Алвидо, эй ойлар султони!

Яна бир неча дақиқалардан сўнг Рамазони шариф билан хайрлашамиз… Жуда соз ўтди бу Рамазон, жуда тез ўтди бу Рамазон!

Мен учун Рамазоннинг энг файзли, эсда қолар дақиқалари: “Минор” жомеъ масжидидаги Ҳасанхон, Жаҳонгир, Абдулбосит қориларнинг кўнгилга яқин гўзал қироатлари; “Минор”даги хатмона сўнггида раҳмат ёмғири остидаги хайрли дуолар; “Кўкча”даги хатмда жой топа олмай югурганларимиз; Қадр кечаси “Бодомзор”даги хатмда кўчагача чўзилган жамоат…

Бундан 14-15 йил аввалги Рамазон ёдимга тушади. Қиш пайтлари эди. Тошкент шаҳрида кўпчилик борадиган асосан иккита масжид бўларди: “Хўжа Аҳрор Валий” ва “Кўкча”. “Хўжа Аҳрор Валий”да Баҳодир қори хатмга ўтарди. Йиғлаб-йиғлаб ўтарди. Дуода ҳам йиғлатарди. Бир кеча “Қиёмат” сурасини ўқиётган маҳал масжиддаги 2-3 та лампочкалар бирданига отилиб кетганди… Назаримда у пайтлар жамоат ҳозиргидек катта бўлмасди. “Кўкалдош” мадрасасига Қадр кечасига борардик. Сийрат мусобақаси бўларди. Бир гал мен ҳам бир саволга жавоб бергандим. Совға сифатида кўк ручка (Alba ручкаларини эслаганлар билар) беришган эди. Сахарликка катта дошқозондаги ош етмай қолганди…

Бу йил Рамазоннинг сўнгги 4 кунини Марғилонда ўтказдим. Тан олиш керак, хатми Қуръонлар, Рамазон файзи жиҳатидан ҳам Тошкент пойтахт экан. Марғилондаги ҳамма масжидларда хатмона 20 кунда тугатилибди. Тошкентдаги 15-Рамазондан кейин ҳар кунлик хатмона файзларини эсладим.

Назаримда бу йилги Рамазон жуда хуш ҳаво билан ўтди. Муборак ойнинг ярми салқин бўлди, 4-5 марта ёмғир ёғди. Кечалари деярли иссиқ бўлмади.

* * *

…Ҳамманинг юзида табассум-у, лекин бувим ҳадеб йиғлардилар… Ҳайрон бўлиб, уларнинг ёнларига бордим. Улар гўё менга эътибор бермас, ҳадеб: “Биздан рози бўлинг, ё моҳи Рамазон, рози бўлинг, ҳафа бўлмасдан кетинг, эй моҳи Рамазон. Сизни ҳурматизи жойига қўёлмаган бўлсак, биздан рози бўлинг. Биздан рози бўлинг…” – дея такрорлардилар. Бу ҳолат одатда пешиндан то асрга қадар давом этарди.

Аср намозидан кейин аёллар ош қилишга ва бугунги байрамона, сўнгги ифторликка уннашади. Шомга яқинлашади. Ҳаммамиз тўпланамиз. Шунда бувимдан ҳалиги ҳолат ҳақида сўрайман. Бувим:

“Атиги йилда бир марта келадиган Рамазон ойини рози қилолдикми? Бу Ой биздан хафа бўлмадиларми, шуни ўйлаб, тафаккур қилгандим…”

Аста-секин қўшнилардан ош чиқади, биз ҳам ош тарқатамиз. Зиёфатдан кейин Қуръон тиловат қилинади. Шукроналар айтилади, дуолар қилинади:

Биздан рози бўлинг, эй Моҳи Рамазон!

ramazon2

PS. Бириктирилган расм асло мақтаниш учун эмас, кимгадир эслатма, мотивация бўлса деган ниятда жойланди. Зеро, Ҳайит болаларимиз учун энг гўзал байрам бўлмоғи керак.

Ҳайит байрамингиз муборак бўлсин! Келгуси Рамазонларгача мана шундай иймон, шундай иштиёқ, файз билан етиб бориш барчамизга насиб этсин!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *