Бармоқлар баробар эмас! Бу ибора бежиз айтилмаган. Ҳамма нарса бир текис бўлган жойда ҳаёт зерикарли. Ҳатто маъносиздай. Дунёда ҳар бир соҳада яхшию ёмонлар, пасту баландликлар, тўғрию нотўғриликлар мавжуд бўлганидай, журналистиканинг ҳам олдида турган бир қанча муаммолар, масалалар борки, бу – таҳликали дунёнинг ахборот майдонида журналист ўз позитсиясидан туриб рост сўзни холис ва баралла айтиш. Негаки, бугун одамларни ҳайратлантиришнинг ўзи қийин. Дунёда кечаётган воқеликка шунчаки томошабин бўлиб туриш эса виждони бор кишининг иши эмас.
Ёқутхон МАМАТОВА, филология фанлари доктори, ЎзМУ журналистика факултети «Матбуот» кафедраси мудираси:
– Ҳар бир соҳанинг тараққиёти, айтайлик, кун билан ҳамнафас бўлишининг биринчи сабаби унда ишлаётган инсонлар – мутахассисларнинг жонкуярлигига боғлиқ. Қайсики соҳа жамиятда тез ривож топар экан, билингки, шу соҳанинг одамларида доим олдинга интилиш, муаммолардан, қийинчиликлардан чўчимаслик, уларни бартараф эта олиш салоҳияти кучли бўлади.
Журналистларимиз орасида кўп йиллардан буён «қачон бизнинг миллий журналистикамиз дунё даражасида юксалади?» деган гап юради. Бунинг учун ҳар бир журналист, аввало, ўзи инсон эканини, мана шу юртнинг ўзгаришига бевосита у ҳам дахлдорлигини том маънода ҳис этиши лозим. Журналистиканинг юксалиши шу соҳада ишлаётган ҳар бир одам – у мусаҳҳиҳ бўладими, муҳаррир бўладими, оддий ходим бўладими, саҳифаловчи бўладими, ўзини, касбини ҳурмат қилиши, касбига илоҳий бир неъмат сифатида қарашидан бошланади.
Ростини айтсам, бир пайтлар ҳужжатларимни Москва давлат университети физика-математика факултети Астрономия бўлимига топширганман. Астроном бўла олмадим. Лекин айнан ҳозирги айтган фикрларим ўзимнинг ҳаётимда исбот этилиши учун ҳам журналистикага кириб келишим зарур бўлди.
Анча йилдан бери факултетда ёшлар билан ишлайман. Касбимизни ардоқлайдиган, журналистиканинг қийинчиликларига бардош бера оладиган, шиддатли ўзгаришлар, шиддатли жараёнлар журналистлар олдига қўяётган муаммоларни жуда тезкорликда ҳал эта оладиган кадрларни тайёрлаш, янги асрнинг ахборот даъватларига, ахборот ўзгаришларига қарши курашда маълум улуш қўшадиган, уларга таъсир эта оладиган журналистларни тарбиялаш, менингча, бу жуда катта юмуш. Шу йўлда менга кўмак берган устозларимга раҳмат айтаман!
Олижаноб устозларим Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораевлар ҳаётда инсонларга яхши қарашни, улардан фақат яхши хислатларни топишга ўргатишган. Ҳаёт шафқатсиз, ҳар биримиз адашамиз, шунга қарамасдан, ниҳоятда кечиримли бўлишни ва айнан журналистикада олижанобликни ўргатишни бизга вазифа сифатида юклатишган. Шунинг учун мен ўз талабаларимга, у хоҳ матбуотчи бўлсин, хоҳ телерадиожурналист, хоҳ интернетда ишласин, биринчи ўринда инсонийликни улуғлайдиган одамлар бўлишларига озгина бўлсада-да, ўз ҳиссамни қўшаётганимдан ўзимни бахтли деб ҳисоблайман.
Тақдир мени журналистикага етаклаб келибдими, шу соҳада ўзимнинг ўрнимни топа оляпман, дея ишонч билан гапира оламан. «Топа олдим», дейишга ҳали эрта. Ёшлар билан ишлаш ниҳоятда завқли. Уларнинг ёниб турган кўзига қараб, ҳаётда қандайдир ҳақиқатларни излашаётганларига ёрдам бериб, ўз кашфиётларини рўёбга чиқара олишларида озгина бўлсаям туртки беришдан катта бахт бўлмаса керак ҳаётда.
Факултетдаги ҳар бир куним учун худога шукур айтаман. Агар шу факултет бўлмаганида инсоннинг қадри нима эканини агар журналистика бўлмаганида инсон олий неъмат эканини тушунмай яшаб ўтган бўлардим.
Алижон САФАРОВ, «Ватанпарвар» газетаси бош муҳаррири:
– Менимча, бугун тарозининг бир палласида глобаллашув, ахборот асри, иккинчи палласида миллий манфаатларимиз турибди. Шунинг учун эрталаб уйдан чиққанда ўзимни худди жангга отлангандек сезаман. Журналист касбини танладингми, ахборот майдонида халқинг, юртинг манфаатини ҳимоя қилишга чиққан курашчи бўлишинг керак-да.
