Эрнест Хемингуэй ҳар қандай инсонни таъсирлантирадиган, ўзи атиги бир неча сўздан иборат ҳикоя ёза олишдан баҳс бойлашган. Унга ғалаба олиб келган ҳикоя мана: «Болалар пойафзали сотилади. Кийилмаган…»
* * *
Фредерик Браун энг қисқа ва қўрқинчли ҳикояни ёзган: «Ердаги охирги одам хонада ўтирарди. Бирдан эшик тақиллаб қолди…»
* * *
Анъанавий ҳикоячиликнинг тугун, кульминация ва ечим каби таркибларидан иборат бўлган энг қисқа ҳикоялар танловида О‘Генри ушбу ҳикояси билан ғолиб бўлган: «Чекиб олган ҳайдовчи қанча ёқилғи қолганини кўриш учун бензобак томон эгилди. Марҳумнинг ёши йигирма учда эди».
ОЙНА
Ритани шафқатсизларча ўлдириб кетишгандан буён Картер ойна ёнида ўтиради.
Телевизор ҳам, китоб ўқиш-у хат ёзиш ҳам йўқ. Унинг ҳаёти – парда ортида кўринган неки бўлса – ўша. Унга барибир, овқатни ким олиб келади, ҳисобни ким тўлайди… У хонани тарк этмайди.
Унинг ҳаёти – югураётган жисмоний тарбиячилар, йил фасллари алмашуви, ғизиллаб ўтаётган автомобиллар, Ританинг кўланкаси.
Намат билан ўралган ушбу палатада ойналар йўқлигини Картер тушунмасди.
Жейн Орвис
ОМАДСИЗЛИК
Танамдаги шиддатли оғриқдан уйғониб кетдим. Кўзимни очишим билан каравотим олдида турган ҳамширани кўрдим.
– Мистер Фуджима, – деди у, – омадингиз бор экан, сиз икки кун аввал Хиросимадаги бомбардимондан омон қолдингиз. Ҳозир сиз госпиталдасиз, ортиқ хавф остида эмассиз.
Мадорсизликдан базўр сўрадим:
– Қаердаман?
– Нагасакида, – жавоб берди у.
Алан Е. Майер
ҲАҚИҚАТНИ ҚИДИРИБ
Ниҳоят, бу хилват, овлоқ қишлоқда унинг қидирувлари якунланди. Чириб, тўкилай деб қолган хароба кулбада милтиллаб турган олов ёнида Ҳақиқат ўтирарди.
У умрида ҳеч қачон бундайин қари ва бадбашара аёлни кўрмаган эди.
– Сиз, Ҳақиқатмисиз?
Қартайган, бурушиқ алвасти тантанавор бош силкиди.
– Айтинг-чи, мен инсониятга сиз ҳақингизда айтишим керакми? Уларга қандай хабарни етказай?
Кампир оловга тупурди-да, жавоб берди:
– Уларга мени ёш ва соҳибжамол деб айт!
Роберт Томпкинс
* * *
Африкалик болакай томонидан ёзилган ушбу ҳикоя «2005 йилнинг энг яхши ҳикояси» танловида ғолиб бўлган экан:
«Туғилганимда, мен қора эдим;
Қора бўлиб улғайдим;
Мен қуёшда узоқ турсам, яна қораяман;
Ҳаттоки ўлганимда ҳам қоралигимча қоламан.
Сиз, оқлар эса:
Туғилганингизда – қизғиш бўласиз;
Улғайганингизда – оқарасиз;
Офтобда тобланганингизда – қизарасиз;
Совқотганингизда – кўкарасиз;
Қўрққанингизда – сарғаясиз;
Ўзингизни ёмон ҳис қилганингизда – яшил тусга кирасиз;
Ўлганингизда эса бўзарасиз.
Ва яна сиз мени қора танли дейсиз».
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тўплаб, таржима қилди.
«Ёшлик» журнали, 7-8-сон