ва хокисорликни ўз ҳаётларида пеша тутган ва айнан шунинг шарофати ила Аллоҳ азиз қилган инсонлар ҳисобланишади.

— Тавозуънинг ўзини паст тутиш, камтарлик, хокисорликдан бошқа яна қандай маънолари бор?

— Тавозели бўлиш ширинсухан, юмшоқфеълли, оғир-босиқ бўлиш ҳамдир. Бундай кишилар суҳбати оҳанрабодек одамларни ўзига тортади. Кўнгилларига йўл топиб, уларда яхшиликка, эзгуликка рағбат уйғотади.
Халқимизда “Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон гап билан пичоқ қинидан”, деган пурмаъно ибора бор. Яхши сўз душманни дўстга айлантириши, беморнинг дардига даво бўлиши, адашганни тўғри йўлга солиши мумкин. Аз-Замахшарий ҳазратлари яхши сўз, панд насиҳатни садақадан, қўлдан берилган моддий ёрдамдан ҳам устун қўяди. Аммо ўйланмай айтилган биргина калом одамлар орасига раҳна солиши, нохуш оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. “Бошимизга тушадирган қаттиқ кулфатларнинг кўпи юмшоқ тилимиздан келади”, дейди Абдулла Авлоний. Дарҳақиқат, тилнинг суяги йўқ, унга эрк берсанг нималар демайди.
Донишмандлардан бири “Сўзлашда тақво этиш луқма ва таомдаги тақводан ортиқдир”, деган экан. Сўзи тақволи одам бировни беҳуда ранжитмайди. Ҳуда-беҳуда “доно”лик қилиб, одамларни чалғитмайди.

— Хуштавозеликнинг белгиларидан бири бўлган сукут ҳар доим ҳам инсонга манфаат етказадими?
— Аҳли донишлар сукутнинг фазилатига алоҳида эътибор беришган. Айтиш мумкинки, ўрнида қилинган сукут ҳам хуштавозеликнинг бир кўринишидир. Ҳатто бу ҳақда Расули акрам (с.а.в) дан бир қатор ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Масалан, ҳадисларнинг бирида: “Сукут сақламоқни ўзингга одат қилгил. Чунки сукут сақлашлик шайтонни ҳайдайди ва динингни сақлашингга ёрдам беради” дейилса, бошқа бирида: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея марҳамат қилинади. “Нодоннинг жавоби – сукут” деган мақол бор. Оғзига келганини қайтармайдиган, бўлар-бўлмасга баҳслашаверадиган калтафаҳм чаламулла кишилар билан баҳслашишдан кўра сукут сақлаш фойдалироқ эканлиги уқдирилмоқда. Чунки, нодон билан тортишиб обрў топмайди киши. Аммо, шундай ҳолатлар бўладики, сукут сақлаш ноўриндир. Айтайлик, жоҳил бир кимса бировни ноҳақдан ғийбат қиляпти, ёки миллат, жамият, юрт шаънига номуносиб гап-сўзлар, иғволар тарқатяпти – сукут сақлаш мумкинмас. Ўз вақтида унинг жавобини бериш, адолат ҳимоясида туриш лозим бўлади.

— Раҳм-шафқатли бўлиш, ғазаб ва гинани тарк этиш мўминликнинг буюк сифатларидан биридир. Динимизда бу ҳақда нима дейилган?
— Бани башарнинг, яъни одам болаларининг яралиш илдизи битта. У учта ирқнинг, юзлаб миллатлар ва ўнлаб динларнинг қай бирига мансуб бўлмасин, барибир уларнинг асли-насли, келиб чиқиши Одам Ато, Момо Ҳаввога бориб боғланади. Уларни замин узра тарқалиб, ирқу миллат, дину мазҳабларга бўлиниб кетиши эса, Яратганнинг буюк ҳикмати, ўзига яраша синовидир. Парвардигор асл илдизи бир, бир ота-онадан таралган башар фарзандларини ўзаро аҳилликда яшашини истайди. Қаердаки бу истаги амалга ошса, яъни аҳиллик, бағрикенглик, раҳм- шафқат устивор бўлса, ўша ерга қут-баракани бисёр қилиб беради. Ўзаро нифоқ, адоват, айирмачилик авж олган ҳудудларда эса кетма-кет нохушликлар, табиий офатлар рўй бериши, обод масканлар харобага айланиши, ҳатто рўйи заминдан йўқ бўлиб кетиши – бу кўпмингйиллик инсоният тарихида исботланган аччиқ ҳақиқатдир.
“…(Улар) ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадигаилардир. Аллоҳ эзгулик килувчиларии севади”, – дея марҳамат қилинади Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси (134-ояти)да. Ғазабларини ютадиганлар, булар тавозени ва хокисорликни одат қилган, ўз табиатига сингдира олган кишилардир. Демак, тавозели бўлиш, яъни хокисор, камтар бўлиш кишида раҳм-шафқат ҳиссини уйғотади. “Ғазабли кишилар эса ҳар канча ақл ва идрок соҳиби бўлмасии, – дейди Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида, – ғазаб қоии қўзғалган замонида ўзини тўхтатолмас, ақл ва идрокидан айрилиб, бир ёмон ишни қилиб қўяр-да, сўнггида пушаймон бўлур, чунончи Суқроти ҳаким айтганидек: “Ғазабнинг аввали жунун, охири надоматдир”.
“Кичикларимизга раҳм-шафқатда, катталаримизга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дея марҳамат қилинади ҳадиси шарифда. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, “Орангиздан энг яхши кўрганим, қиёматда менга энг яқин турадиганингиз – гўзал хулқлиларингиздир. Орангизда энг ёмон кўрганим, қиёмат кунида мендан энг узоқ бўладиганлар – вайсақи, мақтанчоқ ва такаббур (инсон)лардир”. (Ат-Термизий ривояти)
Раҳм-шафқат, тавозелик, ўзаро иззат-ҳурматда бўлиш бошқа ахлоқий сифатлар каби кишида тарбия орқали юзага келадиган фазилатлардир. Тарбия муаммоси эса ўз-ўзидан оила муҳитига, унда ўрнатилган муомала- муносабат масалаларига бориб боғланади. Ота-она ва фарзандлар, оила ва бошқа қариндош-уруғлар, оила ва қўни-қўшни, маҳалла-кўй ўртасидаги муносабатлар ёш авлод кўз ўнггида содир бўларкан, бу нарса уларнинг ахлоқий шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади. Шундай экан, бош тарбиячи бўлмиш ота-оналар биринчи навбатда оилада ўзаро аҳиллик ва тотувликка, силаи раҳмга асосланган мўътадил муҳит яратишга интилмоқлари зарур. Чунки, оила ҳаёт сарчашмасидир. Оила муҳити жамият муҳитини белгилайди. Оила муаммоларини бартараф этиш, унинг иқтисодий, маънавий асосларини мустаҳкамлаш, бу хонадондаги ўзаро тотувлик, ишонч, меҳр-оқибат, раҳм-шафқатни кучайтиради.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=18

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *