Истанбулнинг қайноқ юраги

Туркия – синоатларга бой мамлакат. Асрлар мобайнида Шарқу Ғарб ўртасида олтин кўприк бўлиб келган бу ўлкани тўла кашф этмоқ учун кўп бора сафар қилмоқ лозим. Мен ҳам Туркияга галдаги саёҳатим асносида ўзим учун талай кашфиётлар қилдим. Дарвоқе, “Истанбулнинг юраги” саналмиш даргоҳни-да зиёрат этдим.

tr_istanbul-panorama1

Босфор бўғозидан Ғарбий Истанбулнинг кўриниши

Мамлакат аэропортдан бошланади

Учоғимиз ушланиб қолгани боис Истанбулга мўлжалдан кечроқ етиб бордик. Отатурк аэропортидан Анқарага учишим керак. Орада бир соат вақт бор. Истанбул аэропортига ташриф буюрганлар кўп бора гувоҳ бўлган – бирданига 10-15 учоқ келиб қўнгани сабабли одатдагидек паспорт назоратида турнақатор навбат юзага келди. 20 га яқин йўлакда 2000-3000 киши навбатда турибди. Таваккал дея издиҳомга қўшилдим.

Самолёт Анқарага учишига 35 дақиқа қолди, навбатнинг эса охири кўринмайди. Энди улгурмасам керак деб ўйлаб навбатдан чиқдим. Ўша ердаги назоратчи турк йигитга арзи ҳол қилдим:

– Биродар, учоққа миниш вақтим ўтиб кетяпти. Назоратдан тезроқ ўтишнинг иложи борми?

– Албатта, навбатсиз ўтадиган йўлагимиз бор. Ўша ердан ўтишингиз мумкин. Лекин 20 доллар тўлашингиз керак бўлади.

– Ёнимда бунча нақд пул йўқ эди-ку.

– Келинг, мен сизни имтиёзли тартибда 10 долларга ўтказиб юбораман.

– Қардошим, айбга буюрма, 3 долларгина нақд пулим бор, холос.

Назоратчи аҳволимни тушуниб, “Қаердансиз?” деб сўради. Сўнгра “Юринг”, дея йўлакдан олиб ўтди-да, “Паспорт назоратига бориб, мени айтсангиз, навбатсиз қўйиб юборишади. Сафарингиз бехатар бўлсин!” дея хайрлашди.

Паспорт назоратида ҳам узундан-узун навбат. Йўловчиларга вазиятни тушунтирдим. Ҳеч бири юзини буриштирмади. Аксинча, ўтақолинг, дейишди табассум билан. Паспорт назоратчиси ҳам “Нега келдингиз, ташрифдан мақсадингиз нима?” деб бош оғритиб ўтирмади. 10 сонияда паспортни текшириб, муҳр босди. Сўнг ички рейслар йўлагини кўрсатиб, оқ йўл тилади…

test

Эминўну соҳилидан Бўйўғлу туманининг кўриниши. Истанбул

“Очиқ кутубхона” ташкил этамизми?

Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирлиги ҳамда ушбу мамлакат миллий кутубхонаси ташкил этган Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари раҳбарлари анжуманида Ziyouz электрон кутубхонаси раҳбари сифатида камина ҳам қатнашдим. Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Бошқирдистон, Татаристон, Кипр, Гагаузия кутубхоналари қатори Ziyouz электрон кутубхонасини тақдим этдим. Электрон кутубхона ташкил этиш борасида фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашдим.

Менга Озарбойжон маданият вазирлиги ташкил этган “очиқ кутубхона” лойиҳаси маъқул келди. Қардошларимиз давлат кутубхонасидан айри ҳолда, турли қоғозбозликдан холи, ҳафтанинг 7 куни, 24 соат фаолият юритадиган халқ кутубхонасини очибди. Кутубхона Боку шаҳрининг Хоқоний кўчасида, соя-салқинда жойлашган. Хиёбонда китоб жавонлари ўрнатилган. Ўқиш ва мулоқот учун қулай курсилар жойлаштирилган. Кечаси фонус ёруғида мутолаа қилиш мумкин.

“Мен ўқидим, сен ҳам ўқи” шиори остида фаолият юритувчи бу мўъжаз зиё масканига Озарбойжон миллий кутубхонаси дастлаб 1500 китоб тақдим этган. Ҳозирда китоблар сони 4000 га етибди.

Кутубхонадаги турли мавзулардаги китобларни исталган пайт бориб ўқиш, уйга вақтинча ёки доимий олиб кетиш мумкин. Уйга олиш учун сиз ҳам кутубхонага бир китоб тақдим этишингиз керак. Шунингдек, ўқиб бўлинган китобларни ҳам очиқ кутубхона фондига ҳадя қилиш мумкин.

Бу масканда муаллифлар, олим ва ёзувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, имзо кунлари ташкил этилар экан.

Менимча, бизда ҳам бу лойиҳани қўллаб кўрса бўлади. Ҳозир аксар тараққий этган давлатларда халқни босма китоблар ўқишга қайтариш мақсадида мана шундай буккроссинг ҳаракати кенгаймоқда.

Анқара қалъасидан шаҳарнинг кўриниши

Анқара қалъасидан шаҳарнинг кўриниши

Банкомат картамни “ютиб юборди”

Анқарадаги савдо марказларидан бирида жойлашган ATMда (банкомат) картамдан пул ечмоқчи эдим. Фақатгина турк лираси олиш мумкин экан. “Бекор қилиш” тугмасини босишим билан банкоматнинг қизил чироғи ёниб, картамни қайтариб чиқармади. Нима қилишимни билмай, савдо маркази хавфсизлик ходимини ёрдамга чақирдим. У банкка қўнғироқ қилиб берди. Банк ходими банкоматни ҳозир оча олмаслиги, уни очиш вақти хавфсизлик юзасидан сир тутилиши, карта блокланган бўлиши мумкинлиги, карта очилган банкка қўнғироқ қилиб янги картага буюртма бериш кераклигини тушунтирди.

Туркияда бунақа ҳолатлар кўп учраб турар экан. Банкдан олинган кредитни вақтида тўламаётганлар, картасида муаммоси борлар (фойдаланиш муддати тугаган бўлса, карта яроқсиз ҳолда бўлса), карта орқали шубҳали операциялар амалга ошираётганларнинг карталарини банкомат “ютиб юборар” экан. Агар банкомат бирон бошқа банкнинг картасини “танимай” қолганида ҳам шу ҳолат юз берар экан.

Туркиядаги АТМлардан нақд пул ечишда шу ҳолатга ҳам эътибор беришни, синалган жойлардангина фойдаланишни тавсия этардим.

Аксига олиб, ҳисобимдаги маблағни бошқа картага ҳам ўтказиб бўлмади. Бу ҳақда истанбуллик дўстимга ёзгандим, барака топсин, менга пул бериб турадиган бўлди. “Истаган пайтинг қайтарарсан”, деди.

Анқаранинг эски маҳаллаларидан бири

Анқаранинг эски маҳаллаларидан бири

* * *

Дўстим билан 2007 йили Хивада танишганман. Ўшанда Халилбей бир гуруҳ дўстлари билан ота юртини зиёрат қилгани келиб, Тошкент, Самарқанд ва Бухородан сўнг Хивага борган эди. Хивадаги Исломхўжа минорасига чиқиб, қуёш ботишини суратга олдик. Ватан, ота тупроқларимиз (туркларнинг таърифи) ҳақида суҳбат қилдик. Халилбей Ўзбекистон зиёрати ҳақида бир қанча мақола ёзиб, интернет ва газеталарда чиқарди.