Ахборот асрининг асоратлари ҳалитдан сезилмоқда. Бу, аввало, энг муқаддас нарсаларимизга – маданият, қадриятларимизга дахл қилинишида кўзга ташланади. Шунинг учун ахборот, деб маърифатдан, маънавиятдан, қадриятларимиздан айро тушмасликка биз журналистлар ҳам жавобгармиз. Бугуннинг журналистидаги масъулият жуда-жуда оғир эканини сезаётгандирсиз.
Ахборот оқимининг шиддатидан ҳайратланасиз. Ахборот фақатгина бирон-бир воқеа-ҳодиса юзасидан маълумот етказиш, кишиларни янгилик ёки ўзгаришлардан воқиф этиш воситаси деб ўйлайдиганлар янглишади. Бугун ахборот ва коммуникатсия моддий, маънавий, ижтимоий соҳаларнинг ривожига туртки берадиган, ҳатто ҳал қилувчи рол ўйнайдиган даражагача етди.
Жанг, кураш майдони деганим шунчаки гап эмас. Оммавий ахборот воситаларининг бугун жамият ва инсон ҳаётига таъсирини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Айниқса, замонавий ахборот ва ахборот-коммуникатсия воситалари ривожланиши, тараққиётнинг олға қадам босиши соҳада мисли кўрилмаган ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Натижада жаҳон ахборот макони ўзига хос кураш майдонига айланмоқда. Етакчи ахборот агентликлари, нашрлари дунё ахборот маконида ҳукмронлиги доирасини қанчалар кенгайтиришга уринаётганини кўриб, билиб турибмиз. Бунинг ортида етакчи мамлакатлар ғояси, мафкураси ётишини, шу йўл орқали инсонлар онгини, дунёқарашини эгаллашга кураш беаёв кечаётганини сергак, ҳушёр кишилар яхши англашади.
Шунинг учун бугун ҳушёрлик, фаол ҳаётий позитсия миллий манфаатларни ҳимоя қилиш йўлида қўлига қалам олган ҳар бир журналист учун зарур. Яъни «ахборот жамияти», «сунъий интеллект» каби тушунчалар турмушимизга кириб келаётган глобал маконда менталитетни, миллий манфаатларни сақлаш, ҳимоялаш иммунитети хусусида бош қотиришга тўғри келади.
Дарвоқе, глобал тармоқ хусусида. Уни баъзан жаҳон тўри, ўргимчак тўри деймиз. Гап қандай номлашимизда эмас, кундалик ҳаётимизнинг муайян бир қисмига айланган интернет – глобал ахборот тармоғининг шасхга, жамиятга дахл қилувчи ўзига хос томонларини ўз вақтида англаш, ҳис қилишда, деб ўйлайман. Бу ўринда дунёда ва мамлакатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ўзимизнинг ҳаққоний ва холисона муносабатимизни, эътироф ва эътирозларимизни билдиришга қодир бўлишимиз муҳим.
Расул Ҳамзатовда шундай гап бор: «Менга мавзу беринг деб айтма, менга кўз беринг деб айт». Баъзи ёш ҳамкасблар «нимани ёзай, йўналиш беринг», дейишганда энсам қотиб, шу фикрни хаёлимдан ўтказаман. Нимани ёзиш, қандай ёзиш борасида кўрсатма бериладиган замон ортда қолди. Атрофга назар солинг. Замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатларнинг қанчалар тезкор, тиғизлигини ҳис қиласиз. Бизга алоқаси йўқ, олисда юз берибди-ку, деб воқеликка бепарво қарасак, кўп нарсани бой беришимиз, тараққиётдан ортда қолиб кетишимиз мумкин. Демак, хулоса битта: айтадиган сўзимизнинг таъсирчанлигини, кескирлигини оширишимиз керак.
Бундан 22 йил муқаддам, яъни 1992 йилнинг 24 июнидан бошлаб Мудофаа вазирлигининг марказий матбуот органи «Ватанпарвар» газетаси чоп этила бошланганди. Газета ижодий жамоаси халқимизга, муштарийларимизга «жанговар сўз» айтишни асосий мақсади, деб билади. Бу – мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий, маданий ҳаётида кечаётган муҳим ўзгариш, янгиланишлар, ёш авлодни миллий истиқлол мафкураси ва ғояси руҳида камол топтиришга йўналтирилган улкан ишлар, мардлик ва матонат фазилатларини тарбиялаш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш мактабига айланган миллий армия ҳақида, Қуролли Кучларда кечаётган ислоҳотлар борасида ўткир, кескир сўз айтиш, дегани. Ахборот маконида ҳали «Ватанпарвар»нинг, республикамиздаги бошқа оммавий ахборот воситаларининг айтганидан айтмаган бундай сўзлари кўп.
