Германияда Ислом динининг ёйилиши
Немислар ва мусулмонларнинг ўзаро алоқалари 1200 йил олдин бошланган. Турли манбаларга кўра, қирол Карл 797 ёки 801 йили аббосийлар билан элчилик алоқаларини ўрнатган. Келишувга кўра, икки мамлакатда яшовчи мусулмон ва насоролар учун дин эркинлиги кафолатланган. ХVIII асрдан бошлаб Германия ва усмонлиларнинг алоқалари яхшиланиб, мусулмон жамоалари немис тупроқларида яшай бошлаганлар. 1712–1786 йилларда ҳукмронлик қилган Пруссия қироли Фридрих II ҳам динга бағрикенглик билан муносабат билдирган. 1745 йили у мамлакат армияси таркибида боснияликлар, албанлар ва татарлардан иборат мусулмонлар бўлинмасини ташкил этган. 1760 йили тузилган боснияликлар бўлинмасида 1000 нафарга яқин аскар хизмат қилган.
Усмонлилар билан биринчи расмий элчилик алоқалари 1763 йили бошланган. Илк турк элчиси Аҳмад Расмий афанди 73 нафар мулозими билан Берлинга ташриф буюрганида шаҳар аҳолиси уларни мамнуният билан кутиб олган. Бундан руҳланиб кетган элчи султон Мустафо III га ёзган мактубида: “Берлин аҳолиси Муҳаммадни (алайҳиссалом) ҳурмат қилади ва улар Исломни қабул қилишга тайёр”, деб ёзади. 1798 йили усмонлилар элчиси вафот этганида қирол Фридрих III элчини Ислом шариатига кўра дафн этишни буюради. Шундай қилиб илк мусулмон қабристони Берлинда ўша йили ташкил этилади.
Немис санъати ва Ислом
Немис алломаларидан Ҳегел Исломдан таъсирланган эди. Иоганн Гёте эса Исломни, Шарқ фалсафаси ва тасаввуфни чуқур ўрганган. У «Ғарбу Шарқ девони»ни (1814–1819) мусулмон шеъриятидан илҳомланиб ёзган. Девон «Муғаннийнома», «Ҳофизнома», «Ишқнома», «Тафриқнома», «Ранжнома», «Ҳикматнома», «Зулайхонома», «Темурнома», «Соқийнома», «Маталнома», «Форсийнома», «Хулднома» каби 12 бўлимдан иборат. Девонда шоир «булбул», «ҳур», «фатво», «муғанний», «муфтий», «тилсим», «мирзо», «дарвеш» каби сўзларни аслиятда қўллайди. Иоганн Гёте Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақида ёзаркан, бундай дейди: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ямоқ яктагига ҳам арзимас экан… Биз Европа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (алайҳиссалом) сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса ундан юқорироққа ўта олмайди”.
Мусулмон меъморчилигидан таъсирланган француз ва немис меъморлари 1779–1791 йилларда Германия жанубидаги Шветзинген саройи таркибида «Қизил масжид»ни қурадилар. 1907 йили Дрезденда қурилган фабрика биноси (ҳозирда савдо маркази) ҳам мусулмон меъморлиги услубида эди.
ХХ аср 60-йилларида Ғарбий Германияни қайта қуриш учун мусулмон давлатларидан муҳожирлар кела бошлади. 1961 йилдан турклар, 1963 йилдан марокашликлар, 1965 йилдан тунислик муҳожирлар Германияни тиклашга киришдилар. Кейинчалик Ироқ, Эрон, Афғонистон, Босния ва бошқа мусулмон давлатлари муҳожирлари Германияда Ислом жамиятининг шаклланишига ҳисса қўшдилар. 2005 йили қабул қилинган миграция тўғрисидаги янги қонун муҳожирлар учун бир қатор енгилликлар берди.
Германияда қанча мусулмон бор?
Германия Ғарбий Европада мусулмонлар сони бўйича Франциядан кейинги ўринда туради. 2011 йили ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида Германиянинг 1,9 фоиз аҳолиси (1,5 миллион нафарга яқин) мусулмон эканини билдирган. Лекин бу рақам мусулмонларнинг ҳақиқий сони эмас. Чунки сўровчилар эътиқодлари ҳақида маълум қилмаслик ҳуқуқига ҳам эга эдилар. “Deutsche Welle” маълумотларига кўра, Германияда 4,3 миллион (аҳолининг 5,4 фоизи) мусулмон яшайди (2009). Улардан 1,9 миллиони Германия фуқароларидир (2,4 фоиз). Беркли дин, тинчлик ва халқаро алоқалар маркази маълумотларига кўра, германиялик мусулмонларнинг аксарияти турклар (63,2 фоиз), кейинги ўринларда покистонликлар, собиқ Югославия ва араб давлатларидан келганлар, эронликлар ва афғонистонликлар туради. Энг кўп мусулмонлар Берлинда ва Ғарбий Германиянинг катта шаҳарларида яшайди. Германия мусулмонларининг катта қисми суннийлардир (75 фоиз). Шунингдек, шиалар (7 фоиз) ва бошқа жамоалар ҳам бор. Ҳозирда Германияда 140 дан ортиқ масжид фаолият юритмоқда ва яна бир қанча янги жомелар барпо этилмоқда. Германиядаги энг катта мусулмон шаҳри Дуйсбург бўлиб, аҳолисининг бешдан бир қисми Ислом динига эътиқод қилади. 2008 йили шаҳарда мамлакатдаги энг катта масжид қурилди. Унда бир вақтнинг ўзида 3000 киши ибодат қилиши мумкин.
Германияда диний таълим
Германия таълим тизими энг ривожланган давлатлардан биридир. Бу ерда мактабгача таълим муассасалари давлат тизимига кирмайди. Болалар боғчаси хайрия жамғармалари, маҳаллий ҳокимиятлар ва бошқа ташкилотлар қарамоғида фаолият юритади. Германия Конституциясига мувофиқ, мактаб таълими давлат назоратидадир. Ушбу таълим мажбурий ва бепул бўлиб, 6 ёшдан 18 ёшгача фуқаролар мажбурий тартибда таълим олиши шарт. Баъзи ижтимоий-иқтисодий муаммолар туфайли мусулмон муҳожирлари орасида таълим даражаси маҳаллий аҳолига нисбатан пастроқ. Германиядаги айрим илм масканлари, жумладан, 2005 йилдан Мунстер, 2007 йилдан Оснабрук университетларида исломий таълим муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрлана бошланди. 2008 йили немис тилида илк исломий дарслик чоп этилди.
Ислом Германиянинг ажралмас қисмидир
“Ислом Германиянинг бир қисмидир ва биз ҳақиқий Ислом билан терроризм ўртасида аниқ чегарани ўтказиб олишимиз керак… Биз бу масалада мутлақо очиқ бўлишимиз зарур: ҳа, Ислом бизнинг бир қисмимиздир”, деган эди Германия федерал канцлери Ангела Меркел хоним ўз чиқишларининг бирида.
2009 йили сайланган ҳозирги Германия парламенти таркибидаги 20 нафар депутат мигрант оилалардан чиққан бўлиб, уларнинг 9 нафари мусулмон оилада тарбияланган. Бундестаг расмий сайти уч нафар депутат мусулмон эканини маълум этган. Икки германиялик мусулмон Вурал Ўгер ва Жем Ўздемир 2004–2009 йилларда Европарламентда ишлаган.
Бремен, Гамбург ва Қуйи Саксония федерал ерларида Ислом расмий дин сифатида тан олинган. Бу эса мусулмонларга диний фаолият олиб бориш, мусулмон мозорлари ташкил этиш, масжидлар қуриш имконини беради. Бундан ташқари, ушбу федерал ерларда яшовчи мусулмонлар учун Рамазон ва Қурбон ҳайитлари расмий дам олиш куни этиб белгиланган.
Иммиграция, мусулмонлар орасида туғилишнинг кўплиги, маҳаллий аҳолининг ҳам Ислом динини қабул қилаётгани ҳисобига Германияда мусулмонлар йилдан йилга кўпаймоқда.
Давронбек Тожиалиев тайёрлади.
“Ҳидоят” журнали, 2014 йил, 3-сон