Давронбек Тожиалиев
“Моддий манфаат йўқ бўлса ҳам маънавий фойда катта”
Ҳозирги кундаги энг катта маънавий портал эгаси Тожиалиев Давронбек Рустамович 1984 йил 15 февраль куни Марғилон шаҳрида дунёга келган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетини (2005) ва Ўзбекистон Миллий университетини (2007) тамомлаган.
“Маърифат” газетасида мухбир, дизайнер, “Тафаккур” нашриётида ахборот технологиялари бўлими бошлиғи, Нью-Йорк шаҳрида чоп этиладиган биринчи ўзбек газетаси “Ватандош”да Бош муҳаррир лавозимларида ишлаган.
Журналистика соҳасида Германия, Польша ва Қозоғистонда малака оширган. У ташкил этган www.ziyouz.uz портали UZ Миллий домени 2012 Интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган. 2013 йили халқимизнинг кўп асрлик маънавий қадриятлари, маданиятини кенг тарғиб қилиш, миллий манфаатларимизни ҳимоялаш, ёшларни турли ахборот хуружлари, жумладан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асрашга қаратилган журналистик фаолиятим учун Интернет-журналистика йўналишида “Олтин қалам” Миллий мукофотини қўлга киритган.
“InfoCOM – 2013” – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилган UZ Миллий домени-2013 интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган “MIT.uz” миллий интернет-танловининг “Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт” номинациясида Ziyouz портали иккинчи ўринни эгаллади.
Давронбек Тожиалиев билан суҳбатимиз «Зиё истаган қалблар учун» шиори остида фаолият юритаётган Ziyouz портали ҳақида бўлди.
— Журналистлика касбини танлашингизга нима сабаб бўлган? Бу касбнинг машаққати нимада?
— Журналистикага ёшликдан қизиққан бўлсам-да, абитуриентликнинг биринчи йили Иқтисодиёт университетига топшириб, ўқишга кира олмаганман. Кейинги йили эса яхшироқ тайёргарлик кўриб, ўзим қизиққаним халқаро журналистика факультетига ўқишга кирганман. Журналистиканинг машаққати журналистнинг холис ва мамнун қила оладиган фикрни айта олишида деб ўйлайман. Маълумки, бирон воқеада, албатта, икки томоннинг манфаати ётади, яъни бирёқлама фикр бўлмайди. Журналист ана шу икки томонни ҳам хафа қилмасдан уларга бирдек маъқул бўла оладиган фикрни айтиши, ифодалай олиши керак деб ҳисоблайман. Маҳмудхўжа Беҳбудий таълим берганидек “Бир кишини тўғрисинда хат ёзилур экан, ўшал одамни ояндаги дўст ва ё душман, яхши ва ямон бўлиши ва аҳволини тағйир топилиши эҳтимолини ёдға тутиб, хулоса ҳар бир ишға дастуриламал ҳикмат бўлғон – «Хайрул умури-авсатуҳо» (Амалларнинг яхшиси ўртачасидир) ҳадиси шарифиға амал лозимдур”. Менимча, журналист ана шу ўрта йўлни танлаши керак. Касбимизнинг машаққати ҳам шунда. Бунинг учун эса журналист топқир ва билимли бўлиши керак деб ўйлайман. Қайси касбни танламанг фидойи бўлиб, ўз ишингизни яхши кўрмасангиз, кўзлаган мақсадингизга ета олмайсиз. Сайт орқали қилаётган ишларим кимгадир маънавий озуқа бераётганидан, ўқишга иштиёқманд инсонларга кўмак бўлаётганидан мамнун бўламан.
— Иш фаолиятингизни газетада бошлаб, кейин интернет журналистикасига ўтгансиз. Ҳозир ана шу икки йўналишни таққослаб, интернет журналистиканинг тезкорлигини пеш қилувчилар кўпаймоқда. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
— Ҳар бир оммавий ахборот воситасининг ўз ўқувчиси бўлади. Кўплар радио кашф этилганда газетанинг, телевидение кашф этилганда радионинг инқирозини башорат қилишган эди. Интернетнинг шиддат билан ривожланишини кўриб, бошқа ОАВларнинг умри қисқараради дегувчилар кўп топилгани билан ҳар бир тармоқ ривожланмоқда. Интернет эса ҳамма ахборот воситаларини ўзида жамлаган тармоққа айланиб бўлди. Унда газетадаги шарҳ, радиодаги овоз, телевидениедаги тасвир уйғунлигида оператив ахборот етказиш имкони мавжуд.
