Ҳозирги кундаги энг катта маънавий портал эгаси Тожиалиев Давронбек Рустамович 1984 йил 15 февраль куни Марғилон шаҳрида дунёга келган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетини (2005) ва Ўзбекистон Миллий университетини (2007) тамомлаган.
“Маърифат” газетасида мухбир, дизайнер, “Тафаккур” нашриётида ахборот технологиялари бўлими бошлиғи, Нью-Йорк шаҳрида чоп этиладиган биринчи ўзбек газетаси “Ватандош”да Бош муҳаррир лавозимларида ишлаган.
Журналистика соҳасида Германия, Польша ва Қозоғистонда малака оширган. У ташкил этган www.ziyouz.uz портали UZ Миллий домени 2012 Интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган. 2013 йили халқимизнинг кўп асрлик маънавий қадриятлари, маданиятини кенг тарғиб қилиш, миллий манфаатларимизни ҳимоялаш, ёшларни турли ахборот хуружлари, жумладан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асрашга қаратилган журналистик фаолиятим учун Интернет-журналистика йўналишида “Олтин қалам” Миллий мукофотини қўлга киритган.
Давронбек Тожиалиев билан суҳбатимиз «Зиё истаган қалблар учун» шиори остида фаолият юритаётган Ziyouz портали ҳақида бўлди.
— Портал тўғрисида қисқача сўзлаб берсангиз. Неча йилдан бери хизмат қилиб келмоқдасиз?
— Ziyouz.com портали Ўзнетдаги энг катта кутубхонага эга бўлган сайт. Шунингдек ўзбек адабиёти ва маданияти тарғиби бўйича ҳам порталда катта ишлар амалга оширилди. Ziyouz саҳифаси илк бор 2004 йил 9 апрель куни интернетга киритилган. Ўшанда сайтда 20 та мақола мавжуд эди. Ярим йил ичида сайтдаги мақолалар сони 300 тага етган. Ўша пайтда ўзбек тилида саноқли сайтлар бор эди холос.
— Сайтнинг мақсад ва вазифалари нимадан иборат?
Ziyouz порталини ташкил этишдан мақсад инсонларга ҳақиқий маънода зиё улашишдир. Зеро, зиё деб жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка айтилади. Илм зиёдир, маърифат зиёдир, иймон зиёдир, сабр зиёдир. Бекорга халқимиз илм-маърифатли, иймон-эътиқодли инсонларни зиёли деб атамайди. Улар илм-маърифат орқали инсонларга зиё улашадилар ва икки дунё саодатига эришадилар. Жамиятни фақат маърифат зиёсигина залолатдан сақлаб қолади. Ҳақиқатни англаш, билиш ва уни тарқатиш билан инсон зиёга эришади. Қалбида зиё бўлган зотлар ҳеч нимадан қўрқишмайди. Уларнинг йўлларини зиё ёритади. Зиё уларни улуғликка етаклайди.
Ҳозирги замонда ёшларимизнинг илм-маърифатдан оғиб кетишаётганлари, ўткинчи орзу-ҳавасларга берилиб, ҳақиқатни унутаёзганлари бор гап. Информацион дунёда тараққий этган технология инсонни дангаса қилиб қўяяпти. Инсоният тобора илм-маърифатдан, зиёдан бебаҳра қолмоқда. Ота-боболаримиз эришган илмий-маърифий ютуқларга бугун эришиш эртакка айланиб улгурган. Башарият фақатгина бугунги куни билан яшашга ўрганиб қолмоқда…
Илм-маърифатнинг орамиздан кўтарилиши даҳшат эмасми? Нега ёшлар орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларининг 10 дан бирига биз ҳам етдикми? Нима учун 10 ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билиш, минг-минг мисра шеърни ёддан айтиш, маълум кашфиётларни ёш бўлатуриб амалга ошириш, жуда кўп тилларни мукаммал билиш ва унда бемалол ижод қилиш каби ҳолатлар оддий ҳодиса эмас? Нега уйимизда кутубхоналаримиа йўқ? Нега илм, китоб талаш эмас? Нима учун кутубхоналаримиз гавжум эмас, бозорларимиздек? Олган кийимимизни мақтаймизу, нега янги ўқиган китобимиздан, олган билимимиздан мақтамаймиз? Биз – ёшлар нега дангаса бўлиб қолдик? Турли хил компьютер ўйинлари, видео билан ҳамнафас ўсаётган кичик ёшлилардан кейин нимани кутиш мумкин? Нима учун илмга рағбат сўниб бормоқда? Бу каби минглаб саволлар зиё истаган кўнгилларни доимо безовта қилиши аниқ. Зеро, бизнинг мақсадимиз ҳам ёшларимизни илмга, зиёга чорлашдир.
