Кўпчилик Рамазонни бир ой кундузлари ейиш ва ичишдан тийилиш, кечаси баъзи ибодатларни амалга ошириш деб тушунади, холос. Улар нархлар ошиб кетмаслиги учун Рамазонга узоқ вақт тайёргарлик кўришади. Аввалдан ейиладиган нарсаларни йиғиб олишади. Ҳатто бировлар рўза пайти қила олмай қоламан, деб баъзи гуноҳлардан ҳам кўз юмишади…
Аслида Рамазонга қандай тайёргарлик кўрилади? Муқаддас ойга ҳозирлик кўришнинг энг мақбул услублари қуйидагилардир:
1. Ҳақиқий тавба. Тавба аслида фақатгина Рамазон остонасида эмас, ҳар доим қилиниши лозим бўлган амал. Рамазон арафасидаги тавба эса, Яратгандан гуноҳлар кечирилишини астойдил сўраш, одамларнинг ҳақларини адо этиш орқали бу ойга ёруғ юз ва тоза қалб билан киришдир. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар. Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”.
Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в.: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар. Мен кунига юз марта унга тавба қиламан”, деганлар.
2. Дуо. Улуғларимиз йилнинг олти ойида Аллоҳдан Рамазонга етказишини, ундан сўнг 5 ойда рўзаларини қабул қилишини сўраб дуо қилишаркан. Мусулмон киши Яратгандан Рамазонга соғ-омон, кучли иймон ва саломат тан билан етишини, ибодатларни тўлиқ адо этишини тилаши лозим.
3. Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олиш. Рамазон Аллоҳнинг қулларига берган улкан неъматларидан биридир. Чунки бу ойда дўзах эшиклари беркитилиб, жаннат эшиклари очилади. Бу ойда Қуръон нозил бўлган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус сураси, 58)
4. Инсонлар орасида бўладиган адоват ва аразлашишларга барҳам бериш.
5. Қарзлардан қутулиш. Рамазон арафасида бўйиндаги қарзларни тўлаш ҳам рўза ибодатларини хотиржам адо этишга сабаб бўлади.
6. Кўпчилик рўзани адо қилади-ю, намозга келганда оқсайди. Баъзилар Рамазон келгач, яна намозни бошлаб оламан дейди. Рамазонга тайёргарликнинг энг муҳим талабларидан бири бошқа фарзларни, айниқса, намозни тўлиқ адо этишдир.
7. Қазо бўлган рўзаларни Рамазонгача тутиб олиш.
8. Рўза ва закот илмларини ўрганиш. Оила аъзоларига ҳам бу қоидаларни тушунтириш.
9. Рамазон ойида оила билан ўқиладиган китобларни ҳозирлаш.
10. Шаъбон ойининг баъзи кунларида рўза тутиш. Умму Салама розийаллоҳу анҳо айтади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ой кетма-кет рўза тутганларини кўрмаганман” (Термизий, Насоий, Аҳмад ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
11. Қуръони каримни тиловат қилиш. Абу Барқ ал-Балхий айтади: “Ражаб шамолга, Шаъбон булутга ўхшайди. Ражабда экмаган, Шаъбонда суғормаган Рамазондан қандай ҳосил олсин?”
Барчамизга келаётган Рамазон ойини хурсандлик билан кутиб олиб, рўза ибодатларини ҳузури қалб билан адо этиш насиб этсин.