* * *
Саҳар кўрганчадир кўзим султонини
Дедим: “Султонмисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Кўзлари ёлқинли, қўли хиноли
Дедим: “Чўлпонмисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Исминг нима?”, деди: “Ойхондир”,
Дедим: “Юртинг қаер?”, деди: “Турфондир”,
Дедим: “Бошингда не?”, деди: “Ҳижрондир”,
Дедим: “Ҳайронмисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Ойга ўхшар”, деди: “Юзимми?”
Дедим: “Юлдуз каби”, деди: “Кўзимми?”
Дедим: “Ёлқин сочар”, деди: “Сўзимми?”
Дедим: “Вулқонмисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Хаёл надир?”, деди: “Қошимдир”,
Дедим: “Кундуз надир?”, деди: “Сочимдир”,
Дедим: “Ўн беш надир?”, деди: “Ёшимдир”,
Дедим: “Жононмисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Денгиз надир?”, деди: “Қалбимдир”,
Дедим: “Раъно надир?”, деди: “Лабимдир”,
Дедим: “Шакар надир?”, деди: “Тилимдир”,
Дедим: “Бер оғзима”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Занжир турар”, деди: “Бўйнимда”,
Дедим: “Ўлим бордир”, деди: “Йўлимда”,
Дедим: “Билагузук”, деди: “Қўлимда”,
Дедим: “Қўрқармисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Нечун қўрқмассан?”, деди: “Тангрим бор”,
Дедим: “Яна ким бор?”, деди: “Халқим бор”,
Дедим: “Яна йўқми?”, деди: “Руҳим бор”,
Дедим: “Шукронмисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Истак недир?”, деди: “Гулимдир”,
Дедим: “Чалишмоқ бор?”, деди: “Йўлимдир”,
Дедим: “Ўткир кимдир?”, деди: “Қулимдир”,
Дедим: “Сотармисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
* * *
Ёш эдик мушкул сафарга отланиб чиққанда биз,
Энди отга мингудек бўлди ана неварамиз.
Оз эдик мушкул сафарга отланиб чиққанда биз,
Энди чўнг карвон аталдик қолдириб чўлларда из.
Қолди из чўллар аро, гоҳи довонларда яна,
Қолди не-не арслонлар дашту чўлда қабрсиз.
Қабрсиз қолди деманг юлғун қизарган далада,
Гул-чечакка бурканар эрта баҳорда қабримиз.
Қолди из, қолди манзил, қолди узоқда ҳаммаси,
Чиқса бўрон, кўчса қумлар ҳам кўмилмас изимиз.
Тўхтамас карвон йўлидан гарчи отлар кўп юрар,
Топқуси ҳеч бўлмаса бу изни бир кун эварамиз.
Уйғурчадан Давронбек Тожиалиев табдил қилган.