— Бошлаган пайтингиздан бери нималарга эришдингиз? Қандай янги ташаббусларни амалга оширдингиз? Ютуқларингиз тўғрисида айтиб ўтсангиз.
— Ўзбек интернети учун зарур бўлган кўп манбалар тўпланди. Ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари тўпланиб, тизимга туширилди, тартибланди, ижодкорлар ҳақидаги маълумотлар илова қилинди. Электрон кутубхона шакллантирилди. Айни пайтда кутубхонамизда китоблар сони 4120 тани ташкил этди. Улардан 2458 таси турли мавзудаги PDF китоблар, 140 таси дарсликлар, 446 таси журналлар, 568 таси аудиокитоблар, 79 таси мобил телефонлар учун китоблар ҳамда 429 таси рус тилидаги ўзбек адабиёти ва тарихига бағишланган китоблардир.
Айни пайтда www.ziyouz.com порталидан 13867 та (асосий порталда 8813 та, islom.ziyouz.com да 2336 та, www.ziyouz.uz да 3033 та, русча саҳифада 1130 та, инглизча саҳифада 68 та, шахсий блогимда 327 та) илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 4120 та электрон китоб (PDF, HTM, DJVU, MP3, JAR, APK форматларида), ўзбек адабиётидан 1920 та насрий асар, жаҳон адабиётидан 673 та насрий асар, 700 дан ортиқ ижодкорнинг фаолиятига оид маълумотлар, ўзбек мумтоз шеъриятидан намуналар (124 ижодкор), замонавий ўзбек шеърияти намуналари (338 ижодкор), жаҳон шеърияти намуналари (298 ижодкор), 10000 дан ортиқ ўзбек мақоллари, 6500 га яқин жаҳон халқлари мақоллари, 265 та ҳикоят, 30000 га яқин ҳикматли сўз ва афоризмлар, 1500 та топишмоқ, 100 га яқин халқ эртаклари, юртимиз ҳақида 900 дан ортиқ фотосуратлар, 200 га яқин расмли табрикномалар ўрин олган. Портал форумида 6640 та мавзуда 309251 мулоҳаза қолдирилган.
— Сизга бу ташаббусни яратишга нима туртки бўлган? Бу сайтни ташкил этишга ундаган сабаб нима эди?
— Инсон бу дунёга келдими, шу ҳаводан нафас олиб, шу тупроқдан неъматлар еб, шу халқнинг тарбиясини кўрдими, энди ўзи ҳам шу халққа нимадир хизмат қилиши керак, деб ўйлайман. Мен портални ташкил этаётганимда шуни ният қилгандим.
— Нимага эришмоқчи эдингиз? Бирор орзу ниятингиз бормиди?
— Бу портал халққа, Ватанга хизмат қилиш ниятида очилган эди. Шу ниятга эришаётганимдан хурсандман.
— Ташаббуслар самараси учун эҳтиёжларни аниқ билиш катта аҳамиятга эга. Эҳтиёжларни қандай ўргангансиз? Қайси омилларга эътиборлик бергансиз?
— Мен иш бошлаган пайтимда энг катта эҳтиёж ўзбек тилида мавжуд бўлган матнлар эди. Аввало ўзбек тилидаги маълумотларни интернетга жойлашга ҳаракат қилганман. Технологиялар ривожланиши билан эҳтиёжлар ҳам ошиб бормоқда. Масалан, 5-6 йил аввал қўл телефонида китоб ўқиш расм бўлмаган эди. Ҳозир эса мана шундай қурилмалар учун ҳам китоб тайёрлаш эҳтиёжга айланди.
— Ишни нимадан бошлагансиз? Биринчи ҳаракатларингиз нимадан иборат бўлган?
— Ишни маълумотлар тўплаб, уларнинг электронлаштириб, маълум тартибга солишдан бошлаганман. Кейин улар асосида интернет саҳифаларини ташкил этганман. Порталдаги маълумотлар каминанинг 14-15 йиллик меҳнати самарасидир. Ёшлигимдан турли хил ажойибу-ғаройиботларга қизиқишим боис, даставвал кичик дафтарлар, сўнгра кундаликларга маълумотлар йиғиб юрардим. Интернетнинг ривожланиши сайин, ўзимда бор бўлган маълумотларни ҳам айнан шу тармоқ орқали, бошқаларга ҳам улашгим келди.