Давронбек ТОЖИАЛИEВ, «ziyouz.com, ziyouz.uz» веб-сайтлари бош муҳаррири:
– 2001 йилдан журналистлик фаолияти билан шуғулланаман. Ўшанда айнан интернет журналистикасига мослашаман, деб хаёлимга ҳам келтирмагандим. «Маърифат» газетасида мухбир бўлиб ишлардим.
Журналистликнинг машаққати холис ва мамнун қила оладиган фикрни айта олишда, деб ўйлайман. Маълумки, бирон воқеада, албатта, икки томоннинг манфаати ётади, яъни бирёқлама фикр бўлмайди. Журналист ана шу икки томонни ҳам хафа қилмасдан уларга бирдек маъқул бўла оладиган одил фикрни айтиши, ифодалай олиши керак, деб ҳисоблайман. Маҳмудхўжа Беҳбудий таълим берганидек, «Бир кишини тўғрисинда хат ёзилур экан, ўшал одамни ояндаги дўст ва ё душман, яхши ва ямон бўлиши ва аҳволини тағйир топилиши эҳтимолини ёдға тутиб, хулоса ҳар бир ишға дастуриламал ҳикмат бўлғон – «Хайрул умури-авсатуҳо» (Амалларнинг яхшиси ўртачасидир) ҳадиси шарифиға амал лозимдур». Менимча, журналист ана шу ўрта йўлни танлаши керак. Касбимизнинг машаққати ҳам шунда. Бунинг учун эса журналист топқир ва билимли бўлиши керак, деб ўйлайман.
«Нега журналистикани танладим», деб сира афсусланмаганман. Чунки қайси касбни танламанг фидойи бўлиб, ўз ишингизни яхши кўрмасангиз, кўзлаган мақсадингизга ета олмайсиз. Сайт орқали қилаётган ишларим кимгадир маънавий озуқа бераётганидан, ўқишга иштиёқманд инсонларга кўмак бўлаётганидан мамнун бўламан.
2004 йилда интернет журналистикасида – глобал тармоқда ўзбек тилидаги маълумотлар жуда кам эди. Мен ўзбек тилидаги ахборотга бўлган ана шу эҳтиёжни турли мақола ва маълумотлар билан қондиришни мақсад қилиб, унга киришдим. Ўшанда веб-сайтимда ҳеч бўлмаса, мингта мақола жойлаштиришни режалаштиргандим. Бу мақсадимга икки йилда эришдим. Йиллар ўтиб, ахборот технологиялари фаолияти юксалгани, техника тараққий этгани сайин менинг ҳам мақсадларим катталашиб борди. Мен ижтимоий тармоқ орқали фақатгина ахборот етказишни эмас, балки зиёли қатламнинг манфаатларига хизмат қилувчи, ўқувчига нафақат ахборот, балки маънавият ҳам улашишни сайтимнинг вазифаси этиб белгиладим. Менимча, бунга маълум даражада эришишга ҳаракат қиляпман.
Барчиной ЖЎРАEВА, ЎзМТРК “Ўзбекистон” телерадиоканали Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлари бош таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари:
– Ўқувчилигимда тарих фани ўқитувчимиз Доно опа “Овозинг жуда чиройли-да, сени радиога олиб борай-чи!”, деб болалар таҳририятига етаклаб келганлар. У ердаги муҳит, студия, микрофон мени жуда ҳаяжонга солган, қизиқишимни ҳам оширган. Каттароқ синфга ўтгач, “Ёш ижодкорлар” тўгарагига қатнай бошладим. Қайноқ ижодий муҳит, бир ондаёқ ўз домига тортди. Тенгдошларим билан мулоқотлар, тортишувлар, буларнинг бари мени руҳан журналистлик касбига тайёрлаган омиллар.
Мактабдалигимдаёқ журналист бўлишимни аниқ билар эдим.
Ҳар бир касбнинг ўз заҳмати бор, аслида. Балки шунинг учун унинг меваси тотлидир… Ўйлаб қарасам, билганларимдан билмаганларим кўп. Ижод маҳсулим эфир юзини кўргач, мен ҳам оддий томошабин қатори уйда, ойнаи жаҳон орқали томоша қилганимда, фарзандларим, ота-онам, томошабинлар томонидан ишимга баҳо берилганда, бир оғиз ширин сўз эшитсам, тўғриси, чарчоқлар, қийинчиликлар унут бўлиб кетади. Чунки меҳнатим самарасиз кетмади, кимларнингдир эътиборини тортяпти. Шу касбни танлаганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Аксинча, танламаганимда, кўп нарсани йўқотган бўлардим.
Бу касб мени фикран улғайтирди. Тарбиялади, чиниқтирди. Нимагаки, эришган бўлсам, шу касбим туфайли.
Ижодкорда ўз ишидан қониқмаслик ҳисси бор экан, ёшидан, тажрибасидан қатъи назар, у изланади. Касбда муаммолар бўлмайди, муаммо касб эгаларида, унинг билими, уқуви, малакасида.
Фозил ЖАББОРОВ тайёрлади.