• Сайроқи қушлар йўқ боғда қурбақа ҳам булбулдек.
• Дўсту душманингни уч ҳолатда сина: йўлда, мусибатда, касалликда.
• Отни эшакхона боғлаб қўйсанг у ҳам ҳанграб юборади.
• Душман билан курашишга кучинг етмаса, яхшиси, унинг кўзига кўринма.
• Боланинг бойлиги — ота-онаси.
• Дардингни дарди йўққа очма.
• Катта дарё тинч оқади, доно овозини кўтармайди.
• Чигирткадан қўрққан буғдой экмайди.
• Баъзида учқур от боролмаган жойга эшак етиб келади.
• Бошқа юртда бизнинг сигир бузлқчага айланибди.
• Қалбида севги бўлмаганнинг дарди ҳам бўлмайди.
• Туя отни букри деб тасаввур қилади.
• Севганга Бағдод ҳам бир қадам.
• Бўри қўйга дўст бўлмас.
• Ўғри ўғрини қоронғида ҳам танийди.
• Тулкининг душмани — унинг думи.
• Ҳаммага ўз ақли — расо, ўз фарзанди — энг гўзал.
• Ёвузлик уруғини эккан ўз ўлими учун эшик очади.
• Зилзиладан тоғлар, сўздан дўстлик ва севги емирилади.
• Меҳмоннинг ҳурмати уч кун.
• Душманинг чивиндек бўлса ҳам уни тоғдек ҳисобла.
• Пул берсанг — озаяди, илм берсанг — кўпаяди.
• Яхши иш учун Қуръондан фол очиш шарт эмас.
• Кун кундан туғилади, бугун кечадан бошланади ва келажак бино бўлади.
• Аҳмоқнинг катта-кичиги бўлмайди.
• Дунё сенга боқмаса, сен дунёга боқ.
• Чумолилар бирлашса, шернинг терисини ҳам кемиришади.
• Эшакни Маккага олиб борганинг билан эшаклигича қолаверади.
Тожиклар — Марказий Осиёдаги қадимий халқлардан бири. Тожикистон Республикасининг асосий аҳолиси (6,37 миллион киши, 2010). Ўзбекистонда (1 млн. 165 мингдан ортиқ, 2000; асосан, Самарканд, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида), Афғонистонда (тахминан 8 миллион дея баҳоланади), Хитойнинг шарқида, Эрон Хуросонида, Россия Федерациясида, Қозоғистонда ва Туркманистонда, шунингдек, Покистонда яшайдилар. Тожикларнинг умумий сони 20 миллионга яқин. Асосий қисми тожик-дарий тилида сўзлашади. Тоғли Бадахшон Мухтор вилояти ҳамда Яғноб аҳолисининг асосий қисми шарқий эрон тиллари гуруҳи оиласига кирувчи махсус шеваларда сўзлашади. Тожиклар, асосан, ислом динининг сунний мазҳабига, Бадахшон аҳолисининг аксарияти эса шиа мазҳабининг исмоилия оқимига эътиқод қилади.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.