2014 йили Истанбулга борганимда Халилбей дўстлари билан мени меҳмонга чақирди. Дўстимнинг таклифи билан меҳмонларга юртимиз ҳақида тақдимот ўтказдим. Ўша кеч меҳмонларнинг барчаси Ўзбекистонга ошиқ бўлди, тез фурсатда ота юртга сафар уюштиришга аҳд қилди.

Бу гал ҳам Халилбей билан маданиятларимиз ҳақида суҳбатлашдик. Навоийдан байтлар ўқидик, Самарқанду Бухорони эсладик, Амир Темурни зикр этдик.

Анқара. Эски иморатлар.

Анқара. Эски иморатлар.

Азонлар шаҳри

Истанбулга бу галги саёҳатим буюк саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий мақбарасини зиёрат этишдан бошланди. Менимча, Шарқу Ғарбнинг жавоҳири – Истанбулнинг юраги Айюб тумани бўлса керак. Абу Айюб ал-Ансорий мажмуаси атрофида ҳар қадам масжид, ҳар қадам мозор. Маҳаллий аҳоли энг кўп ташриф буюрадиган зиёратгоҳ ҳам айнан шу. Ўзгача файзи бор бу ернинг.

Айюб Султон жомеъ масжиди Истамбул фатҳидан сўнг қурилган илк катта жомеъдир (1558).

Айюб Султон мажмуаси. Истанбул

Айюб Султон мажмуаси. Истанбул

Истанбулда саҳобаларга оид 29 та зиёратгоҳ мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси мозор (ҳақиқий қабр), қолганлари мақомдир (рамзий қабр).

Истанбул тупроқларига мусулмон фотиҳлари илк марта ҳижрий 48 йили (мелодий 668) келган. Тарихий маълумотларга қараганда, бу қўшин таркибида 63 саҳоба, жумладан, Абу Айюб ал-Ансорий, Абу Шайба ал-Худрий, Фазола ибн Убайд ал-Ансорий, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр каби машҳур саҳобалар бор эди. Энг шиддатли жанглар Айвонсарой–Эдирнекапи орасида бўлган. Абу Айюб ал-Ансорий, ўз васиятига кўра, Константинополь деворлари остига дафн этилган.

Доктор Меҳмет Эфендиўғли “Саҳобалар даври Истанбул сафарлари” илмий ишида баён этишича, шаҳарда фақат икки саҳобанинг (Абу Айюб ал-Ансорий ва Пайғамбаримизнинг с.а.в. сут қардошларидан Абу Шайба ал-Худрий) қабри мавжуд.

Аясофия жомеъ масжиди

Аясофия жомеъ масжиди

Истанбул тепаликларда жойлашган. Ҳар тепада муҳташам масжидлар барпо қилинган. Сулаймония (Султон Сулаймон Қонуний буйруғи билан меъмор Синон томонидан 1550-1557 йилларда барпо қилинган), Фотиҳ (Истанбул фотиҳи Султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан 1462-1470 йилларда қурдирилган), Эминўнудаги Волида Султон (қурилиши Мурод III нинг завжаси София Султон буйруғи билан бошланган, 1597-1665 йилларда тугалланган), Султон Аҳмад (Султон Аҳмад 1609-1617 йиллари қурдирган), Аясофия (1453-1930 йилларда масжид сифатида фойдаланилган) жомеъ масжидлари эски Истанбулнинг энг гўзал меъморий намуналаридир. Жомеъга кириб, бинонинг нақшу нигорлари, муҳташам устунларию гумбазларини томоша қиларкансиз, дўппингиз ерга тушиб кетиши табиий.

Истанбул – азонлар шаҳри. Бу ерда “Нажотга келинглар!” даъватини эшитмай қолишнинг имкони йўқ. Ҳар намоз учун азон бир-бирига уланиб, Истанбул осмони 10 дақиқагача илоҳий нидога тўлади. Бу ерда муаззинлар махсус ўқитилиб, Диёнат ишлари бошқармаси томонидан сараланади. Хусусан, катта масжидларда тажриба ва ширали овоз эгаси бўлган муаззинлар тайинланади. Бир-бирига туташ масжидлар муаззинлари келишиб олиб, навбат билан азон айтади.

Султон Аҳмад жомеъ масжиди

Султон Аҳмад жомеъ масжиди

Тарихий Аясофия масжидининг бир қисми ибодат учун 2016 йилнинг октябрь ойида қайта очилди. Султон Аҳмад ва Аясофия масжидлари муаззинлари ҳам азон калималарини навбатлашиб айтишаркан. Султон Аҳмад муаззини “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” деб нидо қиладию кутиб туради. Аясофия муаззини ҳам бу калималарни такрорлайди. “Айтишув” шу тарзда давом этади. Жуда гўзал манзара, ғоят фараҳбахш ҳолат.

Диёнат ишлари бошқармаси маълумотига кўра (31.12.2015), Истанбул вилоятида 3317 та масжид фаолият юритмоқда. Мамлакат бўйича масжидлар сони 86762 тадир.

Сулаймония жомеъ масжиди хонақоси

Сулаймония жомеъ масжиди хонақоси

Истанбулдаги ўзбеклар даргоҳлари

Истанбулда XV асрдан бошлаб Ўзбеклар хонақоҳлари (Özbekler Tekkesi, Özbekler Dergahı, Özbekler Hangahı) фаолият юрита бошлаган. Ҳозирда бу азим шаҳарда ўзбек номи билан боғлиқ 10 дан ортиқ хонақоҳ сақланган. Уларнинг айримлари ҳозиргача фаолият юритади.

Ўзбек хонақоҳлари (Özbek tekkeleri) юртимиздан келган нақшбандий шайхлар томонидан қурилган. Хонақоҳлар Мовароуннаҳрдан ҳажга бораётган зиёратчилар учун қўноқ (Туркистондан ҳажга отланганлар Истанбулга келиб, аввал Абу Айюб ал-Ансорий мақбарасини, сўнг халифани зиёрат этишни одат қилган эди), маҳаллий аҳоли учун илм даргоҳи – исломий таълим маскани, маданий ва ижтимоий марказ бўлган. XIX аср охирларидан бошлаб, рус босқини пайти ватандан ҳижрат қилган туркистонликлар учун ҳам бу даргоҳлар бошпана вазифасини ўтаган.

Турк тарихчиларининг ёзишича, хонақоҳлар Истанбулнинг диний, ижтимоий, маданий ва сиёсий ҳаётида катта ўрин тутган. Хонақоҳ шайхлари Мовароуннаҳр ва бошқа ҳудудлар билан муносабатларни илиқлаштиришда халифага бевосита таъсир ўтказа олганлар.

Кичик Аясофия маҳалласидаги Ўзбеклар кўчаси. Фотиҳ, Истанбул

Кичик Аясофия маҳалласидаги Ўзбеклар кўчаси. Фотиҳ, Истанбул

Архив маълумотларига кўра, ўзбек хонақоҳларининг эшиги барчага очиқ бўлиб, у ердан фақир-мискинлар аримаган. Диний байрамлар, муқаддас кечаларда дошқозонларда ош дамланган. Доимий диний-илмий анжуманлар, чиғатой туркчаси (эски ўзбекча) ва уйғур тилларида маърифий кечалар ўтказилган.

Султон Аҳмад маҳалласида жойлашган Бухоро Ўзбеклар хонақоҳи (Buhara Özbekler Tekkesi) 1692 йили иншо этилган. Хонақоҳ таркибига масжид, минора, тавҳидхона (чиллахона), дарсхона, меҳмонхона, ҳужралар, ошхона, омборхона, сувхона ва бошқа бинолар кирган. 1925 йили ана шундай даргоҳлар оммавий ёпилганидан сўнг ҳам Мустафо Камол Отатуркнинг махсус рухсати билан бу хонақоҳнинг фаолияти давом этаверган. 2008 йили бу маскан Истанбул дизайн марказига ижарага берилган. Бухоро Ўзбеклар хонақоҳига туташ кўча Ўзбеклар кўчаси деб аталади.

