Аёлим ҳикоя қилади:
“Ҳали сизга турмушга чиқмаган пайтим эди. Бир куни опам чақалоғи билан меҳмонга келди. Жияним қийинчилик билан туғилган, жуда йиғлоқи эди. Бир йиғласа тўхтатиб бўлмасди. Ўша кечаси ҳам шундай бўлди. Чақалоқ йиғидан тинмас, ҳеч кимга, ҳатто онасига ҳам унамас эди. Уни галма-галдан кўтарар, билганимизча Худога дуолар қилардик. Боланинг жисмоний дарди йўқлиги учун қайси докторга олиб боришни ҳам билмадик. Соат кечаси 24:00 га яқинлашган, ҳаммамизнинг бошимиз қотган, чақалоқ эса юракларимизни эзиб, чириллаб йиғларди.
Бир пайт дарвозамиз қўнғироғи чалиниб қолди. Ярим кечаси ким бўлдийкан, деган хавотирда дадам ташқари эшик томон югурдилар. Бир оздан сўнг узун соқолли бир киши билан уйга кирдилар. Ҳалиги киши чақалоқни қўлига олиб, унга суралар ўқиб, дам солди. Бола бир зум тин олиб, ухлаб қолди. Дадам ва ҳалиги киши: “Ҳар нарсада ҳикмат бор-да, бекорга эмас экан-да”, деб гаплашиб, чиқиб кетишди.
Бўлган воқеалардан лол бўлиб, ухлаб қолган чақалоққа термулиб ўтирардик. Дадам келиб, айтиб бердилар: “Ўрамлик Фалончи домла экан. Бизнинг маҳалладан ўтиб кетаётиб, дарвозамиз олдида машинаси бузилибди. Кеч бўлса ҳам, илтимос қилай деб, қўнғироғимизни чалган экан. Ҳозир уйига элтиб келдим. Ҳеч нарса беҳикмат эмас экан-да…”
Чақалоқ эрталабгача ҳеч безовталанмай ухлади. Тонгда кулиб-кулиб уйғонди”.