— Интернет сайтини яратиш учун маълум бир техник билим ва қўникмалар керак, уларни алоҳида ўрганганмисиз? Ёки биладиганларни жалб қилганмисиз?
— Алоҳида ўрганмаганман. Дастурларни мустақил ҳамда биладиганлардан сўраб-сўраб ўрганганман.
— Интернет сайтини яратиш учун нималар кераклигини қаердан билгансиз?
— Аввалдан тузилган режам бўйича мақолаларни жойлаштирганман. Вақт ўтиши билан турли режа ва лойиҳаларни қўшиб борганман.
— Агар ўша бошлаган пайтингизга қайтиш имконияти бўлганда, нималарни бошқача қилардингиз?
— Бундай имкон йўқ. Асли йўқ нарсалар ҳақида вақт кетказишни ёмон кўраман.
— Сиз бошлаган пайтда Ўзбекистонда Интернет унча кенг ривожланмаган эди. Шунга қарамасдан сиз ушбу ташаббусни амалга оширишга киришгансиз. Нимага ишончингиз бўлган?
— Технологиянинг шиддат билан ривожланиши ишнинг бошланишига катта ишонч уйғотган.
— Ҳар бир ташаббусни амалга оширишда қийинчиликлар бўлади. Сизда қандай қийинчиликлар бўлган? Қийинчиликлар олдида таслим бўлмаслик учун нима қилгансиз? Ташаббусингизни амалга ошириш учун молиявий ёрдам керак бўлганми? Нималар ёки кимлар сизни давом эттиришга ундаган, кўмак берган?
— Албатта, яхши нарсаларга осонлик билан эришиб бўлмайди. «Зиё истаган қалблар учун» лойиҳаси илк бор интернетга жойланган пайтларда домен ва хостинг тўловлари анча қиммат бўлганлиги боис (мен эса стипендияга яшайдиган талаба эдим) сайтни narod.ru портали таркибида суб-домен орқали бошқарардим. 2006 йили Ziyouz портали расман «мустақилликка эришди». Турли бепул, лекин хархашали ҳостинглардан қочиб, мустақил равишда www.ziyouz.com номи остида янгидан фаолият бошланди. Дастлаб Россиядан олинган хостинг 50 Мб ҳажмда эди. Ойига эса 1000 Мб траффик бериларди. Бу траффик эса ойнинг 10-15 кунида тугаб қолар, қолган кунлари сайт ишламай турарди. Кейинчалик яна бошқа хостингга ўтганман.
Порталда ишлаш мен учун — ўзим ёқтирган машғулот. Шу боис 8 йилдан бери портал ҳаражатлари учун ҳеч кимдан молиявий кўмак олмаганман. Бу мени тарбиялаган шу халқ учун холис хизматимдир. Лекин молия сабаб бўлиб битмай қолган лойиҳаларим ҳам бўлган. Чунки, бир ўзим ишлаганим боис кўп нарсаларга улгуролмаяпман. Лекин аста-секинлик билан бўлса-да, битмай қолган лойиҳаларни амалга ошириб, тақдим этишга ҳаракат қиляпман.
Портални дастлаб ташкил этган йилларим «бекорга вақтингни сарфлаяпсан, ундан кўра пуллик иш қилсанг бўлмайдими», деганлар кўп бўлди. «Сен тенгилар аллақачон машина олиб, участка қурди. Сен бўлганг қопдек сумкангни кўтариб, ҳалиям кутубхонанинг чангини тозалаяпсан…» дейдиганлар ҳозир ҳам бор.
— Шериклар ёки партнёрларингиз борми? Уларни қандай жалб қилгансиз?
— Ҳамкорлар бор. Олим ва шоирлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қиламиз. Шунингдек ёшлар орасида ҳам кўнгилли кўмакчилар бор. Улар мақола ва китобларни тайёрлашда ёрдам бермоқдалар.
— Сайтингизнинг оммабоп бўлишига қайси омиллар сабаб бўлди? Рекламадан фойдаланганмисиз?
— Сайтнинг оммавий бўлишига энг катта сабаб – унинг ичидаги маълумотлар, манбалардир. Сайт оммавийлигини ошириш учун рекламадан фойдаланмаганман.
