“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун матбуотда эълон қилинди. Бу муҳим Қонун 6 ойдан сўнг кучга киради.
Кундалик ҳаётимизда керак бўладиган ҳолатлар бўйича Қонунда келтирилган баъзи моддалар билан танишиб олинг:
8-моддадан. “Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади”.
“Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида:
ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши;
фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.
Ички ишлар органи ходими ўзига фуқаро мурожаат этган тақдирда, ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, уни диққат билан эшитиши, ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриши ёхуд қўйилган масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши шарт”.
Демак, ички ишлар органи ходими сизнинг қадр-қимматингизни камситадиган тарзда муомалада бўлса; ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтмаса, сизнинг талабингизга кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатмаса, мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилмаса юқоридаги Қонун бузилиши бўйича шикоят қилишингиз мумкин:
46-модда. “Қайси жисмоний ёки юридик шахс ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари камситилишига ички ишлар органи ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги сабаб бўлди деб ҳисобласа, ўша жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, прокурорга ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли”.
Шунингдек, Қонуннинг 32-моддасига кўра, Ички ишлар органи ходимлари хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги; ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун ишдан бўшатилиши мумкин.
17-моддада баён қилинган ички ишлар органларининг ҳуқуқлари таркибига “паспорт режими қоидаларига, шунингдек бажарилиши устидан назорат қилиш ички ишлар органлари зиммасига юклатилган бошқа қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш амалга оширилаётганда фуқароларнинг турар жойларига ва бошқа биноларига уларнинг розилиги билан соат 6-00 дан соат 22-00 гача кириш” ҳам киритилган.
Демак, ички ишлар ходими юқоридаги ҳолат бўйича соат 6-00 дан соат 22-00 гача уйингизга кириши мумкин. Фақатгина сизнинг рухсатингиз билан. Розилик бермасликка ҳақингиз бор. Бошқа ҳолатларда фуқаронинг уйига кириш, текшириш, тинтув ўтказиш фақатгина суднинг ордерига кўра амалга оширилади.
“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун: http://uza.uz/oz/laws/