— Сиз ташкил қилган ziyouz.uz жуда кўпчилик учун фойдали манбага айланди. Бундай сайтни яратиш фикри қачон туғилган? Кимдир ғоя берганми?
— Ёшликдан ўзимга зарур бўлган маълумотларни турли дафтар ва кундаликларга ёзиб борганман. Мана шу маълумотларни бошқаларга ҳам улашиш фикри доимо мени янгиликлар сари бошлаган. Юртимизда интернетнинг ривожланиши билан мендаги ғояни айнан шу тармоқда амалга оширишга имкон берди. 2004 йил 9 апрель куни ана шундай маълумотлардан ташкил топган илк саҳифаси дунё юзини кўрди.
— Сайтга жойланаётган китобларни муаллифларнинг рухсати билан жойлайсизми? Бу китобларни бемалол кўчириб олиш имкони бор. Демак, истаган одам бепул кўчириб фойдаланаверади. Бу муаллифлик ҳуқуқига зид эмасми?
— Порталга киритилаётган китобларни жойлашда муаллифлик ҳуқуқига амал қилишга ҳаракат қиляпман. Аксарият китоблар муаллифларнинг рухсати билан жойланяпти. Муаллифларнинг ўзлари ҳам китобларини юбориб, сайтда эълон қилишимни истаяптилар. Бундан ташқари айнан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар бир китоб юкланадиган саҳифага «Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади» деган огоҳлантиришни ёзиб қўйганман. Оригинал китоб шаклидаги электрон китобларни эса техник жиҳатдан фақатгина компьютерда ўқиш учун мўлжаллаганман, уларни принтерда чоп этиш техник жиҳатдан мумкин эмас.
— Сайтдаги китоблар бепул. Бундан сизга қандай фойда бўлади? Ахир ҳар қандай меҳнат моддий жиҳатдан рағбатлантирилиши керак-ку?
— Бу саволни кўпчиликдан эшитишга тўғри келади. Сайт ҳеч қандай иқтисодий манфаат келтирмайди, десам негадир ишонгилари келмайди. Лекин ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо сайт ортидан топган маънавий фойдани айтиб адо қилиб бўлмайди. Портал маълумотларини тайёрлаш жараёнида кўп нарсаларни ўрганаман. Мана шу камтарона хизматим юртимиз Интернет фойдаланувчилар, билимга чанқоқ ёшларимизга оз бўлса-да фойда келтираётган бўлсам, мақсадимга эришаяпман деб ҳисоблайман.
— Бу йил “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирландингиз. Аввал ҳам мукофотга ижодий ишларингизни топширганмисиз?
— Аввалги йил ҳам топширган эдим. Бу йил эса ғолиблар қаторидан ўрин эгаллаганимдан мамнунман.
— Сайтдаги фаолият ижодга вақт қолдиряптими?
— Аслида сайтдаги фаолият ҳам ижоднинг бир тури. Лекин мақола ёзиш, ижодий таржималар учун бироз вақт кам ажратишга мажбур бўляпман.
— Табиийки, порталга хат ёзувчилар, изоҳ қолдирувчилар жуда кўп. Уларнинг ҳаммасини кузатиб борасизми?
— Ҳаммасини кузатиб бораман. Лекин барчасига ҳам жавоб беришга вақт ва имконим бўлмайди. Кўпинча, сайтдан осонгина топиш мумкин бўлган нарсаларни қайта-қайта сўрашади. Аммо муҳим сўровларга албатта жавоб ёзиб юборишга ҳаракат қиламан.
— Ҳозир қандай лойиҳаларни амалга ошириш билан машғулсиз?
— Ҳозирда кўпчилик ишлатаётган Android тизимида ишлайдиган телефонлар учун китоблар тайёрлаяпман. Улардан 20 тасини сайтга жойладим. Бундай китобларнинг қулайлиги ҳажмининг камлиги, доимо ёнингизда олиб юриш имкониятидир. Китобларни лотин ва кирилл алифбосида киритяпман. Ушбу электрон китобларнинг устунлиги ундан керакли маълумотларни қидириш орқали тез топиш имкониятидир.
К.Носирова суҳбатлашди.
“Парвона” газетаси, 10.10.2013