— Ҳозирги кунда ушбу соҳада рақобат қай даражада?
— Менимча, маърифий сайтлар орасида рақобатдан кўра, ҳамкорлик кучлироқ, назаримда.
— Ҳозирги кунда нималар устида иш олиб бормоқдасиз?
— Ҳозирда кўпчилик ишлатаётган Android тизимида ишлайдиган телефонлар учун китоблар тайёрлаяпман. Улардан 10 тасини сайтга жойладим. Бундай китобларнинг қулайлиги ҳажмининг камлиги, доимо ёнингизда олиб юриш имкониятидир. Китобларни лотин ва кирилл алифбосида киритяпман. Ушбу электрон китобларнинг устунлиги ундан керакли маълумотларни қидириш орқали тез топиш имкониятидир.
— Бугунги кунда эришган ютуқларингиз билан мамнунмисиз?
— Албатта, мамнунман.
— Келажакда қандай режаларингиз бор?
— Режалар кўп. Аудиокитоблар лойиҳаси учун ҳам бир қанча китоблар тайёрлаб қўйганман. Имкониятга қараб, секин-аста жойлаб боряпман. Яна ўзбек шоир ва ёзувчиларининг фотожамланмаси учун ҳам манбаларни йиғиб қўйганман. Яқинда, иншааллоҳ, тақдим этишга чоғланаётганим «Ўзбек насри онлайн анталогияси»дир. Ундан ўзбек адабиётидаги энг биринчи ҳикоя, қисса, роман ва драмалардан тортиб, севимли ёзувчиларимизнинг энг сара асарларигача ўрин олади. Ҳар бир ижодкорнинг таржимаи ҳоли, асарлари киритилади. Яна озроқ ишлари қолди. Уларни битириб олгач, худо хоҳласа, тақдим этаман.
Шунингдек, «Жаҳон насри», «Ўзбек мумтоз шеърияти», «Замонавий ўзбек шеърияти», «Жаҳон шеърияти» онлайн анталогияларини ҳам тузиб, халқимизга тақдим этиш ниятим бор. Яна «Адабий суҳбатлар», «Дастхат», «Китоб жавони» лойиҳаларини ўйлаб қўйганман. Аллоҳ насиб қилса, ушбу лойиҳалар ҳам халқимиз учун фойдали манбага айланади, деган умиддаман.
— Агар шу соҳада иш юритмоқчи бўлганлар бўлса, уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
— Аввало қатъий бир режа тузиб олинг. Режангизда узоқ муддатни мўлжалланг. Сиз тақдим этмоқчи бўлган лойиҳа аввал қилинмаганига эътибор қаратинг. Чунки, бир хил нарсани такрорлашдан фойда йўқ. Маълумотларнинг сифати ва сонини кўпайтиринг. Интернет техникаси ва озроқ журналистик саводхонлигингизни оширинг. Бир нарсани ёдда тутинг. Лойиҳани ишга тушириш учун катта маблағ талаб қилинмайди. Муҳими, уни бошлаш ва давомийлигини таъминлашдир. Агар аниқ таклифларингиз бўлса, менга мурожаат қилинг, имкон қадар ёрдам беришга тайёрман.
— Сиз бирор таниқли инсоннинг ҳикматли сўзларига амал қилиб келганмисиз? Сизга таъсир кўрсатган бирор шиор борми?
— Ҳаётнинг ўзи ҳикматдан иборат. Ҳар жабҳадан ҳикмат топса бўлади. Ҳаётда биргина ҳикматли сўз ёки афоризмгагина боғланиб, ўшангагина амал қилиб яшаб бўлмайди. Ҳикматни қаердан бўлса ҳам олиш керак. Кўп ўқиган киши кўпроқ ҳикматларга ошно бўлади. Ҳаёт давомида эса ўша кўникмалар инсонни тўғри йўлга олиб бораверади. Бу борада аввало муқаддас динимизнинг асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шариф асосий манба бўлса, ўтмишда ўтган олим бобокалонларимизнинг илм тўла сандиқлари инсон йўлини ёритгувчи нурга қиёсдир.
“Саҳар” ижтимоий тадбиркорлик мактаби веб-саҳифаси www.saharschool.org/content/ziyo-qurgan-qalblar-sari
ДАВРОНБЕККА ОФАРИН! – Қ.Д.