Истанбулдаги Ўзбеклар кўчасининг тунги кўриниши

Истанбулдаги Ўзбеклар кўчасининг тунги кўриниши

Сўнгги воқеалар туризмга таъсир қилдими?

Сўнгги бир йилда Туркияда такрор-такрор рўй берган терактлар, давлат тўнтаришига бўлган уриниш, Россияга қарашли Су-24 қирувчи самолётининг уриб туширилиши, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг таъсири туфайли туризм, савдо-сотиқ ва хизматлар соҳаси анчагина зарар кўрди. Истанбулнинг доимо хорижий туристлар билан гавжум бўладиган Султон Аҳмад майдони деярли бўш. Бошқа тарихий қадамжоларда ҳам зиёратчилар у қадар кўп эмас. Тарихий савдо марказлари ва туристлар энг кўп келадиган масканлардаги расталарда “Жойни ижарага берамиз” деган эълонни ҳар қадамда учратасиз.

Султон Аҳмад майдони атрофида жойлашган бутик-меҳмонхоналарнинг ҳар иккитадан бири ёпилган. Қолганлари ҳам амал-тақал ишлаб турибди. Меҳмонхонада тунаш нархи тушиб кетган. Ўша ердаги меҳмонхонахоналардан бири бошқарувчиси билан суҳбатлашганимда вазият кўнгилдагидек эмаслигидан арз қилди: “Давлат ўзини ўйлайди, холос. Амалдорлар бойишни истайди. Оддий халқ билан иши йўқ. Мана, тўнтариш, терактлар оқибатида туризм ўлди. Бир йил олдин бу кўчалардан одам қадами узилмас эди. Меҳмонхонамиздан бўш жой топиш амримаҳол эди. Интернет орқали пулни олдиндан тўлаб қўйишарди. Ҳозиргача шу кўчадаги 4 та меҳмонхона ёпилди. Кўчадан ўтган ҳар бир кишига қўноғимиз бўлармикан, дея умид билан қараяпмиз. Нархларни 5 бараваргача туширишга мажбур бўлдик. Хизматчиларнинг кўпини бўшатдик. Нонуштани амаллаяпмиз. Бу кетишда уни ҳам бекор қилсак керак. Ҳозир фақат қарзга ботмаслик учун ишлаяпмиз. Аввал жамғарган маблағимизни меҳмонхонани сақлаб қолишга сарфлаяпмиз. Давлат туристларни қайтариш борасида амалий чоралар кўрса, яхши бўларди”.

Меҳмонхонанинг авваллари 70 евро бўлган хонаси ҳозир 50 лирага (14 евро) тушган.

Туристлардан бўшаб қолган Султон Аҳмад майдони

Туристлардан бўшаб қолган Султон Аҳмад майдони

Шаҳарнинг Оқсарой, Лолали, Боязид каби тижорий мавзеларидаги меҳмонхоналар бошқарувчиларининг айтишича, сўнгги йил воқеалари уларнинг бизнесига унчалик таъсир қилмаган. Бу ҳудудлар Марказий Осиёдан келган тижоратчилар кўтарасига савдо қиладиган маскан ҳисобланади. Дарвоқе, бу ердаги меҳмонхоналарда ҳам бозордаги каби савдолашиб, нархни тушириш мумкин.

Айюб Султон жомеъ масжидининг кабутарлари

Айюб Султон жомеъ масжидининг кабутарлари

* * *

Туркиянинг мен кўрган икки катта шаҳри – Истанбул ва Анқарада йўл ҳаракати қоидалари риояси қатъий эмас. Кўп ҳолларда ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам қоидани бемалол бузадилар. Масалан, шаҳар ичидаги трассаларда тезлик меъёри 70 км/соат бўлгани ҳолда аксар уловлар 100-120 км/соат тезликда юради. Ҳайдовчи ва йўловчилар орасида хавфсизлик камарини таққанларни кам учратасиз. Гавжум кўчаларда пиёдалар сфетофорнинг яшил чироғини кутмасдан ёки белгиланмаган жойдан ҳам ўтаверади. Кўпинча йўлнинг тақиқланган қисмига машина қўйиб кетилади…

tr_istanbul-panorama2

Босфор бўғозидан Фотиҳ туманининг кўриниши. Истанбул

Истанбул саёҳати учун 10 тавсия

  1. Зиёратни аввало Айюб Султон мозори ва жомеъ масжидидан бошланг. Ўзгача файзни ҳис этасиз.
  2. Фотиҳ, Сулаймония, Волида Султон жомеъ масжидларини албатта зиёрат қилинг. Айниқса, муҳташам Сулаймония масжиди қалбингизни ҳаяжонга тўлдириши аниқ.
  3. Соҳилга яқин Эминўну мавзесидан трамвай йўли бўйлаб, юқорига – Султон Аҳмад майдонигача пиёда кезинг. Йўл-йўлакай турк маданиятининг намуналарини томоша қиласиз.
  4. Султон Аҳмад ва Аясофия масжидлари азонига соме бўлинг. Навбат билан айтиладиган азондан роҳатланасиз. Султон Аҳмад жомеъсининг хонақоси ўзгача гўзал.
  5. Тўпқопи сарой-музейи, хусусан, “Муқаддас омонатлар” бўлимини зиёрат қилинг. Бу бўлимда Ислом тарихининг энг ноёб экспонатлари – Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳирқалари, соқоллари, Уҳуд жангида синган тишлари, оёқ излари, мактублари ва қиличлари, Иброҳим алайҳиссаломнинг қозончаси, Мусо алайҳиссаломнинг асоси, Ҳазрати Довуднинг қиличи, Юсуф алайҳиссаломнинг жуббаси, саҳобаи киромларнинг шамширлари, Ҳазрати Фотима ва Ҳусайн р.а.ларнинг кўйлаклари ва бошқа бебаҳо атиқалар сақланади.
  6. Тушдан сўнг Галата минорасига чиқинг. У ердан Истанбулнинг тарихий масканлари гўзал тарзда намоён бўлади.
  7. Босфор бўғозини албатта кемада сайр этинг. Сайр асносида денгиз ҳавосидан тўйиб нафас оласиз. Соҳилбўйидаги тарихий иншоотлар, бетакрор табиат манзарасини кўриб, завқланасиз.
  8. Эминўну мавзесида тарихий балиқли нондан (Balık Ekmek) тотиб кўринг. Бўғоздан тутилибоқ қовурилган балиқнинг мазаси оғзингизда қолади. Турк таомлари жудаям мазали. Сизга яхши дея тавсия этилган таомни бемалол тановул қилаверинг. Лекин, ширинликлардан эҳтиёт бўлинг: шакари ҳаддан зиёд кўп бўлиши мумкин.
  9. Замонавий Истанбулни кўрмоқчи бўлсангиз, Истиқлол шоҳкўчаси бўйлаб, Тақсим майдонигача пиёда кезинг. Шу кўчадан тарихий трамвай ҳам қатнайди.
  10. Харид учун бир кунни ажратинг. Истанбулнинг Лолали мавзесида нарх-наво нисбатан арзон. Шунингдек, йирик савдо марказларида (AVM) ҳам арзон ва сифатли маҳсулотлар топса бўлади. Лолали, Боязид, Капаличарши бозорларида худди ўзимиздагидек, бемалол талашиб-тортишиб савдо қилиш мумкин.
Босфор бўғози

Босфор бўғози

* * *

Анқарага келган куним маҳаллий оммавий ахборот воситалари Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар тарқатди. 17-18 ноябрь кунлари Ражаб Тоййиб Эрдўғон 13 йиллик танаффусдан кейин иккинчи бор Ўзбекистонга келди.

Дўстларим ҳазиллаша бошлади: “Президент сизнинг боришингизни кутиб турган экан-да”, “Эрдўғонни Самарқандга сиз жўнатибсиз-да!” “Қадамингиз қутлуғ келди-ёв”… Ҳазилларга мен ҳам ҳазил билан жавоб қайтардим: “Ўтган сафар келганимда собиқ Бош вазир Аҳмет Довутўғлини Тошкентга юборган эдим”. Дарвоқе, 2014 йилда Анқарага келганимнинг 3-кунида Аҳмет Довутўғли юртимизга ташриф буюрганди. “Ундай бўлса, Туркияга тез-тез келиб туринг!” дея тилак билдирди дўстларим.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

Тошкент – Истанбул– Анқара – Истанбул– Тошкент

2016 йил 14-19 ноябрь

Айюб Султон жомеъ масжиди

Айюб Султон жомеъ масжиди

Айюб Султон жомеъ масжиди хонақоси

Айюб Султон жомеъ масжиди хонақоси

Айюб Султон жомеъ масжиди гумбази

Айюб Султон жомеъ масжиди гумбази

Сулаймония жомеъ масжиди таҳоратхонаси (XV аср)

Сулаймония жомеъ масжиди таҳоратхонаси (XV аср)

Сулаймония жомеъ масжиди гумбази наақшлари

Сулаймония жомеъ масжиди гумбази нақшлари

tr_suleymaniye3

Сулаймония жомеъ масжиди гумбази нақшлари

Сулаймония жомеъ масжиди гумбазидаги Аллоҳ ва Муҳаммад ёзувлари

Сулаймония жомеъ масжиди гумбазидаги Аллоҳ ва Муҳаммад ёзувлари

Сулаймония жомеъ масжиди қибла тарафи

Сулаймония жомеъ масжиди қибла тарафи

Сулаймония жомеъ масжиди қандили

Сулаймония жомеъ масжиди қандили

Сулаймония жомеъ масжиди қибла тарафи

Сулаймония жомеъ масжиди қибла тарафи

Сулаймония жомеъ масжиди ҳовлиси

Сулаймония жомеъ масжиди ҳовлиси

Сулаймония жомеъ масжидидаги имом минбари

Сулаймония жомеъ масжидидаги имом минбари

tr_suleymaniye11

Сулаймония жомеъ масжиди ҳовлиси

Сулаймония жомеъ масжиди дарвозаси

Сулаймония жомеъ масжиди дарвозаси

Султон Аҳмад жомеъ масжиди ҳовлиси

Султон Аҳмад жомеъ масжиди ҳовлиси

Султон Аҳмад жомеъ масжидининг мовий гумбазлари

Султон Аҳмад жомеъ масжидининг мовий гумбазлари

Султон Аҳмад жомеъ масжиди гумбази

Султон Аҳмад жомеъ масжиди гумбази

Султон Аҳмад жомеъ масжидидаги имом минбари ва қибла

Султон Аҳмад жомеъ масжидидаги имом минбари ва қибла

Султон Аҳмад майдонидан

Султон Аҳмад майдонидан

tr_ortakoy_cami1

Ўртакўй жомеъ масжиди. Истанбул

tr_ortakoy_cami2

Ўртакўй жомеъ масжиди

Айюб туманидан қарши тарафнинг кўриниши. Истанбул

Айюб туманидан қарши тарафнинг кўриниши. Истанбул

Эминўнудан Галата минораси панорамаси

Эминўнудан Галата минораси панорамаси

Дўлмабаҳче жомеъ масжиди

Дўлмабаҳче жомеъ масжиди

Балиқчи. Босфор бўғози

Балиқчи. Босфор бўғози

Босфор бўғозидан ўтаётган кема

Босфор бўғозидан ўтаётган кема

Балиқчи қуш

Балиқчи қуш

Босфор бўғозидан Долмабаҳче масжидининг кўриниши

Босфор бўғозидан Долмабаҳче масжидининг кўриниши

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *