Бенгаллар — Бангладешнинг асосий аҳолиси (150,5 миллион киши, 2008) бўлган халқ. Шунингдек, Ҳиндистон (70 миллион киши, 2008), Непал, Бутан, Сингапур ва бошқа жойларда ҳам яшайди. Умумий сони 280 миллион киши (2008). Бенгал тилида сўзлашади. Диндорлари — Бангладешда асосан исломга, Ҳиндистонда эса асосан ҳиндуизмга эътиқод қилади.
- Бир кун маст бўлиб, ўн кун бошингни ушлаб қолма.
- Қалб хотиржамлиги барча бойликдан устун.
- Сувда яшаяпсанми, тимсоҳ билан муомалангни ўнгла.
- Тилинг билан Худодан сўраб, қўлинг билан ишла.
- Ҳар кимга феълига кўра тақдир ато этилади.
- Кеча бемор эди, бугун — табиб.
- Орзу-истакнинг мўллиги — умидсизликнинг кўплиги.
- Бойнинг уйида мушук ҳам — обрўли шахс.
- Ғалаба куни вайронкорликлар унутилади, ўлим они дорилар эсланмайди.
- Хайрли хабар ёлғон бўлса ҳам яхши.
- Ичи заҳар — таши асал.
- Шери йўқ ўрмонда шоқол ҳам — рожа.
- Оловга қўлингни суқсанг, истайсанми-йўқми куясан.
- Яхши даврларда бегона ҳам ўзингники, чўлоқ эшак ҳам отдай қадрланади.
- Олийҳиммат инсон учун бутун дунё қариндош.
- Ур-сур пайтида тулки ҳам шерга айланади.
- Сув пастга қараб оқади.
- Ўғрини йўтал ўлдиради, брахманни — таом.
- Қарға қарғани чўқимайди, зулук зулукни сўрмайди.
- Қарға билан каккунинг ранги бир бўлгани билан хониши ҳар хил.
- Вақт ўтаверади, миш-миш қолади.
- Бўрон турмасдан ҳамма ўзини моҳир эшкакчи деб ҳисоблайди.
- Вақтни қўл билан ушлаб бўлмайди.
- Қўйиб юбордингми, тутиш керак бўлади.
- Баланд дарахт бўронда кўпроқ титрайди.
- Яқин биродарлик бор жойда жанжал ҳам бўлиб туради.
- Даромад бор жойнинг харжи ҳам катта бўлади.
- Кўзга айтаман: “Қара”, қулоққа: “Эшит”, оғизга: “Гапирма!”
- Аҳмоқ овозини баландлатади, ақлли бир кулиб қўяди.
- Очлик нимани ейиш-емасликни сўраб ўтирмайди.
- Қалбдаги гуноҳ — ўрмондаги қўрқув.
- Дарахтга унинг мевалари оғир эмас.
- Ўлимга қонун йўқ.
- Агар ҳамма бирлашса, денгизни ҳам қуритиш мумкин.
- Учта ошпаз пиширган ош тагига олади.
- Гўнгқўнғизнинг орзуси — нилуфаргул асалидан тотиш.
- Ортиқча қурбонлик учун ҳам дўзах ўти тайёрлаб қўйилган.
- Илон бақадан қўрқади, бақа — илондан.
- Ҳатто қарға ҳам ўзини энг ақлли деб ҳисоблайди.
- Ҳатто Ойнинг ҳам доғи бор, атиргулнинг — тикони.
- Йўлбарс ҳам, ҳўкиз ҳам бир кўлдан сув ичади.
- Тўйганингдан сўнг асал ҳам заҳардек туюлади.
- Чивинни ўлдирсанг қўлингни кир қиласан холос.
- От йўқ, лекин қамчиси бор.
- Мушукни ўрмонга қўйиб юборсанг, у йўлбарсга айланади.
- Бақувват дарахни болта билан қулатасан, чиригани ўзи қулайди.
- Кўп гапирган алдай бошлайди.
- Ким оқил бўлса, ўша кучли.
- Ўрмон ёнади, дарахт илдизлари қолади.
- Ой ахлат ўрага ҳам нур сочади.
- Узоқдаги олтиндан яқиндаги туз афзал.
- Шоқолдан шер чиқмайди.
- Идиш қанча кичик бўлса шинни шунча ширин бўлади.
- Асални хуш кўраман, лекин асалари чақишига хушим йўқ.
- Битта ғилдирак билан манзилга етолмайсан.
- Сўзда — султон, ишда — фақир.
- Эшакни юганлаганинг билан от бўлолмайди.
- Бахт бойликда эмас, ақлда.
- Ҳар чиғаноқда ҳам марварид бўлавермайди.
- Икки қайиққа оёқ қўйма, сувга ғарқ бўласан.
- Китобни сотиб олган эмас, уни ўқиган олим бўлади.
- Носамимий сўз бошдаги чигал сочга ўхшайди: уларни ажратиш — мушкул вазифа.
- Бир эшик беркитилса, минглаб бошқа эшикларни очиқ ҳолатда топасан.
- Бир марталик нутқ — олимлик белгиси эмас, бир сел — ёмғирлар мавсуми эмас.
- Кимдир бировнинг тажрибасидан ўрганади, баъзида ўз хатоларинг кўп нарсани ўргатади.
- Бир кўзи билан йиғлаб, иккинчиси билан кўз қисади.
- Дарахтни бир зарба билан йиқитолмайсан.
- Фақат дуо билангина уйингга гуруч тўлиб қолмайди.
- Бўйиндаги тақинчоқ ҳам оғирлик қилиши мумкин.
- Эшак сув ичган жойини ҳам булғайди.
- Эҳтиёткордан ҳалокат қочади.
- Тошга ўйилган ёзувни ўчириб бўлмайди.
- Осмонга тупурма, елкангга тушади.
- Бехосдан бойиб қолган камбағал осмонда кундузи ҳам юлдуз кўраркан.
- Урушдан сўнг ҳамма қаҳрамон бўлиб қолади.
- Ўтган ишга йиғлаш бефойда.
- Яра тузалгани билан чандиғи қолади.
- Дарё қуриса ҳам ўзани қолади.
- Ўзи юришни билмайди-ю елкасига қурол илиб юради.
- Энг ёмон душман — уйдагиси.
- Ўз қўлтиғинг сасимайди, доим бировники сасийди.
- Аёлнинг кучи кўз ёшида.
- Тинмай худога ибодат қилсанг-у, ишламасанг гуручсиз қоласан.
- Сўз сўздан куч олади.
- Аввал ўзингни эҳтиёт қил, сўнг бошқаларга ўргат.
- Итнинг думини мой билан текисласанг ҳам тўғри бўлмайди.
- Булбул қарғанинг инида ўсса ҳам қағилламайди.
- Бегона ўт тез ўсади.
- Аввал уйни тахт қил, сўнг бека ҳақида ўйла.
- Қаттиқ вовуллаган ит ҳеч кимни тишламайди.
- Йўлбарс ўрмонни қўрийди, ўрмон — йўлбарсни.
- Уч киши билганини ўттиз киши билади.
- Катта дарахтнинг меваси оз бўлгани билан сояси мўл бўлади.
- Ёлғизнинг ёри Худо.
- Карнинг душмани бўлмайди.
- Олов бировнинг уйини илитса, бошқанинг уйини кул қилади.
- Ўз юртингда — оқсоқолсан, ўзга юртда — қари кўппак.
- Муғомбирлик фирибгарликка йўл очади.
- Бола уйда йўқ нарсани сўрайди.
- Сартарош ҳам табиблик қилса, сочни ким олади?
- Кўп йиғлаш дардни орттиради.
- Ари гул исига қараб учади.
- Деҳқоннинг ҳазили — ўроқ билан уриш.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.