Интернетда чоп этилган асарлар бестселлер бўлмоқда (“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон)

Интернетда чоп этилган асарлар бестселлер бўлмоқда

/wp-content/uploads/2013/12/internet_kitob.jpg

Дунёдаги энг катта китоб сотувчи компания — Amazonнинг хабар беришича, ҳозирда дунёда бестселлер бўлган китобларнинг 25 фоизи ҳали нашриётлар томонидан чоп этилмасдан туриб муаллифлар бевосита интернетга жойлаган асарлардир. Компания раҳбарларининг таъкидлашича, муаллифларнинг ўзи интернетда эълон қилган китоблар йилдан-йилга кўпайиб, муваффақиятга эришмоқда.
Интернетда машҳур бўлган китобларнинг муаллифлари билан катта нашриётлар шартнома тузиб, асарларнинг босма вариантини ҳам чоп этмоқдалар. Британия университети профессори Пол Рикингтон Pan Macmillan нашриёти билан Amazonга жойланган икки романини 150 000 нусхада чоп этиш юзасидан шартнома имзолади. 19 ёшли талаба Бет Рикс Random House нашриёти билан интернетда эълон қилинган асарининг босма нусхасини чоп этиш бўйича шартнома тузди.
Интернетда эълон қилинаётган асарларнинг мазмун-мундарижаси ҳақида хавотирлар ҳам мавжуд. Лекин асарга асл баҳони ўқувчилар бермоқдалар.

Япониянинг Накатомбецу шаҳри аҳолиси Муракамидан хафа бўлди

/wp-content/uploads/2013/12/haruki-murakami.jpg
Agence France-Presse ахборот агентлигининг хабар беришича, Хоккайдо губернаторлигининг Накатомбецу шаҳри кенгаши машҳур япон ёзувчиси Харуки Муракамидан маҳаллий аҳолининг феъл-атвори ҳақида ишончсиз маълумот бергани учун қаттиқ хафа бўлган. Япониянинг машҳур Bungeishunju журналида чоп этилган 24 саҳифалик ҳикоянинг маълум воқеалари ушбу шаҳарда юз бериб, эпизодлардан бирида бош қаҳрамон ўз сигаретини ойнадан улоқтиради. Буни кўрган ҳайдовчи: “Афтидан, Накатомбецуда ҳамма шундай қилса керак”, дейди. Айнан шу қатор 2000 киши яшайдиган шаҳар аҳолисининг жиғига теккан.
65 ёшли Харуки Мураками 13 та роман, бирқанча ҳикоя ва эсселар ёзган. У жаҳондаги энг машҳур замонавий ёзувчилардан бўлиб,  асарлари 40 дан ортиқ тилга таржима қилинган.

Шизофреник ҳақидаги роман Costa мукофотига сазовор бўлди
/wp-content/uploads/2013/12/costa.jpg
Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, Costa адабий мукофотининг “йил китоби” номинациясида руҳий касалликлар шифохонаси собиқ хизматчиси Натан Файлернинг “Тушкунлик шоки” («The Shock of the Fall») романи ғолибликни қўлга киритди. Романнинг бош қаҳрамони шизофреник бўлиб, муаллиф унинг руҳий ҳолатини маҳорат билан тасвирлаган. Тақризчиларнинг таъкидлашича, Файлернинг узоқ йиллар руҳий касаллар билан ишлагани деталларни ҳаққоний тасвирлашига имкон берган ва роман муваффақиятини таъминлаган.
Costa мукофоти ҳар йили Буюк Британия ва Ирландиялик муаллифларга 5 номинация (энг яхши роман, энг яхши биография, энг яхши шеърий китоб, болалар учун энг яхши китоб ва энг яхши дебют) бўйича тақдим этилади. Ушбулар орасидан ҳакамлар йил китобини аниқлайдилар. «Йил китоби» ғолиби 30000 фунт-стерлинг, бошқа номинация ғолиблари 5000 фунт-стерлингдан оладилар.

“Вақтлар китоби” 13,6 миллион долларга сотилди

/wp-content/uploads/2013/12/kristis.jpg
Ротшилдлар оиласининг дуо китоби сифатида дунёга машҳур бўлган “Вақтлар китоби” «Кристис» аукционида 13,6 миллион долларга сотилди. 25х17 сантиметр ҳажмга эга бўлган ушбу китобга Инжил матнлари, дуо ва диний қўшиқлар киритилган.
150 саҳифали “Вақтлар китоби”га ўз даврининг энг машҳур безакчи рассомлари чизган 67 та сурат киритилган бўлиб, у 1505 йилда Голландияда чоп этилган. Китоб 1938 йилгача Ротшилдлар оиласи мулки ҳисобланган. Нацистлар томонидан мусодара қилинган ушбу китоб 1998 йили оила вакилларига қайтарилган. 1999 йили китоб 13,4 миллион долларга сотилган. Daily Mailнинг хабар беришича, дуолар китобининг янги эгаси кимлиги сир тутилмоқда.

Россияликларнинг 30 фоизи ҳеч қачон кутубхонага бормаган

/wp-content/uploads/2013/12/rossiya_kutubxona.jpg
Россия жамоат фикрини ўрганиш фонди ўтказган сўров натижаларига кўра, сўралганларнинг 30 фоизи кутубхонага ҳеч қачон бормаганликларини, 52 фоизи борганларига 1 йилдан ошганини маълум қилганлар. Кутубхонага қатнайдиганларнинг 38 фоизи уйга китоб олиш учун, 12 фоизи кутубхона залида китоб мутолаа қилиш учун, 2 фоизи китоблардан ксеронусха кўчириш учун, 1 фоизи у ердаги компютер ва интернетдан фойдаланиш учун, 2 фоизи ўзлари билан китоб олиб келиб, сокин залда ўқиш учун зиё масканига келишларини таъкидлашган.
70% қатнашчиларнинг фикрича, сўнгги 10-12 йилда кутубхонага бориш жуда камайган. Бунга сабаб интернетнинг тез тараққий этишидир. 2 фоиз респондентларнинг фикрича, электрон китобларнинг пайдо бўлиши, одамларни кутубхонага боришдан қайтарган.
59% иштирокчининг фикрича, Россия кутубхоналарини замонавий техника билан қуролланган маданият марказларига айлантириш лозим.

Appleга китоблар сабаб 840 миллион доллар жарима белгиланиши мумкин

/wp-content/uploads/2013/12/apple.jpg
Электрон китоблар нархини сунъий равишда ошириб, истеъмолчилар ҳуқуқини поймол этгани учун Apple корпорацияси 840 млн. доллар миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Ҳақиқий зарар 280 млн. доллар бўлгани ҳолда адвокатлар уч баравар кўп суммани даъво қилмоқдалар.
АҚШнинг 33 та штатида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилаётган ҳуқуқбонларининг сўзларига кўра, Apple нашриётлар билан ўзаро келишган ҳолда электрон китоблар нархини сунъий равишда оширган. Apple компанияси 2013 йилда 158 миллиард доллар даромад қилган.

Интернет материаллари асосида Давронбек Тожиалиев тайёрлади.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *